07 Апрель 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +13,5 °C

Саноат
6 Мар  2020 1291

“Ўзбекнефтгаз”: ер ости бойликлари — республика аҳолиси ва жаҳон иқтисодиётига интеграциялашиш учун

ДАРЁ БЎЙИДА ЯШАБ, СУВГА ТАШНА  ЭДИК

Муборак тумани Сариқ қишлоғидаги мактаб ўқитувчиси Саломат Жумаева суҳбатни мазкур  ўзбекона мақол билан бошлади.

— Шундоққина яқинимизда миллиардлаб кубометр углеводород ишлаб чиқарадиган газни қайта ишлаш заводи бор эди, аммо биз ёқилғи хомашёсидан баллонларда фойдаланардик, — дейди у. — Пишир-куйдирга етарди, аммо  олти хонали уйни исита олмасди. Оиламиз эса катта: ўн нафар ўғил-қиз, келинлару набиралар. Қишда совқотмаслик учун барчамиз битта уйга тиқилиб олардик. Уйни эса қўлбола «буржуйка»ларда кўмир ёки кесиб келинган саксовул  билан иситардик.

Агар эътибор қилган бўлсангиз, қишлоғимиз кўчалари  бўйида ёш ниҳоллар кўкаряпти. Эски ва катта теракларнинг қарийб ҳаммаси  кесилиб, ўтин бўлиб кетган. Янги кўчатлар 2017 йилнинг декабрида табиий газ келгандан сўнг экилган.

— 410 нафар бола ва ўсмирлар таълим оладиган мактабимиз ҳам ўзгарди, — давом этади бошланғич синф ўқитувчиси. — Совуқ кунлари ўқувчилар парталарда пальто ва курткаларда, баъзан  аччимсиқ тутундан бўғилиб ўтиришар эди.

Тортилган газ тармоғи  қишлоқни бутунлай ўзгартириб юборди. Сариқда 280  хонадон бўлиб, уч мингдан зиёд киши яшайди. Одамлар эътибор ва ғамхўрликни ҳис қилишди.

— Нафақат Муборак, балки Миришкор ва Касби туманлари аҳолисига ҳам табиий газ етказиб бераяпмиз, — дейди Муборак нефть-газ қазиб олиш бошқармаси бош муҳандиси Бегимқул Султонов. — Тўхтатиб қўйилган ва яроқсиз, деб топилган қудуқларни тикладик.  Илгари фойдаланилган, лекин газ истеъмолчиларига яна ўн йиллар давомида хизмат қилиши мумкин бўлган кичик қувватли компрессор станциялари ўрнатилди, қувурлар ётқизилди. Ички захираларни топишга қаратилган бундай  чоралар бошқарманинг бошқа ишлаб чиқариш участкаларида ҳам олиб борилмоқда.

 

МАЪЛУМОТНОМА

Муборак нефть-газ компанияси 1972 йилда ташкил топган. Турлича номлар билан аталган, лекин у ҳамиша Ўзбекистондаги энг йирик корхоналардан бири ҳисобланади. Ишлаб чиқариш объектлари нафақат Қашқадарёда, балки Бухоро, Навоий ва Самарқанд вилоятларида ҳам жойлашган. 600 га яқин бурғилаш қурилмаларидан фойдаланган ҳолда 33 конда нефть ва газ қазиб олиниб, қайта ишланади. “Кўкдумалоқ”, “Зеварда”, “Алан”, “Памук”, “Жанубий Ўртабулоқ”, “Самонтепа”, “Денгизкўл” конларида компрессор станциялари фаолият кўрсатмоқда. Бошқарма Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи учун ҳам хомашё етказиб беради. Шунингдек, унинг таркибида механик ва электрокимёвий цехлар, хомашёнинг потенциал захираларини ўрганиш учун бурғиловчи ва геология-қидирув бригадаси, шунингдек, бошқа ихтисослаштирилган ва ёрдамчи корхона ҳамда ташкилотлар мавжуд. 3 200 га яқин киши меҳнат қилади.

Муборакнинг асосий диққатга сазовор жойларидан бири — бошқарма маъмурияти ҳудудида қурилган Завод тарихи ва меҳнат шуҳрати музейи ҳисобланади.

— Музейни барпо этиш  ғояси 2007 йилда, компаниянинг 35 йиллигини нишонлаш чоғида пайдо бўлди, — дейди бошқарма ходими Виктория Чеснокова. — Орадан бир неча йил ўтиб, икки қаватли бино қад ростлади. Музейнинг замонавий меъморий кўриниши ноёб экспонатларни сақлаш учун зарур бўладиган талабларга уйғун. Стендларни безашда,  ҳатто, тошкентлик таниқли рассом ва дизайнерлар ҳам иштирок этган.

Ўнлаб стендларда уч юздан ошиқ экспонатлар — аввалги йиллардаги  махсус кийимлар ва логотипларидан тортиб, 140 гектар майдонни эгаллаган бутун корхона модели, лабораториялар, бурғилаш миноралари, конлар, шунингдек, бизнинг “Машъал” профессионал футбол клубимизнинг медаль, кубок ҳамда турли хил рамзлари, заводимизнинг  спартакиадалар ва турнирларда қўлга киритган  совринларигача қўйилган. Асосийси ўринда эса,  заводнинг шонли тарихини яратишда турган инсонлар, Ўзбекистон нефть-газ саноати гиганти нуфузи ва имижини мустаҳкамлаганларнинг фотосуратлари.  Турли йилларда корхонага раҳбарлик қилган инсонларнинг ҳам портретлари  бу ердан жой олган.

Қарши ва Бухоро шаҳридаги  олий ўқув юртлари талабалари, шунингдек, кўплаб меҳмонлар, жумладан, хориждан ташриф буюрганлар ҳам корхона билан танишишни музейдан бошлашади.

 

...ВА ОИЛАВИЙ СУЛОЛАЛАР

Шу йил ташкил этилганига қирқ йил тўладиган Шўртан нефть-газ қазиб олиш корхонаси “Ҳисорнефтгаз”, “Epsilon Developmet” ва “Лукойл” компаниялари билан ҳамкорлик қилади. “Ўзбекнефтгаз” статистика маълумотларига кўра, шўртанликлар ўтган йили умумий жамғармага 26 фоиз қайта ишланган газ, 30,6 фоиз — нефть ва 25,5 фоиз — конденсат, 35,7 фоиз — пропан-бутан 0,6 фоиз — олтингугурт билан ҳисса қўшган.

...Ғузор яқинидаги бепоён Қарши даштидан газ кони топилгач, геолог­лар ҳайратга тушишди. Албатта, кон мавжудлиги башорат қилинган, аммо бунақа ҳажм­да эмасди.

— Юзадаги ҳарорат 120 даража(!)дан юқори, — дейди компанияда ўттиз йилдан ортиқ вақтдан буён ишлаб келган  “Шўртаннефтгаз” бошқармаси бош­лиғи Фахриддин Саидов. — Коннинг узунлиги — 18,5 километр, кенг­лиги —17, чуқурлиги — 476 метрни ташкил этади. Ноёб саноат қатламидаги газ захираси 635 миллиард куб метрга етади.

Бу кон  асосида углеводород хомаш­ёсини ўзлаштириш 1970 йилларнинг ўрталарида бошланган. 140 гектар майдондаги ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш заводи 1980 йилда ишга тушган. Газ “Шўртан”, “Жанубий Тандирча”, “Бўзахўр”, “Шарқий Бўзахўр”, “Чингар”, “Тарносой”, “Номозбой”, “Зафар”, “Ойдин”, “Топичоқсой”, “Ёрмоқ” конларидан олинади. Учта компрессор станцияси мажмуаси ишлайди. Замонавий газ турбиналари билан жиҳозланган ускуналар Россия, Украина ва АҚШнинг таниқли ишлаб чиқарувчилари томонидан етказиб берилган. 52 та цехда тўрт мингдан ортиқ мутахассис меҳнат қилмоқда.

— Бутун ишлаб чиқариш жараёни марказлаштирилган диспетчер хонасидан бошқарилади, — дейди бош муҳандис Сарвар Раҳимов. — Видеокузатув ўрнатилган, умуман, кўп жараёнлар автоматлаштирилган. Узлуксиз ишлаб чиқариш тизимига инсон омилининг таъсири кам, завод кеча-кундуз ишлайди.

“Шўртаннефтгаз”да ишнинг қийинлиги унинг “А” зонасида амалга оширилиши, яъни хавф тоифаси юқорилиги билан ҳам боғлиқдир. Шу боис бу ерда хавфсизлик чораларига қатъий риоя этилади. Мутахассислар учун нафақат самарали меҳнат, балки тўлақонли дам олиш ва ҳордиқ чиқариш учун ҳам барча шароитлар яратилган. Ишчилар қишлоғида вахтали меҳмонхона, поликлиника, дўкон, бир неча ошхоналар, цехлар жамоалари ўртасида беллашувлар ўтказиладиган трибунали стадион мавжуд. Ўз автопарки ва юздан зиёд автобус ва шахсий автомашиналар учун тураргоҳга эга. Инфратузилманинг ўз фермер хўжалиги (бир ярим минг бош қорамол боқилади), иссиқхонаси ва мевали боғи бор.  Завод ҳудудига йигирма мингга яқин дарахт ва кўчатлар ўтқазилди. Уларни суғориш эса қўлда яратилган сув омбори орқали амалга оширилади. Хуллас, бепоён дашт ўртасида гуллаган воҳа.

Шу боис ҳам корхонада кадрлар қўнимсизлиги, деган гап деярли йўқ. Боз устига бу ерда оилавий сулолалар ҳам меҳнат қилади. Биз журналистларга гидлик қилган бўлим бош­лиғи Фахриддин Саидовнинг ўғли Нодиржон ҳам метрология лабораториясида ишлар экан.

— Ким билсин, агар завод бўлмаганида тақдирим ҳам бошқача кечган бўлармиди, — дейди у. — Масалан, отамни олсак, ҳар куни ишга улкан иштиёқ билан отланади, кечқурун уйга мамнун қайтади. Уни билган одамлар бу — бахтнинг бир кўриниши, дейишади. Шўртандаги корхонада мутахассисликка эга бўлдим, давлат учун улкан ва зарур ишга дахлдор эканимни ҳис қиламан. Яқинда халқ депутатлари Ғузор тумани кенгашига депутат этиб сайландим. Сайловчилар ишончини оқлаш — катта масъулият юклайди. Одамларнинг ҳурматини қозонганимдан фахр туяман.

Бош энергетик бўлимида 1995 йилдан бери Дилдора Кенжаева ишлайди. У ҳам ота-онаси изидан кетган. Газ-электр пайвандчи касбини танлаган акаси Исроил ҳам шу ерда меҳнат қилади. Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти битирувчиси Олеся Кузовлева эса корхонада ўн олти йилдан бери меҳнат қилади. Ота-онаси корхонага тамал тоши  қўйилгандан бошлаб ишлаган. Акаси Алексей йигирма йилдан бери оператор. Робия Собирова нафақага чиққан, аммо фарзандлари Саодат, Шуҳрат ва Зулфиялар оилавий анъанани давом эттиришмоқда. Корхонанинг таниқли мутахассислари — Жавоҳир Одилов, Жасурбек Исомиддинов, Мансур Муртазоев, Мавлуда Қаршиева ва Шерзод Сайфуллаевнинг яқинлари ва фарзандлари ҳам ана шундай сулолалар сирасига киради... Ўз фаолиятини завод билан мустаҳкам боғлаган, мамлакат равнақига ҳисса қўшаётган, яқинлари ва дўстлари учун муносиб ҳаёт кечириш имконини яратаётганларнинг номларини яна кўп келтириш  мумкин.

 

МЕГАЛОЙИҲАНИНГ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ИНФРАТУЗИЛМАСИ

Бугунги кунда хорижий таҳлилчилар нефтгаз секторининг нафақат миқдорий кўрсаткичларини, балки ўз ресурсларига нисбатан миллий стратегиянинг қандай ўзгаришини ҳам кузатадилар. Шу боис 2030 йилгача бўлган давр мобайнида ушбу соҳани ривожлантириш концепцияси мутахассислар диққат марказида турибди. Ўзбекистонда бир қанча истиқболли ва устувор лойиҳаларни амалга ошириш, жумладан, Шўртан газ-кимё мажмуаси (ГКМ) ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириш ва синтетик суюқ ёқилғи (GTL) ишлаб чиқариш заводи қуришга алоҳида аҳамият берилмоқда.

Корхона газ ва конденсат қурилмаси, компрессор станциялари, газни кислотали компонентлардан тозалаш технология­лари, хомашёни қуритиш, этан, пропан, бутан ажратиб олиш, олтингугурт ва полиэтилен гранулалари ишлаб чиқариш, шунингдек, ёрдамчи иншоотлар, маҳсулот парклари ва сув, буғ ва электр таъминоти хизматларини ўз ичига олади. Этилен ва полиэтилен маҳсулотлари учун тўлақонли ишлаб чиқариш инфратузилмаси яратилади.

Замонавий ускуналар назорат-ўлчов аппаратларига эга ва технологик жараёнлар автоматлаштирилган. Маҳсулот сифатини назорат қилиш марказий лаборатория мутахассислари томонидан халқаро стандартларга мувофиқ амалга оширилади.

Корхонада ҳар йили 3,9 миллиард куб метр хом газ қайта ишланади, қарийб шунча — метан маҳсулоти, 125 минг тонна полиэтилен гранулалари, 100 минг тонна суюлтирилган газ, шунча миқдорда газ конденсати, 1,5 минг тонна гранулаланган олтингугурт, 750 минг квадрат метр алюмокомпозит панель, 4,5 минг тонна шланг ва уларни бириктирувчи қисмлар кўринишидаги босимли ва томчилатиб суғориш қувурлари ишлаб чиқарилади.

Рақамлар нафақат мутахассислар учун ҳайбатли. Шу билан бирга, барча якуний маҳсулотлар юқори қўшилган қийматга, озиқ-овқат маҳсулотларига алоқадор бўлган маиший жиҳозлардан фойдаланиш хавфсизлигини кафолатлайдиган экологик ва гигиеник сертификатларга эга. Сифат — муҳим таркибий қисм.

— Хориждаги шунга ўхшаш корхоналарнинг ривожланиш тарихини ўрганар эканмиз, уларнинг барчаси маълум тараққиёт босқичида маҳсулот ҳажми ва турларини кўпайтириш ҳамда таннархини пасайтириш мақсадида кенгайиш ва модернизация қилиш даврини ўтишганини таъкидлаш мумкин, — дейди “Шўртан газ-кимё мажмуаси” бош директори ўринбосари Фахриддин Қувватов.— Одатда, мазкур тадрижий босқич корхонанинг 10-15 йиллик фаолиятидан сўнг юзага чиқади ва кўпинча технологик ускуналарни капитал таъмирлаш даврига тўғри келади.

2020 йилнинг тўртинчи чорагида Шўртан ГКМда қўшимча қувватларни ишга тушириш режалаштирилган. Хусусан, полимер ишлаб чиқаришини диверсификация қилиш натижасида полиэтилен гранулалари тайёрлаш тўрт баробарга, яъни йилига 505 минг тоннагача ошади.

Улкан режаларни амалга ошириш учун муҳим ва реал шарт-шароитлар мавжуд. Президентимизнинг 2017 йил 11 майдаги  “Шўртан газ кимё мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириш” инвестицион лойиҳасини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Жанубий Корея ва Нидерландиянинг таниқли корхоналари, “ЎзЛИТИ инжиниринг” ҚКни батафсил лойиҳалаштиришга жалб этган бош пудратчи — “Enter Engineering” (Сингапур) компанияси билан шартнома имзоланди. 240 дона ускуна, жумладан, ностандартларини ҳам харид қилиш назарда тутилган. 350 нафарга яқин мутахассис ва қурувчи жалб қилиниб, 135 та техника сафарбар этилди. Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан тасдиқланган “Йўл харитаси”га мувофиқ амалга оширилмоқда.

Шўртан ГКМ ўз филиалларида янги қувватларни татбиқ этиш бўйича етарли тажрибага эга. Қаршитермопласт цехининг полиэтилен қувурлари ва боғловчи фитинглари, алюмокомпозит панеллар ва томчилатиб суғориш учун бутловчи қисмлар бозорда барқарор мавқега эга. Бу ерда 175 та иш ўрни яратилган. “Суперконцентрат ишлаб чиқаришни ташкил этиш” лойиҳаси амалга оширилди. 330 тонна талаб катта бўлган полимер концентратлари етказиб берилади. “Навоий” ЭИЗ ҳудудида корхонанинг иккита шўъба филиали фаолият кўрсатмоқда. У ерга ўрнатилган технологик ускуналар йилига 1 800 тоннадан зиёд полиэтилен ва 1 100 тонна полипропиленни қайта ишлаш имконини беради. Хоразм ва Қорақалпоғистонда “Янгиариқ пласт” ва “Нукус полимер” МЧЖлари фойдаланишга топширилди.

Шўртан ГКМнинг тозаланган метанидан келиб чиқиб, мажмуанинг ишлаб чиқариш инфратузилмасини ҳисобга олган ҳолда,  унинг яқинида синтетик суюқ ёқилғи (GTL) ишлаб чиқариш заводи қурилаётгани ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу дунёдаги энг йирик мажмуалардан бири бўлади. Бундай корхоналар фақат ЖАР, Малайзия ва Қатарда фаолият юритмоқда. UzGTL ҳайратли  технология бўйича қатъий экологик стандартларга жавоб берадиган, сифати ва зарарли аралашмаларсиз муқобили бўлмаган юқори тоза дизель ҳамда авиация ёқилғисини ишлаб чиқаради.

Қурилиш майдонининг ҳудуди 135 гектарга тенг. Мегакорхона қурилишига 3,5 минг нафар, жумладан, хорижий мамлакатлардан ҳам эксперт ва ишчи-ходим, 400 тага яқин махсус техника жалб этилган. Ўнлаб катта оғирликка эга устунлар, компрессорлар, турбиналар ва генераторлар кўкка бўй чўзмоқда. Энг қийин вазифалардан бири эса, Фишер-Тропш реакторларини йиғиш. Компонентлари ва қисмлари ўнлаб мамлакатлардан келтирилган. Бундай замонавий ускуналарнинг умумий оғирлиги саккиз минг тоннадан зиёдни ташкил этади. Жами оғирлиги 40 минг тоннадан ортиқ бўлган металл конструкциялар, 25 қаватли бино баландлигидаги қудратли кўтарма кранлар ҳам ўрнатилади. Том маънодаги улкан лойиҳанинг қиймати — 3,6 млрд. доллар.

 Мазкур заводнинг ишга туширилиши углеводород хомашёсини қайта ишлашнинг мутлақо янги босқичига ўтиш имконини беради. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, UzGTL нефть маҳсулотларининг йиллик импортини  1,5 миллион тоннага қисқартиради ва бутун республика ёқилғи-энергетика соҳаси шитоб билан олға силжийди.

 Жаҳон иқтисодиётига интеграциялашув масаласи ҳал этилмоқда. Бу ҳам Ўзбекистонда нефть-газ тармоғи ривожланишининг асосий йўналишларидан биридир. Кучли ишлаб чиқариш ва инвестиция салоҳиятига эга бўлингач, халқаро форумлар, конференциялар ва “В2В” форматидаги учрашувларда ҳамкорлар билан теппа-тенг мулоқотларга киришиш мумкин бўлади. Масалан, 20 йилдан ортиқ вақт мобайнида Тошкентда ўтказиб келинаётган ҳамда ўнлаб жаҳон компаниялари раҳбарлари учун музокаралар ва келишувлар платформасига айланган анъанавий “Ўзбекистон нефть ва гази — OGU” халқаро кўргазмасида.

Мамлакатимиз раҳбари кенг кўламли лойиҳа ташаббускори бўлди. Қурилиш майдонига ташрифи чоғида мазкур базада   мамлакатдаги биринчи газ-кимё кластерини яратишни таклиф қилди. Зеро, янги заводда нафақат дизель ва авиация ёқилғиси, балки нафта ( 431 минг тонна), суюлтирилган газ (50 минг тонна) ишлаб чиқарилади. Буларнинг бари Шўртан газ-кимё мажмуасида янада чуқур ишлов бериш ўзлаштирилади. Шундай қилиб, полимер маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми сезиларли ошади.

Қурилиш жорий йилда ўз якунига етади. Улкан муҳандислик ечимлари ва космик иншоотга қиёсланаётган қурилиш кўлами 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган ислоҳотлар доирасидаги реал эришилган ютуқлар сирасига кириши, шубҳасиз.

Темур НИЗАЕВ.

«Правда Востока»нинг махсус мухбири

Қарши — Ғузор — Муборак

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech