16 Сентябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +18,4 °C

Яшил сайёра
12 Апр  2019 8564

Чиқиндиларни қайта ишлаш ҳали тўла ўзлаштирилмаган соҳа

Инсоният сайёрамиздаги қаттиқ маиший чиқиндилар (ҚМЧ) билан ҳазиллашиб бўлмаслигини аллақачон тушунди. Яқин вақтдан бошлаб дунёнинг етакчи давлатлари ушбу муаммога ечим топиш учун уни қайта ишлаш ва утилизация қилиш йўлларини қидира бошлади. Бизнинг олимларимиз ҳам ўз усулларини ишлаб чиқмоқда. Улардан бири «Маданиятли жамиятда чиқиндиларнинг айланиши»дир.

 

Ўзбекистонда у хоҳ рухсат билан ёки рухсатсиз бўлсин, чиқиндихоналарни тўлдириб юбориш учун шарт-шароит йўқ. Хўш, унда нимага эгамиз? Ишларни бажаришнинг мувофиқ келмайдиган, маънан эскирган тизими ва ҳаётга татбиқ этилиши керак бўлган яхши ғояларга.

Ушбу ташаббуслар камхарж. Асосий харажатлар анча паст ва улар давлатнинг эмас, балки корхона ҳамда бизнесменлар зиммасига тушади. Кейингилари эса мамлакатда янги ўзаро муносабатларнинг пайдо бўлишини мувофиқлаштиради. Улар дарвоқе, содда ва малол келмайдиган, аҳолини маиший чиқиндиларни саралашга ва сотишга жалб қилишга йўналтирилган.

Бир томондан, ишлаб чиқариш ва истеъмол чиқиндилари, биринчи галда маиший чиқиндилар таркиби – бу вақт ўтиши билан хавфлилик даражаси орта борадиган маҳсулотлардир. Картошка пўчоқлари ва полиэтилен пакетлар – жуда хавфли материаллар ҳисобланади. Бошқа томондан, ҚМЧ иккиламчи хомашё ҳисобланади ва чиқиндилар уюмини ҳосил қилиш эмас, балки бундай маҳсулотларни тезда қайта ишлаш фойдалироқ.

Чиқиндихоналардан биогаз (метан ва карбонат ангидрид 4:1 нисбатда) ажралади. У атмосферадаги буғхона эффектини оширади ва сайёра иқлими ўзгаришидаги салбий жараённи тезлаштиради.

Аҳолининг ҳам маиший чиқиндилар билан ишлашида бошланғич босқичда – ўз уйи ошхонасида эътиборсизлик кузатилади. Чиқинди челакка турли ишлатиб бўлинган нарсаларни аралаш ҳолда ташлаймиз. Бундай қилиш керак эмас! Шунда чиқинди полигонларида уларни саралашга тўғри келмайди.

Макулатура, темир-терсак, шиша идишлар, латта-путта, турли пластиклар, рангдор металлар, симобли чироқларни алоҳида топшириш зарур... Ва энг асосийси, мева-сабзавотлар чиқиндилари, шунингдек, юқори сифатли органик ўғит олиш хомашёси сифатида талабга жавоб бермайдиган озиқ-овқат маҳсулотларини ҳам.

ҚМЧ бунинг учун мўлжалланган ишлаб чиқаришга топширилиши керак: макулатура – қоғоз-картон комбинатига, латта-путталар – тўқимачиларга, шиша синиқлари – шишасозларга, рангли ва қора металлни ҳам ўз заводлари олиб кетади, компостланган чиқиндиларни эса органик ўғитлар фабрикалари қабул қилади.

Юқорида санаб ўтилган иккиламчи хомашёни аҳоли қаерлардадир бозорларда эмас, балки бир қадамгина жойга олиб бориб топширадилар. Махсус корхоналарнинг тарозили юк машиналари белгиланган вақтларда микрорайонлар ҳовлиларига келади ва аҳолидан иккиламчи хомашёни харид қилади. Масалан, бир қадам жой технологиясини ўзлаштириб олган кўчадаги сут-қатиқ сотувчиларга ўхшаб. Сут маҳсулотлари эрталаб соат еттида ҳар бир уй ва подъездлар олдига етказиб келинади. Бунда ҳам худди шундай – махсус сигнални эшитиб, кийимларни ҳам алмаштириб ўтирмай, картошка пўчоқларини топшираверасиз.

Юқорида тилга олинган фикрлар ишлаб чиқариш ва истеъмол чиқиндилари билан ишлашнинг фундаментал, исбот талаб этилмайдиган қоидасига амал қилинишига олиб келади:

- исталган корхонанинг доимий асосда ўз фаолиятидан ҳосил бўлган чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлашни ташкил этиши шарт;

- ҚМЧ айланиши уларнинг аралашиб кетишига йўл қўймайди. Вақт ўтиши билан улар уюмларга айланади. Буни тўхтатиш лозим.

Хўш, ишни нимадан бошлаш лозим? Халқ орасида янгисини қурмай туриб, эскисини бузма, деган гап бор. Шу боис аввало, махсус корхоналарнинг ўзи, юк автомобилларидан фойдаланган ҳолда ҳеч қандай воситачиларсиз аҳолидан тўғридан-тўғри иккиламчи хомашёни қабул қилишини йўлга қўйиш лозим. Ва шу билан бирга чиқиндилар борасида тушунмовчиликлар юзага келмаслиги учун ҳар қандай шароитда ҳам амалдаги ҚМЧни йиғиш тизимидан воз кечмаслик керак.

Турли мамлакатлар турли омилларнинг ва аввало, чиқиндиларнинг атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатишини камайтиришга ҳар хил ёндашадилар. Бугун Швеция ва Сингапур етакчилар қаторида. Швецияда бу юмшоқроқ усулда, яъни ҚМЧ қайта ишлашни ташкил этиш, аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш йўли билан амалга оширилаётган бўлса, Сингапур экологик кўрсаткичларни яхшилашга қаттиқ усул – жарималар, тақиқлар ва жазолашлар билан эришган. Бизнинг мамлакатга бундай усулларнинг аралаш қўлланилиши мос келади.

Давлатимиз Президентининг 2018 йил 18 майдаги «Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори соҳада кескин олға интилиш ясади. Аҳоли пунктларида санитария ҳолати даражасини кўтаришга тўсқинлик қилувчи тизимдаги кўпгина муаммоларнинг ҳал этилиши билан бир қаторда пластик пакетларга ҳам «уруш» эълон қилинди.

Хусусан, 2019 йилнинг январидан бошлаб полимер плёнкадан ясалган пакетларни бепул бериш, шунингдек, унинг нархини харид қилинган товарлар баҳосига қўшиш ва ўз таннархидан паст баҳода сотиш тақиқланди.

Тўғри, бундай пакетлар кундалик турмушимизда бизга асқотади, аммо уларнинг шаҳар, ва умуман, табиатнинг одатийга айланаётган манзара касб этишига асло йўл қўйиб бўлмайди. Йўл четлари, дарё қирғоқлари ва дам олиш масканлари улар билан тўлиб кетган.

Бундан ташқари, мамлакатимиз ҳудудларида қалинлиги 40 микрондан паст бўлган полимер плёнкалардан пакетлар ишлаб чиқариш ҳам ҳужжат билан тақиқланган. Бу мазкур махсулотни утилизация қилишга қизиқишни оширишга ёрдам беради. Чунки етарлича зичликка эга бўлмаган пакетларни қайта ишлаш иқтисодий жиҳатдан самарасиз ҳамдир.

Ғалати вазият: эски телевизорлар, музлатгичлар, кондиционерлар, чангютгичлар, шиналар ва бошқа техникалар анчадан бери чиқиндихоналарда ётмайдиган бўлган. Бу рўйхатга пластик пакетлар ҳам қўшилиши мумкин. Мева-сабзавотлар ва бошқа компостласа бўладиган чиқиндилар эса тадбиркорлар томонидан ҳали қамраб олинмаган. Хуллас, ўтказиб юборилганларни зудликда тўғрилаш талаб этилади.

Шу билан бир қаторда иккиламчи хомашё йиғиш амалиётини ўзгартириш, чиқиндилар айланишида муҳим бўғинга айланадиган аҳоли учун бир қадам технологиясини жорий этиш лозим.

Геннадий Варламов.

Техника фанлари доктори.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech