25 Июнь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +25,7 °C

Маданият
4 Апр  2019 5433

Томошабин «ишғол қилган» театрлар

Баъзида ажойиб ташаббус ҳам кутилмаган натижаларга олиб келиши мумкин экан. Аммо бу яхши ғоядан воз кечишга сабаб бўлолмайди, албатта. Қайтанга, аксинча, уни янада ривожлантириш керак.

«Одатга кўра, спектаклдан бир соат олдин эшикларни очган эдик ҳамки, бир тўда томошабин бетартиб равишда кўргазмага эътибор ҳам қаратмай, фойедан ўтиб, тўппа-тўғри залга томон йўл олди. Ҳаммаси тартибсизлик билан бошланди, зал тўлгач, эшикларни ёпмоқчи бўлдик. Қолганларга ичкарида умуман жой қолмаганини тушунтириш учун бутун маъмурият эшик олдига чиқди. Шундан сўнг уларга турли ҳақоратлар ёғилди, сочлардан тортилди, пиджак тугмаси узилди. Бунинг барини видео ва фотога муҳрладик...»

 

Бепул спектакллар намойишлари бўлиб ўтган кунлардан бири пойтахтнинг йирик театри ходимлари эсида ана шундай муҳрланиб қолди. Яқинда бутун мамлакатимиз бўйлаб ўтказилган Театр томошалари ҳафталиги даврида бошқа театрларда ҳам худди шундай вазиятлар кузатилди. Унинг ташкил этилиши Президентимизнинг 2018 йил 28 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори пунктларидан бирида келтириб ўтилган. Ҳужжатда аҳолининг маданий эҳтиёжларини қондириш ва соҳа муассасаларига киришда ижтимоий тенгликнинг қанчалик муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланган. Шу боис ватандошларимиз спектаклларга, саҳна декорациялари ва либослари кўргазмаларига эркин кириши ҳамда артистлар билан мулоқот қилиши учун ҳар йили баҳорда етти кунга истовчилар учун давлат театрлари эшиклари очиб қўйилди. Бунга ҳеч бир янгилик ёки янгича тарих киритилмаган, бироқ юзага келган ажиотаж нафақат ташкилотчиларни, балки томошабиннинг ўзини ҳам шошириб қўйди. Томошабинлар қизиқиши тўлқини том маънода барча театрларни қамраб олди.

Алишер Навоий номидаги ДАКТда миллий ва хорижий опера ва балетларга тушиш мумкин бўлди. Болалар учун – эртаклар, барча меҳмонлар учун – ҳозирги ва олдинги постановкалар декорациялари ва либослари эскизлари кўргазмаси намойиш этилди. Ўзбек давлат драма театри спектакллардан ташқари, халқ ва хизмат кўрсатган артистлар, адабиётчилар билан учрашувлар ўтказди. Мусиқали комедия (оперетта) ва Сатира театрларининг тиғиз дастурлари концертлар билан тўлдирилган бўлса, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали драма театрида саҳна юлдузи Шаҳодат Раҳимова хотирасига бағишланган кеча ўтказилди, Ёшлар театрида – саҳна ортига экскурсия уюштирилган бўлса, Ёш томошабинлар театрида – бўлғуси актёрлар – Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабалари билан учрашувлар бўлиб ўтди. Қолган ҳудудларда ҳам - худди шундай манзара кузатилди. Бердақ номидаги Қорақалпоғистон давлат академик мусиқали театри тарихий фотоэкспозиция, симфоник оркестр ва хор концертларини тақдим этган.

- Ушбу кунлар учун турли жанрлардаги, жумладан, «Кундузсиз кечалар» ва «Имон» драмалари, «Ревизор» ва «Ўжарлар» комедиялари каби энг яхши спектакллар танланди, - дейди Ўзбек миллий академик драма театри директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фатхулла Маъсудов. – Томошаларни эса машҳур «Андишали келинчак»дан бошладик. Зал 540 ўринга мўлжалланган, аммо бир ярим-икки баравар кўп томошабин келди. Бу биринчи куниёқ, қолган кунлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Томошабинлар кўнгилдагидек дам олиши учун шароит яратишга ва уларнинг барини сиғдиришга ҳаракат қилдик.

Сўнгги бир неча йил ичида театр чипталари нархлари сезиларли ошди. Қаерлардадир ҳалиям олдинги қаторларга 20 минг тўлаб чипта олиш мумкин, лекин баъзи жойларда 100 минг сўм тўлаш керак бўлади. Агар томошага бутун оила келса-чи? Каттагина пул бўлади. Буни кўпгина ватандошларимиз, айниқса, пенсионерларнинг чўнтаги кўтармайди. Хусусан, айрим оилалар учун бундай ташриф чинакам ноёб ҳодиса ва унга алоҳида тайёргарлик кўришади, кийимлар танлашади. Одамлар қувончини тушуниш қийин эмас, улар спектакль томоша қилишади ва оилавий бюджетидан маблағ сарфланмайди.

Томошаларни кўришни истаганлар шунчалик кўп эканки, баъзилари ҳатто, спектакллар бошланишидан 2-3 соат илгари келиб олишди. Навбатга туришлар пайдо бўлди, афсуски, уларнинг барига ичкарида жой етишмади. Томоша бошланган пайтда ҳам санъат ихлосмандлари ёпиқ кириш эшикларини тақиллатиб, кетмай туришди... Уларнинг умидларини пучга чиқармаслик учун айрим маъмуриятлар спектаклларни қаторасига икки марта қўйишга қарор қилишди.

Ижтимоий тармоқларда ҳам томошага кира олмаган ватандошларимизнинг фикрлари ва изоҳлари кўп бўлди:

«Шундай бўлишини билардим! Яхшиям бормаганимиз, текин пишлоқ фақат қопқонда бўлади», «Нима деб ўйловдинглар? Ким эртароқ борса, ўша ўтиради-да!», «Биз фарзандимиз билан якшанба кунини мўлжаллагандик. Афтидан, пуллик ҳафтани кутамиз, шекилли», «Оммавий тадбир оммавий тартибсизликка айланди. Ёши катталарга раҳмим келиб кетди». 2017 йил сентябрда Амир Темур хиёбонида ўтказилган халқ сайлида тарқатилган бепул ошни ҳам эслашган.

- Зал тўлиб бўлгунча барчани киритавердик. Афсуски, тўлгач, қолганларни киритишга техник хавфсизлик сабаб ҳаққимиз йўқ. Жойларимиз, айниқса, балконда, тик туриш учун мўлжалланмаган, - дейди ДАКТ директорнинг томошабинлар билан ишлаш бўйича ўринбосари Ойбек Баҳодиров. – Ўз навбатида юзага келган ноқулайликлар учун узр сўраймиз. Ходимлар ва қўриқлаш хизмати оломонни зўрға тўхтатиб қолишди. Биз томошабинларни кириш эшиги олдида ушлаб тура олмадик. Дўстлар, бундай қилмаслик керак, ахир - бу театр!

Бу бепул томошалар ҳафталигидаги энг яхши сабоқлардан бири бўлди – томошабиннинг ўзини тутиш маданиятини ошириш керак! Аммо бу муаммо кеча пайдо бўлмаган, албатта, бундай оммавий тадбирлар унинг юзага қалқиб чиқишига туртки берди. Томошабинда маданиятни тарбиялаш ва саҳна санъатига ўргатиш учун ҳам бундай маърифий ташаббусларни давом эттириш жуда муҳим.

- «Лючия ди Ламмермур» операсини кўрмаганим учун ҳам боргандим. Жуда ёқди. Аммо гап бунда эмас. Бундай тадбирларга ўта жиддий қараш кераклигини англадим, - дея ўз фикрлари билан ўртоқлашди пойтахтимизда истиқомат қилувчи Людмила Калмикова. – Зал тўлган, ҳатто, болалари билан келишган. Ёнимда йигирма уч ёшлардаги эркак фарзандлари билан пайдо бўлди. Томоша чоғи катталарнинг бетўхтов ёшларни тийиб туришига тўғри келди, уларнинг дадаси эса саҳнага деярли қарагани ҳам йўқ, смартфонига мук тушиб олган. Олдинда ва орқада ўтирган қизлар ўзаро лақиллашиб, халақит беришди...

Хуллас, театрда бўлганларнинг бари бундай ҳолатга дуч келишган ва кўплаб мисоллар келтира олишади. Қуйида улардан айримлари:

«...Олдимизда бир оила ўтирди ва томоша бошланганда қарсиллатиб бодроқ ея бошлашди, кейин қоқнонларга ўтишди. Ҳидини гапирмаса ҳам бўлар, аммо оркестр мусиқасидан кўра ейилаётган қоқнонларнинг қасир-қусури кўпроқ ёдда қолди. Нима деб ўйлайсиз, бу болалар катта бўлгач, маданиятли бўлиб етишармикан?»

«...Одамлар жимлик сақланишини, вақтидан олдин туриш мумкин эмаслигини, спектакль пайтида суҳбатлашмаслик кераклигини, томоша пайти бодроқ емаслик лозимлигини ва телефоннинг чироғи халақит беришини тушунишмайди».

«...Болалар жуда кўп эди. Нега бу ерга олиб келишгани тушунарсиз. Улар асар билан таниш ҳам эмас. Улар ҳатто, қаерда нима бўлаётганини ҳам тушунишгани йўқ. Бетиним питирлаб, ўриндиқ орқасини тепишар, бир жойда ўтира олишмасди».

«...Худди поликлиникага ўхшаб кетди. Залнинг тенг ярмиси йўталганидан артистларни умуман эшитиб бўлмади».

«...Бутун спектакль давомида ёш боланинг йиғиси эшитилиб турди. Баъзилар телефонда гаплашарди, театр ходимлари эса бунга кўз юмишди... Бир онанинг боласи тинмай хархаша қилаверди. Спектаклнинг ўртасида аёл: «Мусиқани сал пастроқ қилинглар, бола йиғлаяпти!», деб юборди. Сира тушунмайман, бир ярим яшар болакай театрда хархаша қилса, унинг бу ерга олиб келиб нима қиласан?».

«...Худди шу пайти пакетлар шитирлаб, залга қайнатилган тухум ва қовурилган товуқ ҳиди тарқалиб кетди».

«...Ҳозир гап менга жуда ёққан спектакль ҳақида эмас, балки бундай жойда ўзини қандай тутишни билмайдиганлар ҳақида. Кўплар бошданоқ ўзгаларнинг жойига ўтириб олади. Кечикишади, бу ҳам беадаблик, ва энг ёмони, томоша бошлангандан сўнг ўн беш дақиқалар давомида доим олдингдан одамлар ўтиб, таъбингни хира қилади. Кечикканлар ўтириб олишга улгурмай, янгилари худди бир жойга ўт кетгандай югуриб чиқа бошлашади. Томоша охирида актёрлар таъзимга чиқишганида, одамлардаги ҳурматсизликни кўриб, очиғи, уялиб кетдим. Бундан чиқди, улар салкам икки соат давомида оқибатсиз томошабин олдида тер тўкишибди-да!»

Кўрининг турибдики, бир қисм томошабинларнинг беадаблигига, асабийлаштирадиган, чалғитадиган турли омилларга қарамай, кўпчилик спектаклларга муносиб баҳо берди. Бу ҳам жуда яхши бошланган ҳафтанинг муҳим якунидир. Бир нарса аниқ бўлди: театрга киришни истовчилар жуда кўп.

- Бу кенг томошабинлар оммаси, айниқса, ёшлар, ўртасида санъатни тарғиб қилишнинг ажойиб имкониятидир, - дейди Маданият вазирлиги бошқарма бошлиғи Муқаддас Аҳмаджонова. - 37 та давлат театри 250 дан ортиқ спектаклларни тақдим этди. Уларнинг барча раҳбарлари аҳолимизнинг саҳна санъатига қанчалик қизиқишига ишонч ҳосил қилишди, негаки, томошалар кундан-кунга аншлагга айланиб борди. Ўзлари ҳам томошаларга одамларнинг бундай оқиб келишини кутишмаганди! Ҳафта аҳоли учун ҳақиқий байрам ва совға бўлди.

Барча суҳбатдошларимизнинг айтишича, чиндан ҳам, залларнинг тўлиб кетиши кимлар учундир кайфиятни туширадиган ҳол бўлса-да, артистлар учун росмана қувончга айланди. Ҳар бир театрнинг у ёки бу даражада танилган ўз спектакли бор. Баъзан шундай бўладики, улар бир неча ўн киши учун саҳнага чиқадилар. Аншлаглар ҳам исталганидек эмас, балки камдан-кам бўлади. Чунки залда ўтирган томошабинларнинг қуввати саҳнадаги актёрларга кўчади ва улар бундан улкан илҳом олиб, ролларини ижро этадилар.

Соҳа вакилларининг фикрича, залда бўш жойнинг бўлмаслиги – ижросини минг-минглаб кишилар қабул қилишга тайёрлиги санъат усталарига улкан масъулият юкланаётгани ҳақидаги эслатма ҳамдир. Эҳтимол, кимдир Театр томошалари ҳафталиги сабаб бу даргоҳга илк марта қадам қўйиб – бир умрга унинг ихлосмандига айлангандир ҳам. Бошқалари эса ўзлари учун янги спектаклларни, драматург ёки артистларни кашф этишгандир. Бундай маданий-маърифий акцияларнинг асосий вазифаси ҳам ана шунда. Ўз навбатида томошабинларнинг ҳам ҳисоблашича, келгусида мухлисларни театрларга ташриф буюришга, бошқалар ва ижодий таркибга ноқулайлик туғдирмасликка тайёрлаш мақсадида улар орасида тушунтириш ишлари олиб борилса, нур устига нур бўларди.

2017 йилнинг августида Президентимиз ижодкор зиёлилар билан учрашувда ҳам инсонларнининг маънавиятини оширишда ва уларнинг эстетик оламини соғлом асосда шакллантиришда маданиятнинг ўрни муҳим эканини алоҳида таъкидлаганди. Ўшандагина театрга ташрифлар биз юқорида келтириб ўтган кўнгилни хира қилувчи ҳолатларсиз кечади. Ўзбекистонликлар учун аншлаглар ҳам йилига бир ҳафтагина билан чекланиб қолмаслиги одат тусига киради.

Рамиль Исломов.

«Правда Востока».

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech