02 Апрель 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +8 °C

19 Мар  2020 823

Уй-жой сотиб олишда шартнома шарти қандай?

Халқимиз орзу-ҳавас билан яшайди: иморат қуради, фарзандларига тўй қилади, яқинларининг яхши-ёмон кунларида ёнида туради. Бутун умр “Ватан ичра кичик ватаним бўлсин, бола-чақамга яхши турмуш шароитини яратай”, деб интилади. Лекин не-не орзу-ниятда йиққан-терганини бериб, кредит ёки бўлиб тўлаш шарти билан уй олса-ю, унинг сифати қониқтирмаса, айтилган вақтида топширилмаса, дили хира бўлади.

Аҳолини уй-жой билан таъминлаш мақсадида хусусий секторга кенг йўл ва имкониятлар очилмоқда. Янги ипотека кредити тизими орқали энди аҳоли хусусий тадбиркорлар қурган уйларни бўлиб тўлаш, кредит ёки нақд пулга харид қилиши мумкин. Беш қўл баробар бўлмаганидек, хусусий тадбиркорлар орасида буюртмачининг талабларини бажармайдиган, ишончини суиистеъмол қиладиганлар ҳам йўқ эмас. Айрим ҳолларда ҳуқуқий маданиятининг юқори эмаслиги оқибатида фуқароларнинг ўзи шундай қонунбузарликка сабабчи бўлади.

Маълумотларга кўра, ўтган йил давомида Қурилиш вазирлигининг ҳудудларда жойлашган ташкилотларига ҳамда маҳаллий ҳокимликларга фуқаро (истеъмолчи)лардан янги қуриб топширилаётган кўп квартирали уй-жойлар бўйича бир қанча шикоят аризалари келиб тушган. Уларда қурилиш ва таъмирлаш ишлари тўлиқ амалга оширилмагани, шартнома шартлари тўлиқ бажарилмагани, коммуникация тармоқлари тортилмагани ёки уланмагани, кўп қаватли уйлар тўловидаги хатоликлар, қурилиш сифати ва бошқа масалалар ўрин олган.

Хўш, ҳуқуқлари бузилган истеъмолчи кимга, қайси ташкилотга мурожаат қилиши керак? Унинг манфаати қайси қонун ёки қарорлар орқали ҳимоя қилинади?

Бу саволларга Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, қурилиш ва транспорт соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларни ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи Ҳамдам Ганжаев қуйидагича жавоб берди:

— Президентимизнинг 2019 йил 11 сентябрдаги “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва институционал тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан, агентлигимизга истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилиши сабабларини аниқлаш, таҳлил қилиш, уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тайёрлаш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш вазифаси юклатилган.

Топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида ҳудудий бошқармаларимиз билан бирга кўп квартирали уйларни қуриш билан шуғулланувчи субъектлар билан ўзаро муносабатларда уй-жой сотиб олувчилар ҳуқуқларининг ҳимоя қилинганлик даражасини ўргандик. Жумладан, кўп квартирали уй-жой қурилиши билан шуғулланувчи 206 та субъект томонидан 2019 йили фуқаролар билан тузилган 13902 та шартнома таҳлил қилинди.

Тўқсон фоизида буюртмачи манфаати йўқ!

Таҳлил натижаларига кўра, кўп ҳолларда тадбиркорлар билан тузилган шартномаларда уй-жой сотиб олувчиларнинг ҳуқуқлари таъминланмагани (назарда тутилмагани) маълум бўлди. Аксарият шартномаларда қурилишни тугаллашнинг аниқ муддати, уйнинг сифатига кафолат умуман қайд этилмаган.

Энг қизиғи, хонадонларга ўрнатилган совуқ ва иссиқ сув, электр энергияси ҳамда табиий газ ҳажмини ҳисоблаш ускуналари белгиланган талабларга мос бўлиши, технологик ва муҳандислик қурилмаларига кафолат муддати, инвестор квартирани қабул қилиб олгандан сўнг кафолат муддатига қадар аниқланган камчиликларни бартараф этиши назарда тутилиши кераклигини кўпчилик билмайди.

Айрим тадбиркорлар жавобгарликни зиммасига олишни истамайди. Мижозига катта ваъдалар бериб, шартномани имзолатиб олади. Объектни вақтида топширолмаса, турли баҳоналар тўқиб, ўзини олиб қочиб юради. Пулни тўлаб қўйган буюртмачининг қурувчи гапларига ишониб, кутишдан бошқа иложи қолмайди. Ҳақ-ҳуқуқини талаб қилай деса, тадбиркор билан тузилган шартномада бундай банд умуман йўқ. Текширув жараёнида 122 та ҳолатда қурилишни тугаллаш муддати кечиктирилган тақдирда (форс-мажор ҳолатидан ташқари) жавобгарлик бўйича мажбуриятлар назарда тутилмагани маълум бўлди.

Истеъмолчи ҳуқуқларининг таъминланганлик даражаси таҳлил қилинганда, уйни қуришга рухсат бериш ва қурилиш билан боғлиқ ҳужжатлар билан танишиш, айрим ҳолларда квартирани қабул қилиб олгандан сўнг кафолат муддатига қадар аниқланган камчиликларни бартараф этишни талаб қилиш каби ҳуқуқлар шартномаларда келтирилмаган.

Юқоридаги каби шартномалар тузилишининг олдини олиш, уларда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида қонун ҳужжатларига зид шартлар (ҳолатлар) киритилишига йўл қўймаслик, шунингдек, кўп квартирали уйларни қуриш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатларда истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида қуйидагилар таклиф этилади.

Имтиёз ва афзалликлар

“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасига асосан, истеъмолчи товар (иш, хизмат), шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш, товар (иш, хизмат)ни эркин танлаш ва унинг тегишли даражада сифатли, хавфсиз бўлишини билиш ҳуқуқига эга.

Агар ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки учун хавфли нуқсони бўлган товар (иш, хизмат), шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи)нинг ғайриқонуний ҳаракати (ҳаракатсизлиги) туфайли моддий зиён етказилса, маънавий зарарнинг тўлиқ ҳажмда қопланишини, бузилган ҳуқуқлари ёки қонун билан муҳофаза этиладиган манфаатлари ҳимоя ­қилинишини сўраб судга ва бошқа ваколатли давлат органларига мурожаат эта олади.

Истеъмолчиларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтожлар тоифасига киритилган айрим гуруҳлари учун қонун ҳужжатлари билан савдо, маиший хизмат ва хизмат кўрсатишнинг бошқа турлари бўйича имтиёзлар ва афзалликлар белгиланиши мумкин.

Кафолат муддати белгиланиши шарт

Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шарт.

Шунингдек, қонуннинг 11-моддасида ишлаб чиқарувчи(ижрочи)нинг кафиллик мажбуриятлари белгиланган бўлиб, унга асосан, узоқ муддат фойдаланиладиган барча турдаги товарлар ва хизматларга ишлаб чиқарувчи (ижрочи) кафолат муддати белгилаши лозим. Кафолат муддати товар истеъмолчига сотилган ёки хизмат кўрсатилган кундан бошлаб ҳисобланади. Агар товар сотилган кунни аниқлашнинг имкони бўлмаса, бу муддат товар ишлаб чиқарилган кундан ­бошланади.

Ишлаб чиқарувчи (ижрочи) кафолат муддати мобайнида товар(хизмат)нинг, шу жумладан, бутловчи буюмларнинг нормал ишлашини (қўлланишини, улардан фойдаланилишини) таъминлаши лозимлигини ҳар бир истеъмолчи билиб қўйиши керак.

Намунавий шартнома ишлаб чиқилиши зарур

Аввало, томонларнинг мажбурият ва ҳуқуқларини қатъий белгилашни назарда тутувчи намунавий шартнома ишлаб чиқиш ҳамда уни кўп квартирали уйларни қуриш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан очиқ манбаларда (оферта шаклида) жойлаштириш тартибини жорий қилиш керак.

Қурилишга рухсат берилишида намунавий шаклдаги шартномада қайд этилган ҳуқуқ ва мажбуриятларни инобатга олган ҳолда шартнома тузилишини таъминлаш мажбуриятини назарда тутиш тўғрисида амалдаги қонунчиликка қўшимча ва ўзгартиришлар киритилса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Кўп квартирали уйни истеъмолчига топшириш вақтида эса уйнинг техник назоратдан ўтказилганини тасдиқловчи соҳага оид муайян малака сертификатига эга мутахассиснинг хулосасини тақдим этиш амалиёти жорий қилиниши аҳолининг ишончини орттиради.

“Янги Ўзбекистон” мухбири
 Соҳиба Муллаева ёзиб олди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech