24 Сентябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +12,2 °C

Мамлакатимизда
8 Мар  2019 4975

«Далалар — жони-дилим...»

Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидаги «Нурли обод» фермер хўжалиги раҳбари Лолахон Муротовани билмаган одамни топиш қийин. Мақсадга интилувчан, масъулиятли, мураккаб вазифаларни ҳам осонгина ҳал эта оладиган инсон.

Бутун умрини ҳалол меҳнатга бағишлаганини ва энди у юз карра бўлиб ўзига қайтаётганини айтади. Ўтган йили пахтадан 650 миллиондан зиёд, дон экинларидан 350 миллион сўм даромад олиб, жами бир миллиард сўм соф фойда олган.

Бундай ҳажмларгача йўл узоқ ва осон бўлмаган, албатта. Лола Муротова оддий ишчи, механик, трактор ҳайдовчиси, табелчи, бригадир, бўлим бошлиғи бўлиб ишлаган. Мустақиллик йилларида фермер хўжалигини ташкил этди. Сиртқи бўлимда ўқиб, олий маълумотли бўлди.

Аёл юксак мукофотлар билан, жумладан, «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими» фахрий унвони билан ҳам тақдирланган. Олтиариқ тумани аҳолиси унга доимо ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлади.

Туман марказидан чиқиб, Ўзбекистон фахрийлари санаторийси томон юрсангиз, кейин «Белариқ» кўрсатгичи бўйича ўнг томонга бурилсангиз, тез орада чор атрофи мевали боғлар билан ўралган дала шийпонига етиб келасиз. Қаҳрамонимизни бу ерда тез-тез учратиш мумкин. Агар ишлари ҳақида сўрасангиз, кулиб: «мана шу далалар - менинг жони-дилим ва экинлари – фарзандларим-да!», дея жавоб беради. Ва, чиндан ҳам, унинг учун улар бутун ҳаёти мазмунига айланган.

- Ўтган йили вилоят ҳокимлиги биносида бошқа иштирокчилар билан бирга Президентимизнинг Олий Мажлисга мурожаатномаси тингладим , - дейди Лола опа. - Юртбошимизни ўз Ватанини ва халқини чин дилдан севадиган, ҳар бир инсоннинг фаровонлиги ва манфаатлари ҳақида ўйлайдиган фидойи инсон, деб ҳисоблайман. Унинг ҳаётга бўлган янгича нуқтаи назаридан илҳомландим. Унинг шахсан ўзи қишлоқ хўжалиги соҳасида илм-фан ва технологияларнинг сўнгги ютуқларини жорий этиш ташаббускори бўлганининг ўзиёқ биз фермерларни улкан ютуқлар ва чўққилар сари ундайди.

Фермер хўжалиги автопаркида «Class Orion» комбайни, учта «Беларусь» ва иккита юк ташувчи тракторлар, минерал ўғитларга ишлов берадиган яна бир техника бирлиги, «Дамас» ва «Нексия» автомобиллари мавжуд. Фермер хўжалигида 110 киши бир ёқадан бош чиқариб, баҳамжиҳат меҳнат қилишга ўрганган.

Фермер хўжалигининг ўтган йилги кўрсаткичларига эътибор қаратсак: 350 гектар майдонда «Аср» ва «Гром» донли экинлари етиштирилиб, ватан хирмонига режадаги 870 тонна ўрнига 1100 тонна буғдой топширилди. 127 гектар ердан «Наманган-77» навидан юқори пахта ҳосили олиниб, қабул қилиш пунктларига 440 тонна саноат хомашёси етказиб берилди. Ҳар бир гектар майдондан ҳосил 40 центнердан ошиб, йиллик режа қарийб 155 фоизга ошириб бажарилди.

Лолахон опа Фарғона вилояти халқ депутатлари Кенгаши вакили сифатида мамлакатнинг сиёсий ва ижтимоий ҳаётида ҳам фаол иштирок этмоқда. Хотин-қизлар қўмитаси вилоят бўлими йиғилишларида долзарб масалалар борасида маърузалар қилади. Қаҳрамонимизнинг айтишича, ҳаммасига улгуради ва қилган ишларининг самараси уни янги-янги ютуқлар сари илҳомлантиради.

Ҳамид Бурҳонов.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.

Рашид Галиев сурати.

 

«Правда Востока» газетасининг 2019 йил 8 мартдаги № 47-сонида «Одна на миллион» сарлавҳаси билан чоп этилган.

 

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech