31 Май 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +24,8 °C

Мамлакатимизда
31 Мар  2020 745

 “Вақтинча тўхтатилган оммавий тадбирлар рекламаси олиниши шарт!”

Коронавирус пандемияси мамлакатимизда қайд этилган илк кунлардан касалликнинг оммавий кириб келиши ва кенг тарқалишига қарши тизимли чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 15 мартидан бошлаб юртимизда барча оммавий тадбирлар, жумладан, театр, кино ва концерт томошалари вақтинча тўхтатилиб, номаълум муддатга қолдирилди.

Аммо оммавий ахборот воситалари ва ташқи реклама конструкциялари орқали жорий йилнинг март-апрель ойларида ўтказилиши режалаштирилган, лекин амалда номаълум муддатга қолдирилган ёки намойиши бекор қилинган оммавий тадбирлар тўғрисидаги рекламаларни тарқатиш давом этаётгани фуқароларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда.

– “Реклама тўғрисида”ги қонунга кўра, ноаниқлиги, икки хил маънони англатиши, бўрттириб юборилиши, шунингдек, рекламани тарқатиш вақти, жойи ва усулига нисбатан қўйилган талаблар ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа меъёрларнинг бузилиши ҳисобига рекламадан фойдаланувчиларни чалғитувчи ёки чалғитиши мумкин бўлган реклама нотўғри реклама ҳисобланади ва у тақиқланади, – дейди Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Шерзод Маҳамадалиев. – Шу боис, юқоридаги ҳолатларга чек қўйиш бўйича бир қатор ишлар йўлга қўйилган. Хусусан, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан оммавий ахборот воситалари, реклама объектлари (конструкциялари) эгалари, реклама агентликлари, оммавий тадбирлар ташкилотчиларига яқин кунларда ўтказилиши тўхтатилган ва номаълум муддатга қолдирилган оммавий тадбирлар тўғрисидаги рекламаларни барча реклама воситаларидан олиб ташлаш юзасидан зарур чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича топшириқ хатлари юборилди. Тез кунларда мазкур масаланинг амалий натижасига эришилиши кўзда тутилган.

Ташқи рекламалар жойлаштириш талаб даражасида бўлиши лозим!

Бундан ташқари, мамлакатимизда сўнгги вақтларда ташқи рекламаларни жойлаштириш бўйича бир қатор талаблар белгиланиб, уларнинг ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги “Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида”ги қарори бу борада аниқ вазифаларни белгилаб берди. Эндиликда ҳар куни кўзимиз тушадиган реклама тахталарию эълонларнинг сифатсизлиги, ноқонуний ўрнатилиши ёки талабга жавоб бермайдиган бошқа ҳолатларга йўл қўйилмайди. Хусусан, тегишли ташкилотларга ҳар бир туман (шаҳар) бўйича махсус ишчи гуруҳлар тузилиб, ташқи реклама объектлари(конструкциялари)нинг ушбу қарор талабларига мувофиқлиги юзасидан хатловдан ўтказиш бўйича зарур чоралар кўриш вазифаси юклатилган.

– Айни пайтда деярли барча ҳудудларда махсус ишчи гуруҳлар ташқи реклама объектлари (конструкциялари) бўйича хатловни амалга оширмоқда, – деди Шерзод Маҳамадалиев. – Шу кунга қадар республика бўйича ўрнатилган жами 10 мингдан ортиқ ташқи реклама объекти(конструкцияси)дан 1820 тасининг қарор талабларига мослиги ўрганилди. Жорий йилнинг 20  март ҳолатига  кўра, ишчи гуруҳ томонидан қарор талабларига мувофиқ бўлмаган 425 та ташқи реклама объекти (конструкцияси), жумладан, эгаси аниқланмаган 34 та, тегишли ҳужжати (паспорт, гувоҳнома, сертификат, рухсатнома) мавжуд бўлмаган 305 та, эскирган, яроқсиз ҳолатга келиб қолган 9 та, автомобиль йўлларининг ажратувчи бўлагида, хусусан, йўлнинг ёнма-ён жойлашган қатнов қисмларини ажратувчи, транспорт воситалари ҳаракатланиши ёки тўхташи учун мўлжалланмаган, йўл сатҳидан баланд ёки ётиқ чизиғи билан белгиланган қисмида ҳамда тротуар ва пиёдалар йўлакларида, хавфсизлик оролчаларида ўрнатилган 197 та ташқи реклама конструкцияси аниқланди. Мазкур хатловлар жараёнида белгиланган талабларга тўғри келмайдиган, рухсатсиз ўрнатилган ташқи реклама объектларининг 69 таси махсус ишчи гуруҳ кўрсатмасига асосан эгалари томонидан ихтиёрий равишда, ўз кучлари билан олиб ташланди (демонтаж қилинди), 109 та ташқи реклама объекти (конструкцияси) эгаларига эса ўттиз календарь кун ичида демонтаж қилиш юзасидан тегишли огоҳлантириш хатлари тақдим этилди.

Вилоятларда аҳвол қандай?

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг маълум қилишича, ҳозир нафақат пойтахтимиз, балки барча вилоятларда ташқи реклама объектлари(конструкциялари)ни хатловдан ўтказиш ишлари амалга оширилмоқда. Хусусан, Наманган шаҳри ҳудудида ўрнатилган 211 та худди шундай объектнинг 101 таси қарор талабларига мослиги қайд этилиб, талаб даражасида бўлмаган 21 тасининг эгаларига демонтаж қилиш юзасидан тегишли огоҳлантириш хатлари тақдим этилди. Иккита ҳолатда эса реклама конструкцияси олиб ташланди.

Бухоро вилоятининг барча шаҳар ва туманларида ҳам махсус ишчи гуруҳ томонидан қатъий белгиланган тартибда хатлов олиб бориляпти. Биргина Бухоро шаҳрида бугунгача 200 дан ортиқ ташқи реклама объекти хатловдан ўтказилиб, улардан 27 таси йўл ўртасида бўлгани сабабли демонтаж қилинди. 51 та реклама объекти эса қарорга мослаштирилди, яъни уларнинг оралиқ масофаси, автомобиль йўлларига чиқиб қолганларининг жойлашиш ҳолати қарор талаблари асосида ўзгартирилди. Шунингдек, реклама тарқатиш фаолияти билан шуғулланувчи барча корхоналарга ўзларига тегишли реклама конструкцияларини юқоридаги қарор талабларига мослаштириш бўйича хатлар юборилди. 

Айни кунларда республиканинг барча ҳудудларида ташқи реклама объектлари(конструкциялари)ни хатловдан ўтказиш ишлари давом этмоқда.

Ирода Тошматова,
“Янги Ўзбекистон” мухбири

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech