21 Март 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +9,9 °C

Фикр
1 Янв  2019 2157

Илгари ишлаётган баъзи пенсионерлар давлатни алдашга мажбур бўларди. Сабаби...

Агар мамлакатимиздаги пенсионерларни уч қисмга бўлсак, қуйидагича манзара ҳосил бўлади: фаол ишлаётганлар, меҳнатга лаёқатсизлар, ва учинчиси, жамиятга фойда келтиришни истайди-ю лекин пенсиясининг ярмисини йўқотишни хоҳламайдиганлар. Аммо бу энди ўтмишда қолди.

Президентимизнинг 2018 йил 12 декабрдаги «Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими самарадорлигини ошириш ва пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони сабаб «мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ҳаётида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда уларнинг салоҳияти, тажрибаси ва билимини тўлақонли жалб қилиш учун» вазият ўзгарди. Январь ойидан барча пенсиясини тўлиқ ҳажмда олади.

Ҳа, пенсионерлар илгари ўзини таъминлаш ва оилага ёрдам бериш учун ишлашарди (ҳозир ҳам ишлашмоқда). Аммо олдин бу арзийдими-йўқми, деб бошлари қотарди. Ишга киргач, йўлкира ва тушлик каби харажатлар, оладиган маоши барча харажатларни қоплайдими-йўқми, бу оилага қўшимча даромад олиб келадими, ойликни вақтида беришармикан, деган саволлар пайдо бўларди. Негаки, нафақат ойликлар,  ҳатто, пенсияларни олиш ҳам уч ой ва ундан кўпга чўзилиб кетарди. Бироқ фармон вазиятни ўзгартиришга қаратилган. Тўловларни вақтида ва тўлиқ амалга оширишни таъминлаш масъулияти Бош вазир ўринбосари зиммасига юклатилди.

Ўн минглаб пенсионерларда ҳали ишлаш истаги бўлган ва бор. Уларнинг кўплари пенсияга чиқиб, севимли иши, ҳамкасблари билан алоқалардан маҳрум бўлишганди, очиғини айтганда, ўзларини жамиятга кераксиздай ҳис қилишарди. Шахсий хўжалиги билан шуғулланиш имконияти бўлса-ку яхши. Аммо бундай имконият бўлмаса-чи?

Уларнинг айримлари эрталаб невараларини боғча ёки мактабга кузатиб келарди ва кейин кун бўйи диванга ястанганча телевизор қаршисида ўтиришарди. Бу эса ҳар куни давом этади. Бирданига фаол турмуш тарзидан четга чиқиш жуда қийин. Инсоннинг мавжудлиги меҳнат билан, ишсиз қолса, кўп нарсадан: мулоқот, соғлик, молиявий, моддий ва маънавий фаровонликлардан маҳрум бўлишарди.

Президентимизнинг фармони эса ҳаммасини 180 даражага буриб юборди. Бугун ҳам ишлаб, ҳам пенсияни тўлиқ олиш мумкин. Илгари айрим пенсионерлар иш лавозимига яқини ёки қариндошини расмийлаштириб, давлатни алдашга мажбур бўларди.

Одатда бундай ишлар вахтёрлик, фаррошлик, қоровуллик, тозаловчи ходим, электрик, сантехник, почтачилик, гардеробчилик ва ҳоказолар бўларди. Тўғри, ойлиги унча катта бўлмаса-да, тўрт девор ичида ўтиришдан кўра маъқулроқ эди. Энди бундай схема ўз аҳамиятини йўқотди. Айрим жойларга ёшидан қатъий назар малакали, кўп йиллик иш стажига эга усталар керак. Ахир, айнан улар, келажагимиз давомчилари бўлган ёш авлодга ўз билим ва тажрибасини ўргатадилар.

Олға интилаётган давлатга моҳир қўллар, ақлли бошлар ва қайноқ қалблар керак. Мамлакатимиз раҳбарининг барча соҳаларда олиб бораётган ислоҳотлари, унинг ғайрат ва шижоати нафақат пенсионерлар учун, балки юртимизнинг қолган аҳли ва Ўзбекистонда фаолият олиб боришга таклиф этилаётган хорижлик ватандошларимиз учун ҳам кенг имкониятлар эшикларини очмоқда. Иш эса, ҳаммага етади.

Эркин Ибрагимов.
Меҳнат ветерани.

Правда Востока №1 (28964)

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech