04 Декабрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +1,9 °C

Маданият
9 Апр  2020 1963

Соҳибқироннинг изидан обод шаҳарлар, гуллаган боғлар қолган

Соҳибқирон Амир Темур дунёга келганда у кўз очган олам ўзгача таҳлика ичида яшарди: мўғулларнинг бир асрдан ошган истибдоди давом этар, зулм, жабру ситам ҳаддидан ошганди. Бир пайтлар босқинчига қақшатқич зарбалар бериб, анча эсанкиратган “Турон йўлбарси” — Жалолиддин Мангубердининг шуҳрати ҳам йиллар ғубори остида хира тортиб қолганди. Бахтли тасодиф шундаки, Соҳибқирон ўша эркинлик ва озодлик руҳини қайтариш, устувор қилиш учун туғилганди.

Бу икки буюк зотнинг таржимаи ҳолида ажабтовур гармония(ҳамоҳанглик)лар бор. Аввало, улар бир ишни бошлаш ва охирига етказиш учун яратилган эканлар, демак, бири – устоз, иккинчиси – шогирд, яъни бири – ибтидо (тўлқиннинг бошланиши), иккинчиси – интиҳо (охири).

Бу мантиқий боғланиш бошқа унсурларда ҳам зоҳир бўлади: 1). Султон Жалолиддиннинг туғилиш санаси билан Амир  Темурнинг дунёга келиш вақти; 2). Синд дарёсидаги Нилоб кечуви бўйидаги Жалолиддиннинг Чингизхон билан сўнгги тўқнашуви ва Темурбекнинг мўғуллар хизматига сипоҳсолор сифатида келиши (бири кетяпти, иккинчиси келяпти); 3). Жалолиддинннинг вафоти ва Соҳибқироннинг тахтга чиқиши орасида 138-140 йил  оралиқ бор. Агар бу муддат ҳижрий ёки милодий ҳисоб билан ағдарилса, ўртача 139 сони пайдо бўлади. Бу рақамларда қандай маънолар  яширинганини математик мантиқ билан шуғулланувчилар тасниф қилиб беришар. Гапнинг индаллоси шуки, бу теварак оламда ҳеч нарса тасодиф эмас  ва ҳамма гап ташқи аломатлардаги ички мантиқни топа билишда. Агар шунга эришилса, сохта ҳақиқатларга ҳам ўрин қолмасди.

Ҳақиқатан, инсоният тарихида энг кенг кўламли фаолият соҳиби сифатида Соҳибқирон Амир Темур ҳаёти ҳамон турли қарашларга сабаб бўлиб келган, таассуфки, бу ҳол ҳамон тўхтагани йўқ. Битта одми ҳақиқат шуки, энди бу фаолият тарихнинг мулки, тарих хазинасидан эса фақат тараққиёт мақсадларида фойдаланиш маданият ҳисобланади. Ахир кашф қилинган велосипедни қайта кашф қилишдан кимга наф? Фақат ҳамма далилларга баҳо бераётганда бугунги кун кўзи билан эмас, ўша давр руҳидан келиб чиқиб, одилона тош қўйиш лозим. Ўлчов битта: ўша мерос бугунги кун учун қанчалик ­асқотяпти? Бугунги кун – маданийлашган, бироқ сирли давр ўтмишдаги фақат кучга асосланган, ярим ёввойи тартиблардан фарқ қилади. Қолаверса, ўтмиш ҳақиқатини тушуниш учун анча малака ҳам талаб қилинади. Биз учун ҳамон сирли бўлиб қолаётган боболар тажрибаси ана шу теран ҳақиқатларни бутун бўй-басти билан тасдиқлайди. Улардан хабардор бўлмай, кенг ва мунаввар оламга теран нигоҳ билан боқиш мумкин эмас, Тўғри, қудуқда узлуксиз сайраб, дунёни бор-йўғи шундай кўламда тасаввур қилиб, ўз вақтини чоғ қилиб юриш мумкиндир, аммо Соҳибқирон бобомизнинг 70 йиллик ҳаёти сабоқ сифатида ҳар лаҳзаси билан бебаҳо. Ҳар бир унсурида минг­лаб синоатлар яширинган.

 Масалан, тарихчи ёзади: “Соҳибқирон Ҳўмс қалъасидан мансур черики била Баъалбакка шаҳриға мутаважжиҳ бўлди” (Шарафиддин Али Яздий. “Зафарнома”, Муҳаммад Али Бухорий таржимаси. 1519 йил. “Шарқ”, 1997 й., 239-бет). 10 та сўз. Тўғриси, унда мужассамлашган маънони тўла тушуниб етиш учун 10 саҳифалик изоҳ ҳам камлик қилади. Бу воқеа ҳижрий 803 йил  рабиъ ул-аввал (1400 йил октябрь-ноябрь) ойида рўй беряпти. (“Зафарнома”да саналар мучал йилларию ҳафтанинг кунларигача аниқ кўрсатилган). Гап нима ҳақида кетаётганини тўлароқ тушуниш учун баъзи далилларни эслашга тўғри келади.

Мазкур воқеа Соҳибқироннинг етти йиллик юриши асносида рўй берган. Бу улкан муҳораба давомида, шоир сўзлари билан айтганда, “кенг Осиё забтга олиниб”, бугунги кунларда мавжуд йигирмадан зиёд давлат чегараларида Самарқанд лашкари ўша давр талаб қилган оламшумул вазифасини адо этиб юрганди. Амир Темур юришларининг моҳияти ҳақида турли-туман фикрлар изҳор қилинса-да, умумий манзара — муроса-ю мадора, тинчлик-омонлик бўлганини тан олиш лозим. Баалбек шаҳрига етмасдан олдин савдо карвонлари ва йўловчиларга таҳдид солиб турувчи ўнлаб қалъалар ишғол қилинади, улардаги қароқчи ва йўлтўсарлар даф этилади.

Минтақада Ҳалаб (Алеппо) шаҳрининг мавқеи баланд, у савдо йўллари кесишган нуқтада жойлашган бўлиши билан бирга, муҳим маданий марказлардан эди. Айни шу кунларда шаҳар босқинчилар томонидан эгалланган, Соҳибқироннинг эски қадрдони, ҳаж зиёратига йўл олган тарихчи олим Низомиддин Шомий ҳам уларнинг қўлида асир эди. 28 октябрь, пайшанба куни музаффар қўшин Ҳалаб остонасига етди ва уни икки кунда қўлга киритди. Тарих китобларида шаҳар озод қилингач, Соҳибқирон олимлар билан суҳбатлашишни ихтиёр қилгани ва турли масалаларда уларга мураккаб саволлар билан мурожаат этгани дарж этилган. Худди шундай Ҳама шаҳри ва Ҳўмс қалъаси ҳам фатҳ қилинди.

Баалбек шаҳри (юнонча  “Гелиополь”, арабчада “Баълабакка”) ҳозирги Ливан мамлакати ҳудудида жойлашган бўлиб, милоддан олдинги 180 йилда  асос солинган. Унинг асосчиси сифатида Нуҳ пайғамбар тилга олинади. Кейинчалик уни Рим империяси эгаллаб олган, унинг сўнгги колонияси ҳисобланади. Шаҳарда киши ақлини лол қолдирадиган маҳобатли тош устунлар ва супалардан иборат (ҳозирги мутахассислар уларнинг оғирлиги 600 тоннагача келишини ҳисоблаб чиқишган) кўплаб иморатлар мавжуд бўлган. Биноларнинг бунёд этилиши киши ақлини лол қолдиради. Уларнинг орасида энг машҳури қуёш худоси Юпитер ибодатхонаси бўлган. Ибодатхонада турли диний ва дунёвий амаллар адо этилган. Жумладан, магистрлар ишга киришишдан олдин ҳалол ишлаш, бурчга содиқ бўлишга онт ичиш маросимини шу жойда ўтказганлар (Юпитер ҳуқуқ-тартибот маъбуди ҳам ҳисобланган). Амир Темур кўплаб нодир тарихий ёдгорликлар, масалан, Намруд оташгоҳи, Исо пайғамбар ибодат қилган черков ва бошқалар сингари бу тош обидалар ҳовлисига ҳам қадам қўяди.

Соҳибқирон ана шу мўъжиза билан юзма-юз бўлади: “...ул шаҳарни кўруб таъажжубқа қолдилар. Анинг учунким, ул қалъа тамом тошдин эрди ва асру улуғ тошлардин йасаб эрдилар. Ва эл ичида андоқ машҳур турурким, ани Сулаймон пайғамбар йасаб турур (дерлар)”. Шаҳар тоққа яқин бўлган, қиш бошланаётгани ва совуқ тушаётгани муносабати билан у жойдан тез қайтилади. Лекин ҳаммаси шу эмас. Табиатан бунёдкор бўлган Соҳибқирон қадами теккан ерлардаги нодир нарсаларни Самарқандда барпо этишни ихтиёр этарди. Ҳатто шу юриш давомида бир бой кишининг меҳмонхонасига ташриф буюрилади. Бино Соҳибқиронга жуда маъқул келади ва мулозимларга унинг тарҳини чизиб олишни ва Самарқандда шундай иморат тиклашни буюради. Баалбек таасуротлари ҳам изсиз кетмайди.

Айни шу кезларда Самарқандда улкан бунёдкорлик ишлари олиб борилаётган, уларга маликалар Туман оқа ва Сароймулкхоним бош-қош эдилар. Баалбекдаги тош устунлар, супалар, фонтанлар, умуман, нодир меъморий ечимлар  тарҳи ҳам пойтахтга етказилади ва уларнинг  нусхасидан Бибихоним жоме масжидида фойдаланадилар. Бош малика номи билан аталувчи бу ибодатхона намозгоҳида 470 дона тош устун тикланганди. Шунингдек, масжиддан ҳозирги Регистон майдонигача йўлнинг икки тарафида савдо расталари бунёд этилгандики (уларнинг бир-бирига ўхшамаган гўзал ва бетакрорлиги ҳақида гувоҳлар ҳаяжон билан ёзишган), тим ва дўконларни безашда ҳам бу намуналар истифода этилгани шубҳасиз. Темурийлар салтанатининг шукуҳи асрлар оша дунё аҳлини лол қолдириб келади. Бу ноёб бойлик ана шундай йўллар билан зарралаб тўпланган ва боболаримиз заковати билан қайтадан жилоланиб, яна ҳам пурвиқор ва мафтункор тарзда воқе бўлганди.

Ҳа, улуғворлик ва буюкликнинг синоатлари кўп. Бундай етуклик, аввало, маънавиятда зоҳир бўлганди. Тарихчининг ҳаяжони беҳуда зуҳур бўлмаган: “Соҳибқирон давлатидин, бир кишиким бошиға тилла тўла табақни қўйиб, мамлакатни айланиб чиқса, бирав анга тегмас эрди”. Албатта, бу ҳолнинг шарҳи узоқ бўлиши мумкин, “Нега одамлар тегмас эди, зарурат йўқмиди ёки қўрқардими?” тарзида мулоҳаза қилинса, ўша давр жамиятининг қиё­фаси тўлароқ намоён бўлаверади. Соҳибқирон амал қиладиган ҳаётий эътиқодлари кўп бўлган, жумладан: “Қаерда қонун устувор бўлса, ўша ерда эркинлик бўлади” ёки “Душманингга жабр-зулм қилма” (“Танбеҳлар”,  тўпловчи  Б. Аҳмедов. 1996 й.). Афоризм даражасига кўтарилган бундай фикрлар ҳаётий тажрибанинг маҳсули экани шубҳасиз. Бу жиҳатдан “Темур тузуклари” ноёб китоб. Унда Ер юзини бир туғ остида бирлаштиришга эришган даҳо зотнинг инсоний қарашлари ифодаланган.

Соҳибқирон бобомизнинг ҳаётий ақидалари сифатида “Бир кунлик адолат юз кунлик тоат-ибодатдан афзал”, “Бирон кимсанинг ҳақи бўлса, ҳақини ҳеч қачон унутма”, “Уйқуда ётган фитнани уйғотиб қўйма”, “Адоват эмас, адолат керак”, “Давлат ишларининг тўққиз улушини кенгаш, тадбир ва машварат билан, қолган бир улушини қилич билан амалга ошир”, “Юз минг аскар қилолмаган ишни бир киши тўғри тадбир билан уддалаши мумкин” (“Танбеҳлар”дан) сингари дурдона фикрларни келтириш мумкинки, уларда “куч” қайси қутбда экани ўзига хос тарзда белгиланган, яъни ютуқни таъминлашга хизмат қиладиган куч зўравонликда эмас, балки ақл ва тафаккурда (руҳоний омилларда). Бинобарин, инсонга жисмоний қудрат эгалари ҳисобланмиш жонзотлар — ваҳший ҳайвонлардан фарқ қилиб, ўз ҳаракатини бошқариш учун ақл-тафаккур (онг) ато этилган. Мабодо вужуддаги бу нодир бойликдан тор мақсадларда, олайлик, ёнғин хавфини сезиш, оғриқни ҳис қилиш, дарёдан кўприк орқали ўтиш сингари кичик, маиший масалалардагина эмас, балки бош масалалар — мамлакатлар, минглаб одамлар тақдири ҳал бўладиган масалаларда ҳам қўлланса, кўплаб фожиаларнинг олди олинишини фахрли аждодимиз ўз ҳаётий тамойилларида илгари суряптилар ва шундай йўл тутишнинг ибратини ўз фаолиятлари  мисолида кўрсатяптилар.

Ана шундай изчил мантиқий ёндашув  “Куч — адолатда” тамойилининг майдонга келишини таъминлаган бўлса ажаб эмас. Дунёдаги жами ҳукмдорлар, давлат бошлиқларидан фарқли равишда Амир Темур ҳазратлари ўз фаолиятида моддий тиргакка эмас, балки руҳоний заминга таяниш қоидасини асослади ва уни муваффақиятли жорий этди. Бу ҳолнинг бир қанча сабаблари ва омиллари мавжуд. Уларни Соҳибқиронни улғайтирган муҳит, қуршаб турган маънавий олам ва, албатта, ўзининг дунёқарашидан излаш лозим. Ҳеч кимга сир эмас, Соҳибқирон аввал бошданоқ ҳаётий кредоси сифатида “Дилимнинг машриқидан кўтарилган илк тузугим Оллоҳ таолонинг динига ва Муҳаммад мустафо саллоллоҳу алайҳи васалламнинг шариатларига ривож бериш бўлди”, деб фаолиятининг бош мақсадини изҳор қилган эди. Ва унга беҳуда нуфузли диний алломалар жамоаси “Ислом оламининг саккизинчи ҳимоячиси” унвонини бермаганлар. Демак, бобомиз руҳоний тушунча сифатида “Адолат”нинг бутун бўй-бастини ислом дини арконлари ва Муҳаммад (с.а.в.) шариатларини дунёвий амалиётга жорий этиш, деб тушунган, яъни ислом кўрсатмалари ва пайғамбаримиз ибратларини ҳар бир фуқаронинг онгли ҳаётига олиб киришни бош мақсад қилиб қўйган. Адолат, Соҳибқирон наздида, соф исломий ақидалар ва пайғамбар ибратларини ҳаётга жорий этиш ҳисобланган.

Шак-шубҳасиз, бошқа фотиҳлар, йўлбошчилар бундай улуғ вазифани зиммаларига олмаган эдилар ва улар инсоният пайдо бўлгандан бери амал қилиб келинган “Адолат — кучда” тамойилидан юқори кўтарила олмадилар. Моҳият, барҳаётлик шундан иборатки, дунё ишларини муросаю мадора билан ҳал қилиш, ҳар қандай шароитда ақл-тафаккурга қулоқ тутиш! Дунё  бу таълимотнинг ниҳоятда тўғрилигини ўз тажрибасида икки ярим минг йил давомида исботлади. Дунёнинг аҳволи шу даражага келиб қолдики, айни ҳозир, мабодо куч ишлатиладиган бўлса, битта тугмачани босиш билан Ер куррасини кукунга айлантириб юбориш мумкин. Энди муаммоларнинг муаммоси сифатида ишлаб чиқаришни ривожлантириш, олға қараб тараққий этиш эмас, Ер шарини шу ҳолида сақлаб туриш кун тартибига бош масала сифатида қўйил­япти. Бу ҳолни неча юз йиллар олдин Соҳибқирон Амир Темур тафаккури тасдиқлаганди ва ундан қочиш усулини кашф этган эди, яъни кучга эмас, адолатга таяниш инсониятнинг аъмоли эканини кўрсатиб қўйган эди. Дунёки бу ҳақиқатни энди англаб етган экан, бу эътирофдан сўнг ҳатто инсоният ўша даврлардан юксалишда юқори кўтарила олмаган, балки боши айланиб, айланма йўлларда адашиб юрган, деган хулосага келиш бор гап. Амир Темурнинг даҳолиги шунда, ул зот эришган юксак мақом шу даражада.

ХIХ асрдаги буюк саркардалардан бири сифатида Наполеон Бонапарт тилга олинади. Французлар уни миллат характерининг қирраларини намоён қила олган зот сифатида қадрлайди ва у билан боғлиқ ҳамма нарсани миллий бойлик сифатида эъзозлайди. Сир эмас, Ер юзига сиғмаган миқти баҳодир Европа мамлакатларига бир неча марта юриш қилди, барибир, муваффақият қозона олмади. Аммо шаштидан тушмаган император ҳаммани бу издиҳомга сафарбар этди, оқибатда қурол кўтаришга ярайдиган эркаклар сони ҳам камайиб кетди. Шундан сўнг мўйлови энди сабза урган 15-16 ёшли ўсмирларни ҳам ҳарбий юришларига жалб этди, бироқ омад кулиб боқавермади. Шундай ҳолда миллатининг қирилиб кетишидан ваҳимага тушган бутун Европа аҳли гапни бир жойга қўйиб, бу офатни жиловлаш учун унга қарши халқ ҳаракати — “Миллионлар юриши”ни уюштирди, ҳамма жам бўлиб, Наполеонни жиловлади ва бир оролга бадарға қилди.

Бу — тарих, шундай ҳолга муқобил тарзда Амир Темур фаолиятидаги бир нуқтани ёдга олайлик. Соҳибқирон зиммасидаги вазифани уддалаш учун бир, икки, уч, беш, етти йиллик юришлар уюштирди. Бу эса салтанат ҳукмдори ҳарбий сафар билан шунча муддат пойтахтдан чиқиб кетди ва тақдирини номаълум тасодифларга, офатларга топширди, дегани. Бир ҳақиқат аёнки, ана шу юришларда на пойтахтда, на сафар асносида бирорта таҳликали-таҳдидли ҳолатлар рўй бермаган! Соҳибқирон ҳар сафар ўзи мўлжаллаган режаларни бекаму кўст амалга ошириб, зафар ва нусрат билан пойтахтга қайтган. Агар бу ҳолатга зид фикрларни илгари суриб, мулоҳаза юритиладиган бўлса, мабодо баъзи ғаламис олимлар таъкид­лаганидек, “унинг изидан култепалар қолган”да эди, агар жаҳаннамнинг ўқи бўлса ҳам халқлар бирлашиб, бу вайронкор кучни маҳв этарди. Воқелик эса аксинча бўлган: Соҳибқироннинг изидан обод шаҳарлар, гуллаган боғлар, обод эл-улус қолган. Қолаверса, адолатсизликдан эзилган раият уни халос­кори сифатида тан олган, ёрдам сўраган.

Амир Темур  қадами етган ўлкаларнинг ривожланишига йўл очди, одамларини рози қилди, ўзларидан раҳбарлар қўйиб, уларга ғамхўрлик кўрсатди, тарбиялаб, вояга етказди.

Кўҳна тарих ана шундай ҳақиқатларни ҳам бағрида сақлаб, сукут билан яшамоқда. Гапнинг сирасини айтганда, пинҳон қолаётган ҳақиқатлар бутун бўй-басти билан юзага чиққанида Ер юзининг қиёфаси ҳозиргидан бошқачароқ — ободроқ ва гўзалроқ бўлармиди?! 

Ўзбек тарихига муносабатнинг ўзгариши — бор гапни борлигича айтишга интилиш руҳи таҳлил ва тадқиқотлар учун бой манба беряпти. Пайдо бўлган рўшноликдан кейин бу меросни ўз эгаларидек меҳр билан тадқиқ қилишнинг дастлабки натижалари шундай бир ҳолни тасдиқлаяптики, темурийлар даври, умуман, Амир Темурнинг шахсияти ҳеч қандай бўрттириш ёки мадҳ этишга муҳтож эмас. Аксинча, тадқиқотлар теранлашган сари бу нодир хазинанинг ҳали кашф этилмаган қирралари, ҳатто илмий муомалада учрамайдиган ютуқлари очилаверар экан (масалан, Алишер Навоий мўъжизаси тобора юз очиб боряпти-ку!). Шунинг учун бу борада иккиланишга ўрин йўқ. Энди тўла ҳуқуқ билан айтиш мумкинки, хусусан, Амир Темур шахсига муносабатда уни кашф этиш эмас, балки олимнинг салоҳиятига баҳо бериш ўнғай бўлиб қоляпти, яъни Соҳибқирон Амир Темур бутун борлиғи, кўлами билан бўй кўрсатиб турибди, унга назар солган тадқиқотчининг аҳволи нечук? Бу воқеликка баҳо беришда янги гап айтишдан кўра тарихчининг кимлиги кўпроқ муҳим аҳамият касб этяпти, гўё донишманд устоз билан юзма-юз имтиҳон топширгандек, бу мавзуда сўз айтиш ҳам синовдан ўтиш мақомини оляпти.

Барибир ҳали асосий тадқиқотлар олдинда, биз ҳамон муҳташам саройнинг остонасида турибмиз.

Ҳаким Сатторий.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech