25 Апрель 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +13,7 °C

Урбанизация
29 Янв  2019 2747

Бир кўп қаватли уйнинг тўртта балкони қулаб тушди. Бунга ким айбдор?

Юқоридан ажралган улкан бетон, пўлат ва ғиштлардан иборат бўлак ерга гупиллаб урилди ва тушган ерида худди минадан қолгандек, икки метрлик чуқур ҳосил қилди. Аммо ҳозир бу ерда гап ҳарбий ҳаракатлар ҳақида эмас, балки Учтепа туманининг 23-кварталидаги 20-уйда содир бўлган бахтсиз ҳодиса тўғрисида кетмоқда.

Жорий йилнинг 17 январида соат 18:40 да иккинчидан бешинчи қаватгача бўлган тўртта осма балкон қулаб тушди. Хайриятки, қурбонлар бўлмаган. Ўша куни кечқурун Тошкент шаҳар ИИББ сайтида эълон қилинган янгилик яшин тезлигида интернет тармоғига тарқалди.

Ана шу ҳодисадан сўнг нималар ўзгаргани ва қандай ишлар қилингани ҳамда бундан зарар кўрган уй яшовчилари билан суҳбатлашиш учун ҳодиса жойига йўл олдик. Бу ерда эса аллақачон ҳодиса изларидан асар ҳам йўқ эди: бетон, пўлат ва ғиштлар уюми олиб кетилган, балконлар эшигининг ярмисигача ғишт терилиб, деразалар ўрнатилган.

Яшовчилар билан гаплашмоқчи бўлдик. Бирови эшигини очмади, бошқасининг гаплашгиси келмади. Ягона гаплашишга рози бўлган киши «домком» Убайдилла Ибрагимов бўлди. Ўша куни уйда экан, гумбурлаган овозни эшитиб қараса, қўшниларининг балконлари тушиб кетган экан. Кейинчалик маълум бўлишича, бахтсиз ҳодиса содир бўлишидан бир неча сония олдин тўртинчи қаватда бир аёл балконида экан... Яхшиям вақтида балконидан чиқиб кетгани, бўлмаса...

– Содир бўлган ҳодисага ким ёки нима сабаб бўлган?

– Очиғини айтай, уйни эксплуатация қишиш қоидаларини бузган яшовчиларнинг ўзи. Кичкина балконларга ғишт теришиб, уларни оғирлаштириб юборишган, – дейди маълумоти бўйича муҳандис, Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати мутахассиси Жуманиёз Шарипов. – Уларнинг ҳар бири 250 килограммдан кўп бўлмаган юкни кўтариш имкониятига эга бўлган ҳолда тўртта балкон тўрт тоннадан (!) зиёд турли қурилиш материалларини кўтариб турган. Яшовчиларнинг айримлари эса унга токчалар ўрнатган, бир хиллари маиший техника (музлатгич) ва бошқа воситаларини қўйиб қўйишган.

Яшовчилар тўрт квадрат метр майдонга эга балконда оғирлиги ўртача енгил автомобиль вазнига тенг оғирликка эга нарсаларни сақлашган.

Янада қўполроқ айтадиган бўлсак, тўртинчи қаватдагилар ўзлари ўтирган шохни кесишган. Балконни ўзгартириш чоғи конструкцияни тутиб турувчи металл арматуралар халақит бергани учун кесиб ташланган. Орада уч соат вақт ўтиб, ҳаммаси қулаб тушди. Бундан чиқди, чиндан ҳам, ҳодисага бунга совуққонлик билан қараган, оқибатини ўйламаган уйда яшовчиларнинг ўзи айбдор. Атрофга кўз югуртирамиз: қўшни уйдагилар ҳам буларидан қолишмас экан. Балконларга ғишт ва шлакоблок терилганидан улар оғирлашиб, қийшайиб кетган ва ана қулайман-мана қулайман, деб турибди.

Табиийки, бу вазиятни назорат қилиш кимнинг ваколатига кириши билан қизиқиб, Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати мутахассисларига мурожаат қилдик. Ва қуйидаги: «Бундай вазиятларга фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органлари ва ХУЖМШ қараши керак. Аммо уйда истиқомат қилувчиларга бунинг оқибатларини тушунтириш қийин кечмоқда, уй эгалари уларга ҳеч ким хўжайинчилик қила олмайди, деб ҳисоблашади. Бирон фожиа юз бермасин, деб ўзимиз ҳам бундай вазиятлар билан курашяпмиз. Яхшиямки мазкур ҳолатда ҳеч ким жабрланмади», деган жавобни олдик.

Турар жойларни ва уй атрофидаги ерларни сақлаш ва улардан фойдаланиш Қоидаларининг 28-пунктига мувофиқ, хусусан, уйлар, бинолар, иншоотларни ўзбошимчалик билан қайта қуриш, қайта режалаштириш, шунингдек, кўп қаватли уйлар, бинолар ва иншоотларга туташиб кетган ер участкаларида ўзбошимчалик билан иморат қуриш ёхуд уларнинг кўринишини фойдаланиш кўрсаткичларини ва биноларнинг зилзилага чидамлигини пасайтирувчи ҳамда бошқа шахсларнинг яшаши ёки фаолияти учун ноқулайлик яратувчи тарзда бошқача қилиб ўзгартиришга йўл қўйилмайди. Маъмурий жавобгарлик кодексининг 159-моддасига мувофиқ бу шундай ишларни содир этган фуқароларга энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Бунда муаммо шундаки, айрим уйда яшовчилар узоқни кўра олмайди. Бундан уларнинг қилган ишлари ҳам далолат. Негаки, соғлом фикрлайдиган киши шунча хавф ва тақиқларга қарамай, ёзги балконига ғишт териб ташламайди. Фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органлари ва ХУЖМШ вакиллари кўпроқ айнан, ана шундай яшовчилар билан бунинг фожиали оқибатлари, айниқса, бу ишга қўл урмоқчи бўлиб турган янги кўчиб келган яшовчилар ўртасида тушунтириш ишларини кўпроқ олиб бориши керак. Агарда бу хатти-ҳаракатлар самара бермаса, санкциялар қўллаш лозим.

Бу борада илк қадам ташланди: қўшни уйларда яшовчилар ХУЖМШдан маълум вақтга қадар турар жойни уйнинг архетектура лойиҳасига мос ҳолга келтиришлари лозимлиги келтирилган варақалар тарқатилди. Акс ҳолда уларга жавобгарликдан жиноий жавобгарликкача бўлган чора хавф солади.

Константин Башлаев.

Муаллиф сурати.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech