29 Октябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +12,3 °C

Бизнес
3 Апр  2020 2084

“Уйда қол — фойда ол!”

ёш ишбилармонлар карантин пайтида ҳам ҳалол даромад топишга интиляпти

Тадбиркорлик ёш танламайди. Тўғри, бирор ишни бошлаш учун сармоя, маблағни тўғри йўналтириш учун билим ва тажриба керак. Аммо ундан ҳам муҳим омил бор. Бу — ишонч! У ҳаракатга ундайди. Ҳаракат эса бир куни натижа беради. Шу йил аввалида фаолияти йўлга қўйилган “NAVOI PLATINUM” МЧЖ фикримиз исботидир. Темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи мазкур корхона раҳбари Наврўзбек Очилов ўтган йили “Yoshlar – kelajagimiz” давлат дастури доирасида 1,5 миллиард сўм миқдорида кредит олиб иш бошлаганди. Ўшанда у 18 ёшда эди.

Давлат кафил бўлади

Президентимизнинг 2018 йил 27 июндаги “Yoshlar – kelajagimiz” давлат дастури тўғрисида”га фармонига биноан ташкил этилган жамғарма давлат дастуридаги тадбирларни амалга ошириш ва молиялаштириш билан чекланмай, ёшларнинг бизнес ташаббуси, стартап, ғоя ва лойиҳаларини рўёбга чиқариш учун тижорат банклари орқали йиллик 7 фоиз ставкали имтиёзли кредит ва мол-мулкни лизингга бериш, олинадиган кредитлар бўйича кредит ҳажмининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда кафиллик, амалга ошириладиган тадбиркорлик лойиҳаларида улар қийматининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда иштирок этиш, кейинчалик жамғарма улушини 5 йил давомида реализация қилиш каби вазифаларни ҳам бажаради.

— Давлат дастурига асосан, ўтган йили ёшларнинг 3 минг 655 та лойиҳаси учун 993,3 миллиард сўм кредит ажратилди, — дейди жамғарма ижрочи директори Хайрулла Сатторов. — Натижада ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳаларида республика бўйича ўн уч мингга яқин янги иш ўрни яратилди. Кредит олиб фаолиятини йўлга қўйган ёш тадбиркорлар салкам 700 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотни чет элга экспорт қилди. Бугунги кунга қадар давлат дастури доирасида ажратилган кредитлар ҳисобига фаолиятини йўлга қўйган тадбиркорлар давлат бюджетига 50 миллиард сўмдан зиёд солиқ тўлади.

Тадбиркорликка эътибор замирида аҳолини иш билан таъминлаш ва шу орқали камбағалликни камайтириш вазифаси ётади. Мазкур дастур асосида кредит олиб, фаолиятини кенгайтирган сирдарёлик Иброҳим Тўраев асосий эътиборини ишчи кучи салмоғи ва салоҳиятини оширишга қаратган.

— Тўқимачилик корхонамизни 2018 йили очганмиз. Ўшанда 30 нафар ишчимиз бор эди, — дейди Иброҳим Тўраев. — Ишчи кучини кўпайтириш орқали ишлаб чиқариш ҳажмини оширишни мақсад қилиб, кредит олиш ҳаракатини бошладим. Аммо аксарият банклар катта миқдорда кредит ажрата олмаслигини билдириб, мурожаатимни рад этди. Кейин давлат дастури тўғрисида эшитиб, ўз лойиҳамни тақдим этдим. Жамғарма кўмаги билан 1,4 миллиард сўм кредит олишга эришдик. Шу орқали ишчилар сонини 85 нафарга етказиб, экспортга мўлжалланган тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик.

Уйма-уй юриш қандай самара беради?

Халқимизнинг тадбиркорлик илдизлари Буюк ипак йўли ривожланган даврларга бориб тақалади. Узоқ тарихга эга бу фаолият бугун замонавий кўринишда жаҳон бозорида бўй-бастини кўрсатмоқда. Замонавий авлод генидаги ана шу қобилиятни юзага чиқариш ва ривожлантиришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Шуни ҳисобга олиб, давлат дастури асосида Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш комиссиялари тузилди.

Мазкур комиссия таркиби туман ва шаҳар ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари бошчилигида ҳамда ички ишлар бошқарма(бўлим)лари бошлиқларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг туман ва шаҳарлар кенгашлари раислари, шунингдек, Тадбиркорликка кўмаклашиш маркази бўлинмалари раҳбарларидан иборат.

Комиссия аъзолари ўз вазифаларини хонада ўтириб эмас, балки халқ орасида юриб бажаради. Уйма-уй кириб, мавжуд инфратузилмани инвентаризация қилади. Ёшлар шуғулланиш истагини билдирган меҳнат фаолияти турини таҳлил қилиб, намунавий бизнес режалар асосида реализация қилинадиган бизнес лойиҳаларнинг манзилли рўйхатини шакллантиради.

Аввало, “юришни ўргатиш” керак!

Ёш тадбиркор энди атак-чечак қилаётган гўдакка ўхшайди. Бола равон юриб кетиши учун эса унга доимий эътибор, ғамхўрлик керак. Ундан ҳам олдин болага қандай юришни, йиқилса ҳам ўрнидан туриб, йўлда давом этишни ўргатган маъқул. Жамғарма фаолиятининг яна бир йўналиши ёш тадбиркорларга “юришни ўргатиш”дир. Яъни ёшларни тадбиркорлик соҳасига ўқитиш ва замонавий билим ҳамда кўникмаларни шакллантириш бўйича ҳуқуқ, бухгалтерия, маркетинг, брендинг, банк, суғурта ва меҳнат қонунчилиги соҳаларида текин амалий кўмак, яъни консалтинг хизматлари кўрсатилади.

— Ишбилармонликка қизиқувчи ёшларнинг билим ва салоҳиятини ошириш, уларни жаҳон тажрибаси билан таништириш учун тажриба-синов тариқасида Жиззах вилоятининг Дўстлик, Шароф Рашидов ва Зомин туманларида “Ёш тадбиркорлар” технопарклари ташкил этилади, — дейди Хайрулла Сатторов. — Илмий-технологик ва инновацион тадбиркорликни ривожлантиришга йўналтирилган мазкур технопарклардаги сотув масканлари ёш тадбиркорларга қулай шартлар асосида ижарага берилади. Бундан ташқари, 5 йил мобайнида ушбу жойларни ўзида сақлаб қолишга кўмаклашилади. Стартаплар учун банклар ажратган кредитларга компенсация бериш амалиётини жорий этиш билан қарз ҳажмининг 50 фоизигача бўлган миқдорда кафиллик бериш имкониятини янада кенгайтириш ниятидамиз. Халқаро молиявий муассасалардан ёш тадбиркорлар лойиҳаларини молиялаштириш учун чет эл венчур жамғармалари тажрибаси асосида маблағлар жалб этиш чоралари кўрилиши эса ёш бизнес эгалари учун катта имкониятлар эшигини очади.

Карантиннинг таъсири қандай?

Дастур доирасида молиялаштирилган тадбиркорлик субъекти эгаларининг аксарияти ўттиз ёшгача бўлган ёшлардир. Улар бизнесга энди кириб келяпти. Шу боис, бу муаммоли вазиятда тажрибали тадбиркорларга қараганда улар кўпроқ ҳадиксираши табиий. Ҳукумат томонидан қарз тўлаш масалаларида қатор енгилликлар яратилганига қарамай, кўпчиликнинг ичига ғулғула тушган. Хўш, бу вазиятда жамғарма ёш ишбилармонларга қандай кўмак бермоқда?

— Мамлакатимизда коронавирус билан боғлиқ мураккаб вазиятда ҳам фаолиятимизни тўхтатганимиз йўқ. Жамғарма вакиллари томонидан ёш тадбиркорларга вазиятдан тўғри чиқиш ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилиб, улар иштирокида махсус лойиҳалар ишлаб чиқишга киришилган. “Уйда қол — фойда ол!” челленжи ана шулар жумласидандир. Унда давлат дастури асосида кредит олиб иш бошлаган тадбиркорлар соҳага қизиқувчан ёшлар учун маҳорат дарслари ўтиб беради. Шунингдек, уй шароитида даромад топиш йўллари борасида фикр ва тажрибалар ўртоқлашилади, — дейди Хайрулла Сатторов.

Жамғарма фақат кредит ажратишга боғлиқ масалалар билан чекланмаслиги, кўпроқ тадбиркорлар тарбияси билан шуғулланиши лозим. Чунки олинган қарзни масъулият билан сарфлаш, тўғри йўналтириш учун тадбиркорга билим ва тўғри маслакдош керак.

Соҳиба Муллаева,
“Янги Ўзбекистон” мухбири

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech