29 Октябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +1,4 °C

Ҳукумат
24 Дек  2019 12571

Сўз — халқаро кузатувчиларга

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашларига сайловларида мамлакатимизда 50 га яқин мамлакат, ўнта ташкилотдан 820 дан ортиқ халқаро кузатувчи иштирок этди. Миссиялар вакиллари сиёсий ва ижтимоий аҳамиятга молик воқеа юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.

МДҲ кузатувчилар миссияси раҳбари, Ижроия қўмита раиси - МДҲ Ижроия котиби Сергей ЛЕБЕДЕВ:

- Миссиямиз 26 ноябрь куни бошланди. Аввало, ишни сайловга масъул тузилмалар - МСК, шунингдек, ИИВ, ТИВ, Бош прокуратура вакиллари билан учрашувлардан бошладик.

22 декабрга қадар вилоятларга ташриф буюрдик, муҳим ҳодисага тайёргарлик жараёни билан танишдик. Шунингдек, вакилларимиз ахборот кампаниясини, сайлов жараёнининг оммавий ахборот воситаларида ёритилишини кузатиб, бешта партия вакиллари билан учрашувлар ўтказди. МДҲ делегацияси таркибига МДҲнинг саккиз давлатидан 182 нафар вакил киритилган. Сайлов куни шахсан Жиззах ва Сирдарё вилоятларида, пойтахтимиздаги сайлов участкаларида бўлдим.

Кампания уюшқоқлик билан ўтди ва бунда «Янги Ўзбекистон - янги сайлов» шиори акс этди. Жорий йилда қабул қилинган Сайлов кодексида миссиямиз сайлов жараёнининг умумэътироф етилган халқаро нормаларига мос келадиган қоидаларини қайд этди. Кодекс нафақат назарияда, балки амалда ҳам Ўзбекистон фуқароларига ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиш ҳуқуқини тўла таъминлайди.

Бир ўрин учун бешта номзод тўғри келди ва бу ҳақиқий рақобат асослари яратилганини кўрсатади. Номзодларнинг таржимаи ҳолларини ўрганар эканмиз, айни пайтда Ўзбекистон халқи манфаатлари йўлида қилинаётган ислоҳотларни амалга оширишда мамлакат раҳбариятига ёрдам бера оладиган олий маълумотли, муайян тажрибага эга, муносиб инсонлар борлигини таъкидлаш жоиз.

Партияларнинг барча вакилларига оммавий ахборот воситаларида бепул чиқишлар қилиш, сайловчиларга фикр ва позиция, режаларини етказиш, тенг майдончалар ва эфир вақти тақдим этиш учун яхши имкониятлар яратилди.

Мутасадди ташкилотлар томонидан ўтказилган тренинглар ҳам ўз натижаларини берганини таъкидлаш жоиз. Сайлов участкаларига ташриф буюриб, сайлов комиссиялари таркибидаги кишиларнинг яхши тайёргарликка эгалиги ва ўз вазифаларини яхши билиши кўзга яққол ташланди.

Овоз бериш жараёни уюшқоқлик ва аниқлик билан ўтди. МДҲдаги сайловларга ўхшамайдиган ўзига хос анъанавий хусусиятларни қайд этмасдан бўлмайди - улар байрамга айланади. Сайловчилар кўп нарсани сайловга боғламоқдалар. Уларнинг кутганлари ва умидлари рўёбга чиқишини, мамлакат ва Ўзбекистон халқи манфаатлари йўлида муваффақиятли амалга ошишини хоҳлардик.

Камчиликлар ҳам кузатилди. Оилавий овоз беришга уринишлар бўлди. Участка сайлов комиссиялари аъзолари бундай уринишларни дарҳол пайқаб, тўхтатиб қолдилар.

Миссия аъзолари 2076 сайлов участкасига ташриф буюрди. Овоз бериш жараёнига келувчилар кўп бўлди ва у хотиржам муҳитда ўтди.  Бундай жойлар барча зарурий нарсалар билан таъминланган. Натижада сайлов мамлакат Конституцияси ва Сайлов кодексига мувофиқ ўтди, деб айтиш мумкин. Улар кўппартиявийлик, ошкора ва рақобат асосида ўтказилиб, умумэътироф этилган меъёрларга мос бўлди. Уларнинг очиқлиги ва ошкоралигини ҳам таъкидлаш жоиз. Ўзбекистон демократик принципларни ўрнатиш жараёнида олға бормоқда ва биз қўшнилар ва дўст сифатида бундан чин дилдан хурсандмиз.

 

ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси делегацияси раҳбари Кари ХЕНРИКСЕН:

- Мамлакат ўзгармоқда, буни сезмасликнинг иложи йўқ. Аммо ҳақиқий глобал ўзгаришлар бармоқни шақиллатган билан содир бўлиб қолмайди ва бу табиийдир. Улкан ишлар амалга оширилгани сезилади: сайловга тайёргарлик самарали ташкил этилган ва сайловчиларни хабардор қилиш бўйича самарали кампания олиб борилган. Бироқ шуни таъкидлаш керакки, сайловчиларда аниқ муқобиллар бўлмаса, кўплаб номзодлар илгари сурган дастурларнинг жуда ўхшашлиги конкрет шахсларга ўз репрезентантини аниқлашга имкон бермайди. Шу аснода партиялар ва шахслар ишини қайта кўриб чиқиш имкони мавжуд. Вазиятни ўзгартириш учун турли нуқтаи назарга эга, бошқаларнинг қарашларига зид бўлса ҳам, ўз фикрини эркин баён эта оладиган одамлар кўп бўлиши керак. Фақат шу йўл билан янги босқичга ўтиш ва келгусида уни ривожлантириш, муҳим муаммоларни ҳал этиш мумкин.

Сайловолди ташвиқотининг ўзи чекланганди ва медиамакон ташқарисида фаол баҳс-мунозаралар амалда деярли кузатилмади. Шунингдек, янги марказлашган сайловчи реестрининг жорий этилиши олдинга ташланган муҳим қадамни ифодалайди, бироқ унинг ҳаётда тўлиқ амалга оширилиши фақат яқин келажакда содир бўлади. Яна таъкидлайман, ана шу қисқа вақт ичида ҳал қилувчи ўзгаришларни талаб қилиб бўлмайди, тўғри, силжишлар сезиларли, аммо эришилган ютуқларда тўхтаб қолмаслик ҳам керак. Ўзгаришлар фуқароларнинг ўз норозиликларини ошкора билдиришлари учун кўпроқ имкониятлар яратди ва давлат маъмуриятининг танқидга бардошлилиги ошди. Лекин халқни янги вазиятга жалб этиш, уни хабардор қилиш, мавжуд тўсиқларни, фуқаролар орасида қотиб улгурган ишончни бартараф этиш лозим. Ана шундагина кишининг ўзи ҳеч нимадан умид қилмай, овоз бериш керак бўлгани учун ҳам буни амалга оширмай, шу каби тадбирларни зарур даражада амалга оширишни талаб қилади, ўз қарашларига мос келадиган номзодларни танлай бошлайди.

Ҳозиргача ислоҳотлар юқоридан пастга қараб олиб бориларди ва улар фуқаролик ташаббуслари имкониятлари билан тўлдирилиши лозим. Бундан ташқари, аёллар мамлакат ижтимоий ва сиёсий ҳаётида кам иштирок этмоқда эди. Аммо тизим аниқ ислоҳ қилинмоқда, кечагидек эмас: сайловларда аёл номзодларнинг кўплиги Ўзбекистонда рўй бераётган ўзгаришлардан далолат. Ҳукумат намойиш этаётган ислоҳотларга садоқат тез орада бутун жамият томонидан қабул қилинишига умид боғлаб қоламан.

«Правда Востока».

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech