04 Июнь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +28,3 °C

Агросектор
8 Мар  2020 4372

Мева-сабзавот кластери экспорт ҳажмини оширади

Қуёш суйган, тупроғи сахий юртда яшаймиз. Унда йилига 21 миллион тоннадан ортиқ мева-сабзавот етиштирилади. Улар табиий ва тупроқ-иқлим шароитларининг уйғунлиги боис, энг тотли ҳамда фойдали ҳисобланади. Инсон саломатлиги учун зарур бўлган микроэлементлар ва турли биологик моддаларга бойлиги жиҳатдан эса дунёда етакчи ўринда туради.

Шундай экан, савол туғилади: нега унда умумий ҳосилнинг атиги 14 фоизи, яъни бор-йўғи 1,5 миллион тоннаси экспорт қилинмоқда?

Мутахассисларнинг фикрича, маҳсулот мазали ва сервитамин бўлиши мумкин, лекин маркетинг йўқлиги, жаҳон бозоридаги ҳолат ўрга-нилмаслиги оқибатида экспорт талабларига жавоб берадиган маҳсулотлар етарли миқдорда етиштирилмаяпти. Деҳқон, қайта ишловчи ва экспортчи корхоналар ўртасида тизимли ҳамкорлик йўлга қўйилмаган. Соҳибкор экинларни ўз билганича жойлаштириб, етиштирилган маҳсулотини сота олмаяпти, экспортёр эса мева-сабзавот қидириб юрибди. Бу хорижлик харидорлар билан узоқ муддатли ҳамкорлик қилишга салбий таъсир кўрсатяпти.

Боз устига, боғ ва токзорларда ҳосилдорлик жуда паст. Масалан, хорижий давлатларда бир гектар интенсив боғдан 70-100 тонна, ай-рим мевалардан 130 тоннагача ҳосил олинса, юртимизда бир гектардан 10-30 тонна, анъанавий боғ-токзорлардан эса 4-5 тонна маҳсулот олинади. Юртимизда мева-сабзавотни саралаш, қадоқлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш бўйича 31 та агрологистика маркази ташкил этилган. Лекин айланма маблағлар етишмаслиги ва доимий маҳсулот йўқлиги туфайли мавжуд қувватлардан атиги 10-15 фоиз фойдала-нилмоқда.

Президентимиз раҳбарлигида 2020 йилнинг 14 февраль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида шу каби муаммолар ҳар томонлама таҳлил этилиб, мева-сабзавот экспортини тизимли ташкил қилиш, маҳсулот ишлаб чиқарувчи билан экспортёр ўртасида ўзаро муноса-батларни тўғри йўлга қўйиш мақсадида тармоқда кластер тизими жорий қилиш вазифаси қўйилди. Аввало, тизимдаги шартномавий муно-сабатларни тўғри шакллантириш, маҳсулот етиштирувчи, қайта ишловчи ва экспортчининг манфаати, мажбурияти ҳамда жавобгарлигини аниқ белгилаш муҳимлиги таъкидланди.

Бинобарин, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 11 декабрдаги қарорида бу борадаги барча ташкилий-ҳуқуқий асослар ўз ифодасини топган. Мазкур ҳужжатдан келиб чиққан ҳолда, кластерларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш, уларнинг фаолиятини тартибга солиш юзасидан кўрсатмалар берилган эди.

 Бундан бир неча кун олдин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Вазирлар Маҳкамасининг “Мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасида кластерлар ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини йўлга қўйиш тартиби тўғрисидаги низомни тас-диқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди. Унга мувофиқ, мева-сабзавотчилик кластери хорижий инвесторлар ёки маҳаллий тадбиркорлар томонидан ихтиёрийлик асосида ташкил этилади. Бунда муассислар таркибига, барқарор хўжалик алоқаларига ва илғор ишлаб чиқариш технологияларига эга бўлган, шунингдек, яқин атрофдаги ҳудудда жойлашган мева-сабзавот ва узум маҳсулотларини қайта ишлаш, тайёрлаш, сақлаш, қадоқлаш, ташиш, сотиш корхоналари, илмий марказлар кириши мумкин. Қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларининг мева-сабзавотчилик кластери билан ўзаро муносабатлари, улар ўртасида тузилган шартномалар асосида амал-га оширилади ҳамда шартномада томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тартибга солинади, шу жумладан, етказиб бериладиган маҳсу-лотнинг камида 40 фоизи аванс билан таъминланиши ҳамда кейинчалик маҳсулотларнинг кафолатли равишда харид қилиниши белгилаб қўйилади.

Мева-сабзавотчилик кластерларининг асосий фаолиятига кўра, интенсив боғдорчилик, томчилатиб суғориш технологиясини қўллаш асосида мевачилик, ёнғоқчилик, цитрус, сабзавот, дуккакли экинлар, кўкатлар каби йўналишларни қамраб олган боғдорчилик, узумчилик, иссиқхона ва кўп тармоқли ихтисосликларга бўлинади. Мавжуд ер майдонлари ва маҳсулот ишлаб чиқариш турлари бўйича эса:

мустақил — тўлиқ циклда (мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш, сотиш бўйича) фаолият олиб бориш учун белгиланган тартибда ўзига ажратилган йирик ер майдонларига (плантация) эга мева-саб­завотчилик кластери;

тайёрлов-қайта ишлаш — ҳўл ёки қайта ишланган ҳолда экспорт қилиш мақсадида мева-сабзавот маҳсулотларини бошқа ишлаб чиқарувчилар (фермер, деҳқон, агрофирма, кооперация ва бош­қалар)дан фақат шартнома асосида сотиб олувчи мева-сабзавотчилик клас­тери;

аралаш — маҳсулот етиштириш учун белгиланган тартибда ўзига ажратилган ер майдонларига (плантация) эга ва бир вақтда шартно-ма асосида маҳсулот етиштирувчилардан (фермер, деҳқон, агрофирма, кооперация ва бошқалар) мева-сабзавотларни сотиб олувчи клас­тер шаклларида йўлга қўйилади.

Ташаббускор мева-сабзавотчилик кластерини ташкил этиш учун тармоқ ихтисослиги ва турини кўрсатган ҳолда маҳаллий давлат ҳокимияти органига ариза билан мурожаат қилади. Агар ташаббускор танлаган ихтисослигига мос ҳолда мева-сабзавот ва узум маҳсулот-лари етиштириш учун ер участкасини фойдаланишга (ижарага) олишни ёки мавжуд ер майдонларини кенгайтиришни хоҳласа, буни ари-зада акс эттириши лозим. Келгуси йил ҳосили учун мева-сабзавотчилик кластерини ташкил этиш бўйича ташаббускорларнинг аризалари ҳар йили 15 сентябрга қадар тақдим этилади.

Қарор лойиҳасида мева-сабзавотчилик кластери ташаббускорини танлаш мезонлари, улар фаолиятининг асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари замонавий талаблардан келиб чиқилган ҳолда белгилаб берилган.

Президентимиз видеоселектор йиғилишида қайд этганидек, “Кластерлар фаолиятини йўлга қўйишдан асосий мақсад — экспорт ҳажмини ошириш. Бунинг учун эса янги бозорларни топиш керак. Бозор бўлмаса, экспорт ҳам бўлмайди, кластер тизими ҳам юр-майди. Шунинг учун чет эллардаги талабни мунтазам ўрганиб, имкониятлардан самарали фойдаланиш, экспортда изчилликни таъминлаш керак”.

 Мазкур кўрсатма Вазирлар Маҳкамасининг “Мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасида кластерлар ташкил этиш ва уларнинг фаолия-тини йўлга қўйиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳасида ҳам ўзининг ифодасини топган. Хусусан, маҳал-лий давлат идоралари мева-сабзавот кластерига товарларни (иш, хизмат) ташқи ва ички бозорларда реализация қилишга кўмаклашиш, экспортда юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар улушини янада кўпайтиришни қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиши ва амалга ошириши зарур.

Маълумки, ҳозирги пайтда жойларда кластерлар фаолиятининг самарали ишлашига вилоят ва туман ҳокимларининг биринчи ўрин-босарлари, Марказий банк ва тижорат банклари раҳбарларининг ўринбосарларидан бири мева-саб­завотчилик кластерларини айланма маблағлар билан таъминлаш ва улар томонидан ишлаб чиқилган лойиҳаларни ўз вақтида молиялаштиришга шахсан масъул ҳисоблана-ди. Бу борадаги масъуллик нечоғлиқ зарурлиги пахта етиштиришнинг амалдаги тизими фермерлар ва кластерлар ўртасида молия­вий то-монлама кўплаб саволларни келтириб чиқарганида яққол кўзга ташланади. Бу бир тарафдан пахтани қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга маблағ етишмаслигини юзага келтирса, иккинчидан, пахта етиштирган фермер хўжаликлари билан ҳисоб-китоб қилиш имкониятини чеклаб қўймоқда. Шу боис, кластерларни молиялаштиришни такомиллаштириш, уларда маҳсулот ишлаб чиқариш ва қайта ишлашни алоҳида фаолият тури сифатида кредитлаш тизимини жорий қилиш талаб этиляпти.

Бугунги кунда юртимизнинг 8 та туманида мева-сабзавотчилик йўналишидаги 41 та қишлоқ хўжалиги бирлашмаси иш олиб боряпти. 2020 йилда Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларининг ­22 та туманида 31 та, 2021 йилда рес­публика бўйича 100 та қишлоқ хўжалиги кластерини ташкил этиш назарда тутилган. Бундан кўзлан-ган мақсад хайрли: биринчи навбатда, рўзғорини қийинчилик билан тебратаётган оилалар учун иш ўринлари яратилади.

Соҳибкорларимиз олдида турган вазифалар салмоғи катта. Бу йил 2 миллиард долларлик, кейинги 5-7 йилда эса 3-4 баробар кўп мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш учун маҳсулот етиштиришни кескин кўпайтириш чоралари-ни кўриш зарур. Яна бир муҳим жиҳат шундаки, кластерлар “маҳсулот етиштириш —  тайёрлаш — сақлаш —  қайта ишлаш —  транспортировка қилиш — бозорга етказиш” асосида узлуксиз занжирни вужудга келтирса ва мева-сабзавот ҳажми кўпайиб борса, истеъмол бозоридаги нарх-навонинг барқарорлиги шунчалик мустаҳкамланади.

Абдурауф Қоржовов,
иқтисодий шарҳловчи.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech