29 Октябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +12,3 °C

Маданият
24 Апр  2020 4243

Юксак эътибор ва ғамхўрлик

Сир эмаски, бугунги кунда дунё давлатлари пандемия синовини бошидан кечирмоқда. Бу вирус ўз ортидан бир қатор иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни ҳам келтириб чиқарди. Натижада жаҳоннинг кўплаб ривожланган давлатларида иқтисодий турғунлик юзага кела бошлади.

Aфсуски, пандемия бўҳронидан юртимиз ҳам четда қолгани йўқ. Бироқ алоҳида таъкидлаш лозимки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шахсан раҳбарлигида бу вируснинг кенг тарқалишига қарши бир қатор қатъий чоралар кўрилди ҳамда айтиш мумкинки, унинг кенг тарқалишини жиловлашга муваффақ бўлинди.

Пандемия шароити бўлса ҳам барча соҳалар қаторида санъат ва маданият соҳаси ҳам эътибор марказида бўлиб турибди. Бунинг ёрқин мисоли сифатида куни кеча Президентимиз томонидан имзоланган “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни келтириш мумкин.

Ушбу қарор буюк мусаввир ва наққош Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллигини кенг нишонлаш билан боғлиқлиги, миллий тасвирий ва амалий санъат истиқболини белгилаб бергани билан тарихий аҳамиятга эга, десак муболаға бўлмайди.

Қарор асосида, биринчидан, биз буюк тарихий шахс, ўзбек миниатюра санъатининг асосчиси Камолиддин Беҳзод шахсига ўз эҳтиромимизни намоён этамиз. Буни биз ҳужжатли фильм яратиш, мусаввир ҳайкалини янги шаклда бунёд этиш, халқаро илмий конференциялар ўтказиш ва яна ҳужжатда назарда тутилган бир қанча вазифалар орқали адо этамиз. Иккинчи томондан, бу орқали биз халқимизга, айниқса, ёш авлодга Камолиддин Беҳзод, унинг ижодий мероси, умуман олганда, юртимиз тарихи ҳақида маълумот берамиз. Бу эса, ўз навбатида, ёшларимизни юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялашимизда муҳим аҳамиятга эга. Бундан ташқари, қарорга мувофиқ, юртимизда тасвирий ва амалий санъат, дизайн соҳасининг ривожи учун улкан замин ҳозирланган.

Бу қарорда белгиланган жуда кўплаб вазифалар борки, уларнинг амалий ижроси таъминланиши натижасида юртимиз тасвирий ва амалий санъати янги босқичга кўтарилиши шубҳасиз.

Жумладан, 2020 йил октябрь ойида буюк мусаввир ва наққош Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллигини кенг нишонлаш, унинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида Тошкент шаҳрининг кўчаларидан бирига унинг номини бериш, буюк мусаввир номи билан юритиладиган Шарқ миниатюра санъати музейи хиёбонининг замонавий қиёфада қайта ташкил этилиши ва унинг ҳудудидаги мусаввир ҳайкалининг бронзага ўтказилиши, “Ўзбекистон замонавий миниатюраси” каталогининг тайёрланиши кабилардир.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, қарор асосида Бадиий таълим йўналишларидаги педагог ва мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш маркази ва олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимида тайёргарлик босқичи сифатида Рассомлик маҳорат устахонаси (олий рассомлик курси) ташкил этилади.

Ўзбекистон Бадиий академиясининг таклифига биноан, юртимиз тасвирий санъатига улкан ҳисса қўшган атоқли ижодкор Павел Беньков номи Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактабига берилди.

Шунингдек, “Устоз-шогирд” ва бадиий таълим анъаналарини сақлаган ҳолда ўқитишнинг илғор усулларини ишлаб чиқиш, ўқув жараёнига ижодий устахоналар фаолиятини татбиқ этиш, чет эллардаги кўргазма ва музейларда сақланаётган ноёб асарлар билан яқиндан танишиш, нусха кўчириш ҳамда тажриба алмашиш мақсадида олий рассомлик курси ёш ижодкорларининг ижодий сафарларини ташкил этиш, юртимиз музейлари фондларини юксак бадиий қийматга эга бўлган тасвирий санъат асарлари билан мунтазам бойитиб боришга кўмаклашиш каби қатор вазифалар ҳам белгилаб берилди.

Мазкур қарорда ёш ижодкорлар учун улкан имкониятлар яратадиган вазифаларга ҳам алоҳида урғу берилган. Хусусан 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишида таълим олаётган талабалар учун Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендияси таъсис этилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, ушбу йўналишда таҳсил олаётган талаба ёшларнинг ижодий интилишларини, янгилик яратишга бўлган саъй-ҳаракатларини рағбатлантириб, келажакда етук кадр бўлиб етишишлари учун пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Бундан ташқари “Камолиддин Беҳзод издошлари” миниатюра ва халқ амалий санъати асарлари ижодий танловининг ҳамда Камолиддин Беҳзод ва унинг издошлари асарлари, хаттотлик санъати намуналари, замонавий миниатюра асарлари кўргазмаси ҳамда илмий-амалий конференциясининг ўтказилиши ҳам ёш ижодкорлар учун ижодий имкониятларини намоён этишлари ҳамда халқаро тажриба орттиришлари учун замин яратади.

Энг қувонарли жиҳатлардан бири шуки, эндиликда мамлакатимизда рассом, ҳайкалтарош, амалий санъат усталари, санъатшунос, музейшунос ва дизайнер кадрлар тайёрлайдиган ягона олий таълим муассасаси ҳисобланмиш Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг моддий-техник базаси янада мустаҳкамланиб, замонавий қиёфа касб этадиган бўлди.

Қарорда 2021 йил ва кейинги йилларга мўлжалланган инвестиция дастурида институтнинг асосий биноси атроф ҳудудида қўшимча ўқув биноси ва замонавий ахборот-кутубхона маркази, кўргазмалар галереясини ўз ичига қамраб олувчи ёрдамчи бино қуриш назарда тутилган бўлиб, бу ҳам ижодкорлар-талабаларнинг таълим тарбия олишлари, етук кадр бўлиб етишишлари учун муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Бир сўз билан айтганда, қарорда Камолиддин Беҳзоднинг бой ижодий меросини халқимизга тўла етказиш, кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳамда яна бир қанча баддиий таълим ривожини акс эттирадиган масалалар кенг қамраб олинган.

Бугунги кунда юртимизда барча соҳада туб бурилишлар ҳамда ўзгаришлар кузатилмоқда. Шулар қатори маданият ва санъат соҳаси ҳамда унинг таркибий қисми бўлган бадиий таълим соҳасининг ҳам бу ўзгаришлардан нафақат четда қолмаётгани, балки президентимизнинг доимий эътибор ва ғамхўрликлари остида янада равнақ топиб бораётгани кишини қувонтиради.

Aлбатта, бу ғамхўрлик ва эътибор ўз самарасини беради. Ўзбек санъати ва маданияти янада ривожланиб, юксак марраларни забт этишда давом этади.

Нодирбек Сайфуллаев,
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий
рассомлик ва дизайн институти ректори,
тарих фанлари номзоди, доцент. 

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech