21 Май 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +27,1 °C

16 Фев  2019 3714

Раъно Шодиева: «Нимагадир эришмоқ учун феъл-атвор ҳам, асос ҳам бўлиши керак!»

Ушбу мақола билан «Правда Востока» «Кучли инсонлар» деб номланган лойиҳасини очиб беради. Бу ерда гап арқонни тишлаб юк машиналарини тортадиган мушакдор, паҳлавонкелбат кишилар ҳақида эмас, балки жасурлиги, иродаси билан энг оғир ҳолатларда ҳам ўз йўлини топа олган ва ундан оғишмаётган, ҳар куни атрофдагилларнинг тушунмаслигини, ўз қўрқувини енгаётган, оғриқлару умидсизлик билан курашаётганлар ҳақида ҳикоя қиламиз. Фикримизча, айнан, шундай инсонларнинг кучли дейилишига маънавий ҳуқуқи бор. Токи уларнинг бу намунаси енгилишга ва таслим бўлишга тайёр кишиларга куч ва умид, ўзгалар бахтсизликлари ёнидан ўтаётганларга инсон бўлишга ва тўғри йўлни кўришга ёрдам берсин.

Лойиҳамизнинг илк қаҳрамони Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи қошидаги «Меҳрли қўллар» республика «Имконияти чекланган ёшлар ва болалар маркази» раҳбари Раъно Шодиева. Киноактриса, халқаро кинофестиваллар мукофоти совриндори ва шунчаки гўзал аёл узоқ йиллардан бери муҳтожларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиб келаётгани билан ҳам таниқли.

Дарвоқе, «Правда Востока» мухбири билан суҳбатда унинг ўзи бу ҳақда ҳикоя қлади.

Уларнинг бари – менинг фарзандларим!

- Раъно, киноэкранда эмас,  балки ҳаётда қанақасиз? Феъл-атворингизда нима борки, у эришилган ютуқлардан мағрурланмай, мутлақо нотаниш болалар тақдири учун курашишга ундайди?

- Биринчи галда талабчанлик. Ҳаётга, ишга, одамларга. Асосийси – ўзимга. Нимагадир эришмоқ учун феъл-атвор ҳам, асос ҳам бўлиши керак! Менимча, ўзим айнан, шунақаман. Ана шу менга мақсадларимга эришишда ёрдам беради.

Қилаётган ишим ўзимга ёқади, турли йўналишларда ишлайман, шу боис ҳам ҳаммаси осон битади. Тўғри, ҳамма жойда мураккабликлар мавжуд, аммо қатъийлик ва меҳнат уларни енгиб ўтишга ёрдам беради. Ўқиб-ўрганиш, янги нарсаларни билиш, майда-чуйдасигача тушуниб олиш менга ёқади, баъзида қаттиқ чарчатса-да, бундан лаззат оламан.

Феъл-атворим унчалик енгил эмас ва гоҳо киноэкранда жонлантирадиган образларимдан тамомила фарқ қилади. Асосан, ижобий, оддий, киришимли персонажларни ўйнайман. Бунинг бари ҳаётда ҳам бор. Бошқа кўпгина нарсалар каби кучли феъл-атворим, озгина ҳукмни ўтказишга мойиллик бор, ҳамма ишни ўз қўлимга олишни яхши кўраман. Фарзандларига талабчан, қаттиққўл онаман, ҳатто, ўзимга ҳам. Баъзан ўзимни тўхтатишимга тўғри келади.

Биз шуғулланаётган болаларнинг бирортасини бегона, деб ўйламайман. Улар бизники ва хусусан, меники ҳам. Ҳар биттаси.

- Бундай оғир иш билан шуғулланишингизга нима туртки берган?

- Ижтимоий соҳада меҳнат қилаётганлардан кўпчилигининг шундай муаммога йўлиққан яқинлари бор. Қалбан таниш бўлмаган инсонни бу масала қизиқтирмаслиги ҳам мумкин. Ана шу оғриққа ўзим ҳам тўқнаш келганман: ота-онамнинг эшитиш қобилиятида муаммо мавжуд, шу боис бу мавзу менга таниш, негаки, ёмон эшитадиган ва кар одамлар ичида ўсиб-улғайганман. Ногиронлигига қарамай, улар менга муносиб тарбия ва таълим беришган.

Таълим ҳамма учун

- Масалага ичдан назар солиш вазиятни бошқача қабул қилиш имконини берадими?

- Бу муаммо бутун дунёни, жумладан, ривожланган мамлакатларни ҳам ташвишлантиришини таъкидлаб ўтмоқчиман. Яқинда Америкада бўлиб, уларда ҳам кар одамларни ўқитишда ягона амалиётга келишмаганини кўрдим. Ногиронлиги бор болаларнинг бошқа тоифаларида эса бу борада аниқлик бор, маълум амалиёт ва усуллар ишлаб чиқилган.

Эҳтимол, бунда карликдан азият чекувчи ўғил ва қиз болаларга икки хилдаги муносабат катта рол ўйнар. Кўпгина оилаларда ана шундай фарзандлар дунёга келади, ота-она ва бола ўртасидаги меъёрий муносабатнинг ўрнатилмаслиги уларни улкан жарлик каби бир-биридан узоқлаштиради. Бундай оилаларда кўпинча боланинг мактабда кар-совқовлар тилини ўрганиши эмас, балки гапиришни ўрганишини исташади. Буни амалга оширса бўлади, албатта. Аммо бунда нутқ маълум нуқсонлар билан бўлади. Бошқа оилаларда эса масалан, оила барча аъзолари карликдан азият чекади – ота-она ҳам, болалар ҳам. Бундай оилаларда имо-ишоралар тилининг ўз анъанаси пайдо бўлади ва улар бемалол ўзаро мулоқот қиладилар. Бундай ота-оналар мактабларда бу тилда гаплашишни тақиқлашга қарши, негаки, фарзандининг адабий имо-ишоралар тилини эркин билишидан манфаатдор. Бундай ёндашув карлиги бўлган болаларга махсус муассасаларда таълим бериш жараёнида ҳам ўз аксини топади.

Масалан, МДҲ двлатларида имо-ишораларнинг икки тили мавжуд: ўз грамматикаси ва хусусиятига, бой ва барча компонентларга эга, уни лингвистик жиҳатдан тўлақонли тавсифловчи адабий – профессионал ҳамда ўйлаб топилган ва ўзлаштириш осону аммо нотўғри бўлган «кўча» ёки «сленг» тили. Бунда муаммо шундаки, кар-соқов бола адабий имо-ишоралар тилини ўрганмай туриб китоб ўқишни бошласа, у шунчаки ҳеч нимани тушунмайди.

- Бунга мамлакатимизда ҳам ўқитишадими?

- Афсуски, республикамиздаги махсус мактабларда бошқача, болани гапиришга мажбурлашни назарда тутган услубда ўқитишади. Бунда педагогнинг ўзи болаларга имо-ишоралар тилида дарс бермайди, бу фикримча, муаммо. Илгари ота-онам ҳам махсус мактабда ўқишганида уларни гапиришга мажбурлашган, бироқ дастурни имо-ишоралар тилида олиб боришган.

Ўқитувчи болаларга артикуляция, лаблар ҳаракати орқали етказишга уринган ахборотни қабул қилишнинг мураккаблиги уни тўлиқ ҳажмда ўзлаштириш имконини бермайди. Бунга болалардан гапириш кўникмасини ҳам ўзлаштиришни талаб эта туриб, ўқитишда оғзаки нутқ, мимика ва имо-ишоралар тилидан фойдаланиш зарур деб ҳисоблайдиган кўпгина мутахассислар ҳам қўшилади. Фикримча, бу болаларга етказилаётган ахборотни тўлақонли ўзлаштиришда ёрдам беради, сўз бойлигини тўлдиради ва саводли мулоқот қилиш санъатини ривожлантиради.

Марказдаги фаолият сабаб мамлакатимизнинг кўплаб махсус мактабларида бўламан. У ерда ҳам бир талай муаммолар борлигини кўрдим. Бизда бундай муассасалар жуда яхши таъминланган. Давлатимиз имкониятлари чекланган болалар учун барча зарур шароитларни яратиб берган. Бироқ фикримча, уларга муносабатни ўзгартириш керак, ўқитишнинг янги усулларини жорий этиш ва унга ҳатто, хорижда бўлсаям, устозларни ўқитиш лозим.

Ҳозир ана шу масала устида ишлаяпмиз, ана шундай ўқитиш усулини биладиган экспертларни таклиф қилишни режалаштирганмиз. Турли гуруҳ ногиронлиги бўлган ҳар бир болага алоҳида-алоҳида ёндашишга асосланган махсус даволаш педагогикаси мавжуд ва биз уни Ўзбекистонда ҳам қўллаш масаласини кўтаряпмиз.

- Ушбу масалада маълум тартиб ўрнатишга нима халақит бермоқда?

- Кўпгина давлатлар бунга узоқ йиллар давомида келган ва бу борада бизда маълум устунликлар бор – тайёр дастурларни ўз тилимиз, менталитетимиз ва қонунларимизга мослаштириб қўллаш. Тажрибалар қилиб кўришимизга тўғри келмайди. Ана шу йўналишда фаолият олиб бораётган Америка компаниялари, Россия  профиль марказлари билан келишувлар олиб боряпмиз. Ҳар бир давлатнинг ўзига хос ажойиб ишланмалари бўлади, албатта. Масалан, Россияда аутизмдан азият чекувчи болаларни мусиқий ўйин, ахборотни шеърий усулда етказиш дастурлари орқали ўқитишади.

Ҳаммаси етарли даражада оддий, аммо шунга келишимиз керак. Педагогларга ҳам кўмак, ҳам уларнинг фантазияларига туртки бериш лозим. Улар янгилик излаб юрмасин, балки аллақачон тайёр усулларни қабул қилиб, амалиётга қўлласин.

«Уларнинг ҳар бири алоҳида тарих»

- Айни дамда марказ қандай ишларни амалга оширмоқда?

- Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи қошидаги марказ давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2017 йил 13 декабрда ташкил топган ва ўтган йилнинг март ойидан ўз фаолиятини бошлаган. Фаол жамоа йиғилган ва ҳар бир ҳудудда ўз координаторларимиз бор. «Сўзловчи қўллар» хайрия фонди орқали эшитиш имконияти чекланган болалар билан ишлашда йигирма йиллик тажрибам борлиги ва соҳани яхши тушунишим сабабли менга ушбу марказга раҳбарлик қилиш таклиф этилди.

Фаолиятимиз барча турдаги ногиронлиги бўлган болаларни қамраб олади, улар эса 50 дан ошади. Шу боис ҳам айрим соҳаларни янгидан ўрганишга тўғри келди. Бошқача хусусиятлар, ўзгача йўналиш бўлгани учун ҳам ҳаммасини ўрганиш ва тушуниб олиш зарур. Мавжуд Ногиронлар уюшмаси, «Шарқ аёли» халқаро аёллар фонди ва бошқалар. Шунингдек, фуқароларнинг ташаббускор гуруҳлари билан ҳамкорлик ҳам бу ишда ёрдам бермоқда. Халқаро даражага чиқяпмиз.

Марказнинг кўпгина ходимларида ногиронлик мавжуд. Уларнинг ҳар бири – алоҳида шахс. Кўпчилиги магистр даражасини олган ёки ўқишини тамомламоқда. Улар мақсадга интилувчан, бу жуда муҳим бўлган ва имкониятларига мос келадиган кучли нафсониятга эга ходимлардир. Ҳар бири алоҳида тарих. Ҳар бири нафақат барча қийинчиликларни енгиб ўтган, балки бошқаларга орзулари рўёбини кўришга умид берувчи тажрибалари билан ўртоқлашишмоқда ҳам.

Бунда мақсадга йўналтирилган давлатнинг ижтимоий сиёсати ҳам яққол кўзга ташланади. Бир ўйлаб кўринг-а, олдинги йили мамлакатимиз ОТМларига 450 нафар ногиронлиги бўлган ёшлар ўқишга кирган бўлса, 2018 йилда улар сони бир ярим мингдан ошиб кетди!

Марказдаги фаолият давомида ушбу йўналишда кўплаб аниқ тадбирлар қўлланилмоқда. Ривожланиш йўлида улкан қадамлар ташлаётган мамлакатимиз билан ҳамнафас, ҳамқадам бўлишга интиляпмиз. Аммо, муаммони ичдан ўрганиш зарур, деб ўйлайман ва айнан, шу ишни амалга оширяпмиз. Республика бўйлаб кўп кезишга, махсус муассасаларга, ногирон фарзандлари бўлган оилаларга  боришга тўғри келади.

Ана шу ташрифлардан қандай хулосага келдим? Бугунги улкан муаммолардан бири – қариндошлар ўртасидаги никоҳ. Бу қонун билан тақиқланган бўлса-да, барибир кўпчилик хатога, буни айтишдан қўрқмайман, фожиали хатога, йўл қўйишда давом этмоқда. Бу етти авлод давомида 30 фоизлик эҳтимол билан келгуси авлодларда юзага чиқиши мумкин. Бу умри давомида оғир қисматни бошидан кечириши керак бўлган инсон, ногирон фарзанд туғилиши мумкин, дегани.

Бундай вазият айниқса, Фарғона вилоятида кўп, катта ва ўзаро аҳил оилалар бошқа уруғлардан куёв қилиш ёки келин туширишни истамайди. Айрим ота-оналарнинг иккита-учтадан ногирон фарзандлари бор. Бахтсиз оналар! Анъаналаримиз ва динимизни ниҳоятда қадрлайман ва ҳурмат қиламан, аммо фарзандларга нисбатан бундай масъулиятсиз муносабатни мутлақо маъқулламайман.

Қорақалпоғистонда эса бунинг бутунлай акси, эркак кишига етти авлодгача қариндош бўлган аёлга уйланиш мумкин эмас. Аммо уларнинг ҳам ўз муаммолари етарли – етти фоизга яқин бола аутизм ташхиси билан дунёга келмоқда. Эҳтимол, бу экологик муҳит билан боғлиқдир, мутахассис бўлмаганим учун бу борада бирон нима дея олмайман.

- Одамлар ўзини жамиятдан четга сурилган, деб ҳисобламаслиги учун нималар қилишимиз мумкин?

- Биринчи галда атрофимизни ўраб турган барча нарса – дўконлар, муассасалар, жамоат транспорти, таълимни жисмоний имкониятлари чекланган одамлар учун ҳам қулай қилиш ҳақида ўйлаб кўриш керак. Бунда гап атрофдаги барча нарсаларга уларнинг муносабатини ўзгартириш ҳақида ҳам кетмоқда. Шундай қулай шароитлар яратишимиз керакки, улар тамаддун қулайликларидан бемалол фойдалана олишсин.

Афсуски, қайд этмоқчиман: бу ҳозирча йўқ. Аммо биз йўл давомида ҳар бир одам мустаҳкам пойдевор қўйиши шарт бўлган мақсадлар сари интиляпмиз. Фарзандларимиз - мамлакат келажаги эканини, Ўзбекистонни барча йўналишларда сайёранинг етакчи давлатлари даражасига кўтара олишимиз мумкинлигини қачон тушуниб етамиз.

Қайд этиш жоиз, давлатимиз ижтимоий соҳаларда жуда кўп ишларни амалга оширмоқда. Бу жисмоний имкониятлари чекланган кишилар учун кенг имкониятлар эшикларини очадиган қонунларнинг қабул қилиниши ва тиббий васийликка муҳтожлар учун махсус муассасаларнинг барпо этилишидир.

Уларга меҳр, далда керак!

- Жисмоний имкониятлари чекланган болалар қанақа бўлишади? Биз худди вақти-вақти билан тўқнаш келиб қоладиган ёндош оламларда яшаётгандаймиз гўё.

- Улар турлича, аммо жуда кучли бўлишади. Марказдаги барча ғаройиб буюмлар шундай болалар қўли билан ясалган. Ўша суратлар, макетлар, маҳсулотлардан ҳам уларнинг ҳар бири алоҳида истеъдод соҳиби экани кўриниб туради.

Улар бизнинг ачинишимизга муҳтож эмас, руҳиятлари шунчалик мустаҳкамки, айримларига ҳатто, қўллаб-қувватлаш ҳам керакмас. Аммо меҳр ва мотивациянинг ёрдами теккан бўларди. Уларга: «Бу қўлингдан келади! Буни уддалайсан!» деган далда керак ва улар буни исботлаш учун керак бўлса тоғни толқон қиладилар.

- Янада самаралироқ фаолият учун марказга нималар зарур?

- Ногирон болалар билан ишлаш тажрибасига эга психологлар. Жамиятнинг, бошқа болаларнинг,  уларга қийшиқ ва ачиниш билан қарашлари сезилиб туради ва бу бундайлар томонидан жуда оғриқли қабул қилинади ҳам.

Ана шундай болаларга мўлжалланган муассасаларда тез-тез бўлиб тураман. Айримлари ўта оғир патологияга, даҳшатли ташхисларга эга. Асаби бўшроқлар буни кўтара олмасликлари мумкин. Уларга бизнинг ачинишимиз эмас, балки меҳримиз ва қўллаб-қувватлашимиз керак! Улар охирига қадар мўъжизага ишонишади ва бунга умид қилишади.

Мени ҳайратда қолдиргани, ўзларини ёмон ҳис қилишларига қарамай, ёшига нисбатан катта бўлиб қолишгани ва амалда ҳеч қачон нолимаслиги бўлди. Улар кун сайин эмас, балки соат сайин хасталик билан курашадилар, бу эса уларни донишмандларга айлантиради, кучли қилади. Албатта, натижасиз кураш уларни ҳам руҳан синдириши мумкин. Худди шундай пайтда улар ёнида уларни маънан қўллаб-қувватлаб, далда бериб турадиган киши бўлиши лозим. Афсуски, бундай мутахассислар бизда етишмайди.

Санъат тушунишга ёрдам беради

- Биз бундай кишиларга муносабатнинг ўзгаришини истаймиз, аммо бу йўналишда ҳатто, санъат ёрдамида ҳам жойимиздан жилмаяпмиз. Нимага?

- Менинг ўзимни ҳам бу ҳамиша жаҳлимни чиқаради. Аммо ҳамма жойдаям вазият бир хил эмас. Мана, маслан: ўтган йили Канн кинофестивалида иштирок этдим. Кўчада кетиб бораётиб, мени ҳайратлантирган афишага кўзим тушиб қолди. Унда ёзилишича, таниқли тадбир билан баб-баравар имкониятлари чекланган кишиларга бағишланган фестиваль ҳам ўтказилаётган экан. Бу улар ҳақидаги ёки шундай кишилар суратга олган фильмлар эди.

Менда ҳам шундай кишилар иштирокида кинотасма ёки бирорта лойиҳани амалга ошириш ғояси пайдо бўлди. Ахир, улар орасида истеъдодли композиторлар, хонанда, шоир ва рассомлар кўп. Шу боис ҳар сафар мамлакатимиз бўйлаб махсус муассасаларга борганимда имконияти чекланган истеъдодли болаларни қидираман. Бундан мақсад – улар салоҳиятини ривожлантириш ва ўзини намоён этишига кўмаклашиш. Сиз, масалан, таниқли хонанда Озодбек Назарбековнинг ижро этган қўшиқларидан бирини қачонлардир битта қўли кесиб ташланган қизалоқ ёзиб берганини биласизми? Бундай истеъдодли болалар жуда кўп, бироқ улар ўз-ўзини намоён қила оладиган майдонни барпо этиш керак. Имконияти чекланган ёш рассомлар ўз суратларини сотган кимошди-ярмаркасини ўтказдик. Ахир, бу уларга биргина меҳнати учун тўлов эмас. Улар жуда кўп қийинчиликларни енгиб, асарлар яратишди ва бу чинакамига тан олинди.

Ана шундай бир нечта ташаббусни ўтказишни режалаштиряпмиз, концепция ишлаб чиқяпмиз, истеъдодларни қидиряпмиз. Ана шулардан бири Москвадаги элчимиз таклиф этган жисмоний имконияти чекланган мўйқалам усталари ишлари аукционини ташкил этишдир.

«Ватан сенинг нигоҳингда» мавзусида стартап ташкил этиб, унда иштирок этиш учун республикадан турли йўналишларда ижод қилувчи рассосмларни таклиф этдик. Энг яхши суратлар Москвада намойиш этилади. Худди шундай тадбирни Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасида ўтказиш борасида ҳам келишувлар олиб бордик. Албатта, бундай тадбирни ватанимизда, Тошкентда ўтказишни ҳам режалаштирганмиз. Унга ташриф буюрувчилар санъат асарлари қандай яратилишини ўз кўзлари билан кўриш имкониятига эга бўладилар. Фикримча, бу барчага бирдай қизиқ бўлади.

Умуман олганда, турли тадбирларни, жумладан, жисмоний имкониятлари чекланган болалар иштирокида телешоу ўтказишни режалаштиряпмиз. Айрим республика телеканалларининг бизнинг ишимизни қўллаб-қувватлагани ҳам ўрнак олса бўладиган ишдир...

- Ишлар бетўхтов кетаётган экан, кейин-чи?

- Исталган янги ташкилот каби фаолиятимизнинг биринчи йилида ишларнинг аҳволи, мавжуд вазиятлар билан танишдик, кучларимизни чамаладик. Назариясиз амалиёт бўлмайди ва аксинча. Ҳаммаси ўзаро боғлиқ бўлиши лозим. Махсус болалар муассасасига ташриф буюрдик, оилалар билан танишдик, болалар ва ота-оналар билан суҳбатлашдик ва уларга нима кераклиги ва муҳимлигини аниқладик. Ахир, уларнинг марказ дастурига мослашиши эмас, балки биз уларнинг имконияти ва муаммоларини ҳисобга олиб фаолият олиб боришимиз керак.

Мана, масалан, мактабга тайёргарликни олайлик. Бу зарурат, ва биз, Ёшлар иттифоқи билан биргаликда имкониятлари чекланган болаларни тайёрлайдиган инклюзив марказлар очяпмиз. Бу ҳам жуда катта иш, яна марказларни керакли ускуналар билан жиҳозлаш, мутахассисларни тайёрлаш керак бўлади. Ҳозирча ўзимизнинг ўзгармас кўнгиллиларимиз хизматларидан фойдаланиб турамиз.

Ҳар қандай шароитда ҳам келажак жамиятини қураётганимизга ва бизни омад кутаётганига ишонаман.

Александр Зотов
суҳбатлашди.

Музаффар Абдуллаев сурати.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech