04 Июнь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +26,7 °C

Фикр
29 Апр  2020 953

Қалбида ишончи бор халқ қудратлидир

Аллоҳга шукрки, коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият борган сари ижобий томонга ўзгариб, халқимиз муборак Рамазон ойини шукроналик ва яхши кунлар умиди билан ўтказяпти. Лекин бу бизнинг бир дақиқа ҳам огоҳликни йўқотишимизга, эътиборсизлик қилишимизга асос бўла олмайди.

Бугунги ташвишли дамлардабошимиздан ўтказган қийин замонларни эслашимизга эҳтиёж туғилади. Халқимиз эса бундай ташвишли кунларга кўп дуч келган. Лекин ҳамиша уларни мардонавор енгиб ўтган. Биргина мисол. Ўтган асрнинг ўттизинчи йиллари охирида жуда катта қатлиомларни бошимиздан ўтказганмиз. Энг сара, энг маърифатли юртдошларимиз туҳматлар билан йўқ қилинган. Лекин шундай қийин дамларда ҳам қўлни қўлга бериб, мисли кўрилмаган мардликлар кўрсатиб Фарғона каналини қазиган ва минг йиллар давомида қақраб ётган ерларни боғу чаманзорга айлантирган халқмиз биз.

Албатта, кимдир у замонлар билан бугунги кунларни солиштириб бўлмайди, дейиши мумкин. Лекин бу нотўғри гап. Аслида замонлар, мафкуралар ўзгаради, аммо халқ қалбидаги бунёдкорликка интилиш, меҳр-мурувват, бағрикенглик, саховат, яхшилик қилиш туйғулари ҳеч қачон йўқолмайди. Бундай туйғулар авлоддан авлодга ўтиб яшаяпти ва яшайверади.

Юртимизда сўнгги уч йилда амалга оширилган бунёдколик ишларни одамлар қалбидаги обод ва озод ватанни янада гўзал, унда яшаётган халқни янада фаровон қилишга интилиш натижаси, десак муболаға бўлмайди.

ҚорақалпоғистонРеспубликасида, катта экологик муаммога дуч келган Орол денгизи ҳудудида юзага келган вазиятга бугун алоҳида этибор қаратилмоқда. Хароба ҳолига келиб қолган Мўйноқ шаҳрини бугун кўрганлар бугун ҳайратда:

— Бу биз кечагина кўрган, тузли бўронлар қучоғида қолган шаҳар эмас-ку!

Оролдан узоқда яшаганларга бу дард унчалик сезилмаслиги мумкин, аммо денгиз бўйида туғилиб, шу ерда вояга етганлар денгизсиз қолиш қандай йўқотиш эканини юрак-юракларидан ҳис этишди. Мўйноқда яшаётган кексалар ҳамон Оролни тушларида кўриб чиқишади.

Балки бир кун мўъжиза рўй бериб, денгиз қайтар, тирилар, армонлар ушалар. Аммо бугун Орол бўйларига, Мўйноққа янги ҳаёт, янги кайфият кириб келаётгани, меҳр-эътибор қайтгани ҳақиқат. Мўйноқнинг қиёфаси, салоҳияти бутунлай ўзгариб бораётгани бор гап.

Шаҳарда амалга оширилаётган ишлар нафақат мўйноқликларни, узоқ-узоқдан келган меҳмонларни ҳам ҳайратга солмоқда. Ҳайратланмай бўладими, жуда қисқа муддатда 245 ўринли маданият уйи, 1000 ўринли стадион ва 800 ўринли афмитеатр, юзлаб замонавий турар жойлар бунёд этилди. Овулларда ҳам янги тиббиёт масканлари, мактабгача таълим муассасалари, йўллар қурилмоқда, ичимлик сув, газ қувурлари тортиб келинмоқда.

Қуриган Орол денгизи тубида тўқайзорлар яратиш бўйича қилинган ишлар, туман марказидаги янгиланишлар ва ишга туширилган корхоналар ҳақида кўп ва хўб гаплар айтилган, айтилади. Аммо экологик муаммога дуч келган ҳудудни обод масканга айлантириш учун бутун бир давлат катта маблағ ва ресурсларни жалб қилиши ҳақидаги гапларни эшитсак-да, илгари кўрмаган эдик. Бугун бу ҳақиқатга айланди. Яна қуриган денгиз тубида юз минглаб гектар ерларга саксовул, қандим, қорабароқ ва шунга ўхшаш ўсимликлар уруғини экиш бундан аввал жаҳон тажрибасида учрамагани ҳақиқат.

Минглаб чақирим йўл юриб, Орол денгизининг қуриган тубига борганимда, фақат қорақалпоғистонликларгина эмас, балки бепоён ватанимизнинг барча ҳудудларидан келган ташаббускор ёшлар ва уларнинг чеҳрасидаги иштиёқ ҳамда интилишни кўрганимда халқ қалбидаги энг эзгу туйғулар, меҳр-муҳаббат, бунёдкорлик ҳали барҳаёт эканига, ҳеч қачон ўлмаслигига амин бўлдим. Яна бир нарсани англадимки, халқимиз қалбида келажакка бўлган ишонч жуда катта. У дарёларни ўзанидан чиқариб, тоғларни жойидан кўчиришга қодир! Қалбида ишонч бор халқ эса қудратлидир.

“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини ташкиллаштириш ташаббуси халқимиз дуч келаётган қийинчиликларни енгиш йўлида одамларни жипслаштиришга, бир ёқадан бош чиқариб, бир тан, бир жон бўлиб ҳаракат қилишга чақириқдир.

Қорақалпоқларда “тўйда кўришайлик”, деган яхши гап бор. Халқимиз тўй қилиш учун манглай терини тўкиб меҳнат қилади, орзуларга интилади. Қийинликларни мардонавор енгиб, тўй куни кўришишнинг эса гашти бошқача. Ҳар биримизга тўйларда кўришиш насиб этсин!

Кенгесбой Каримов,
Қорақалпоғистон Ёзувчиларуюшмаси раиси,
Қорақалпоғистон халқ шоири

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech