29 Май 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +25,6 °C

Фан
16 Апр  2020 797

Пандемияга қарши глобал курашда илм-фаннинг ўрни ортмоқда

Бугунги кунда дунёнинг 190 дан ортиқ мамлакатида тарқалган COVID-19 пандемиясига қарши глобал курашда илм-фаннинг ўрни беқиёс эканини жаҳон тажрибаси кўрсатиб турибди. Давлатимиз томонидан замонавий илмий тадқиқотларга қаратилган юксак эътибор бежиз эмаслигига яна бир карра иқрор бўлдик.

Шундай фавқулодда вазиятлар асносида давлатимиз тўғри ва тезкор чоралар кўра олиш салоҳиятини намоён қилди. Бунга фан нуқтаи назаридан қарасак, айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилаётган биология-кимё ҳамда биотехнология соҳаларини комплекс ривожлантириш бўйича қарори лойиҳаси сўзимизни исботлайди. Унда илм-фан тараққиётида биологик ва кимёвий тадқиқотларни ривожлантиришга зарур шарт-шароит яратиш, микро ва нанотехнологиялар билан бир қаторда биотехнологияларнинг ҳам ўрни муҳимлигига эътибор қаратилган. Лойиҳанинг “Тиббий биотехнологиялар” қисмида айнан шу муаммо — биотехнологик хавфсизликнинг миллий тизимини яратиш борасидаги ўта муҳим чора-тадбирлар амалга оширилиши белгиланган.

Ушбу тарихий даврда коронавирус таҳдиди туфайли мамлакатимиздаги эзгу жараёнлар шиддати сусайгани йўқ. Вазият тақозо қилгани ва инсонлар саломатлиги муҳим бўлгани учун янгича иш тартибига ўтилди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳам вазиятнинг муҳимлигини ва моҳиятини чуқур англаган ҳолда пандемиянинг олдини олиш, унга қарши курашишга қаратилган кенг миқёсли чораларни қатъий қўллаб-қувватламоқда.

Хусусан, вазирлик томонидан ўткир респиратор вирусли инфекцияларга қарши мавжуд ва рўйхатдан ўтган дори препаратларини COVID-19 коронавирусини даволашда фойдаланиш учун танлаб олиш мақсадида тезкор лаборатория синовларини ўтказиш бўйича инновацион лойиҳалар танлови эълон қилинди. Унинг асосий мақсади мазкур вирусни даволаш амалиётида тўғридан-тўғри фойдаланиш учун энг самарали маҳаллий препаратларни танлаб олишдан иборат. Сабаби, янги дорини тез суръатда яратиш ва уни клиник синовлардан ўтказиш анча мушкул вазифа. Қолаверса, бу жараён кўп вақт талаб қилади.

Дунё амалиёти шуни кўрсатмоқдаки, ҳозир ОИТС, ревматизм ёки безгак касалликларига қарши яратилиб, бундан бир неча йиллар аввал ишлаб чиқарила бошланган дори воситалари коронавирусга қарши яхши самара бермоқда. Бу, биринчидан, илм-фан натижалари ва улар асосида яратилган ишланмаларнинг йиллар ўтса ҳам наф бериши мумкинлигини кўрсатса, иккинчидан, юртимизда мавжуд шу туркумдаги дори-дармонлар ичидан самаралиларини танлаб олишга катта умид бағишлайди.

Шу йилнинг февраль ойидан бошлаб вируснинг бутун дунё бўйлаб тарқалаётгани, унинг Ўзбекистонга ҳам кириб келиш хавфи мавжудлигини инобатга олган ҳолда тест тизимини ишлаб чиқиш устида иш бошланган эди. Март ойининг учинчи ўн кунлиги бошида илк натижаларга эришилди: вазирлик ҳузуридаги Илғор технологиялар марказининг биотехнолог мутахассислари коронавирусни аниқлаш бўйича тест тизимини ишлаб чиқдилар. Инсон танаси ва қонида ДНК ва РНК вирус фрагментлари пайдо бўлишига имкон берувчи ўта таъсирчан таҳлил — ўзбекистонлик олимлар томонидан ишлаб чиқилган тест тизимининг алоҳида хусусияти. Ҳозирги кунда юртимиздаги илмий ва тиббий лабораторияларда мавжуд хорижий тест тизимлари фақат вирус геномининг бир бўлаги таҳлилига асосланган.

Инновацион ривожланиш вазирлиги Фанлар академиясининг Биоорганик кимё институтида гриппга қарши яратилган оригинал “Рутан” дори воситасининг Хитой мутахассислари томонидан текширилишини ташкил этди. Хитойлик олимлар ўтказган синовлар мазкур дори воситасининг COVID-19 инфекциясига қарши қўллашда самарали бўлиши мумкинлигини кўрсатди. Шунга мувофиқ, вазирлик ва Биоорганик кимё институти ҳамкорлигида “Рутан” дори воситасини GMP стандартига тўлиқ жавоб берадиган “China — Uzbekistan Medicine Technical Park” хорижий корхонасида ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда.

Бундан ташқари, Биоорганик кимё институтида ўткир респиратор инфекцияли касалликларга қарши ишлаб чиқилган, олиниш технологияси ва ноу-хауси патент билан ҳимояланган, вирусга қарши фаолликка эга 30 та янги биологик фаол бирикма мавжуд. Уларнинг коронавирусга қарши таъсирини синовдан ўтказиш мақсадга мувофиқ. Шу боис, Хитойдаги Шанхай тиббий материя институтида уларнинг COVID-19 га қарши таъсири ҳамкорликда скрининг қилинмоқда.

Аввал безгак касаллигига қарши ишлатилган Hydroхychloroquine (“FenLe”) дори препарати Хитойда коронавирусга қарши самара бермоқда. Бу туркум дори воситалари ҳам Ўзбекистонда ИММАРД® (Immard, Ҳиндистон) ва ПЛАКВЕНИЛ (Plakvenil, Испания) номи остида рўйхатдан ўтган. Инновацион ривожланиш вазирлиги ушбу дори воситасининг йигирма минг қадоғини Ўзбекистонга беғараз ёрдам сифатида келтириш бўйича хитойлик ҳамкорлар билан келишувга эришди. Бу каби илмий ёндашувлар юртимизда коронавирусга қарши курашда самарали натижаларга эришишдаги дастлабки қадамлардир.

Вазирликнинг Elsevier компанияси билан имзолаган шартномаси доирасида уч минг шифокор мутахассисга жаҳон тиббиёт жамоатчилиги томонидан эътироф этиладиган Clinicalkey платформасидан 2020 йил давомида текин фойдаланиш имконияти яратилди. Мазкур дастурий таъминот даволаш ва диагностика стандартларини янгилаш, клиник протоколларни ва далилларга асосланган тиббиёт тамойилларини амалиётга кенг жорий этиш, микрожарроҳлик, робот жарроҳлиги, нуклеар тиббиёт, тиббий генетика соҳаларида жаҳон тиббиётининг энг сўнгги ютуқлари тўғрисидаги улкан маълумотлар базасини ўзида жамлаган. Тиббиёт соҳасида тадқиқот ўтказаётган олим ва шифокорларимизнинг мазкур платформадан фойдаланиши COVID-19 га қарши курашда ижобий натижа беради.

Вазирлигимиз томонидан COVID-19 вирусига чалинган беморларни даволашда қўлланадиган, ҳозир бутун дунёда тақчиллиги сезилаётган ўпканинг сунъий вентиляцияси (ЎСВ) аппаратларини ишлаб чиқариш бўйича технологиялар трансфери амалга оширилмоқда. Шу соҳадаги етакчи компаниялардан бири бўлмиш Словакиянинг Chirana компанияси ва россиялик ҳамкорлар билан биргаликда ИВЛ қурилмаларини ишлаб чиқариш шу йилнинг май ойида бошланади. Коронавирус туфайли мамлакатдаги мавжуд вазият ва ЎСВ ҳамда шахсий ҳимоя воситаларига эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда мазкур лойиҳа доирасида Ўзбекистонга минг дона нафас олиш контури, 500 дона намлик коллектори билан нафас олиш контури ва бир марталик бактериал-вирусли минг дона фильтр беғараз фойдаланиш учун топширилади.

Юртимизда амалга оширилаётган тезкор чора-тадбирлар натижасида COVID-19 балоси тез орада бартараф этилишига шубҳа йўқ. Ўзбекистон олимлари бу муаммоларни ҳал қилишда халқимизга ва давлатимизга камарбаста бўла оладилар, бунга салоҳиятимиз ва имкониятимиз етарли.

Иброҳим Абдураҳмонов,
инновацион ривожланиш вазири, академик.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech