21 Март 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +11,5 °C

Транспорт
5 Янв  2019 7503

«Ўзбекистон ҳаво йўллари»: эски йилда нималарга эришилди ва келгуси режалар қандай?

Мустақиллик йилларида мамлакатимиз фуқаро авиациясида кўп нарсалар ўзгарди. Ҳаво бандаргоҳларимиз ҳам ўзгача тус олиб, йўловчилар ва авиатехникаларга сифатли хизмат кўрсатиш шароитлари яхшиланди. Бундан ташқари, соҳа мақомини янада кўтаришни таъминлай оладиган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ишлар давом этмоқда. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК бош директорининг биринчи ўринбосари Умид Ҳусанов «Правда Востока» газетаси мухбири билан суҳбатда ўтган йил якунлари ва янги режалар билан ўртоқлашди.

– Умид Аброрович, мана, фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили ҳам поёнига етди. Бу йўналишда қандай ишлар амалга оширилди?

– 2018 йилни самолёт бортида йўловчи учун энг қулай жойни олдиндан брон қилиш имкониятини берувчи «жой танлаш» интерфаол хизматини ишга тушириш билан бошладик. Бу аксарият йўловчилар яхши кўрадиган иллюминатор олдидаги ўриндиқ, салоннинг олд қисмидаги ёки йўлак ёнидаги жой бўлиши мумкин. Шунингдек, ўтган йилда «Uzbekistan Airways» авиачипталарини брон қилиш ёки сотиб олишга мўлжалланган расмий мобиль илова ишлаб чиқилди ва жорий этилди. Ундан ташқари, илгари компания хизматлари учун онлайн ҳақ тўлаш фақат «VISA» ва «UzСard» банк карталари орқали амалга оширилган бўлса, ноябрь ойида улар рўйхатига «MasterСard» ҳам қўшилди. Бу эса ўз навбатида, нафақат Ўзбекистон, балки чел эл фуқаролари учун ҳам сотиб олиш тизимини анча қулай қилди.

Юк ташишни қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорлик субъектларига қўшимча шароитлар яратиш учун МАК «Логистика миллий порталини жорий этиш тўғрисида»ги ҳужжат лойиҳасида фаол иштирок этди. «logistika.uz» портали барча таранспорт компаниялари ва тадбиркорлар учун юкларнинг мавжудлиги ва уларни ташиш бўйича имкониятлар ҳақидаги ягона маълумотлар базасидир. Бу юк эгаларига муқобил асосда бўш ёки йўналиши тўғри келадиган транспортни излаш ва топиш, шунингдек, тез бузиладиган (агар бу озиқ-овқат товарлари ёки мева-сабзавот маҳсулотлари бўлса) юкларни ташиш масалаларини тезда ҳал этиш имконини беради.

Юк ташишлари сотиш бошқармаси call-маркази ишига ҳам инновацион ечимлар киритилди – 30 апрельдан фаолиятни автоматлаштириш ва оптималлаштириш учун махсус дастурий таъминот тест режимида ишламоқда.

Бир йил ичида уч миллионинчи йўловчини ташишни сўзсиз, ёрқин ва муҳим ҳодиса бўлди, дейиш мумкин. Бунда уч миллионинчи йўловчи 17 декабрда қайд этилди ва у «Тошкент» халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди. Агар рақамларга мурожаат қилсак, 2018 йилда «Uzbekistan Airways» 21 мингдан зиёд марта авиарейсларни амалга оширди, уч миллиондан зиёд йўловчини манзилига етказди.

Тармоқни ривожлантириш ҳақида гапирганда МАКга бошқа давлатлар томонидан берилаётган баҳони ҳам айтиб ўтмасак бўлмас. Улардан бири  - Қозон шаҳрида бўлиб ўтган «NETWORK 2018» форумида «Ўзбекистон ҳаво йўллари»нинг авиацион маркетинг соҳасида Евроосиё мукофоти билан тақдирланиши бўлди. Шунингдек, МАК бир неча марта «Домодедово», «Сочи», «Краснодар», «Қозон» халқаро аэропортларида энг аниқ ишлайдиган авиакомпания, дея тан олинди. Фуқаро авиацияси кемаларида сервис ва хизматларни ривожлантириш мақсадида ўтказилган «Sky Service» номли III халқаро форумнинг нуфузли «Йил жамоаси» профессионал кўрик-танловида борткузатувчиларимиз жамоаси кубокни қўлга киритди, ходималаримиздан бири «Энг яхши борткузатувчи», дея тан олинди.

– Фуқаро авиацияси фаолиятини бошқарадиган ҳуқуқий база ҳақида ҳам гапирсангиз...

– Мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ халқаро стандартларга тўла жавоб берадиган зарур самарали қонуний асос яратилган. Авиакомпания фаолиятида Ўзбекистон ҳаво ҳудудини эксплуатация қилиш соҳасида ва ундан барча фойдаланувчилар фаолиятларидаги муносабатларни тартибга соладиган Ҳаво кодекси асосий ҳужжат бўлди. Унда республика ҳудудларида авиация ишлари, хавфсизликни таъминлаш, мамлакат халқ хўжалиги ва фуқаролари эҳтиёжларини қондириш тартиби белгилаб берилган. Бу йўналишда Парвозлар хавфсизлиги назорати давлат инспекцияси самарали фаолият юритмоқда.

Жаҳон стандартларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш мунтазам равишда амалга оширилмоқда. Бугунги кунга қадар Ўзбекистон амалда қарийб барча кўпёқлама ихтисослашган халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларга қўшилган. Экспертларнинг қайд этишича, республикамизда сифатли авиация қонунчилиги амалда, соҳа тузилмалари эса парвозлар хавфсизлигининг юқори даражасини таъминлаш имконини беради. Шу билан бирга тармоқ меъёрий базаси мунтазам такомиллаштириб борилмоқда.

Фуқаро авиациясининг классик модели бўйича бошқарувчи орган томонидан сиёсат ва назорат функциясининг ишлаб чиқилиши, парвозлар ва аэропортлар иши бир-бирига боғлиқ бўлмаслиги лозим. Илгари бизда бошқарув модели бошқача тамойилда бўлган. Ана шу муносабат билан Президентимизнинг 2018 йил 27 ноябрда «Ўзбекистон Республикасининг фуқаро авиациясини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Ҳужжат тармоқни тубдан ўзгартиришга қаратилган. Хусусан, МАК базасида «Uzbekistan Airways» ва «Uzbekistan Airports» акциядорлик жамиятлари қайта ташкил этилади ва асос солинади. «Махсус авиация ишлари» авиакомпанияси ДУК базасида «Uzbekistan Helicopters» МЧЖ барпо этилади, «Ўзаэронавигация» маркази Вазирлар Маҳкамаси ихтиёрига ўтказилади.

Фармонда шунингдек, давлат бошқарувини кучайтиришни ва Парвозлар хавфсизлиги назорати давлат инспекциясига бир марталик парвозларга ва аэродромлар яқинида объектлар қуриш ваколатини бериш йўли билан рақобат муҳитини яратиш назарда тутилган.

Бу йилда парвозлар географияси ва МАК сотув тармоқлари кенгайдими?

– Миллий авиакомпания ўз фаолияти мобайнида барча минтақалар бўйича чегараларини кенгайтирди. «Uzbekistan Airways» лайнерлари Европа, Осиё, Америка мамлакатларига 60 дан зиёд йўналишларда парвозларни, Аляскадан Янги Зеландиягача чартер рейсларини амалга оширмоқда.

Сўнгги уч ой мобайнида уч йўналишда - Мумбай, Владивосток ва Жидда шаҳарларига мунтазам рейслар очилди. Муқаддам ушбу шаҳарларга чартер асосида парвозлар амалга ошириларди. Шунингдек, Тбилиси, Мюнхен ва Карачи йўналишларини очиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Халқаро парвозлар сони сезиларли ошди. Масалан, энг серқатнов йўналишлардан бири бўлган «Тошкент-Москва» йўналиши ҳафтасига 27 мартагача етди. Агар Россия пойтахтига Самарқанд, Бухоро, Урганч, Термиз, Наманган ва Фарғона шаҳарларидан амалга ошириладиган парвозларни ҳам қўшсак, 49 тага етади.

Тошкентдан Сеул, Душанба, Бишкек, Минск, Ростов-Дон, Астана ва Новосибирск шаҳарларига парвозлар кўпайди. Энг кўзга кўринарли рейслардан бири Инстанбулга ҳафтасига пойтахтдан ўнта, Самарқанддан иккита рейс амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, «Uzbekistan Airways» дунё бўйлаб 37 та авиакомпаниялар билан йўловчи электрон интерлайн-келишувга эришган. Шу сабаб МАК йўналиш тармоқлари кенгаймоқда, йўловчиларга эса ҳамкорларнинг туташ рейсларини ҳисобга олган ҳолда саёҳат учун кўплаб йўналишлар рўйхати тақдим этилмоқда.

– Мамлакатимизнинг ҳаво бандаргоҳлари қанчалик ўзгарди?

– Аэровокзал мажмуалари, учиб-қўниш чизиқларини қайта таъмирлаш бўйича лойиҳаларнинг амалга оширилиши, терминаллар қуриш мамлакатимиздаги барча аэропортларни ICАО халқаро стандартларига мос ҳолга келтириш, парвозлар хавфсизлиги ва хизматлар кўрсатиш сифатини ошириш имконини берди. Бугун Ўзбекистондаги 11 та ҳаво бандаргоҳи халқаро мақомга эга ва улар исталган самолётларни қабул қилиш, ҳатто, мураккаб об-ҳаво шароитида ҳам кеча-кундуз ишлаш лаёқатига эга.

Бутун мамлакат бўйлаб ҳаво ҳаракатини бошқариш тизими такомиллаштирилди ва модернизация қилинди. Хавфсиз парвоз ва Ўзбекистон ҳаво ҳудудидан фойдаланувчилар сонини ошириш имконини берувчи янги аэронавигация тизимлари татбиқ этилди. «Тошкент», «Бухоро», «Урганч», «Фарғона» ва «Навоий» аэропортларида терминаллар қурилди. Жорий йилда пойтахтда соатига 1200, Нукусда соатига 400 йўловчини ўтказиш имкониятига эга халқаро линиялардан учиб келувчилар учун мўлжалланган терминаллар фойдаланишга топширилди, Урганчда учиб-қўниш чизиғи капитал таъмирдан чиқарилди. Яқин истиқболда, яъни 2021 йилгача, инфратузилмани реконструкция  ва модернизация қилиш, шунингдек, Термиз, Самарқанд ва бошқа шарҳарлар аэровокзаллари ва учиб-қўниш чизиғини реконструкция қилиш, пойтахтда халқаро йўловчилар терминалини қуриш бўйича ва яна қатор лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилмоқда. Айни дамда Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси мавжуд «Тошкент-2» базасида уни бунёд этиш лойиҳасининг таянч концептуал дизайнини ишлаб чиқиш учун Туркиянинг «Yildirim Hollding A.S.» компаниясини жалб этган.

Авиакомпания қабул қилинган дастурлар, Президент ва ҳукумат қарорлари асосида самолётлар харид қилиш, аэропортларнинг ердаги инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича қатор инвестициявий ва инфратузилмавий ташаббусларни амалга оширди. Ўтган йилнинг май ойида тўртта «Boeing-787 Dreamliner»дан биттаси олиб келинди. 2019-2020 йилларда яна учта лайнер келтирилади. Улар етиб келгач, МДҲ бўйича бундай ҳаво кемаларини эксплуатация қилишда етакчига айланамиз.

– Умид Аброрович, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК ва Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси (IATA) 2018-2015 йилларда мамлакатимиз авиация хизматлари кўрсатиш соҳасини янада ривожлантириш бўйича ҳамкорликдаги ҳаракатлар режасини имзолади. Унга мувофиқ қандай ишларни амалга ошириш назарда тутилган?

– Ҳужжатда республикамизнинг ҳаво орқали юк ташишдаги айрим халқаро қоидаларни бир хиллаштириш учун Монреаль Конвенциясига қўшилиши имконияти, бунинг зарурлиги ва оқибатлари, «Навоий» халқаро аэропорти базасида юк ташиш бўйича халқаро бозорга чиқиш учун «хаб» хизматини илгари суриш бўйича IАТА нинг маслаҳатлар тақдим этиши акс этган. Шунингдек, ассоциациянинг умумий масалаларни ҳал этиш, доимий тажриба ва ахборот алмашиш учун «Евроосиё» мувофиқлаштирувчи кенгаши иштирокчиси бўлган «Ўзаэронавигация» маркази билан ҳамкорлиги ҳам назарда тутилган.

Ҳужжатда, шунингдек, IАТАнинг авиакомпаниялар, аэропортлар мутахассислари, ҳаво ҳаракатини бошқариш (ҲҲБ) диспетчерлик таркиби ва сайёҳлик агентликлари ходимларини, «Тошкент» аэропортида йўловчиларга хизмат кўрсатишнинг замонавий стандартлари ва технологияларини синовдан ўтказиш борасида ишчиларни амалий ўқитиш усулларини тақдим этиши ҳам ўз аксини топган.

– Кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш борасида қандай ишлар амалга оширилди?

– Парвозлар хавфсизлигини таъминлашнинг бош омили сифатида мазкур йўналиш ҳамиша авиакомпания фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири бўлиб келган. Нафақат учувчилар таркибини ўқитиш, балки уларнинг малакасини мунтазам ушлаб туришга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Бугун юқори малакали инструктор-ўқитувчилар таркибига, замонавий авиацион тренажёрлар ва Full-flight-симуляторлари эга МАК ўқув-машқ марказида нафақат авиакомпания ходимлари, балки хорижий юк ташувчилар ҳам машқ қилмоқда. Ўтган йил давомида Қозоғистоннинг «Air Astana» ҳамда «Scat» авиакомпаниялари билан ишларни кучайтириш, шунингдек, хорижий ҳамкорларни ҳам жалб қилиш ҳисобига «Airbus А320» ва «Boeing 767» тренажёрларининг юкланиши кўрсаткичи ўртача 60 фоизга ўсди.

Айни дамда Ўзбекистонда учувчиларни бевосита дастлабки тайёрлаш амалга оширилмоқда. Сентябрь ойида Нидерландияда ишлаб чиқарилган ўт ўчириш ва самолёт салони ичида тутун пайдо бўлгандаги ҳаракат қилиш кўникмаларини оширадиган тренажёр фойдаланишга топширилди. Ўқув-машқ марказининг бундай таъминланганлиги авиакомпания талабларига жавоб берадиган юқори малакали кадрларни шакллантириш имконини беради.

– МАК мутахассислари самолётларнинг парвозга яроқлилигини мустақил ва сифатли қилиб қанча ушлаб туриши мумкин?

«Uzbekistan  Airways Technics» – МАКнинг нафақат тузилмавий бўлими, балки 95 йиллик тарихга эга барқарор ривожланаётган авиатаъмирлаш корхонаси ҳамдир. Бу замонавий жиҳозланган ангарлар ва тажрибали мутахассисларга эга қудратли комплекс бўлиб, ўзимизда эксплуатация қилинаётган барча турдаги ҳаво кемаларига техник ҳамда таъмирлаш хизматини кўрсатади. Оддий ишчидан раҳбарларга қадар бўлган ходимлар махсус ўқитилади ва улар дунёда тан олинган мутахассисларни тайёрлаш маказларида малака оширишда давом этишмоқда.

«UAT»нинг техник таъминланганлиги «Boeing» ва «Airbus»ларнинг исталган мураккабликдаги таъмирини амалга ошириш имконини беради. Соҳага сифатни бошқариш тизимларини жорий этиш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, халқаро авиация агентликлари ва давлат авиа хизматининг барча талаблари бажарилмоқда.

2016 йилда «UAT» базасида «Boeing» корпорацияси билан бирга замонавий ҳаво кемалари планерларининг юқори технологик композит конструкцияларини таъмирлаш бўйича цех фойдаланишга топширилди. Ишлаб чиқариш зарур ускуналар, шу билан бирга титан қотишмаларга термик ишлов бериш, композитларни улаш учун инерт муҳитли печлар билан ҳам таъминланган. Фюзеляж сиртига зарар етказмай кўздан кечириш ускунаси ҳам мавжуд ва бу конструкциянинг йирик металл ва композит унсурлари таъмирини амалга ошириш имконини беради. Мухтасар айтганда, бу «Uzbekistan Airways Technics»нинг авиакомпания ҳаво флоти кемаларининг парвозга яроқлилигини сифатли сақлаб туришдаги имкониятларидан дарак беради.

– Ҳаво ҳаракатини бошқариш соҳаси қандай ривожланмоқда ва модернизация қилинмоқда?

– Бугун осмонимиздаги ҳар битта лайнер «Ўзаэронавигация» марказининг юқори малакали диспетчерлари доимий назоратида. Ўтган йилнинг 11 ойи давомида  республикамиз ҳудудларидан транзит билан ўтаётган 57 155 ҳаво кемаларига хизмат кўрсатилган. Бу 2017 йилнинг мос даврига таққослаганда 13,5 фоизга кўпдир. Республика аэропортларида замонавий ҲҲБ марказлари қурилди ва фойдаланишга топширилди, парвозларни янада хавфсиз амалга ошириш ва мамлакатимиз ҳаво ҳудудларидан фойдаланувчилар сонини ошириш имконини берадиган замонавий тизимлар жорий этилди.

2019 йилги режалар ҳақида гапирсак, мутахассислар олдида ҳаво ҳудудлари ва ҳудудий навигация йўналишларини, шунингдек, чегарадош давлатлар билан, таснифлашни татбиқ этишни амалга ошириш турибди. Тошкент ҲҲБ марказининг автоматлаштирилган тизимини модернизация қилиш, яна хабарлар ва координаталарни овозсиз узатиш тизимини жорий этиш ишлари режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, юртимиз халқаро аэропортларида парвозларни таъминлайдиган радиотехника ускуналарини модернизация қилиш бўйича тадбирлар комплексини бажариш амалга оширилади. Мамлакатимизда  «чоксиз» ҳаво бўшлиғини яратиш жараёнлари кечмоқда. Ана шу ва бошқа масалалар устида ишлаётган мутахассисларимиз сайёҳларни жалб қилиш бўйича ишларнинг фаоллашиши фонида ҳаво трафигининг ошишини кутмоқдалар.

Давлатимиз раҳбарияти томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётган Миллий авиакомпаниямиз халқаро авиа юклар ташиш бозорида ўзининг муносиб ўрнига эгалиги билан фахрлансак арзийди.

Акимжон Адизов
суҳбатлашди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech