16 Сентябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +24,6 °C

Ташвишли хабар
6 Мар  2019 13840

Итлар жанги, ваҳшиёна эрмакларга қарши курашиш лозим

Ит инсоннинг дўсти, албатта. Аммо айримлар ана шу тўртоёқли дўстларимизни пул ишлаб топиш манбаи, деб ҳам тушунади. Гап жониворларни кўпайтириб, сотиш эмас, балки ит уриштириш ҳақида кетмоқда. Бир қарашда бу жоҳилона иш ўтмишда қолгандек. Лекин бугун ҳам ит жангларининг томошабини барибир топилмоқда.

 

Ўтган ҳафтанинг эсда қоларли ҳодисаларидан бири Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг жониворларга нисбатан шафқатсизларча муносабат учун жавобгарликни қатъий ошириш ва уларни уриштиришни тақиқлашга тайёрлиги бўлди, дейиш мумкин. Ушбу мавзу омма томонидан анчадан бери муҳокама қилинаётган ҳам эди. Интернет тармоқларида республикамизда, жумладан, пойтахтда, уюштирилаётган ана шу ёвузона эрмаклар ҳақида ҳам маълумотлар тарқалди. Ниҳоят, ҳаракатлар бошланди.

«ИИББ: аҳоли (Тошкент) билан мулоқот» Facebook-гуруҳида фойдаланувчи Карина Мирзаеванинг Сергели туманида ўтказилаётган итлар жанги ғазабини қўзғаётгани тўғрисида пост қолдирган. Қонун ҳимоячилари ана шу хабар асосида тезкор ҳаракатга тушди. Ҳодиса жойига Сергели тумани ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимлари ҳам етиб келишди. Тадбирни ташкиллаштирувчи эса буни «кўргазма», дея номлади. Бироқ тез орада ҳақиқат юзага чиқди. Маъмурий суд «Ўзбек бўрибосари» жамияти раҳбарини Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 2001-моддасида («Оммавий тадбирлар ўтказиш қоидаларини бузиш») назарда тутилган ҳолатда айбдор деб топди ва жаримага тортди.

Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун қандай ишларни амалга ошириш режалаштирилмоқда? Бундай хатти-ҳаракатлар нимаси билан хавфли?

Ана шу савол билан Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот мультимедиа марказига мурожааат қилдик. У ерда эса бизга:

- Ходимларимиз бундан воқеаларга ҳеч қачон лоқайд қарашмайди. Бундай фактларнинг олдини олиш ва аниқлаш тадбирлари қўлланилмоқда, - дея маълумот беришди.

Айни дамда маҳкама жониворлар жангларини тақиқлаш ва уларга шафқатсизларча муносабатда бўлганлик учун жавобгарликни қатъий ошириш бўйича таклифларни тайёрламоқда. Бунинг учун бошқа мамлакатлар тажрибаси ўрганиляпти. Хусусан, Россияда «Жониворларга муносабат борасида жавобгарликни ошириш ва Россия Федерациясининг баъзи қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги федерал қонуни имзоланган.  Ҳужжатнинг 11-моддасида «Жониворларни шафқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш»да жониворлар жангларини ташкил этиш ва ўтказиш тақиқланган. Қонун нафақат жониворларга шафқатсизларча муносабатда бўлишни, балки у билан боғлиқ ёзув ва видеоларни тарқатишни ҳам тақиқлайди. АҚШ қонунчилиги ҳам бундай томошоларни уюштирганларни қаттиқ жазолайди.  Буюк Британияда жониворларга шафқатсизларча муносабат кўрсатиш жиноий жавобгарликка тенглаштирилади ҳамда 51 ҳафтага ҳибсга олиниш ва 20 минг фунт жаримага тортилишга сабаб бўлади.

Миллий қонунчилигимизда, афсуски, ҳозирча жониворлар жангларини ўтказишни тўғридан-тўғри тақиқлайдиган модда йўқ. Буни тўхтатувчи ягона омил – Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 111-моддаси - Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлишдир. Унда ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш уларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, худди шунингдек ҳайвонларни қийнаш — энг кам иш ҳақининг 0,5-2 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши келтирилган. Кўриб турганингиздек, бу санкциялар ҳайвонларга нисбатан шафқатсизликка мойил кишиларни тўхтатиб қололмаяпти. Тошкент ИИББ бундай ҳолатларни аниқлаш ва олдини олишда давом этмоқда. Жониворлар  муаммоларига бефарқ бўлмаган барча фуқароларнинг мурожаати эътиборсиз қолмайди.

Сўз кўнгиллиларга

Карина Мирзаева, Тошкент ИИББга мурожаат муаллифи:

- Ўзим стажга эга зооҳимоячиман ва мамлакатимизда ўтказилаётган итлар жанги мени бунга бефарқ қолдирмайди. Бу томошаталаблар хоҳишига кўра итлар иштирокидаги қонли ва дов тикиладиган ўзига хос қимордир. Бунда итлар бир-бирига гижгижланади ва жониворлар кўпинча ҳаёти учун хавфли тарзда жароҳат ҳам олади. Энг ёмони, бундан томошаларда болаларнинг ҳам қатнашиши. Жониворларга етказган азоблари учун бундайлар қаттиқ жазоланиши керак. Истиқболда Ўзбекистонда ит гўштидан овқатлар тайёрланадиган нуқталар фаолиятини тўхтатиш устида ҳам ишлаймиз.

Владислава Заикина:

- Афсуски, итлар жангини фаол ташвиқот қилувчи турли Телеграм-гуруҳ ва каналлар ҳам анчагина. Уларда иштирокчи сифатида рўйхатдан ўтганларнинг аксарияти – болалар ва ўсмирлардир. Зооҳимоячиларнинг ҳисоблашича, бундай тадбирларни таг-туги билан йўқ қилиш лозим. Инсондан азият чеккан уйсиз жониворлар тақдирига бефарқ бўлмаган кўнгиллилар турли Телеграм-гуруҳлар очишмоқда ва уларни қутқариш, тиббий ёрдам кўрсатиш ва уларга эга топишга ҳаракат қилишмоқда. Аммо биз қанча ҳаракат қилмайлик, давлатнинг қўллаб-қувватлашисиз ҳеч нимага эриша олмаймиз!

Олдин жониворларни қийнайди, сўнг инсонларга зўравонлик қила бошлайди...

Итлар жанги – нафақат жониворлар учун жароҳат олиш ва азоб. Муаммо илдизи янада чуқурроқ кетган. Ота-онасидан кўнгилдагидек тарбия олмаган, итлару мушукларга шафқатсизларча муносабатни ўз кўзлари билан кўрган болалар қандай улғайиши ҳақида психолог Шаҳноза САБДАРОВА сўзлайди:

- Жониворлар ва инсонлар устидан зўравонликнинг умумий жиҳати бор: ҳар иккаласида ҳам оғриқларни ҳис этадиган, улкан стрессни бошдан кечирадиган, олинган жароҳатлардан ҳалок бўлиши мумкин бўлган тирик жонлар иштирок этади. Илмий тадқиқотларда жониворларга нисбатан шафқатсизларча муносабатда бўлиш, оиладаги тажовузкорлик ва жамиятдаги зўравонликнинг бошқа шакллари орасида ўзаро боғлиқлик борлиги аниқланган. Яъни агар ўғил ёки қиз болани болалигидан ит ва мушукларга зўравонлик қилиш (масалан, уларни итлар жангига олиб бориш) меъёридаги иш эканига кўниктириб борилса, тез орада улар таъсирчанликни йўқотадилар. Бу нима дегани? Яъни индивидуум маълум бир вазиятларда қанча кўп бўлса, бундай муҳитда шунча тез ўзини яхши ҳис қила бошлайди. Афсуски, жониворларни қийнаш ва уларга азоб беришни кўрган болалар бир кун келиб ўзлари зўравонга айланиши мумкин. Ота-оналар эса фарзандини яхшилик ва меҳрибонликка, қушлар, итлар, мушуклар ва бошқа жониворларга ғамхўрлик қилишга ўргатиши керак. Дарвоқе, жониворлар ҳам ўз навбатида болаларга хавотир ва тажовузкорликдан қутулишга ёрдам беради, бошқа инсонлар билан алоқалар ўрнатиш, очиқлик, бир-бирига нисбатан хайрхоҳ бўлишга «ўргатишади», руҳий ва ҳиссий зўриқишни йўқотишга ёрдам беради.

«Mehr va Oqibat» Жониворларни ҳимоя қилиш жамияти вакиллари бунга изоҳ сўраб мурожаат қилганимизда итлар жангини жониворларга нисбатан шафқатсизларча муносабат сифатида малакалаш керак, унинг ташкилотчилари ва ҳайвонларнинг эгаларини биринчи марта катта жаримага тортиш лозим, агар бу яна такрорланса, озодликдан маҳрум этиш жиноий жавобгарлигини қўллаш лозим, дея жавоб беришди. Айни дамда ННТ Тошкент Юридик университети билан биргаликда ҳайвонлар ва қушлар билан ўтказиладиган барча кўринишдаги жангларни тақиқлаш киритиладиган жониворлар билан инсонпарварларча муносабатда бўлиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тайёрлашмоқда.

Юлия Саримсоқова.

Эвелина Синотова

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech