26 Июнь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +25,4 °C

Ижтимоий ҳаёт
13 Апр  2019 15388

Пенсиялар: қачон, қанча ва қандай шароитларда?

Статистика бўйича 2019 йил 1 март ҳолатига кўра, республикамизда пенсия ва нафақа олувчиларнинг умумий сони 3 515 005 кишини ташкил этди. Бундай рақамлар соҳадан ўзгаришни, қулай ва тушунарлироқ бўлишни талаб этади, бироқ унинг баъзи бир жиҳатлари ва нозик икир-чикирлари ҳалиям фуқароларга номаълумлигича қолмоқда. Шу боис таҳририятга муштарийларимиздан келган ана шу йўналишга оид саволларни жамладик. Пенсия ёшининг оширилиши, ишда қисқаришга тушганда қилиниши керак бўлган зарурий ҳаракатлар, меҳнат стажини тасдиқлаш ва бошқа кўпгина нарсалар ҳақида Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этувчи директори ўринбосари Шуҳрат Давронов сўзлаб беради.

 

«2018 йили пенсияга чиқишимга икки йил қолганида қисқаришга тушиб қолдим. Эшитишимча, қонунчилик бўйича, шундай вазият юзага келса, пенсияга эртароқ чиқиш мумкин экан. Чиндан ҳам шундайми? Қаерга мурожаат қилмайин, бунақа қонун йўқ, деган жавобни эшитяпман».

К. Ортиқов.
Каттақўрғон ш.

– «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонуннинг 3-моддасига мувофиқ фуқаролар пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлганидан сўнг исталган пайтда пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этишлари мумкин. У маълум ҳолатлардагина муддатидан олдин тақдим этилиши мумкин.

Дарвоқе, қонуннинг 14-моддасидан берилган саволга жавоб топиш мумкин. Унда технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан ишдан озод этилган ва ишсиз деб эътироф этилган шахсларга муддатидан олдин пенсия тайинланиши мумкинлиги белгилаб қўйилган. Аммо бунинг ҳам ўз шартлари бор. Масалан, эркаклар 58 ёшдан кичик бўлмаслиги ва камида 25 йил иш стажига эга бўлиши лозим. Аёлларда эса бу кўрсаткич - 53 ёш ва 20 йил.

Ишсиз, деб эътироф этилиши учун, табиийки, маълум тартиб мавжуд. Меҳнат кодексининг 60-моддасига мувофиқ, ишсизлар, деб ўн олти ёшдан то пенсия билан таъминланиш ҳуқуқини олишгача бўлган ёшдаги, ҳақ тўланадиган ишга ёки даромад келтирадиган машғулотга эга бўлмаган, иш қидираётган ва иш таклиф этилса, унга киришишга тайёр бўлган ёхуд касбга тайёрлашдан, қайта тайёрлашдан ўтишга ёки малакасини оширишга тайёр бўлган меҳнатга лаёқатли шахслар (бундан таълим муассасаларида таълим олаётганлар мустасно) ҳисобланади. Вазирлар Маҳакмасининг 2011 йил 8 сентябрдаги «Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартибини янада такомиллаштиришга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори билан ёшга доир пенсия тайинланишини сўраб мурожаат қилган шахслар ўз аризасига туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказининг унинг ишсиз, деб эътироф этилиши ҳақидаги тақдимномаси ҳам қўшимча тарзда илова этишлари шарт.

Алоҳида асосларга кўра меҳнат шартномаси бекор қилинганда ишдан бўшатилган ходимларга муддатидан олдин пенсия тайинлаш тартиби тўғрисидаги Йўриқномага мувофиқ ким ишсиз ва муддатидан олдин пенсияга чиқишга ҳақли экани тўғрисида номлари юқорида тилга олинган марказлар №4 шаклда тақдимнома тайёрлайди. Беш кун муддат ичида улар мос туман (шаҳар) БТПЖга жўнатилиши шарт. Ана шу тақдимномалар ёшга доир муддатидан олдин пенсия тайинлашда бизнинг бўлимларимиз учун асос бўлиб хизмат қилади.

Пенсия тўловлари эса Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан БТПЖга ўтказилиб, амалга оширилади.

 

«Пенсияни ҳисоблашда зарарли ишлаб чиқаришда ишлаганлик ҳисобга олинадими?»

Г. Эргашева.
Нукус ш.

– Ерости ишларида, меҳнат шароити ўта зарарли ва ўта оғир ишларда тўлиқ иш куни давомида банд бўлган ходимлар (2-сонли рўйхат, I қисм) умумий белгиланган ёшни 10 йилга қисқартирилган ҳолда имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эга. Бу «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунининг 11-моддаси «а» бандида ёзиб қўйилган. Унда бундай имтиёзга киритилган ишлаб чиқариш, муассаса, ишлар, касблар, лавозим ва кўрсаткичлар киритилган 2-сонли рўйхат ҳақида ҳам гап боради.  Ҳужжатда унда ҳам худди ана шу пунктлар санаб ўтилган, бироқ муддатидан беш йил олдин пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи 3-сонли рўйхат ҳам назарда тутилган.

Шунингдек, имтиёзли пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи эркакларда ўн йил ва аёлларда етти ярим йил тўлиқ иш йиллари икки баравар қилиб ҳисобланади. Дейлик, эркак зарарли ишлаб чиқаришда 11 йил банд бўлса, унга 22 йил иш стажи ҳисобланади ва ҳоказо.

 

«1990 йилда ёпилган ишлаб чиқаришда бир умр ишлаганман. Меҳнат дафтарчам йўқолган ва иш стажимни тасдиқлата олмаяпман. Пенсияга чиққанимга анча бўлди, аммо минимал пенсия оляпман. Менга ўхшаган ҳолатга тушиб қолганлар кўпчиликни ташкил этади. Бу чўзилиб кетган муаммонинг ечими борми?»

О. Хўжаева.
Самарқанд ш.

– Маълумки, иш стажини тасдиқловчи асосий ҳужжат меҳнат дафтарчаси ҳисобланади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 59-бандида ёзиб қўйилган.

Меҳнат дафтарчаси мавжуд бўлмаганда, шунингдек меҳнат дафтарчасида зарур ёзувлар бўлмаган ёки меҳнат фаолияти даврлари тўғрисида нотўғри ва ноаниқ ёзувлар мавжуд бўлган ҳолларда иш стажини тасдиқлаш учун (банд шахснинг иш стажидан ташқари) маълумотномалар, буйруқлардан кўчирмалар, шахсий ҳисобварақлари ва иш ҳақи бериш учун ведомостлар, меҳнат шартномалари (контрактлар), архив маълумотномалари ва меҳнат фаолияти даврлари тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган бошқа ҳужжатлар қабул қилинади.

Бундай ҳужжатлар бўлмаган ҳолатлар ҳам учрайди. Унда бандлик вақти суд қарори билан ўрнатилади. Бундай ҳолатларда қонунчиликда назарда тутилган асослар мавжуд бўлса, иш стажини тасдиқлаш учун даъво аризаси тайёрлашда кўмаклашишни сўраб, БТПЖ бўлимларига мурожаат қилинади.

 

«Ўзбекистонда давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ этиш концепцияси лойиҳасига мувофиқ пенсия ёшини эркакларда 63, аёллар учун 58 ёш этиб белгилаш режалаштирилмоқда эди. Ушбу ҳужжатнинг кейинги тақдири нима бўлди? Ўзгаришлар қачон содир бўлади?

А. Болтабоев.
Қарши ш.

– Жорий йилнинг январь ойида Президентимизнинг «Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва иқтисодий сиёсат самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан 2019-2021 йилларда мамлакатимизда таркибий ислоҳотлар асосий йўналишларининг «Йўл харитаси»ни амалга оширишни таъминлаш бўйича Иқтисодий кенгаш ташкил этилди.

Худди ана шу кенгашга юртимиздаги бошқа маҳкамалар билан биргаликда кейинги йилнинг 1 январига қадар юқорида номи тилга олинган концепция лойиҳасини тайёрлаш ва Президент Администрациясига киритиш топшириғи юклатилди. Юқори малакали мутахассислар жалб этилган ишчи гуруҳ, шунингдек, Бутунжаҳон банки ва БМТ Тараққиёт дастури экспертлари айни дамда унинг устида ишламоқда. Умумхалқ муҳокамаси учун унинг regulation.gov.uz сайтига жойлаштирилиши сабабли аҳоли эса у билан биринчи бўлиб танишади, ўз тузатиш ва таклифларини бериш имконига эга бўлади. Ҳозирча лойиҳа шундай қолмоқда ва тўлиқ ишлаб чиқилмаган, хуллас, олдиндан аниқ прогноз қилиб бўлмайди.

 

«Бирон кишида меҳнат стажи бўлмаса, унга пенсия тўланмайди, деб эшитдим. Шу тўғрими?»

Р. Абдуллаева.
Тошкент ш.

– Чиндан ҳам, ёшга доир пенсия етти йиллик иш стажи бўлсагина тўланади. Бу қонунда назарда тутилган. Бундай стажга эга бўлмаганлар давлат пенсиясини олишмайди.

Бундай шахсларга ёшга доир нафақа тайинланади. Ва фақат Республика Оила кодексига мос ҳолда уларни таъминлаши шарт бўлган меҳнатга лаёқатли вояга етган фарзандлари, қариндошлари ёки бошқа шахслар бўлмаган тақдирдагина.

 

«Ўзбекистонда битта ўзим яшайман, барча фарзандларим мамлакатдан ташқарида. Қизим Жанубий Кореяга меҳмонга келишимни айтмоқда. Агар узоқ вақт хорижга кетсам, пенсиямни оламанми? Мамлакатдан ташқаридаги кишининг пенсия олиши қонунчилигимизда назарда тутилганми?»

А. Мирзабекова.
Наманган ш.

– Пенсия ҳақидаги қонуннинг 64-моддасига биноан чет элга доимий яшаш учун чиқиб кетишдан олдинроқ тайинланган пенсиялар чиқиб кетиш тўғрисида ариза берилган кундаги ҳолатга кўра пенсия миқдори ҳисобидан чет элга чиқиб кетиш олдидан 6 ой аввал тўланади. Унинг миқдори БТПЖнинг туман (шаҳар) бўлимларига чиқиб кетиш ҳақидаги ариза берилган кундан бошлаб ҳисобланади.

Яна шуни таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси пенсия таъминоти борасида халқаро келишувга эришган чет элга доимий яшаш учун чиқиб кетишдан олдинроқ тайинланган пенсиялар турар жойдан рўйхатдан чиқиб кетиш ойи охирига қадар тўланади.

Аммо буни тушунишингиз керак: олти ой аввал тўланган пенсия суммаси қайта ҳиообланмайди. Яъни агар сиз олти ой аввалдан пенсия олган бўлсангизу аммо дейлик, йигирма кундан сўнг қонунчиликка мос тарзда пенсия тўловлари оширилса, фарқни конпенсация қила олмайсиз.

Агар узоқ вақт хорижга қизингизникига меҳмонга кетаётган бўлсангиз (турар жойдан рўйхатдан чиқмай),  тайинланган ва ўз вақтида талаб бўлмаган пенсия суммаси сўнгги бор мурожаат қилинганидан кейин ўн икки ойдан кам бўлмаган муддатда тўланади.

 

«Хориж фуқаросига ёки фуқаролиги бўлмаган шахсга пенсия қандай расмийлаштирилади?»

Ю. Филимонова.
Ангрен ш.

– Ўзбекистонда доимий яшаётган хорижлик фуқаролар ва апатридлар мамлакат фуқаролари билан бирдапенсия олишга ҳақли. Расмийлаштириш ва пенсия олиш бир-бирига ўхшаш.

 

«Яқинлардан бирортасига пенсияни олишни ишониш мумкинми? Қандай ҳужжатларни тақдим этиш керак?»

З. Холибоев.
Термиз ш.

– Пенсия тўловлари мамлакат қонунчилигига мос равишда расмийлаштирилган ишончнома орқали олиниши мумкин. Ўзбекистон ташқарисида расмийлаштирилганни ҳам қабул қилиниши мумкин, аммо бунда мазкур ҳужжат расмийлаштирилган давлатнинг ваколатли органи апостили қўйилган бўлиши шарт. Бу барча давлатларга тааллуқли, бундан МДҲга аъзо давлатлар, Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги Конвенция иштирокчилари истисно.

Бунда ишонч қоғози берувчи тайинланган пенсияга бўлган ҳуқуқини мунтазам тасдиқлаб туриши керак. Бунинг учун йилига бир мартадан кам бўлмаган ҳолда БТПЖ бўлимларига келиб туриши лозим.

Пенсионер хорижий давлатда бўлган ва саломатлиги туфайли ватанига кела олмаслиги вазияти ҳам ўйланган. Бундай ҳолатда у Ўзбекистоннинг хорижий давлатдаги ваколатхонаси ёки консуллиги муассасасига бориб, доимий яшамоқчи эмаслигини, шунингдек, айни дамда ўзи бўлган хорижий давлат ҳудудида пенсия ёки бошқа нафақаларни олишнинг имконияти йўқлигини тасдиқлаши лозим. Бундан ташқари, пенсия олишга ишонч билдирилган шахс ҳам пенсия тўловига таъсир қилувчи барча далиллардан БТПЖ бўлимларини хабардор қилиши шарт.

 

«Ўзбекистонда қанақа пенсия турлари мавжуд ҳамда ёшга ва ногиронликка доир пенсиялар миқдори қандай кўрсаткичларга боғлиқ?»

Е. Акбарова.
Нукус ш.

– Қонун билан давлат пенсияларининг қуйидаги турлари белгиланган: ёшга доир пенсия, ногиронлик пенсияси, боқувчисини йўқотганлик пенсияси.

 

«Ўз жамғариб бориладиган пенсия таъминотини қандай билиш мумкин? Уни пенсияга чиқишдан олдин олиш мумкинми?»

Д. Азимова.
Тошкент ш.

– Чет элда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган шахсларнинг айрим тоифалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаш тартибини, шунингдек уларнинг пенсияни ҳисоблаш учун олинадиган иш стажини ва иш ҳақи миқдорини ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги Низомга мувофиқ  БТПЖга тўланган суғурта бадаллари қайтарилмайди. Солик кодексининг 58-моддасида келтирилган ортиқча тўланган суммадан ташқари.

Бундан ташқари, мазкур соҳадаги муносабатлар «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонун билан тартибга солинади.  Шунингдек, унда жамғариб бориладиган пенсия тизимида мажбурий тартибда иштирок этувчи фуқароларни ҳисобга олиш иш берувчининг талабномасига мувофиқ мазкур фуқароларнинг асосий иш жойидаги Халқ банки филиалида амалга оширилади ва ўша қонуннинг 23-моддасига асосан, шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақлари ҳолати тўғрисида фуқароларни ҳар йили, шунингдек уларнинг мурожаатига асосан хабардор қилиши шарт.

 

«Агар ота ёки она 80 ёшдан ошган ёки ногирон бўлса, унга қарайдиган бошқа ҳеч ким бўлмаса, уларга қараган вақтим учун менга иш стажи ҳисобланадими? Буни расмийлаштириш учун қаерга мурожаат қилишим керак?»

Ж. Хўжахонов.
Жиззах ш.

– Даволаш муассасасининг ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган 80 ёшга тўлган кексага қараб туриш вақти пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига қўшиб ҳисобланади. Пенсионерга қараб туриш зарур бўлган вақтни қуйидаги асосда ўрнатиш мумкин:

- амалдаги парвариш ҳолати текшируви далолатномаси;

- ёшини тасдиқловчи ҳужжатлар, ўзга киши парваришига зарурат борлиги ҳақидаги тиббий хулоса.

Биринчиси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, парваришланган шахс ва қўшнилардан сўраб-суриштирилгач, БТПЖ бўлими томонидан тайёрланади. Мазкур ҳужжатни расмийлаштириш давомийлиги – ҳар 12 ойда.

 

«Пенсия тўловини тўхтатиб туриш ёки бекор қилиш қандай амалга оширилади?»

С. Убайдуллаев.
Тошкент ш.

– Ушбу саволга жавобни Пенсия ишларини расмийлаштириш ва юритиш тартиби ҳамда пенсия ҳужжатларининг шакллари ва уларни тўлдириш қоидалари тўғрисидаги йўриқномадан топиш мумкин.

Тўловлар пенсия тўловига ҳуқуқни йўқотгандан сўнг, доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқиб кетиш, хорижий давлатда бўла туриб, пенсия (ёки ҳатто ижтимоий нафақа) олиши ҳолати аниқланганда, ва табиийки, пенсионер вафот этганда тўхтатилади.

Тайинланган пенсия тўлови тўлов муддати тугагандан, пенсия қаторасига уч давомида олинмаса, пенсионер озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинганда, у руҳий ҳаста кишилар яшайдиган интернат-уйларда яшай бошлагандан сўнг тўхтатилади.

Пенсия тўлови БТПЖ бўлимига пенсия олувчининг ёки унга васийлик қилувчининг бевосита ўзи келиб ариза топширганда тикланади. Бунда, шахсни тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиш талаб этилади. 41-бандда эса Пенсия, ижтимоий нафақа ва бошқа тўловларнинг тўланишини тиклаш комиссия қарори билан расмийлаштирилади, дея кўрсатилган.

 

«Пенсия тўғри ҳисобланганини қандай текшириш мумкин?»

Т. Ҳусниддинова.
Хива ш.

– «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонуннинг 44-моддасига кўра, пенсияларни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари тайинлайди. Пенсиянинг тўғри ҳисобланганини аниқлаш учун яшаш жойи Пенсия жамғармаси бўлимига, ундан юқори турувчи орган ёки бевосита судга мурожаат қилиш мумкин.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech