19 Сентябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +22 °C

Суҳбат
9 Авг  2019 3245

Севара Назархон:«Ҳамма нарсада мусиқани эшита олиш керак»

 Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Севара Назархонни ҳеч бир муболағасиз юлдуз, деб аташ мумкин.

Севарани сайёрамиз аҳолиси 2003 йилда инглиз хонандаси, қўшиқлар муаллифи ва мусиқий продюсер Питер Гебриэль билан Европа, АҚШ ва Канаданинг элликта шаҳрида қўшма концертлардан берганидан сўнг таниди. Русийзабон томошабин унинг истеъдодига «Голос», «Точь-в-точь» телевизион лойиҳаларидаги иштирокидан сўнг юқори баҳо берди. Биз эса уни ҳамиша билганмиз, севиб тинглаганмиз. Мулоқотда жуда содда ва ёқимли, биринчи дақиқаларданоқ суҳбатимиз дўстона кечишини сездим. Севара Назархон билан эксклюзив суҳбатимиз - томошабин ҳаётида ижод ва хонанданинг ўрни, замонавий эстраданинг бугунги аҳволи ва бошқа кўплаб нарсалар ҳақида кечди.

- Сиз ижодий оилада ўсгансиз. Албатта, мусиқага бўлган муҳаббат болаликдан бўлса керак?

- Уйда ҳамиша мусиқа янграрди. Лекин мен уни сира ёқтирмасдим, қўрқардим ҳатто ва эшитганимда ҳам доим қочиб кетардим. Кўпинча ота-оналар боланинг мусиқа йўналишини танлашга қарши бўлишади. Бизда эса ҳаммаси тескари эди. Ота-онам тўртта фарзанди ҳам ана шундай таълим олишини истаган.

Охир-оқибат ёлғиз менгина қўшиқчи бўлдим, аммо ўзим тиш шифокори бўлишни орзу қилганман. Тўғри, бу орзуим биринчи марта қонни кўрганмидаёқ тариқдай сочилиб кетган. Ҳозирги қилаётган ишимга келсак, бу менга ҳамиша ўз-ўзидан касб бўла олмайдигандай, ўткинчи нарсадай туюлади.

Бу отамнинг Ботир Зокиров билан жуда кўп гастролларда бирга бўлганига, «Ялла» билан яқиндан ҳамкорлик қилганига, афсонавий жамоанинг биринчи таркибини жуда яхши билганига қарамасдан. Кейинчалик 40 йил радиоқўмитасида ишлади, у ерда 40 та ижодий ансамбллар билан фаолият олиб борган. Қаттиқ чарчардилар, кўп асабийлашарди, лекин бутун ҳаётини бағишлаган ишини жуда яхши кўрарди.

Онам мусиқа мактабида халқ чолғуларидан сабоқ берарди, кейин кўп йиллар давомида унинг директори бўлиб ишлади. Ота-онам ҳамиша мен билан ҳамфикр эди, доим қўллаб-қувватлашарди ва ҳар бир нарсада ёрдам беришган - баъзи ҳаётий вазиятлардан тортиб, ижоддаги биринчи қадамларимгача.

Натижада, етти ёшимда мусиқа мактабига кирдим. Ажойиб ва жуда истеъдодли ўқитувчимиз бўларди. Фортепианода иккита нотадан жуда чиройли оҳанг ярата оларди (Севара бармоқлари билан столни чертиб, ўша оҳанглардан бирини хиргойи қилиб берди – муаллиф изоҳи). Мен ва бошқа болалар бутун дарс давомида оғзимизни очиб ўтирардик. Устозим Нодира Кабуловани иккинчи онам, деб ҳисоблайман. У ҳамиша менинг овозимни керакли йўналишга созлар, уни ривожлантириб борарди. Бир вақтлар айнан, у операни тарк этишим кераклигини айтганди (дастлаб, академик вокал билан шуғулланганман). Бундай лаҳзалар қалбда чуқур из қолдиради.

- Ўз композицияларингиз қандай туғилади?

- Ўзим шеър ва қўшиқ учун сўзлар ёзмайман, лекин ҳамиша мусиқа яратишда, матнга таянаман. Балки у ёки бошқа қўшиғингиз шахсий кечинмаларингиз, омадсиз севгингиз таъсирида туғилгандир, деб мендан кўп сўрашади. Ҳеч-да! Мусиқа яратаётганимда, барча ҳис-туйғуларни унутаман. Мен учун бу кўпроқ мантиқий жараён. Шерали Жўраевнинг қўшиқлари илҳомлантиради, ижодини жамиятнинг гули, деб аташ мумкин, афсонавий «Пинк Флойд» гуруҳидан Роджер Уотерс композициялари менга жуда яқин. Бундай мусиқа инсониятни тинчлик учун курашишга чорлайди, ички инқилобга туртки бериши, қадриятларни қайта кўриб чиқишга ундаши мумкин.

Ҳозир замонавий опера яратиш устида ишлаяпман, мавзуси ҳозирча сир. Мен учун бу бутунлай бошқа даражага кўтарилиш имкониятидир. Умуман олганда, артистнинг ҳаёти давомида биттагина қўшиғи, актёрнининг эса биттагина роли жамоатчилик меҳрини қозониши ва тан олинишига сабаб бўлиши ҳам мумкин. Бу улкан муваффақият. Агар ундан ҳам кўпроғини ярата олса, бу жиддий ютуқ, дегани.

Буюртма асосида мусиқага сўзлар ёзадиган қўшиқчи-шоирларга ҳеч қачон мурожаат қилмайман. Менга шоирларнинг иши яқинроқ. Уларнинг асарларида – ҳаёт акс этади. Эҳтимол, композиция матни ва мусиқасини танлашга бундай жиддий ёндашув, саҳнага чиқишни ҳамиша масъулиятли иш, деб ҳисоблаганимдандир. Уни ҳеч қачон кўнгилочар иш, деб ҳисобламаганман. Табиатан омма олдида чиқишга мойил инсон эмасман, ёлғизликни хуш кўраман. Эҳтимол, шу боис ҳам ахборот оламига кириш, шунингдек, менга тингловчилар қалбига йўл топишимда қўлловчи Яратгандан сўраш биринчи даражалидир. Мен ўзим ва бошқалар учун очиқ бўладиган ҳолатим, фақат мусиқадагина. Уларнинг ҳар бири учун, биринчи навбатда, ўзим учун ҳам концерт - бу мен мухлисларга бор самимиятимни етказишга ҳаракат қиладиган дарс, деб ўйлайман. Худди тақдимоти йил бошида Тошкентда бўлиб ўтган янги альбомимдаги сингари. У «2019» деб аталади ва уни йўлга қиёслагим келади: ушбу қўшиқлар остида сиз йўлда аста-секин давом этишингиз ёки аксинча, катта тезликда ҳаракат қилишингиз мумкин.

Унда ажойиб муаллифлар - Эркин Воҳидов, Бобур Бобомуродов, Усмон Азим ижодлари жамланган. Тўғри, асарлари театр билан узвий боғлиқ бўлган Усмон Азим шеърига мусиқа ёзишга қарор қилганимни айтганимда у ҳайрон бўлди. Лекин композицияни эшитгач, ёққанини айтди.

- Қаерда чиқиш қилишни энг кўп ёқтирасиз?

- Бундай саволлар мени ҳамиша бироз хафа қилади. Мен ҳамма жойда қўшиқ айтишни яхши кўраман. Катта ва кичик саҳналар, кўча майдончалари тенг даражада яқин. Хонанда учун ҳар қандай чиқиш яхшигина мактаб. Мамлакатлар ҳақида гапирсак, италияликлар ҳамиша концертларимни қизғин ва оташин кутиб олади, японияликлар ҳис-туйғуларини намоён этишда худди болалар каби самимий, ўзимизнинг мухлисларимиз, халқимиз жуда самимий ва меҳмондўст бўлса-да, лекин ҳис-туйғуларни намоён этишда уятчанроқ, камтарроқ. Лекин бу руҳий ҳолатнинг турли кўринишлари, деб ўйлайман. Мавзулар ҳам худди мусиқа каби чексиз, мусиқа ўзгариб туради, лекин бу ҳамиша ўз тингловчисини топишига тўсқинлик қила олмайди. Бундан ташқари, ёш авлод янги йўналишларга кўпроқ мойил бўлади, ёши катталар эса ёшлигидаги қўшиқларини яхши кўради. Репертуаримга ҳамиша миллий композицияларни қўшишга ҳаракат қиламан. Томошабин ҳам шуни кутади. Мен учун ҳаётга мослашиш эмас, балки бошқаларнинг фикрини тинглаш муҳимроқ.

- Бугун оммабоп ва фолк-мусиқа ижрочиси сифатида кенг жамоатчиликка яхши танишсиз. Бироқ кўпчилик сизни ажойиб жаз қўшиқчиси сифатида эслайди. Сўнгги йилларда нима учундир концертларингизда импровизациялар жарангламай қўйди?

- Умуман олганда, ўзим - импровизация мухлисиман. Битта композицияни бутунлай бошқача ижро этишим ҳам мумкин. Лекин томошабин ҳали ҳам ўша композицияларни таниб олади, улар нафақат мен учун, балки тингловчиларга ҳам қадрли. Энг севимлиларидан бири - «Юр, муҳаббат». Ҳа, илгари жазга бутун борлиғим билан шўнғиб кетгандим. Элла Фицжеральд ва бошқа таниқли классиклар ижроларидан куйлардим. Лекин уларни профессионал даражада ижро этилган, деб ўйламайман, негаки, инглиз тилини билмасдим, ушбу жанрнинг барча буюк асарлари эса ана шу тилда янграйди. Икки йил давомида фақат жаз қўшиқларини ижро этдим. Бу кейинги ижодимда ҳам ўз изини қолдирган. Кўп нарса чуқур онгимда қолиб, мени қўшиқчи сифатида шакллантирди. Айтиш мумкинки, мазкур тажриба овозимни ривожлантиришга ва шахсий услубимни шакллантиришга ҳисса қўшган. Агар таққосласак, бунинг ўзим болалигимдан яхши кўрган ва ҳатто, мактабда дарвозабон бўлган футбол ўйини билан кўп умумий томонлари бор – майдонда барча спортчи битта қоида асосида ўйнайди, лекин ҳар бирининг ўз шахсий техникаси мавжуд.

- Замонавий миллий эстрада даражаси ҳақида нима дея оласиз?

- Ҳозир эстрадада баъзи бетартибликлар мавжуд. Бу ёқимсиз динамика эмас, балки табиий ҳолатдир. Бунинг асосий сабаби - таълим тизимининг етарли даражада эмаслиги, зеро, таълим жуда кўп нарсани ҳал қилади. Мен буни четдан туриб муҳокама қилаётганим йўқ. Аксинча, ёшлар ўртасида маърузалар қилишга, мусиқага муҳаббатни уйғотишга тайёрман. Агар ижодга тўғри ёндашувни топсангиз, у ўзгаришга тайёр бўлади, боз устига ижобий томонга. Олдиндан маълум бир ҳақиқат бор: ижодий омад - бу 1 фоиз истеъдод, 99 фоиз сабр-тоқат ва меҳнатсеварликдир, деган.

- Қўшиқчининг йўли бошқа ҳар қандай ижоддаги каби, осон эмас. Фарзандларингизнинг ҳам ортингиздан эргашишини истаган бўлармидингиз?

- Биз, бир вақтнинг ўзида бир неча касбларни эгаллаш мумкин бўлган универсал даврда яшаяпмиз ва бу жуда яхши. Агар фарзандларим ҳам ҳаётини ижод билан боғлашни исташса, уларнинг танловига ҳеч қачон тўсқинлик қилмайман. Ўғлимнинг ҳам, қизимнинг ҳам эшитиш қобилияти жуда яхши. Ҳар ҳолда, ижодкорликда профессионал спортдагидай жароҳат олиш хавфи йўқ.

Биласизми, чинакам қўшиқчи бўлиш учун яхши эшитиш қобилиятининг ўзи етарли эмас. Сиз ҳамма нарсада мусиқани эшита олишингиз керак - уйлар томи ва асфальтга тушаётган ёмғир томчиларининг патир-путурида ҳам, япроқларнинг шитирлашида ҳам. Бундай уйғунлашув жуда муҳим. Ва саҳнада ёниш керак. Томошабинлар саҳнада ижро этаётганимда ёнишимни билишади. Мен учун бу ўзига хос ёниб куйлаш, улар учун - ўзларини ташвишлантирган саволларга жавоб топиш, кайфиятини кўтариш ва эҳтимол, бирор ниманидир чуқур англаб, тушуниб олиш имкониятидир. Агар шундай алоқа юзага келса демак, меҳнатингиз зое кетмабди.

Оксана Кадишева

суҳбатлашди.

«Правда Востока».

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech