24 Июнь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +34,5 °C

Ташвишли хабар
13 Мар  2019 16623

Чойимиздан бир пиёла ичиб кетинг, лекин сифатига кафолат йўқ!..

Наманган вилояти Косонсой тумани «Чорбоғ» маҳалласи аҳли туман ҳокимлигига навбатдаги арзномани олиб келишди. Бунинг исботи сифатида маҳалла яқинидаги ариқдан сув ўрнига оқаётган аллақандай тушунарсиз суюқликни ҳам топширишди.

 

Туманнинг иқлими ва табиати ажойиб бўлса-да, ичимлик суви таъминоти муаммоси кўндаланг туради. Бу ерда вилоятнинг кўплаб соғломлаштириш масканлари жойлашган, Косонсой тоғ дарёси тўлиб оқади. Масалан, номи юқорида тилга олинган маҳалланинг Тонг юлдузи кўчасида истиқомат қилувчи аҳоли мана, бир неча йилдирки, овқат пишириш, кир чайиш ва бошқа хўжалик заруратлари учун сувни шу ердан оқиб ўтувчи ариқдан олади. Бу сув ичишга ярайдими, санитар-гигиеник меъёрларга тўғри келадими-йўқми ўйлаб ҳам кўришмайди негаки, ўзга илож ҳам йўқ-да!

– Маҳалламиз аҳли орасида ошқозон-ичак касалликларига чалинганлар фоизи юқори. Сабаби тозаланмаган, дезинфекция қилинмаган сувдан истеъмол қилишади. Боз устига ариқнинг юқорисидаги аҳоли пунктларида санитария меъёрларига риоя қилинишига умид ҳам йўқ. Илгари одамлар сув тозалигига алоҳида эътибор қаратардилар, бугун дарёга чиқинди ёки ўлган жониворлар танасини ташлашлари мумкин. Ёз ойларида касалликлар кўпайиб кетади, бу ерда юқумли касалликлар шифохонаси очса ҳам бўлади аслида, – дейди ҳамшира Д.Каримова. – Ариқни тозалаш чоғида эса унда лойқа сув оқади. Уни эса бир неча кун тиндириб қўйиб, кейин истеъмол қилиш лозим.

Маҳаллани сув қувурлари тармоғидан 2012 йилда узиб қўйишган. Бироқ туман ҳокимияти ва «Сувоқова» корхонаси негадир аҳолига улкан қарздорликни ёзиб қўйган.

– Бир неча йилдан бери ичимлик суви йўқ бўлишига қарамай, унинг учун тўловни амалга ошириб келяпмиз. «Сувоқова» назоратчилари, Мажбурий ижро бюроси ходимлари остонамизда туриб олиб, таг-туги билан йўқ сув учун тўловни амалга оширишимизни, йўқса, мол-мулкимизни хатлаш билан қўрқитишади, – дейди оқсоқоллардан бири Анваржон Дадаев. – Туман ҳокимиятига кўп бор мурожаат қилдик, натижа бўлмади. Ҳа, у ерда ҳурматимизни жойига қўйиб кутиб олишади, тинглашади, масалани ҳал қилишга ваъда беришади. Аммо орадан бир неча кун ўтиб, яна кимдир эшик-дарвозамизни гумбурлатиб қоқа бошлайди...

Фуқаролар ҳам вазиятга қўлидан келганча мослашишган: ҳар бир уйда захира сув сақлайдиган канистр, баклар ва бошқа идишлар мавжуд. Бир неча юз литр суюқликни сиғдира оладиган металл идишлар икки-уч миллионга тушади. Уни тўлдириш учун челаклаб қанча сув ташиш кераклигини эса ўйлаб ҳам кўргинг келмайди. Ҳар бир оила кунига ўртача 200 литр сув истеъмол қилади. Айримлари сувни мотоцикл ва машиналарида ташийди. Аёлларимиз ҳам сарвқомат – бу ҳар куни сув ташийверишнинг натижаси.

– Жуда кўп марта туман ҳокимига томорқамизни қандай суғоришни билмаётганимиздан шикоят қилганмиз ва бу борада ёрдам беришини сўраганмиз, – дейди Каромат опа. – Ушбу масалани зудликда ҳал қилиш кераклигини тушуниши учун бир пиёла чойга ҳам таклиф қилганмиз.

«Ўрикзор», «Қорасув», «Олмазор» ва бошқа маҳаллаларда ҳам аҳвол шу. Қизиғи, туман раҳбарияти ва сув таъминоти корхонаси раҳбарлари туманимизда ичимлик суви таъминотида муаммолар деярли йўқ, деган кўнгилни кўтарувчи кайфиятда. Гўёки аҳолининг қандайдир инфекция тушиши хавфи остида очиқ ҳавзадан сув олаётганини мутлақо эшитишмагандек.

Косонсой тумани марказидан 25 километр масофадаги «Ифтихор» маҳалласида ҳам бўлдик. Бу ерда иккита аҳоли пункти жойлашган ва улардан бири «Янги шаҳар», дея номланади. У ерда ичимлик сувнинг баҳоси олтинга тенг. 700 га яқин аҳоли анчадан буён ариқдан сув ичади. Ўтган йили бир километр наридан ўзлари артезиан қудуғи қазишди. Аммо ундан сув чиқариб берадиган насос электрсиз ишламаслигини унутиб қўйишибди, қаранг. Омад келмаса ҳам қийин экан-да! Аҳоли барча идораларга мурожаат қилиб кўрди, уларнинг барчасида вазиятни ўнглашга ҳаракат қилишлари ҳақидаги ваъдаларни ҳам олди. Аммо ҳозирча иш шундан нарисига ўтмаяпти. Дарвоқе, тумандаги мавжуд артезиан қудуқларнинг бари таъмир ва тозалашга муҳтож. Одамлар ҳалиям ичимлик сувни машиналарда, от-уловда, челакларда ташимоқда. Улар мени вазиятнинг ўнгланишига умид билдирилган сўзлар билан кузатдилар. Аммо кўзларидан пуч ваъдалардан қанчалик тўйиб кетишгани шундоқ кўриниб турарди.

Дарвоқе, Наманганнинг ўзида ҳам сув таъминоти тизими реконструкцияни талаб этади ва бу жараён жуда имиллаб кетмоқда. Яна сув сифати ҳам айтарлик даражада эмас.

Феруза Отахонова.

Наманган вилояти.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech