20 Октябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +23,6 °C

Мамлакатимизда
24 Апр  2020 3713

Пандемияга бағишланган халқаро онлайн анжуман

Тошкент давлат шарқшунослик университетида “Пандемияга қарши кураш шароитида халқаро ҳамкорлик: Ўзбекистон ва халқаро тажриба” мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди. Онлайн ташкил этилган илмий-амалий анжуманда 7 та мамлакат — Ўзбекистон, Россия, АҚШ, Германия, Қозоғистон, Словения, Мисрдан 92 нафар вакил иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси ­Президентининг 2020 йил 16 апрелдаги “Шарқшунослик тизимида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Тошкент давлат шарқшунослик институти негизида Тошкент давлат шарқшунослик университети ташкил этилиши ҳамда мазкур олий ўқув юртига хорижий ҳамкорлар билан биргаликда илмий тадқиқот ишларини олиб бориш бўйича юклатилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилган онлайн давра суҳбатида ушбу илм даргоҳи билан бир қаторда, республикамизнинг турли олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилар, магистратура ва бакалавриат талабалари, сиёсий фанлар соҳасида илмий тадқиқотлар олиб борувчи шарқшунос олимлар қатнашди. Улар хорижий давлатларнинг халқаро муносабатлар бўйича етакчи экспертлари билан бугуннинг долзарб мавсуси юзасидан онлайн фикр алмашди.

Анжуманда Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори Гулчеҳра Рихсиева, аввало, қатнашчиларни айни шароитда мамлакатимизда коронавирус инфекциясининг янада кенг тарқалиши ва юзага келиши мумкин бўлган салбий оқибатлари олдини олиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар мазмун-моҳияти билан таништирди. Карантин даврида олий таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасида профессор-ўқитувчилар, ёш олим ва тадқиқотчилар учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида гапирди. Шунингдек, бугунги кундаги пандемия ҳолати халқаро ҳамкорлик мустаҳкамлигининг ўзига хос синови бўлиб, давлатларнинг нафақат эпидемиологик ва ташкилий масалаларда тажриба алмашиш, балки молиявий, иқтисодий ва озиқ-овқат маҳсулотлари борасида ўзаро кўмак беришга тайёрлигида ҳам яққол намоён бўлаётганини таъкидлади. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон бугун ҳеч қайси давлат коронавирусни фақатгина ўз ҳудудида тугатиш орқали мамлакат, хусусан, инсон хавфсизлигини тўлиқ таъминлаб бўлмаслигини тўғри тушунаётганини айтди. 2020 йилда Осиё ­тараққиёт банки, Жаҳон банки ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги каби хорижий молия институтлари томонидан юртимизга йўналтирилган 2,7 миллиард АҚШ доллари маблағни ўзлаштириш режалаштирилгани, мазкур ташкилотлар пандемия билан кураш учун соғлиқни сақлаш соҳасига 277 миллион АҚШ доллари ажратаётганини маълум қилди.

Онлайн суҳбат давомида халқаро ташкилотлар ҳам юртимизга керакли кўмакни беришга доим тайёр эканлигини билдирди. Шу билан бирга, хорижлик мутахассислар мамлакатимизда пандемияга қарши кураш доирасида олиб борилаётган аниқ чора-тадбирларга юқори баҳо берди.

— 2003 йилдан  буён АҚШнинг Ўзбекистондаги  иккита ташкилотида раҳбар сифатида фаолият юритиб келаман. 2011 йилда юртингизда марказимизнинг бир бўлими очилди, — деди ­Словениянинг “Минтақавий мулоқот” халқаро маркази директори Мьюша Север. — Ўзбекистонда инқирозга қарши кураш бўйича масъулларнинг айни пайтдаги фаолиятини юқори баҳолайман. Глобализация пандемиянинг бу қадар кенг авж олиб кетишига қулай шароит яратиб берди. Ўзбекистон мисолида халқаро очиқликнинг бугунги даражаси қатор бюрократик тўсиқларни бартараф этишга олиб келади. Мен баъзи ижобий жиҳатлар ва қийинчиликлар хусусида ўз фикримни билдирмоқчиман. Биринчиси, бошқарувни ташкиллаштиришда  ҳар бир шахсни қамраб олиш қийинчилигидир (яъни ҳажм муаммоси). Кўплаб иш ўринлари ёпилди. Аҳоли ўз уйида. Карантин вақтида инсонларга ўзини ўзи изоляция қилиш буюрилди. Бундай шароитда халқни тўғри ва аниқ маълумотлар билан таъминлаш талаб этилади. Ўзбекистон ҳукумати карантин вақтида тўғри йўл тутди. Оммавий ахборот воситалари билан алоқани йўлга қўйди. Мен ўз ҳукуматимга Ўзбекистон тажрибасини намуна сифатида тавсия этаман.

— Пандемия туфайли инсон хавфсизлиги масаласи бирламчи бўлган глобал халқаро хавфсизлик архитектурасининг янги тизими шаклланмоқда. Бу, ўз навбатида, минтақавий ва халқаро можароларни ҳал қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатларда ижобий натижаларга эришишга кўмак беради, — деди АҚШнинг Ж.Маршал номидаги Хавфсизлик масалаларини ўрганиш ­Европа маркази профессори, сиёсий фанлар доктори ­Грегори ­Глисон. — Дарҳақиқат, пандемия даврида эътиборга олишимиз керак бўлган энг асосий омил инсон хавфсизлигидир. Шунингдек, пандемияни енгишда, аввало, ҳар бир давлат ўзининг иқтисодий-сиёсий ҳолатини аниқ баҳолай олиши лозим. Ҳозирги шароитда айрим давлатлар иқтисодиёти инқирозга юз тутмоқда. Бу кўпроқ экспорт масаласи билан боғлиқ. Ўйлашимча, Ўзбекистон ҳукумати бу масалаларни самарали ҳал этишга эришмоқда.

— Марказий Осиё давлатлари орасида Ўзбекистон қисқа вақт ичида барча ресурсларини сафарбар этиб, мамлакатда коронавирус тарқалишининг салбий оқибатларига қарши чора-тадбирлар дастурини қабул қилди, — деди Россия Фанлар академияси Шарқшунослик институти илмий ходими, тарих фанлари номзоди ­Станислав Притчин. — Республикада олиб борилган инқирозга қарши кураш ишлари натижасида айни пайтда Ўзбекистон қатор давлатларга гуманитар ёрдам ҳам бермоқда. Шундай оғир вазиятда давлатларнинг бир-бирини қўллаб-қувватлаётгани инсониятнинг пандемияга қарши олиб бораётган умумий курашида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Онлайн суҳбат давомида хорижлик вакиллар ўз мамлакатларида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича қилинаётган ишлар ҳақида ҳам гапирди. Тадбир якунида барча иштирокчилар бу борадаги халқаро ҳамкорликнинг бугунги шарт-шароитлари ва постпандемия муносабатлари, шунингдек, дунё давлатлари, жумладан, Ўзбекистоннинг инқирозга қарши чора-тадбирлари ва унинг салбий оқибатларини бартараф этишга қаратилган саъй-ҳаракатлари борасидаги масалаларнинг халқаро даражада муҳокама қилинишини ташкил этгани учун Тошкент давлат шарқшунослик университети жамоасига миннатдорлик билдириб, буларнинг барчаси, ўз навбатида, пандемияга қарши курашиш бўйича халқаро ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилишини таъкидлади. 

Ирода Тошматова,
“Янги Ўзбекистон” мухбири

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech