25 Июнь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +25,7 °C

Хавфсизлик
22 Дек  2018 13640

Прокуратурада ўзгаришлар кўп, тизим такомиллашмоқда

Сўнгги икки йил прокуратура органларида ўзгаришлар даври бўлди. Маҳкама иши тўлиқ қайта кўриб чиқилди. Бундан соҳа ходимлари иштирокида ўтказилаётган тадбирларнинг кўплиги ҳам далолат беради. Янги талаблар пайдо бўлди, бироқ қонун устуворлигини, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни, жамият ва давлат манфаатлари, ҳуқуқбузарликларни олдини олишни таъминлаш ўзгармасдан қолди. Йил ҳам якунланмоқда. Хўш, режалаштирилган барча ишлар уддаландими? Шу ва бошқа кўпгина масалалар ҳақида Бош прокуратуранинг Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи, адлия кичик маслаҳатчиси Сурайё Раҳмонова сўзлаб берди.

- Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан прокуратура органлари тизими тобора такомиллашмоқда ва янгича маъно билан бойимоқда. Бироқ асосий тамойиллар, ҳамжиҳатлик, марказлаштириш, қонунийлик, мустақиллик ва очиқлик ўзгаргани йўқ.

Топшириқлар ижросини таъминлаш жараёнида қонунларга амал қилиниши, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, мансабдор шахсларнинг ноқонуний қарорларига протестлар бериш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари манфаатини кўзлаб, шунингдек, жамият ва давлатга етказилган зарарни қоплаш борасида судларга даъво аризаларини киритиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Давлат органлари билан ҳамкорликда ҳудудларни комплекс ривожлантириш вазифаларини бажариш мақсадида аҳоли, аввало, ёшлар ва бизнесменлар билан мунтазам учрашувлар ўтказиляпти.  Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, тадбиркорлик, маориф, соғлиқни сақлаш, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш соҳасидаги муаммолар ҳал этилмоқда. Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратиляпти.

- Сурайё Маҳмудовна, сўнгги пайтларда қандай бўлинмалар ва хизматлар барпо этилди?

- Уларнинг энг биринчиси Президентмизнинг 2017 йил 29 майдаги «Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан Бош прокуратура ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 14 ноябрдаги «Прокуратура органларининг ахборот-таҳлил фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан Бош прокуратура ҳузурида Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази ташкил этилди. Маҳкаманинг расмий веб-сайтининг янги версияси очилди. У қулай интерфейс, зарурий функцияларни кенг қамраб олиш хусусиятига эга. Унда ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва жиноятчиликка қарши кураш бўйича давлат хизмати фаолиятини кунлик ёритишга бағишланган «Тезкор хабарлар» колонкаси ҳам мавжуд. Интерактив хизматлар бўлими озодликдан маҳрум этиш муддатларини, етказилган зарар суммасини ва алиментлар тўловини ҳисоблайдиган ускуна-дастурлар билан тўлдирилган.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 17 апрелдаги «Қишлоқ ва сув хўжалиги давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони доирасида Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси ташкил этилди. Инспекция тармоқнинг ҳолати, қонунчилик ва норматив ҳужжатлар талабларининг бажарилишини мониторинг қилади.

Амалга оширилаётган ўзгаришлар, ижтимоий-иқтисодий ривожланишга янгича ёндашув ҳамда қонун устуворлигини ва қонунчиликнинг мустаҳкамлигини таъминлаш бўйича вазифалар келгусида прокуратура органлари кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш зарурлигини шарт қилиб қўйди. Президентимизнинг 2018 йил 8 майдаги «Прокуратура органлари кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Олий ўқув курслари Академияга айлантирилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 15 февралдаги «Прокуратура органларининг қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлашдаги фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ турли бошқармаларнинг пайдо бўлиши муҳим қадам бўлди. Бундан ташқари, ўтаётган йилда бошқа муҳим ўзгаришлар ҳам содир бўлди. Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига айлантирилди. Жиноий-ҳуқуқий статистика бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри прокуратураларида Жиноий-ҳуқуқий статистика бўлимлари, шунингдек, академияда Жиноятларнинг содир этилиши сабабларини тизимли таҳлил қилиш ва ўрганиш маркази пайдо бўлди.

- Кадрларни тайёрлаш қандай кечмоқда?

- Прокуратура органлари кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва улар малакасини оширишнинг ягона тизими билан академия шуғулланяпти. Уларнинг билим ва кўникмаларини такомиллаштириш, шу билан бирга, тизимли таҳлил ва танқидий фикрлаш, шахсий ва ишчанлик сифатлари, юқори адолатпарварлик ҳамда масъулият ҳиссини шакллантириш ва мустаҳкамлаши таъминланмоқда.

Олий ўқув юрти амалий характерга эга ва прокуратура органларининг профессионал фаолияти билан яқин ўзаро алоқада магистр мутахассисларни тайёрламоқда

2019-2020 ўқув йилидан бошлаб академия, хусусан, ихтисослиги бўлмаган олий маълумотли ва меҳнат стажи беш йилдан кам бўлмаган прокуратура органлари ходимлари сафидан ҳам магистрлар тайёрлай бошлайди.

- Давлатимиз раҳбари: «Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак»лигини таъкидлаганди. Прокуратура органлариларининг аҳоли билан ишлаши қандай амалга ошириляпти?

- Маҳкаманинг устувор вазифаларидан бири – жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қонунда ўрнатилган тартибда кўриб чиқиб, ватандошларимизнинг муаммоларига амалда ечим топишдан иборатдир. Кўпгина масалаларни жойида ҳал этиш имконини берадиган фуқароларни шахсан қабул қилиш, турли қонунбузилишларга тезкор ҳаракат кўрсатишлар амалга оширилмоқда. 2018 йилнинг 11 ойи давомида прокуратура органларига 433 минг 404 та мурожаат келиб тушган ва шундан 264 минг 348 таси (60,9 фоизи) қаноатлантирилган. Прокурорлар томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида 34 минг 971 фуқаронинг ҳуқуқлари тикланди. Бунда кўчма қабулларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Худди шундай йўл билан 45 минг 484 жисмоний ва юридик шахслар қабул қилинган, 293 нарфар шахс видеоконференцалоқа орқали мурожаат қилган.

Давлатимиз раҳбари ҳудудларга қилган ташрифи чоғида вилоят, шаҳар ва туманларда ижтимоий-иқтисодий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар билан танишади, уларни янада ривожлантириш бўйича тавсия ва топшириқлар беради. Президентимиз қурилиш ишлари, йирик лойиҳалар билан яқиндан танишиш ва халқ билан мулоқот қилиш учун 29-30 ноябрь кунлари Хоразм вилоятига ташриф буюрди.

Хоразм вилояти халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида мамлакатимиз раҳбари иқтисодиётни юксалтириш, аҳолининг ижтимоий шароитларини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўзлади, шу билан бирга, ўтган давр ичида яратилган янги иш ўринларининг етарли эмаслигига ва вилоятдаги мавжуд ишсизликка ҳам тўхталди. Президентимиз иқтисодиёт тармоқларини кенгайтириш, янги саноат корхоналари барпо этиш ва мавжуд қишлоқ хўжалиги, туризм ва тадбиркорликни ривожлантиришни кенгайтириш ҳисобига бандликни таъминлаш даражасини ошириш бўйича топшириқлар берди.

Ана шу топшириқлар ижроси юзасидан шоли етиштириш, мева-сабзавот ва балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш, ер ва сувдан оқилона фойдаланишни таъминлаш учун Хоразм вилоятида қишлоқ хўжалигида қонунчиликка амал қилинишини назорат қилувчи ихтисослашган прокуратура ташкил этилди.

- Прокуратура қайси масалалар ва йўналишлар бўйича хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлик қилмоқда?

- Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси қонунчилик ва халқаро шартномаларга мос равишда прокурор назорати, жиноятчилик билан кураш ва бошқа масалалар бўйича ҳамкорликларни амалга оширмоқда. Ўзаро ҳамкорликдаги ҳаракатлар йўналишларига хорижий мамлакат ҳудудидаги Ўзбекистон фуқароларининг, хорижий фуқароларнинг юртимиздаги ҳуқуқ ва эркинлиги масалалари, жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, жиноий жавобгарликка тортиш ва ҳукмни ижро этиш учун шахсларни экстрадикция қилиш, жиноий иш қўзғаш учун ишлар ва материалларни йўналтириш, шунингдек, жазога ҳукм этилганларни жазони ўташда давом этиши учун ва руҳий хасталикдан азият чекувчи шахсларни мажбурий даволашга ўтказишлар борасидаги ҳамкорликлар киради.

Ўзаро алоқалар самарадорлигини ошириш ва тажрибалар алмашиш учун хорижий давлатларнинг бош прокуратуралари, молиявий разведка бўлинмалари ва бошқа ваколатли органлари билан 25 та маҳкамалараро келишувлар имзоланган ва ҳамкорлик дастурлари амалга оширилмоқда. Унинг фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш Ҳалқаро ҳуқуқий бошқармаси Бош прокуратураси ва унинг ҳудудий прокуратуралардаги бўлинмалари зиммасига юклатилган.

Маҳкаманинг кўп томонлама форматда ШҲТга аъзо давлатлар йиғилишида, МДҲ мамлакатлари бош прокурорларининг Мувофиқлаштирувчи кенгашида иштирок этишини, Халқаро прокурорлар ассоциацияси, Халқаро антикоррупция органлари, Пулларни ювишга қарши молиявий кураш чораларини ишлаб чиқувчи гуруҳ, жиноий даромадларни легаллаштириш ва молиявий террризмга қарши курашувчи Евроосиё гуруҳи, Молиявий разведка бўлинмалари халқаро ташкилоти («Эгмонд»гуруҳи) ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда ҳаракат қилишини таъкидлаш жоиз. Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ), БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (БМТ НЖБ), БМТнинг болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ), БМТнинг Тараққиёт дастури (БМТ ТД), Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ), Умумжаҳон банки ва бошқалар билан қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Эвелина Синотова
суҳбатлашди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech