02 Июнь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +35,8 °C

Транспорт
30 Мар  2020 654

Шартномада истеъмолчи ҳуқуқи кафолатланиши лозим

Бугун аҳоли орасида барча турдаги товарлар, ҳатто мобил телефонларни банк ёки хусусий ташкилотлар орқали кредитга олиш оммалашди. Айниқса, юртдошларимизда енгил ва юк автомашиналари харид қилишга талаб ортиб бораётган бугунги даврда автокредитларнинг жорий этилиши айни муддао бўлмоқда.

Аммо автомобилни кредитга олиш истагида банкларга бораётган айрим фуқаролар орасида кредит шартлари ёки тўлов нархлари тўғри келмаётгани боис,  машинани охирида сотиб олиш шарти билан ижарага берувчи жамият ёки ташкилотларга мурожаат қилаётганлар ҳам кўпчиликни ташкил этмоқда. Кўп ҳолларда уларда қўйиладиган шартларнинг бирмунча енгиллиги кишиларни ўзига оҳанрабодек тортади.

– Банкларда кейинчалик муаммолар юзага келмаслиги учун автокредит беришда истеъмолчидан даромадлари ва кредит тарихи тўғрисидаги маълумотлар, қатъий белгиланган бошланғич тўлов суммаси талаб қилинса, ижарага берувчи жамият ёки ташкилотларни бу нарсалар қизиқтирмаслиги, ижара шартномаси бўйича автомашинани харид қилиш учун зарур бўлган ҳужжатлар минимал пакети, одатда ҳайдовчилик гувоҳномаси ва фуқаролик паспортининг ўзи етарли бўлиши инсонларга маъқулроқ, – дейди Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги бошқарма бошлиғи Лочинбек Исабеков. – Яна бир жиҳати, банк кредитлари 3 йилдан 5 йилгача берилса, хусусий ташкилотларнинг ижара шартномаларида бу муддат истеъмолчининг хоҳишига қараб 3 йилдан 7 йилгача белгиланиши мумкин. Бундан ташқари, мазкур турдаги ижарада бошланғич тўловнинг мослашувчанлиги ҳам инсонларни ўзига жалб қилади ва автомобилни ижарага берувчи хўжалик субъектлари истеъмолчи кўзида қутқарувчига ўхшаб кўринади.

Истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилмоқда

Ижара шартлари енгиллигига маҳлиё бўлиб, автомобилни ижарага берувчи фирмалар билан ўз хоҳишига кўра шартнома тузаётганлар орасида кейинчалик алданиб қолаётган инсонлар ҳам йўқ эмас. Хусусан, Президентимизнинг 2019 йил 11 сентябрдаги “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва институционал тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузурида ташкил этилган Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига машинани ижарага берувчи хўжалик субъектлари билан тузилган шартномалар талаби бажарилмагани ва истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилгани бўйича фуқаролардан 20 дан ортиқ шикоят хати, норозилик мурожаати келиб тушган.

– Бизга келган мурожаатларни ўрганиб, таҳлил қилиш жараёнида автомобилни ижарага берувчи ва ижарага олувчи ўртасида тузилган икки томонлама шартномаларнинг аксариятида истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари қўпол тарзда бузилаётганига гувоҳ бўлдик, – дейди Лочинбек Исабеков. – Жумладан, шартномага кўра, ваъда қилинган машина ўз вақтида етказиб берилмагани ёки унинг ўрнига бошқа автомобиль берилгани, бундан норози бўлган фуқарога пули қайтарилмагани, қайтарилган тақдирда ҳам ҳеч қандай асоссиз муайян қисми ушлаб қолингани ҳолатлари кузатилган. Ҳатто ижара пулини бир неча бор кечиктириб тўлагани учун ижарага берувчи хўжалик субъекти томонидан истеъмолчи устидан судга ариза берилиб, машина суд орқали қайтариб олиниши бўйича огоҳлантириш хати юборилган ҳолатлар ҳам қайд этилган. Мақсад истеъмолчидан машинани тортиб олиб, шу кунгача тўланган пулини ҳам қайтариб бермаслик бўлган. Бу турдаги аксарият шартномаларда фақат бир томон – ижара берувчи хўжалик субъекти манфаатлари юқори туради. Хусусан, шартнома шартларида фуқародан пул маблағлари нима мақсадда тўлов сифатида қабул қилинаётгани, хўжалик юритувчи субъектнинг хизмат хақлари, автомобилни топшириш муддати аниқ ва тўғри кўрсатилмаган. Хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий хўжалик фаолияти барқарорлик даражаси пасайганда ёки банкротлик ҳолатлари вужудга келганида истеъмолчилар томонидан кўриладиган зарарларнинг қопланиши ҳам шартноманинг бирор бандида кафолатланмаган. Ҳатто айрим истеъмолчилар белгиланган тўловни амалга оширганидан сўнг қўлига шартнома ҳужжати берилмаган. Шунингдек, шартнома шартларида тўлов тўлиқ амалга оширилгач, автомашинани етказиб бериш муддати аниқ кўрсатилмаган. Истеъмолчи тўловларни кетма-кет икки ва ундан ортиқ марта ўз вақтида амалга оширмаса, хўжалик юритувчи субъект зарарни ундирган ҳолда автомашинани қайтариб олиши ҳамда тўланган тўловларни қайтариб бермаслик ҳуқуқига эга, деб кўрсатилгани фуқаролар ҳуқуқларининг тўғридан тўғри бузилаётганидан далолат.

Ҳуқуқий асоси қандай?

Хўш, автомобилни ижарага олиш ҳолатлари бузилганда фуқароларнинг ҳуқуқлари қай тарзда ҳимоя қилинади?

– Мазкур фаолиятни тартибга солиш бўйича қонунчиликда бўшлиқнинг мавжудлиги, яъни лизинг фаолияти ёки истеъмол кредити предметига мос бўлмаган ҳолда кафолатланмаган (таъминланмаган) молиявий хизматлар кўрсатилиши шу каби муаммоларнинг юзага келиши ва фуқароларнинг алданиб қолишига сабаб бўляпти – дейди Лочинбек Исабеков. – Автомобилни ижарага бериш лицензия талаб этилмайдиган фаолият тури бўлгани боис, уни ташкил этувчи шахслар давлат рўйхатидан ўтиб, иш олиб бораверади. Яъни уларнинг фаолияти бирор қонун асосида тартибга солинмаган. Аммо бу уларга истеъмолчилар ҳуқуқларини бузишга рухсат бермайди. Фуқаролар мазкур масалада агентликка мурожаат қилганидан сўнг биз аризанинг моҳиятидан келиб чиқиб, автомобиль ижарага берувчига сўров хати юборамиз. Улар хат асосида тушунтириш бергач, жараёнда ҳақиқатдан истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилган бўлса, уларни ўрнатилган тартибда тиклаш бўйича хўжалик юритувчи субъектга зарур кўрсатмалар берилади. Бу кўрсатмалар ўз вақтида бажарилмаса, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли бандларига биноан, улар жарима қўллаш бўйича огоҳлантирилади. Шунда ҳам масала ҳал этилмаса, судга фуқаронинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича даъво аризалари киритишимиз мумкин. Фирибгарлик, жиноят аломатлари бор деб ҳисобланган ҳолатларда ижарага берувчилар устидан тўпланган материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширилади. Айтиш керакки, бугунга қадар агентликда 10 га яқин истеъмолчининг мурожаатлари ижобий ҳал этилди.

— 2019 йил 4 июнда “UMID AVTO LIZING” МЧЖ билан “Аванс тўлови тўғрисида” шартнома имзоладим, — деди Термиз туманида истиқомат қилувчи Тўрамурод Холбоев. — Ташкилот билан 120 иш куни мобайнида “COBALT LT” русумли автотранспорт воситасини 60 ой муддатга йиллик 20 фоиз устама тўлаш шарти билан етказиб беришга келишдик. Шартнома талаби асосида 2019 йил 4 июнда жамиятнинг ҳисоб рақамига 38 469 354,01 сўм миқдорда пул туширдим. Аммо муддати анча ўтиб кетишига қарамай, улардан ҳеч қандай ёзма мурожаат ҳам, автотранспорт воситасини, ҳатто тўланган пулни ҳам ололмадим. Шу боис, мазкур масалада 2020 йил 24 январда Монополияга қарши курашиш қўмитасига, 2020 йил 5 февралда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига ариза билан мурожаат қилдим. Агентлик “UMID AVTO LIZING” МЧЖ билан тузилган шартномани ўргангач, ҳуқуқларимни ҳимоя қилди ва тўланган маблағни тўлиқ қайтариб олишимга амалий ёрдам берди.

— Аммо автомобиль ижарага берувчи барча пулларни тўплаб, чет давлатга қочиб кетиш ҳолатларида фуқаронинг ҳуқуқини таъминлаш ҳеч қандай қонун асосида кафолатланмаган, — давом этди Лочинбек Исабеков. — Шу боис, бугунги кунда агентлик томонидан кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижарага бериш фаолияти ўрганиб чиқилмоқда ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида тегишли ташкилотларга таклифлар тайёрланмоқда. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасига бу масалада истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритиш, хусусан, пул маблағларини Товар-хомашё биржаси клиринг палатаси орқали ўтказиш, шунингдек, Адлия вазирлигига ижарага берувчи ва истеъмолчи ўртасида тузиладиган шартноманинг намунавий шаклини ишлаб чиқиш бўйича таклифлар берилди. Мазкур чора-тадбирларнинг амалиётга татбиқ этилиши ижарага берувчилар билан ижарага олувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тенглаштириш билан бирга, истеъмолчилар ҳуқуқларининг қонуний кафолатланишига хизмат қилади. Аммо бу жараёнда фуқароларнинг ҳам қабул қилинаётган қонун ва меъёрий ҳужжатларни ўқиб-ўрганиши, уни ҳурмат қилиши ва амалда ундан  фойдалана билиши, хусусан, автомобиль ижараси бўйича тузиладиган шартномалар жараёнида ҳужжатларни имзолашдан олдин уларни ўрганиб чиқиш, келтирилган шартлар унга мос эканига ишонч ҳосил қилиш, зарур бўлса, ҳуқуқшунослар билан маслаҳатлашиш каби оддий ҳолатларга эътиборли бўлиши мақсадга мувофиқ. Ҳар бир фуқаро ўз ҳуқуқларини англаб етсаларгина, ўзаро тузиладиган шартномалар ҳар икки томон манфаатларига хизмат қилади.

Ирода Тошматова,
“Янги Ўзбекистон” мухбири

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech