21 Март 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +11,5 °C

Мамлакатимизда
1 Янв  2019 4359

Инновацион ривожланиш малакали мутахассислар кўпайишига тўғридан-тўғри боғлиқ

Президентимизнинг Олий Мажлисга қилган Мурожаатини тинглагач, эртанги кунга бўлган ишончим янада ошди.

Бугун бизга юклатилган устувор топшириқлар ва вазифалар янги вазирликнинг инновацион ривожланиш соҳасидаги илк қадамларидаёқ бошлаган ишларининг мантиқий давоми экани мени жуда тўлқинлантирди. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йилни - Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили, деб эълон қилиши келгусида барча соҳаларнинг янада ривожланишига хизмат қилиши, шубҳасиз. Хусусан, аёнки, инвестицияларсиз инновацияни, ижтимоий секторни яхшилаш ва мос экотизимни шакллантиришнинг иложи йўқ.

Президентимиз республикада инсон капиталини ривожлантириш учун барча куч ва воситаларни сафарбар этишга чақирди. Бу мактабгача таълимдан бошлаб, умумий ва олий таълимгача ва илмий фаолиятда мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича барча даражаларни кучайтиришни талаб этади. Масалан, давлатимиз раҳбари 2019 йилда ҳозирги олий таълим билан қамраб олишни 15 дан 20 фоизга кўтаришни ва келгусида бу кўрсаткични янада ошириб бориш топшириғини берди. Бошқа вазифалар эса ОТМларнинг қабул квоталарини мустақил шакллантиришни таъминлаш ва абитуриентларга параллель равишда бир нечта олий таълим муассасасига ҳужжат топшириш имкониятини яратишдир. Инновацион ривожланиш малакали мутахассислар сонининг кўпайишига тўғридан-тўғри боғлиқ. Бу Ўзбекистонни инновацион ривожлантириш Стратегиясининг асосий йўналишлардан бири сифатида белгилаб олинган.

Шунингдек, Мурожаатномада ОТМлар ва тармоқлар бўйича тадқиқот институтларининг академик салоҳиятини янада мустаҳкамлаш ҳамда кўп миқдорда конструкторлик бюролари ва инновацион марказлар ташкил этиш бўйича аниқ мақсадлар қўйилган. Энг асосийси, энди инвестицияларни нафақат иқтисодиёт тармоқларига, балки илмий ишланмаларни қўллаб-қувватлашга ҳам йўналтириш белгиланмоқда. Вазирлик бу борада ўз таклифларини билдиради.

Бугунги куннинг муҳим талабларидан бири – юқори технологик, инновацион маҳсулотларни ишлаб чиқараётган ва экспорт қилаётган корхоналарга қулай шароитлар яратишнинг зарурлигидир. Мамлакатимизда бу соҳа ҳали ёш.

Вазирликка, шунингдек, фермерларнинг илғор технологиялардан фойдаланишини таъминлаш ва уларни қишлоқ хўжалигига жорий этиш усулларига ўқитиш вазифаси ҳам топширилган. Бунинг учун маълум тадбирларни амалга ошириш талаб этилади. Бундан ташқари, Мурожаатномада пахта-тўқимачилик билан бир қаторда уруғчилик кластерларини ҳам шакллантиришнинг муҳимлиги айтиб ўтилган. Ихтисослашган илмий-тадқиқот институтлари ишини ҳам фаоллаштириш зарур.

Шундай қилиб, Президентимизнинг Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалар умумлаштирилса, бу Ўзбекистоннинг 2019 йилдаги инновацион ривожланиши учун асосий дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Иброҳим Абдураҳмонов.

Ўзбекистон Республикаси
Инновацион ривожланиш вазири.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech