25 Июнь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +31,2 °C

Маданият
22 Дек  2018 8151

Ўзимизнинг кинога тушамизми?

«2019 йил 1 январдан бошлаб, мулкчилик шаклидан қатъи назар, мамлакатдаги барча кинотеатрларда намойиш этиладиган маҳаллий бадиий фильмлар намойиши ҳажмларини - суткада иккитадан кам бўлмаган шу каби тўлиқ метражли фильмлар билан, 2021 йил 1 январдан эса ойлик экран вақтининг 25 фоизидан кам бўлмаган, байрам кунлари 40 фоиздан кам бўлмаган миқдорда квоталаш тизими жорий этилади».

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 июлдаги «Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қароридан.

Ушбу қарор ижросини таъминлашга тайёргарлик қандай бўлаётгани билан қизиқдик.

Аввало, бизни қизиқтирган саволга жавоб излаб кинотеатрларга йўл олдик. У ерда томошабинни қандай жалб қилиш, қайси фильмга одам яхши киради ва қайсиларига унча кирмаслигини билишса керак, ҳойнаҳой.

- Қарорни, албатта, ижро жтамиз, - дейди савдо-кўнгилочар марказларидан биридаги кинотеатр ходимаси Севара Ғоюпова. - Бундай чора-тадбирлар фойдали ва жуда керак. Агар яхши фильмларни суратга олишса, ўзимиз ҳам ҳужжатда кўрсатилганидан ҳам кўпроқ марта намойиш этамиз. Ҳозирча квота бўйича фильмларни кундузги сеансларда намойиш қилмоқчимиз. Бу, талаб унча юқори бўлмаган фильмларнинг томошабоп вақтларни, яъни кечки сеансларни, банд этмаслиги учун. Ўз тажрибамдан айтсам, хорижий фильмлар премьерасида дастлабки бир неча ҳафта барча чипталар сотилиб кетади. Одамлар қўнғироқ қилиб, чипталарни олдиндан харид қилишади. Аммо айримларидан ташқари, ўзимизнинг кинолар ҳақида бундай деб бўлмайди. Бир пайтлар бир хил ценарийдаги, маъносиз филмлар шунақа кўпайиб кетгандики, ҳатто, афишадан улар орасидаги яхшиларини ҳам ажратиб бўлмасди. Ўзбек киноси борасидаги салбий фикр ана шундан пайдо бўлган. Аммо яхши кионолар ҳам бор.

- Хорижий фильмлардагидай бизнинг киноларга ҳам одамлар шундай тушишса, бундан фақат хурсанд бўлардик, - сўзида давом этади ҳамсуҳбатимиз. – Ҳозирча чипталарнинг сотилиши бўйича статистика ва интернет саҳифамиздаги сўровноманинг кўрсатишича, квотага қарамасдан, миллий фильмларимизга одамлар кам тушмоқда, кинотеатрлар эса, даромадидан воз кеча олмайди. Аммо уни ривожлантиришга ҳисса қўшишга ҳаракат қиламиз. Саҳифамизга обуна бўлганлар учун чипталар ўйини ва танловлар ташкил этишни режалаштиряпмиз. Бугун киносаноатга катта эътибор қаратилмоқда, яхши, ғурурланса бўладиган фильмлар чиқмоқда. Агар улар кўпайса, ўзбек киносига ҳам одамлар туша бошлаши мумкин.

Бошқа кинотеатрлар ходимлари ҳам, хусусийми ёки давлатники, қатъи назар, шунга ўхшаш жавобни беришди. Айримлари эса, ҳатто, жуда шов-шув бўлган фильмларга ҳам одамлар аввалгидек кирмаётганини айтишди. Уларни овқатланиш, маданий ҳордиқ чиқариш ва дўконлар айланиш мумкин бўлган замонавий савдо-кўнгилочар марказлари сиқиб чиқармоқда. Ҳаммасининг бир овоздан айтишича, агар кечки сеансларга ҳам квота бўйича фильмлар қўйилса, қолган ихлосмандлар ҳам келмай қўйишлари мумкин экан. Бунинг ягона йўли сифатли фильмларни суратга олиш ва бу борада қарор, албатта, ёрдам беради.

Изоҳ сўраб, шу соҳа мутахассиси, ёш сценарийнавис, юртимиз («Сенга бўлган муҳаббатим», «Кунлар») ва хорижий фильмларда («Ҳаммаси ёки ҳеч нима» (Россия) ва «Сен, менинг уйимсан» (Туркия)) ҳам ўзини синаб кўришга улгурган Ҳасан Шоиноятовга мурожаат қилдик.

- Квоталаш одамлар кирмай қўйишидан ҳавотирга тушиб, кинотеатрларда намойиш этилмаётган қизиқарли фильмларга ёрдам беради, - фикри билан ўртоқлашди Ҳасан. – Россияда ҳам бу тажриба қилиб кўрилган ва иш берган. Фильмларимиз ҳақидаги тасаввурни ўзгартириш зарур. Гап шундаки, томошабин кўпгина ҳолларда айни дамда намойиш этилаётган фильмни кўришдан олдин афишани ўрганади. Буни қайси томондан олиб қаралса ҳам, кўпгина кино ишлаб чиқарувчилар учун аянчли ҳисобланган хулосага келасиз: сифати ва сюжети (бу ҳам жуда муҳим роль ўйнайди) жиҳатидан хориж маҳсулоти билан беллаша оладиган рақобатбардош фильмлар яратиш керак деган. Яқинда кинематографик доираларда катта умид билдирилган фильм экранларимизга чиқди. Номини айтишга ҳожат йўқ, чунки уни барча орзиқиб кутганди. Ажойиб фильм, овоз ва операторлик иши ҳам зўр, аммо сценарий панд берди. Уни ёзган ва ҳали бирорта кўзга кўринарли иши бўлмаган, сценарий ёзишни эндигина бошлаган киши ўзидан сал тажрибалироқ ҳамкасблари билан кинони муҳокама қилган. Уларнинг бари бу уларда ҳеч қандай ёрқин таассурот қолдирмаганини айтишган ҳам. Квоталаш – бу ҳали қарорнинг асосий қисми эмас. Унда истеъдодли кадрлар тайёрлаш, моддий-техник базани янгилаш зарурлиги ҳам тилга олинган. Агар булар амалга оширилса, ишончим комилки, натижа ўзини кўп куттирмайди.

Ҳақиқатан ҳам, киносаноатимиз арбоблари ҳукумат томонидан яратилаётган барча имкониятлардан унумли фойдаланишига ишонч билдириб қоламиз. Ахир, охир-оқибат лойиҳалар биргина суратга олиш ва кинолар номини яна биттага кўпайтириш учунгина амалга оширилмайди-ку?! Кино бу – яратувчиларига катта даромад келтирувчи улкан саноатдир. Аммо бунда фильмлар сифатли ва рақобатбардош бўлиши лозим. Агар киносаноат зерикарли, юракларни жиз эттирмайдиган фильмларни суратга олишда давом этса, томошабин ҳам ўз фикрида қолади. Бу борада биринчи ўзгаришлар кўзга ташлана бошланди ва ҳадемай, биз ҳам исталган пайтда юртимизда ишлаб чиқарилган фильмни кўришга бажонидил кинотеатрларга туша бошлашимизга ҳам умид қиламиз.

Нилуфар Абдуллабекова, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети талабаси:

- Очиғини айтсам, сўнгги марта қачон ўзимизнинг фильмни томоша қилишга тушганимни эслолмайман. Ҳозир интернет орқали исталган пайтда исталган фильмни кўриш имконияти мавжуд. Аммо савдо-кўнгилочар марказларга бориб қолсак, қандай фильмларни намойиш этишаётганига қизиқамиз, номларини ўқиб кўргач, нимасидир ўзига тортса кириб томоша қиламиз. Квоталаш тўғрисидаги қарор эса жуда қизиқарли. Ҳар қандай шароитда ҳам бундай фильмларни кўрадиганлар, албатта, топилади.

Беҳзод Камолов, тадбиркор:

- Бугун танлаш имконияти кўп. Ота-оналаримиз битта фильмга бир неча марталаб тушишгани ҳақида гапириб беришади. Биргина ўша фильмларнинг ёқиб қолгани учун эмас, балки ўша даврда маданий ҳордиқ оладиган жойларнинг кам бўлгани ҳам бунга сабаб. Ҳозир бутунлай бошқа давр. Ўзимизда олинаётган фильмларга ҳеч қандай эътирозим йўқ, айрим эски киноларни экранга кириб кетгудай бўлиб томоша қиласиз, улар сизни ҳайратга солади. Агар Ўзбекистонда ҳам илгари ўзимиз ёки чет элда қўйилган кинолардан нусха олмай, яхши ва замонавий фильмларни суратга ола бошлашса жон деб ўша кинога оилавий тушган бўлардик.

Нигина Азимова, уй бекаси:

- Менга ўзимизнинг фильмлар ёқади, ўғлим билан уларни томоша қилиш учун кинотеатрларга ҳам тушиб турамиз. Масалан, Алишер Навоий номидаги Кино саройида тез-тез бўлиб турамиз. Уйимиз яқинида ҳам хусусий кинотеатрлар кўп, аммо уларда бизнинг фильмларни кам намойиш қилишади. Энди узоққа бормайдиган бўлибмиз. Дунёнинг исталган мамлакатидаги каби Ўзбекистонда ҳам кўрса арзийдиган, ва шу билан бирга, вақтингиз ва маблағингизга ичингиз ачийдиган фильмлар бор. Давлатимиз раҳбарининг қарори эса арзийдиган фильмлар сонини кўпайтиришга ва арзимайдиганлари сонини камайтиришга хизмат қилади, деб ўйлайман.

Сабина Алимова.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech