16 Декабрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +4,8 °C

Катта умид ва эзгу интилишлар даври

биз ҳозир яшаётган вақтни шундай, деб аташ мумкин. Бундан салкам уч йил муқаддам Ўзбекистон солномасида Президент Шавкат Мирзиёев билан боғлиқ мутлақо янги боб очилди. Сайловда сайловчиларнинг 88,61 фоизи унга овоз берди, бу эса мамлакат ҳаётидаги ўзгаришларга қаратилган катта ишонч кредитини акс эттирарди. Ўзгаришлар эса ўзини кўп куттирмади.

Одамларга сўз берилди

Республика раҳбари бошданоқ халқ билан очиқ мулоқотга эътибор қаратди – раҳбарликнинг биринчи кунлариданоқ ҳудудларга ташрифи чоғида фуқаролар билан учрашди, уларнинг фикр ва ғояларига қизиқди, ташвишлари ҳақида сўради. Бир жойда мулоқот завод ёки мактаб биносида, бир жойда – инсонлар эндигина кўчиб кирган янги уйларда ёки марказий майдонларда содир бўлди. Фан арбоблари ва ижодкор зиёлилар иштирокида қатор мавзули учрашувлар бўлиб ўтди. Асосийси, айтилган гаплар гаплигича қолиб кетгани йўқ. Ўша жойнинг ўзидаёқ топшириқлар берилади, шунингдек, суҳбатдошлар томонидан билдирилган маслаҳатларга асосланган меъёрий ҳужжатлар қабул қилинади.

Одамлар ўзини эшитишларини ҳис қилиши, оғриқли нуқталар ҳақида гапириши ва йиллар давомида ечимини кутаётган муаммоларни кўрсатишлари учун нима қилиш керак? Бунинг учун 2016 йилнинг сентябрь ойида тарихий ҳодиса содир бўлди, яъни Президентнинг Виртуал қабулхонаси ишга тушди. Ўшандан бери бунга Халқ қабулхоналари ва Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари қўшилди. Ватандошларимиз уларнинг тезкор механизмига баҳо бердилар – улар пайдо бўлиши билан тезда муаммоларнинг самарали ҳал этилиши борасидаги акс садолар ёғилиб кетди. www.pm.gov.uz сайти маълумотига кўра, жорий йилнинг 23 июлига қадар 3,05 миллиондан ортиқ мурожаат келиб тушди! Улардан 2,994 млн.и кўриб чиқилган.

Фақатгина алоҳида бир инсон учун эмас, балки  барча учун амалий фойдаси кундай равшан. Аризаларни таҳлил қилиш давлатга алоҳида эътибор талаб қиладиган оғриқли нуқталарини аниқлаш имконини беради. Агар уй-жой ва ер етишмаётгани, таълим ва соғлиқни сақлаш сифатининг пастлиги, ҳужжатлар ёки кредитлар олишда асоссиз бюрократик тўсиқлар борасида кўп шикоятлар тушса, демак, бу соҳаларда ўзгаришларнинг вақти келган. Оммавий мурожаатлар асосий 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва давлат дастурлари каби муҳим ҳужжатларни тайёрлашда қўл келиб, ижтимоий-иқтисодий кун тартибини шакллантиришда ёрдам бермоқда.

Президентимиз ташаббуси билан «Менинг фикрим» жамоавий мурожаатлар портали ҳам очилди. У ўзбекистонликларга ўзларини ташвишга солаётган мавзулар бўйича аризалар ёзиш ва уларга овоз бериш имконини берди. Сайтда улардан 2800 дан ортиғи жойлаштирилган, 23 мингдан зиёд шарҳлар олинган. Улар орасидан энг акс садо берувчилари ваколатли органлар - Олий Мажлис палаталари, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига кўриб чиқиш учун юборилади. Бугун улар орасида энг оммалашганлари - яқин қариндошлар томонидан автотранспорт воситасидан фойдаланиш учун ишончномани бекор қилиш (14 433 та овоз), хусусий транспорт воситалари ойналарини тонировка қилиш (12 728) ва шаҳарлар ва қишлоқлар ҳудудларида дарахтларни ҳимоя қилиш тизимини ислоҳ қилиш (12 565)ни айтиш мумкин.

Вазирликлар, қўмиталар, агентликлар, банклар, прокуратура органлари ва солиқ хизматлари раҳбарларининг барча туманларда ўтказиладиган сайёр қабуллари аллақачон одатий ҳолга айланди. Одамларнинг энди юқори мансабдор шахслар билан учрашиш учун олис жойдан пойтахтга бориши шарт эмас. Улар энди офис ишлари билан чегараланиб қолишаётгани йўқ. Халқ билан доимий мулоқот қилиш ва унинг муаммоларини ўрганиш ҳар бир соҳадаги ишларнинг ҳақиқий аҳволини кўришга, у ёки бу қарорларнинг самарадорлигини қайта кўриб чиқишга, ривожланишнинг устувор йўналишларига янгича назар ташлашга имкон берди.

Ошкоралик ҳақиқатга айланди

Очиқликнинг яна бир кўриниши - амалдорлар оммавий ахборот воситалари орқали фаол чиқишлар қила бошладилар. Илгари телевизорда вазирнинг пайдо бўлиши ёки матбуотда мақоласининг эълон қилиниши бир марталик ва жуда кам учрайдиган ҳодиса эди, шундаям барча ўткир қирралар эҳтиёткорлик билан четлаб ўтиларди. Натижада аҳоли кўпинча кўплаб ҳужжатларнинг қабул қилиш сабаблари ҳақида тахмин қилишлари мумкин эди, чунки тушунтиришлар беришга шошилишмасди. Яқин-яқингача биз бошқа давлатларнинг ҳукумат ва парламент аъзолари ва мэрларининг ҳаракатлари ҳақида кўпроқ билардик. Ўзимизникиларни эса деярли билмасдик.

Энди вазият ўзгармоқда. Президентдан ўрнак олган биринчи шахсларнинг аксарияти ижтимоий тармоқларда ўз саҳифаларини очдилар. Матбуотда деярли ҳар куни турли даражадаги раҳбарларнинг баёноти ва шарҳлари, баъзан кўп маъноли, баҳс-мунозарали чиқишлари эълон қилинмоқда. Улар очиқчасига ўз фикрларини билдирадилар, баҳо ва прогнозлар беришади. Бундай ошкораликнинг акс томони – томошабин ва муштарийнинг ҳар қандай баёнот ёки ҳаракатга нисбатан тезкор муносабатидир. Улар учун жавоб бериш ҳам керак. Агар бирор ваъда қилган бўлсангиз, бажаринг. Хато қилдингизми, тан олинг. Афсуски, ҳали барча амалдорлар ҳам бу янги ҳақиқатга кўникишмаган.

Халққа томон яна бир қадам - давлат хизматлари марказларининг пайдо бўлиши. 2019 йилнинг бошига келиб уларнинг сони 231 та, юз турда кўрсатилган хизматлар сони 2,655 млн. ташкил этди. Энг кўп талаб қилинадиганлари - электрон рақамли имзо сертификатини бериш, СТИР олиш, болаларни мактабгача таълим муассасаларига жойлаштириш, жамғариб бориладиган пенсия тизимига ҳисобга қўйиш ва хўжалик юритувчи субъектларни рўйхатга олиш ҳисобланади. Марказлар «Ягона ойна» тамойили бўйича ишлайди, шу боис ҳам бошоғриқлар кам.

Президентнинг ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида аҳоли билан ҳамкорликни кучайтириш сиёсатининг яна бир вектори учинчи сектор ва оммавий ахборот воситалари билан боғлиқ. Ушбу соҳада миллий моделни шакллантириш бўйича таклифлар билан ишлайдиган Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши ташкил этилди. ННТни қўллаб-қувватлаш учун жамоатчилик фондларини очиш, уларни пойтахт ва минтақаларда жойлаштириш учун уйлар очиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Медиа соҳаси ҳам ўзгармоқда, маҳаллий нашрлар либерализация мевасини тўлиқ ҳис этдилар. Президент Администрацияси ҳузуридаги янги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бошчилигидаги бошқарув тизими қайта ташкил этилди.

Баҳолар оптимистик руҳда

Ўзгаришлар ҳақида гапирганда, мамлакатимизнинг дунёга тобора кўпроқ очилаётганини айтиб ўтмасак бўлмас. Хорижий ҳамкорлар сўнгги йиллардаги ислоҳотларни диққат билан кузатиб бормоқдалар ва уларга оптимистик баҳо беришмоқда. Дунёнинг етакчи давлатлари ва минтақавий ҳамкорлар билан алоқалар мустаҳкамланмоқда. Ўтган йили 18 та давлатлараро олий даражадаги ташрифлар бўлиб ўтди, 1080 лойиҳа бўйича келишувлар имзоланди. 2006 йилдан Ўзбекистон биринчи марта АҚШ Давлат департаменти томонидан виждон эркинлиги ва диний эркинлик соҳасида алоҳида ташвишга сабаб бўлаётган мамлакатлар рўйхатидан чиқарилди.

Қуйидаги фактлар ҳам мамлакатнинг глобал миқёсдаги обрў-эътибори ортиб бораётганидан далолат беради. БМТ Бош Ассамблеяси Президентимиз ташаббуси билан «Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш» резолюцияси ҳамда «Маърифат ва диний бағрикенглик» махсус резолюциясини қабул қилди. 2018 йил март ойида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг биринчи маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Пойтахтимизда Афғонистон бўйича «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусида юқори даражадаги халқаро конференция, Самарқандда инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми бўлиб ўтди. Бундай учрашувлар жорий йилда ҳам давом этмоқда, бу эса республикамизни ушбу масалалар бўйича мулоқотнинг муҳим иштирокчиларидан бири сифатида эътироф этилишидан далолат беради.

Ўзбекистон раҳбарининг саъй-ҳаракатлари ҳам юқори баҳоланмоқда. У Қозоғистон ва Қирғизистоннинг олий нишонлари - биринчи даражали «Достик» ва «Данакер» орденлари билан - стратегик шериклик ўрнатиш ва анъанавий дўстлик ва яхши қўшничиликнинг мустаҳкамланишига қўшган улкан шахсий ҳиссаси учун мукофотланди. 2018 йилнинг апрелида эса Туркияда «EcoAvrasya» ишбилармонлар жамоат бирлашмаси томонидан таъсис этилган «Евроосиё олдидаги хизматлари учун» мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтди. Уни амалга оширилаётган чуқур ва жадал ислоҳотлар, мамлакат ва Марказий Осиёни шиддат билан ўзгартираётгани учун Президентимизга топширдилар.

2018 йил охирида давлатимиз раҳбари «Осиёда йил одами» мукофотига сазовор бўлгани маълум бўлди. Уни Осиё журналистлари ассоциацияси (AJA) тақдим этади. Ўзбекистон етакчиси минтақада тинчлик ўрнатиш ва ҳамкорликни фаол ривожлантиришга, сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларга қўшган улкан ҳиссаси учун алоҳида эътироф этилди. 2019 йилнинг баҳорида эса Америкадаги «StrategEast» тадқиқотлар марказининг иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар, чегара низоларини ҳал қилиш ва ўлкадаги қўшнилар билан муносабатларни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун «StrategEast Westernization» мукофоти билан тақдирланди.

* * *

...Ўтган салкам уч йил мобайнида Президентимиз бошлаган барча ислоҳотларнинг тавсифини битта мақолага сиғдириб бўлмайди. Биз давлатнинг инсонлар ва глобал ҳамжамиятга нисбатан очиқлигини кучайтириш билан боғлиқ уларнинг фақат айримлари билан чекландик, холос. Бугун яқиндагина манзаранинг бутунлай бошқача бўлганини тасаввур қилиш қийин. Оддий тилда айтадиган бўлсак, бу шунчаки оддийгина силкинишни эмас, балки ўзига хос қайта юкланишни ҳам талаб этди. Ва мақола бошида айтиб ўтганимиздек, умидларни оқлаш учун ҳали ҳам давом этмоқда. Муҳим вазифалар белгиланган, яхшигина тезлик олинган. Фақат миллий тикланишдан миллий фаровонлик томон ҳаракатда давом этишимиз керак.

Алексей Романов.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech