20 Август 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +19,2 °C

Саломатлик
18 Апр  2019 7879

«Ўзбекистонда барча онкологик хизматларда туб «қайта юкланиш» жараёни кетмоқда»

Онкологик касалликларни самарали даволаш усулларини излаб топиш бугун бутун дунё замонавий тиббиёт фанининг энг долзарб масаласи ҳисобланади. Ўзбекистонда ҳам ана шу хасталикка чалинганлар сонининг ортиб бориши жиддий муаммо бўлиб қолмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2018 йил 28 декабрдаги Парламентга қилган мурожаатида ҳар йили мамлакатимизда 22 минг кишида онкологик хасталик аниқланаётганига барчанинг диққатини қаратди ва ушбу тизимни тубдан яхшилаш зарурлигини таъкидлади. 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясида ҳам беш йил муддат ичида онкологик касалликларга чалинганлар орасида ўлим ҳолатларини беш фоиздан кам бўлмаган кўрсаткичда камайтириш вазифаси юклатилган.

Бу каби кенг кўламли ишда, сўзсиз, халқаро ҳамкорлик  муҳим аҳамият касб этади.  Ана шулар ҳақида айни дамда Тошкентда бўлиб турган МДҲ ва Евроосиё давлатлари онкология ва рентгенорадиология марказлари ва институтлари директорлари Ассоциацияси (ОРМИДА) вице-президенти, профессор Дилшод Зикиряхўжаев билан суҳбатлашдик.

– Бутун умрингизни онкологик касалликларга қарши курашга бағишлагансиз. Бу курашда энг қийини нима?

– Онкология масаласи билан эллик йилга яқин вақтдан бери шуғулланаман. Тиббиётда юксак технологияларнинг интенсив тарзда ўзлаштирилаётганига қарамай, Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, биргина ўтган йилнинг ўзида ушбу касалликдан Ер юзида тўққиз миллиондан зиёд киши ҳаёт билан видолашган. Миллионлаб ушбу касалликка чалиниш ҳолатлари қайд этилган. Бунда аёллар кўкрак саратони энг кўп тарқалгани ҳисобланади.

Онкология – тиббиётнинг мультиинтизомий соҳаси ҳисобланади. У давлатдан катта субсиядиялар, улкан интилиш ва мутахассислардан юқори малака талаб этади. Қудратли лабораториялар касаллик табиатини билиб олишга ҳаракат қилади, морфологик тадқиқотлар ўтказади, инсон ирсиятини ўрганади. Бироқ ҳозирги кунга қадар фан саратон келиб чиқишининг асл сабабини аниқлагани йўқ.

Шу билан бирга бугун бундай жараёнларга таъсир кўрсатувчи кўплаб омиллар борлиги ҳам маълум. Масалан, ривожланган давлатларда ўпка саратонига чалинганлар кўп учрайди. Биз буни тамаки чекишнинг кенг тарқалиши ва ҳавонинг ифлосланиши билан боғлаймиз. Афсуски, урбанизация бизга қулайлик билан бирга турли кўринишда саратонга чалинган хасталар сони ошишини ҳам келтирмоқда.

– Нима деб ўйлайсиз, инсоният саратонни даволаш калитини топадими, ушбу даҳшатли касаллик устидан узил-кесил ғалаба қозона оладими?

– Шифокор ва олим сифатида бунга шубҳа қилмайман. Замонавий тиббиёт сезиларли даражада илгарилади. Дунё онкологлари тери, кўкрак, простата бези, йўғон ичак саратонларини эрта босқичда юз фоиз даволашга эришган. Мижозлар фаол ҳаётга, тўлақонли умргузаронликка қайтишади.

Сўнгги йилларда соҳадаги кўпгина муаммолар ҳал этилган. Касалликнинг наслдан ўтиши омилини ҳам инобатга олиб, кимнинг, дейлик, кўкрак саратонидан азият чеккан яқин қариндошлари бўлса, бундай хавф гуруҳига кирувчилар устидан манзилли генетик тадқиқотлар ўтказилмоқда.

Масалан, Японияда ошқозон-ичак тракти, простата бези саратонларининг ўтказиб юборилган шаклларини жуда кам учратасиз. Сабаби – фаол профилактика. Маълум бир ёшга етгач, барча маҳаллий аҳоли махсус кўрикдан ўтади. Агар бирор киши бундан бош тортса, ишга қўйишмайди. Вақти-вақти билан профилактик кўрикларни ўтказишни шарт қилиб қўйишни қўллаб-қувватлайман, негаки, бу ўсмаларни эрта аниқлаш ва келгусида самарали даволаш кафолатидир.

Замонавий тиббиёт янги пайдо бўлган шишларни ташхислаш учун зарур технологияга эга. Бу гастрофиброскопия, колоноскопия, генетик тадқиқотлар ва бошқа хатти-ҳаракатлардир. Баъзи ривожланган мамлакатларда почта орқали уйларига жўнатилган реактивлар ёрдамида одамлар ўзидан мустқаил равишда намуналар олади ва лабораторияда тадқиқотлар ўтказиш учун клиникага жўнатади.

Касалликни профилактика қилишнинг яна бир муҳим жиҳати – эмлашдир. Бугун вакциналарнинг жуда кўп тури яратилган. Хусусан, қизлар бачадон бўйни саратонига қарши эмланадилар. Ушбу олдини олиш чораси жуда фаол қўлланиладиган мамлакатлар ҳам бор. Айрим давлатлар эса кейин юзага келадиган мураккабликлар эҳтимоли сабаб ундан воз кечган. Хуллас, ушбу масала - баҳсли. Бироқ эмлашни профилактика қилишнинг энг самарали йўналишларидан бири деб ҳисоблайман.

Агар спорт билан кўпроқ шуғулланилса, соғлом таом ейилса, тамаки чекиш ва алкоголь истеъмол қилишдан воз кечилса, стресслардан узоқроқ юрилса, хуллас, соғлом турмуш тарзи юритилса, бу саратон пайдо бўлиши олдини олиши исботланган.

– МДҲ ва Евроосиё давлатлари онкология ва рентгенорадиология марказлари ва институтлари директорлари Ассоциацияси саратонга қарши самарали курашишга қандай ҳисса қўшмоқда? Соҳада халқаро ҳамкорлик қанчалик муҳим?

– Ассоциация таркибига МДҲ ва Евроосиёнинг барча йирик онкология институтлари кирган. Унинг штаб-квартираси эса П.Герцен номидаги Москва онкология илмий-тадқиқот институтида жойлашган. Илғор тажрибалар, ютуқлар ва муҳим маълумотларни ўзаро алмашиш йўлга қўйилган. Бундай ҳамкорлик етакчи илмий марказлар ва клиникаларда турли мамлакатлардан юқори малакали мутахассислар тайёрлаш имконини берди. Масалан, ўтган йили бир қатор ўзбекистонлик истиқболли ёш шифокорлар МОИТИда кўкрак бези реконструктив жарроҳлиги, касалларга юқори технологик ёрдам кўрсатиш бўйича стажировкадан ўтдилар. ОРМИДА шафелиги остида онкологларнинг халқаро съезд, конгресс, симпозиумлари ўтказиб турилади. Ана шундай тадбирлардан иккитаси Тошкентда ўтказилди.

Билим, тажриба ва салоҳиятларни бирлаштириб, онкологик касалликларга қарши самарали кураша оламиз, миллионлаб инсонларнинг ҳаёти ва саломатлигини сақлаб қолишда энг тўғри қарорга келиш имконияти пайдо бўлади.

Тиббиётни тизимли ривожлантириш зарурлигига ишончим комил, яъни янги технологияларни татбиқ этиш билан бир вақтнинг ўзида энг мураккаб масалани ҳам ечишга қодир юқори малакали кадрларни тайёрлаш лозим. Бу ишда мерос қилиб олиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бахтиёр Аҳмедов, Николай Блохин, Николай Трапезников каби етакчи онколог-олимларнинг шогирди бўлиш бахти насиб этганидан тақдиримдан миннатдорман. Улар ҳам олим, ҳам шифокор бўлиб шаклланишимда мендан ёрдамларини аяшмаган.

Тиббиётда шундай анъана бор: ёши катталар тажриба ва билимларини кейинги авлодга қолдиришлари лозим. Шогирдларим билан фахрланаман, уларнинг кўпчилиги таниқли олимларга, амалиётчи-онкологларга айланишган. Бугун менинг ҳам улардан ўрганадиган нарсаларим бор. Шифокор учун янги билимлар ва кўникмалар – доимий, шарт бўлган жараёндир ва у бутун умр давом этади.

– Ўзбекистонлик ҳамкасбларингиз билан қанчалик яқин алоқадасиз?

– Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази, Тошкент шаҳри ва вилояти онкологик диспансерлари ва республиканинг бошқа тиббий муассасалари етакчи онкологлари билан доимий алоқа ўрнатганмиз. Бу ўзаро маслаҳат алмашинуви, мутахассислар малакасини оширишни ташкиллаштириш, биргаликда илмий-амалий конференциялар ўтказиш, мураккаб операциялар чоғи икки томонлама ёрдам кўрсатишдан иборат.

Ўзим Ўзбекистонда туғилиб-ўсганман. Ва мени, сўзсиз, ушбу гўзал мамлакат билан боғлиқ, унинг ривожланишига доир ҳамма нарса қизиқтиради. Ўзбекистон – улкан, аввало, инсоний салоҳиятга эга бой давлатдир. Хусусан, республика постсовет давридаги энг кучли онкология хизмати кўрсатадиган мамлакат.  Ва бугун ушбу соҳада туб «қайта юкланиш» кетмоқда. Ва ривожланишга ҳам катта маблағлар ажратиляпти. Ҳар бир ҳудудда ихтисослаштирилган диспансерлар қурилган, капитал таъмирланган, амалдаги клиникалар реконструкция қилинган ва барчаси замонавий ускуналар билан жиҳозланган.

Сўнгги икки йил ичида, айниқса, соҳада улкан ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти тиббиёт соҳасида йиғилиб қолган муаммоларни ҳал этишга катта эътибор қаратмоқда ва уни ижтимоий сиёсатнинг асосий йўналишига айлантирди.

Бунда соғлиқни сақлашда тизимлиликни таъминлаш бирламчи вазифага айланди ва бу ҳақиқатан ҳам, жуда муҳим. Кадрларни тайёрлаш, ташхислаш ва даволаш усуллари такомиллашмоқда, турли мамлакатлар ва минтақаларнинг етакчи клиникалари ва ихстисослашган олий таълим муассасалари билан алоқалар кенгаймоқда, соғлиқни сақлаш муассасалари ва аҳолини дори-дармон билан таъминлаш яхшиланмоқда, малакали тиббий ёрдам олиш кафолатганган. Мазкур ишга пойтахтдаги тиббиёт марказларининг энг яхши мутахассислари жалб этилган.

Келгусида онкологик хизматни янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштиришнинг комплекс Дастури амалга оширилмоқда. Унда 2021 йилга бориб онкологик касалликлардан ўлиш кўрсаткичини сезиларли камайтириш, беморларни шишларга қарши препаратлар билан таъминланишини ошириш ва юқори технологик муолажалар олиш имкониятини яратиш мақсади қўйилган. Ана шу мақсадлар учун 32 миллиард сўм ва 144 миллион доллар маблағ ажратилмоқда.

Дастурни бажариш доирасида онкологик хизмат кўрсатишнинг ягона вертикал интегралланган тизими яратилган. Саратон канцерогенези ва эпидемиологияси, ёмонсифатли ўсмалар ривожланишининг молекуляр-биологик механизмлари, шунингдек, шишларга қарши мамлакатнинг ўзида препаратлар яратиш устида ишлаш борасида илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Ташхислаш, даволаш ва профилактика қилишнинг замонавий усуллари жорий этилиши беморларда эрта босқичда касалликни аниқлаш кўрсаткичларини икки баравардан кўпроққа ошириш имконини берди. Бу таассурот қолдирадиган натижа.

Мамлакатда аҳолини жисмоний тарбия ва спортга оммавий жалб этиш, қудратли спорт базаси яратиш, аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш, овқатланиш маданияти, инсонлар турмуш тарзи ва сифатини яхшилашга улкан эътибор қаратилмоқда. Бунинг бари, шубҳасиз, миллат саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган улкан ишлардир.

Яна айтишни истардимки, Ўзбекистон турли сабаблар билан хорижда яшаётган ва ўз юрти ривожига ҳисса қўшишни истаган бошқа ватандошлари билан алоқаларини тиклаётгани менда чуқур таассурот қолдирди. Ўзбекистонга фойдам тегиши ва кераклигим, мен учун улкан шараф. Биламан, республикадан чиқиб кетган бошқа кўплаб ватандошларимиз ҳам буни орзу қилади. Негаки, Ватандан юракни олиб чиқиб кетиб бўлмайди.

      Лилия Ахмеджанова.

Музаффар Абдуллаев сурати.

 

Маълумот учун

Дилшод Зикиряхўжаев - МДҲ ва Евроосиё давлатлари онкология ва рентгенорадиология марказлари ва институтлари директорлари Ассоциацияси (ОРМИДА) вице-президенти. Таниқли онколог-жарроҳ, соғлиқни сақлаш ташкилотчиси, Тожикистонда хизмат кўрсатган фан ва техника арбоби, клиник онкологияга оид 450 дан зиёд китоблар муаллифи. Шогирдларидан 30 таси фан номзоди, 13 таси фан доктори.

Шунингдек, у АҚШ Халқаро академиклар жамияти академиги, Болалар онкологияси Европа жамиятининг ҳақиқий аъзоси, Тиббиётдаги интеграцион жараёнлар ривожига қўшган ҳиссаси учун Халқаро мукофот лауреати. АҚШ, Исроил, Германия, Австрия, Польша, Греция, Чехия, Япония ва бошқа мамлакатлар онкологларининг халқаро форумлари қатнашчиси.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech