20 Ноябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +8,1 °C

Туризм
29 Апр  2019 5212

Туризм – ривожланишнинг янги тармоғи

Сўнгги икки йил ичида туризм соҳасида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Ўзбекистон хорижлик саёҳатчилар учун янада жозибадор бўлиб бормоқда. Бунинг барчаси давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайлидир.

«Правда Востока» таҳририятига бу борада кўплаб хатлар келиб тушмоқда. Таҳририятга йўлланган саволларнинг энг қизиқарлиларига Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари вазифасини бажарувчи Саидакбархон АКБАРОВ жавоб берди.

«Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини ошириш учун медиасоҳада қандай ишлар амалга оширилмоқда?»

Е. Попова. Бухоро ш.

- Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини очиш учун хорижий ОАВ ва компаниялари ташрифи ташкиллаштирилди. Уларга «Непутевые заметки» («Йўлда ёзилмаган қайдлар»), «Путевые советы» («Йўл тавсиялари»), «По секрету всему свету» («Ишониб атсанг, бутун оламга ёяди»), «Руссо-туристо» телекўрсатувлари, «РТОА Россия туроператорлари асоциацияси» ташкилоти, «Моя планета» (Россия), «Al Jazeera» (Қатар) телеканаллари, «Photography Life» (АҚШ) тасвирга олиш гуруҳларини мисол келтириш мумкин.

2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини ривожлантириш Концепциясига мувофиқ миллий брендни коммуникацион каналлардан фойдаланиб илгари суриш мақсадида йирик спорт тадбирларида мамлакатни туризм йўналишида тарғиб қилиш имкониятлари ўрганилди. Ана шу ишлар самараси ўлароқ, футбол бўйича тўртта Англия премьер лигаси ўйинлари чоғи бутун стадион периметри бўйлаб «Life is too short not to visit Uzbekistan» («Ўзбекистонга ташриф буюрмаслик учун ҳаёт жуда қисқа») рекламаси намойиш этилди. Ҳар бир матч томошабинлар аудиторияси 190 миллион зиёд бўлган 170 та давлатга узатилган. Барча каналларда жами 27 соату 32 дақиқа намойиш этилди.

«Визасиз сиёсат тармоққа қандай таъсир кўрсатди?»

Ф. Ибрагимова. Фарғона ш.

- 47 та мамлакатга қўшимча визасиз режим ўрнатилган (улар жами 65 та) ва фуқаролари электрон кириш виза олиши мумкин бўлган давлатлар рўйхати кенгайтирилди. Бундай либераллаштириш сайёҳлар оқимини ўртача 60 фоизга ўсишига олиб келди.

«Бугун Ўзбекистонда smart-туризм қандай ривожланяпти? Соҳада қандай дастурлар ва ишланмалардан фойдаланилмоқда?»

Р. Султонов. Нукус ш.

- Қўмита соҳага АТ-қарорларини татбиқ этиш йўналиши бўйича халқаро тажрибани ўрганмоқда. «Masjid-finder» мачитларни излаш бўйича иловалар ишлаб чиқилмоқда. Музейлар каталоги нашри ва экспонатларнинг 3D-моделлари тайёрланмоқда. Бу янгилик виртуал саёҳат қилишга ёрдам беради.

«Туризмнинг қайси тармоқлари айниқса, оммалашган? Хориждаги қариндошлар эътиборини нималарга қаратиш лозим

А. Ёқубова. Қарши ш.

- Ривожланаётган янги йўналишлардан бири қишлоқ туманларида табиий, маданий-тарихий ва бошқа ресурслардан фойдаланишга йўналтирилган агротуризмдир. У Фарғона, Наманган, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида ривожланган. Бунинг ғаройиблиги шундаки, хориждан ташриф буюрган меҳмонлар нафақат дам олишлари, балки боғларда олма териш, мева-сабзавотларни қадоқлаш, улардан шарбат олиш, томат ва вино маҳсулотлари олишдаги меҳнат жараёнида бевосита иштирок этишлари мумкин.

«Мамлакатимизда эко, гастрономик ва зиёрат туризми қандай ривожланаётгани ҳақида гапирсангиз?»

А. Низомов.  Тошкент ш.

- Экосайёҳлар учун Ўзбекистон йилдан-йилга жозибадор бўлиб бормоқда. Сурхондарё вилоятининг Бойсун тумани бу борада улкан салоҳиятга эга. У ерда, хусусан, маъжусий маъбудлар, табиатнинг мавсумий ҳодисаларига  бағишланган қадимий маросим ва расм-русумлар сақланиб қолган. Ҳудудда зардуштийлик ва сўфийлик йўналишлари бўйлаб саёҳатлар ташкил этиш режалаштирилмоқда. Қизиқарли объектлардан бири – петроглифлардир. Ўзбекистонда қояга ўйиб ёзиш ва чизиш санъати акс этган 150 яқин ёдгорликлар мавжуд.

Биз, ҳудудларда экологик туризмни янги инфратузилмалар яратиб эмас, балки очиқ меҳмон уйлари орқали ривожлантиришни ният қилганмиз. Уларни жиҳозлашда маҳаллий маданият ва тарихни ҳисобга олган ҳолда қулайлик яратиш борасида хорижий тажриба ўрганилмоқда. Этно-шоулар, фестиваллар, миллий спорт турлари бўйича мусобақалар ўтказилмоқда.

2019 йилда саккизта ҳудудда экотуризмни ривожлантириш, маҳаллий аҳоли ва сайёҳлар дам олиши учун сув ресурсларидан фаол фойдаланиш бошланди. Ўн олтита қўриқланадиган ҳудудда юридик ва жисмоний шахсларга ер майдонлари эллик йилга ижарага берилди.

2018 йилда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси кўмагида Ўзбекистон Ошпазлар уюшмаси қатор лойиҳалар бўйича иш бошлади.  Масалан, «Ўзбекистоннинг гастрономик туризми» - бу мамлакатнинг еттита ҳудудини, Тошкент шаҳри ва вилояти, Самарқанд, Қашқадарё, Бухоро, Хоразм ва Қорақалпоғистон Республикаси, қамраб олган етти кунлик пазандалик саёҳати бунга мисол. «Ўзбекистоннинг мазали таомлари» китоби нафақат ўқувчиларни миллий пазандалик билан, балки овқатлар тайёрлаш бўйича таомномалар билан ҳам таништиради. «Меҳмондўстлик мактаби» лойиҳаси гастрономик туризм соҳасида хизматлар кўрсатиш даражаси ва сифатини ошириш, умумий овқатланиш соҳасида унинг дунё стандартларига мос келишини таъминлашни назарда тутади.

Мазкур йўналишни жадал ривожлантириш учун биринчи пазандалик фестивалини ўтказиш жуда муҳимдир. Бунинг учун жаҳон даражасидаги уста пазандалар таклиф этилган.

Зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича «йўл харитаси» яратишга алоҳида эътибор қаратилган. Тошкент, Бухоро ва Самарқанд ошпазларига зиёратчилар учун ҳалол таомлар пишириш бўйича ўқитиш ташкил этилди.

2018 йилнинг февраль ойидан бошлаб Тошкент, Самарқанд ва Бухородаги мусулмонларнинг азиз жойларини зиёрат қилишлари учун Индонезия, Малайзия ва Туркия фуқароларига визасиз режим киритилди.  «Pilgrim visa» жорий этилди. У Ўзбекистонга зиёрат қилиш, маданий-тарихий ва диний-маънавий мерос ҳамда анъаналаримизни ўрганиш учун келганларга икки ойгача муддатга берилади.

Бундан ташқари, жорий йилнинг 20 мартидан Бирлашган Араб Амирликлари фуқаролари учун ҳам 30 кунлик визасиз режим жорий этилди. Эрон, ЖАР ва Гонконг сайёҳларига кириш визасини электрон расмийлаштиришга рухсат этилди.

Ходимларни тайёрлаш ва малакасини оширишга йўналтирилган «Зиёрат туризми гидлари клуби» барпо этилмоқда. «Сrescent-Rating» компанияси билан ҳамкорлик тўғрисидаги келишув имзоланиш босқичида. Ушбу ҳамкорлик тадбиркорлик субъектларига мусулмонча меҳмондўстлик рейтингини татбиқ этишга, шунингдек, ташкилотлар ходимлари ва гидлар учун семинар-тренинглар ўтказишга ёрдам беради.

Халқаро ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, инфратузилма ривожланишига тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш, Ўзбекистонни мусулмон маданияти марказларидан бири сифатида тан олиниши учун зиёрат туризми бўйича биринчи халқаро форум ташкил этилди. Мазкур тадбир Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (ISESCO) шафелигида ва БМТнинг Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (UNWTO) кўмагида ўтказилди. Унда 34 давлатдан 120 дан зиёд хоижлик меҳмонлар иштирок этди.

«Ўзбекистон ҳудудида сайёҳлар ўзини хавфсиз ҳис қилиши учун қандай чора-тадбирлар кўрилмоқда?»

Л. Мамаева. Андижон ш.

- Маълумки, 2018 йилда Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларида хавфсиз туризм бошқармаларига асос солинган. Ушбу тамойил Тошкент шаҳри ва Сурхондарё вилоятига ҳам татбиқ этилмоқда. «Gallup Global» рейтингига кўра, саёҳат учун хавфсиз давлатлар рўйхатида мамлкатимиз бешинчи ўринда.

«Сайёҳ шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини йўқотган, дейлик. Унга қандай ёрдам кўрсатилади

А. Абрамян. Самарқанд ш.

- Бундай сайёҳ консуллик муассасасига мурожаат қилиши лозим. Лавозимий шахснинг эса бузилган ҳуқуқларни тиклаб бериши шарт.

 «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилишини енгиллаштириш ва оммалаштириш учун пенсионерларга имтиёзлар киритиш режалаштириляптими?»

О. Муҳаммедов. Тошкент ш.

- Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 7 февралдаги «Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Дастур доирасида Ўзбекистон Республикаси фуқароларига туристик-экскурсия турлари учун тўловлар ўз маблағлари ҳисобидан, пенсионерлар ҳамда уруш ва меҳнат фахрийлари учун — ўз маблағлари, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармасининг маблағлари ва хайрия маблағлари ҳисобидан қопланади.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech