17 Июль 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +30,6 °C

Мамлакатимизда
24 Апр  2019 5875

Онлайн-аукционлар: эртами-кечми барча шунга ўтади

Йилнинг устувор вазифаларидан бири – ички ялпи маҳсулотни кўпайтириш ва коррупцияни камайтиришдир. Бу 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва Президентимизнинг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам ўз аксини топган. Давлат мулкларини бошқариш соҳасида уларнинг ижроси қандай бораётгани ҳақида Давлат активларини бошқариш Агентлигининг Давлат активларини тасарруф этиш ва мажбуриятларни мониторинг қилиш департаменти бошлиғи Жўрабек АҲМЕДОВ сўзлайди:

– Давлатимиз раҳбари томонидан халқ хўжалигининг барча соҳаларини замонавий технологиялар билан янгилаш ва шу асосда «Рақамли Ўзбекистон-2030» дастурини татбиқ этишни назарда тутувчи  Миллий рақамли иқтисодиёт концепциясини ишлаб чиқиш топширилган.

Саноатимиз ривожланишининг муҳим шарти бўлган фаол инвестицион сиёсатни изчил давом эттириш вазифаси ҳам юкланган. Иқтисодиётни бошқаришда давлатнинг иштирокини кескин қисқартириш зарурлиги ҳам таъкидланган. Бунга эришишнинг таъсирчан механизмларидан бири давлат мулки объектларини сотишдир.

Бундай объектларни сотишнинг анъанавий усулидан электрон онлайн-аукцион тизимига ўтишга нима асосий сабаб бўлди?

– Анъанавий усул амалда бу анча вақтни оларди. Бу аввало, маълум бюрократик тўсиқлар билан боғлиқ эди.

Масалан, илгари сотилиши керак бўлган давлат мулки, мажбурий тартибда баҳолаш жараёнидан ўтарди. Кейин баҳолаш ҳисоботининг тўғрилиги, ишончлилигини аниқлаш учун экспертиза зарур бўларди. Кўпинча бунга икки ойлаб вақт кетарди ва яна бюджет маблағларидан маълум харажатлар сарфи ҳам қўшиларди.

Танлов асосида савдоларни ўтказиш ва ғолибни аниқлаш жамоатчиликда турлича муносабат уйғотди. Илгари эълонлар ҳамма учун эркин бўларди ва чекланган миқдорда босма нашрларда эълон қилинарди ва маълум жойларгагина тарқатиларди.

Шундай қилиб, бу каби объектларни сотишдаги бошқарув тизимини тубдан ўзгартириш лозимлигига кучли зарурат пайдо бўлди. Юзага келган вазиятни яхшилаш учун Президентимиз томонидан инновацион қарорга келинди ва бу 2018 йил 11 октябрда эълон қилинган «Давлат мулки объектларини ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тадбиркорлик субъектларига сотиш тартибини соддалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» фармон билан мустаҳкамланди. Ҳужжатда мос тажриба ўтказиш назарда тутилган. Шунингдек, бўш турган кўчмас мулк объектларининг қийматини баҳоламай электрон савдо майдонида аукционга қўйиш ҳам назарда тутилган.

«E-IJRO AUKSION» инвестицион ва ижтимоий мажбуриятлари билан бошланғич баҳоси бир сўмга тенг.

Мазкур аукционнинг қандай афзалликлари бор?

– Биз рақамли технологиялар шиддат билан ривожланаётган оламда яшаяпмиз, анъанавий ва кундалик жараёнлар янада кўпроқ интернетга ўтмоқда. Электрон савдолар ҳам бундан истисно эмас.

Ўзбекистон ёшлари кўп мамлакат ҳисобланади ва аҳолининг ярмисидан кўпроғини 30 ёшгача бўлган шахслар ташкил этади. Улар АТ билан ҳамқадам ва барча янгиликларни осонлик билан ўзлаштирмоқда ҳамда пайдо бўлган имкониятдан ўз мақсадларини амалга оширишда фойдаланмоқда. «Глобал ўргимчак тўри»га уланмаган замонавий кишини, айниқса, тадбиркорни русумда бўлган гаджетсиз тасаввур этиб бўлмайди. АКТ сабабли маҳсулот харид қилиш ёки хизматлар учун тўловлар жой ва куннинг қайси вақти эканидан қатъи назар мобиль телефон ёки шахсий компьютердаги бир неча тугмачани босиб амалга оширилмоқда.

Давлат мулклари объектларини электрон савдолар орқали сотишда шунингдек, инсон омили минимумлаштирилади ва жараённинг максимал даражада очиқ ва шаффофлиги таъминланади. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бозор механизмлари, айнан, талаб ва таклиф ёрдамида ҳаққоний, яъни бозор қиймати шаклланади, бу эса табиий йўл билан сотиб олиш нархлари масалаларини адолатли аниқлашда номзодлар фикрига ижобий таъсир кўрсатади.

Тажриба қанчалик муваффақиятли чиқди?

– Қисқа вақт ичида тажриба ўз ижобий натижасини кўрсатди. 2019 йилнинг биринчи чорагида унинг доирасида 314 та бўш ётган давлат кўчмас мулк объектлари электрон савдо майдонида бошланғич баҳоси бир сўм қийматда аукционга қўйилди. Уларнинг 152 таси 119,6 миллиард сўмлик инвестиция киритиш ва 1678 та янги иш ўрни яратиш шарти билан 5,968 миллиард сўмга сотилди. Ушбу янгилик давлат ва маҳаллий бюджетга пул маблағлари тушиши, шунингдек, корхоналарни модернизация қилиш ва фуқароларни иш билан таъминлаш имконини берди.

Ушбу ижобий тажрибани келгусида яна давом эттириш кўзда тутилганми?

– Тажрибанинг омадли натижаларини инобатга олиб, Президентимизнинг 2019 йил 19 февралдаги «Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони доирасида жараёнларни соддалаштиришнинг дастлабки тестини ўтказиш муддатларини 2020 йилнинг 1 январига қадар узайтириш тўғрисидаги қарор қабул қилинди. Шу билан бирга қатор янги тартиб-қоидалар тасдиқланди. Ҳужжат қабул қилинган кундан бошлаб бутун республика ҳудудларида давлат объектларининг (акциялардан ташқари) сотилиши «E-IJRO AUKSION» электрон майдонида амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида жараёнларнинг максимал даражада қисқариши ва шаффофлиги таъминланади. Бошланғич баҳоси бир сўмга тенг қийматда электрон савдо майдонига қўйилган кўчмас мулк то сотилгунга қадар аукциондан олинмайди.

Жорий йилнинг 1 июнидан ижарага бериш савдоларини ҳам «E-IJRO AUKSION» электрон майдонида амалга ошириш режалатирилмоқда. Кўчмас мулк объектларининг ижара тўловлари фаолият туридан келиб чиқиб, улар балансида бўлган муассасалар томонидан келтирилган минимал ставкада кўрсатилади.

Тадбиркорлар учун яна қандай янгиликлар бор?

– Давлат кўчмас мулк объектларини сотишдан ва давлат улушидан тушган маблағлар таҳлили жараёнида тадбиркорлик субъектларидан тўлов муддатларини узайтириш борасидаги мурожаатлар бўлган ҳолатлар ҳам кузатилади. Бу кўпроқ уларнинг бир неча бизнес-лойиҳаларни баравар амалга оширишга интилишлари билан боғлиқ, олинган мажбуриятларни муддатида бажариш учун эса пул маблағлари вақтида келиб тушмайди. Ушбу фактларни ва тенг ҳуқуқларни тақдим этиш ҳамда активларни (акциялардан ташқари) сотиб олишда тенг шароитлар яратиш инобатга олиниб, улар суммасига қараб олди-сотди шартномаси имзоланган кундан бошлаб уч ойдан уч йилгача бўлган муддатлар белгиланган.

Амалиётда шунингдек, иқтисодиётнинг асосий тармоғини ривожлантириш учун нуфузли инвесторларни тезкор жалб этиш зарурати юзага келган ҳолатлар ҳам учрайди. Ушбу масалани ҳал этиш учун давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш Давлат комиссиясига хўжалик субъектларининг Низом жамғармаларида давлатнинг акциялар пакети (улуши)ни танлов ўтказиш йўли билан сотиш ва олди-сотди шартномаси рўйхатга олинадиган тўғридан-тўғри келишувларни савдо майдончаси ташқарисида амалга ошириш ҳуқуқи берилган.

Сўнгги йилларда олинган тажрибалар шуни кўрсатадики, талаб ва таклифнинг ҳамда иқтисодиётнинг тузилмавий қайта ўзгариши натижасида тадбиркорлик субъектлари ишлаб чиқаришни қайта ташкил этиш ва/ёки кенгайтириш/қисқартириш муаммосига тўқнаш келмоқда. Илгари улар «ноль» қийматда сотиб олинган мулкка эгалик қилиш ҳуқуқига эга эмасдилар. Бугун бундай объектларни сотишда қабул қилиб олинган пайтдан бошлаб йил давомида янги иш ўринларини сақлаб қолиш тартиби ва инвестицион мажбуриятларни бажариш бекор қилинган.

Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг 2019 йил 19 февралдаги фармони фаолиятни ташкил этиш ва кенгайтириш учун бизнесга қўшимча имкониятлар тақдим этишга йўналтирилган чора-тадбирлар комплексини ўзида мужассам этган.

Отабек Искандаров

суҳбатлашди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech