19 Сентябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +33,4 °C

Суҳбат
30 Апр  2019 8324

Иқтисодиёт, бизнес ва буюк наманганликлар ҳақида

Наманган вилояти ҳокими, сенатор Хайрулло Бозоров «Правда Востока»га берган интервюсида иқтисодиёт ва бизнесга, туризм соҳасини такомиллаштиришга оид қатор муҳим мавзулар ҳақида сўзлади. Шунингдек, ёш авлодни тарбиялаш, уларнинг адабиётга бўлган қизиқишини кучайтириш ва маънавиятини юксалтиришниям унутмади.

– Президентимиз фаровон ҳаётимиз, юрт равнақи ва унинг гуллаб-яшнаши учун ҳар биримизнинг фидокорона меҳнат қилишимизга алоҳида эътибор қаратмоқда, – дея сўз бошлади Х.Бозоров. – Ҳақиқатан ҳам, ўзгаришлар кўламини тасаввур этиш ва таърифлаш қийин, уларга назар солиш керак. 28 февраль – 1 март кунлари давлатимиз раҳбарининг Наманган вилоятига қилган ташрифи оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди, қатор чиқишлар ва кўрсатувлар тайёрланди, натижада қўшни ҳудудлар аҳолиси ҳам вилоятга катта қизиқиш билдириб, бу ерга бориб, ҳаммасини ўз кўзи билан кўришни истаб қолди.

Эришилган ютуқлар сифатида Жанубий Кореянинг «Hyundai» компанияси автомобиль заводи билан ҳамкорликда тижорат машиналари ва бошқа техникалар ишлаб чиқарадиган заводини ташкил этиш борасидаги келишувни қайд этиш жоиз. Заводнинг пойдеворига биринчи тош қўйилди. Мамлакатнинг Инвестиция дастурига киритилган лойиҳа доирасида Норин туманида «Норин мото бике» велосипед заводи фойдаланишга топширилди, 200 минг долларлик инвестициялар жалб этилиши кутилмоқда. Келгусида бу ерда нафақат велосипедларнинг турли моделларини, балки мопедлар, скутерлар, мотоцикллар, трицикллар ва квадроциклларни ишлаб чиқариш ўзлаштирлади.

Вилоятда тўқимачилик ва енгил саноат изчил ривожланмоқда, «Истиқлол дизайн текстиль» ҳамда «Наманган момиқ сочиқлари» МЧЖлари ва бошқа кўплаб корхоналар «Ташаббус» танловида бир неча бор ғолиб бўлиб, маҳсулотлари хорижга муваффақиятли экспорт қилинмоқда. Истиқболли лойиҳалар ичида сочиқ, халат, чойшаблар ва бошқаларни ишлаб чиқарадиган «Art  Soft Tex Group» корхонасининг кенгайиши ҳам кўзда тутилган. Ўтган йили 290 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, экспорт ҳажми 9,4 млн. долларни ташкил этди. Заводда ва унинг филиалларида икки мингдан ортиқ киши ишлайди. Яқин вақт мобайнида тўқимачилик кластерини яратиш имконини берадиган тўқимачилик мажмуаси ишга туширилади.

Дарвоқе, 28 февраль куни Президентимиз замонавий паррандачилик кластери барпо этиладиган «Golden Egg of Namangan» МЧЖга ташриф буюриб, ташкилий ишлар билан танишди. Ўтган йили 50 киши меҳнат қиладиган ушбу МЧЖ 107 миллион дона тухум ва 3,3 минг тонна парранда гўшти ишлаб чиқарган. Ва бу чегара эмас - янги технологияларни жорий этиш билан қўшимча иш ўринлари яратилади.

Давлатимиз раҳбарини корхонанинг Германия, Канада, Туркия ва бошқа мамлакатлардан келтирилган замонавий ускуналар билан жиҳозлангани, барча жараёнларнинг автоматлаштирилгани ва стерил тозалик ҳукм сураётгани қувонтирди. Объектни кўздан кечирар экан, мамлакатимиз раҳбари гўшт ва товуқ тухумини ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш зарурлигига, томорқа хўжаликлари эгаларига тухум йўналишидаги 90 кунлик бир миллион бош жўжаларини етиштириш ва сотиш ҳамда тадбиркорликни ривожлантиришга эътибор қаратди. Бу ички бозорни тўлдириш имконини беради. Бунда аҳолига услубий ёрдам ва уй ҳайвонлари учун ветеринария хизматларини кўрсатиш талаб этилади.

Биз бундай тарихий ташрифдан сўнг саноатни янада ривожлантириш учун аниқ қадамлар қўйишга интиламиз. Хусусан, Мингбулоқ туманида яна бир паррандачилик фермасининг очилиши кутилмоқда.

Дарвоқе, Наманган вилоятида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 мартдаги деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори доирасида тегишли ташкилотлар, жумладан, солиқ хизмати вакиллари иштирокида ишчи гуруҳ ташкил этилди. Унинг аъзолари жойларга бориб вазиятни ўрганади, энг яхши тажрибаларни тарқатишга ҳаракат қилади ва ўз ерларида бирон нима экмаганларга нисбатан чоралар кўради.

Йил бошидан буён мониторинг ўтказилди, томорқадан, ер-сувдан самарасиз фойдаланадиган ер эгаларига огоҳлантиришлар юборилди, зарур тавсиялар берилди. Баъзан шундай бўладики, одамлар нима қилишни билмайди ва маслаҳат олишга, иссиқхона қуриш, соғин сигирлар, қўйлар, товуқлар сотиб олиш ва бошқа муаммоларни ҳал қилиш учун кредит олишга муҳтож бўлиб қолади.

Энг муҳим ва самарали далил: ҳар йили барқарор ҳосил олиш, парранда ва чорва молларини етиштириш учун ажратилган ер эгалари учун ер солиғини ҳисоблашда пасайтириб бориш коэффициенти қўлланилиши мумкин. Бу ички бозорни тўлдиришга катта ҳисса қўшувчи томорқа хўжаликларини ривожлантириш учун улкан рағбат.

Туризм ва инфратузилмани ривожлантириш, буюк аждодлар меросини асраб-авайлаш ишлари қандай бораётгани ҳақида сўзлаб берсангиз?

– Гапни Наманганда туризм соҳасини такомиллаштириш нуқтаи назаридан 116 гектар майдонни эгаллайдиган янги «Афсоналар водийси» кўнгилочар боғи барпо этиш лойиҳаси жуда муҳим аҳамият касб этаётганидан бошлай қолайлик. Бу ерда саноатнинг энг янги ютуқларидан фойдаланилиб 30 та замонавий аттракционлар ва бошқа ғаройиб объектлар қурилади. Парк сув иншоотлари мажмуасига эга бўлади.

Давлатимиз раҳбари қадимий Ахсикентни йирик сайёҳлик мажмуасига айлантириш, бу ерда йилига икки марта тарихий фестиваллар ўтказиш таклифини берди. Вилоятимизда ички ва ташқи туризмни ривожлантириш учун барча имкониятлар мавжуд.

Биз нафақат моддий қадриятларни яратишни, балки маънавият, адабиёт ва илм-фан ҳақида ҳам ўйлашимиз керак. Бу айниқса, замонавий шароитда муҳим аҳамиятга эга, чунки жуда қадимдан Наманганда кенг дунёқарашга эга ва маърифатли инсонлар қадрланган. Минтақа дунёга таниқли адабиётчиларни берган. Маҳдуми Аъзам, Мавлоно Лутфулло Чустий, Бобораҳим Машраб, Фазли Наманганий, Надима Наманганий, Сўфизода, Искҳоқхон Ибрат ва бошқаларни эсланг.

Масалан, Ибрат - бугунги кунда ҳам ўз аҳамияти, долзарблигини йўқотмаган «Тарихи Фарғона», «Тарихи маданият», «Мезон ул-замон» каби асарлар муаллифи. Тарихчилар мактаб дарсликлари устида олиб бораётган фаолиятларида унинг ишларига ҳам мурожаат қилишса, халақит қилмасди. Уларда муҳим фактлар, қимматли маълумотлар келтирилган. Бу глобаллашув даврида айниқса муҳим, чунки ёшлар ота-боболаримиз кимлигини, қандай яшагани ва уларни нималар ташвишга солганини билиши лозим. Ибрат асарларида халқимизнинг ҳаёти, минтақа географияси ва ҳайвонот дунёси, унинг табиати ҳақида кўплаб энциклопедик маълумотлар мавжуд.

– Маълумки, буюк аждодимиз бундан юз йил муқаддам ахборотнинг мазмунига катта эътибор қаратган, шундай эмасми?

– Албатта. Унинг газета ўқимайдиган ва дунёда нималар содир бўлаётганини билмайдиган халқлар  ўлик ва ухлаб ётган одамларга қиёсланган «Газет хусусида» номли шеъри маълум. Ва бунда у мутлақо ҳақ. Саводсизликни бартараф этишда матбуотнинг роли жуда катта эди, деб ўйлайман, ҳозирда ҳам унинг ўрни беқиёс.

 Газета ва журналларни ўқиб, одамлар орфография ва грамматикани ўрганади, у ёки бу сўзнинг тўғри ёзилишини ўрганади, кейин китобларга, сўнг турли илмларга қизиқа бошлайди. Дунёда етакчи ўринни илм-фан соҳасида юқори даражада ривожланган мамлакатлар эгаллайди. Танқидий фикрлай олмайдиган ва таҳлил қилолмайдиган ёшлар келажакда ҳам муваффақиятга эриша олмайди. Ва буюк олим, тарихчи ва ёзувчи бу муаммога ўта жиддий ёндашган.

Президентимизнинг Ибрат шахсига алоҳида эътибор қаратиб, унинг номини абадийлаштириш, мамлакат бўйлаб қобилиятли болалар ўқитиладиган тиллар мактабини очиш учун чоралар кўриш борасида топшириқлар бергани ҳам тасодиф эмас. Тўрақўрғон марказида катта ҳажмдаги қурилиш ишлари амалга оширилди ва умумий қиймати 13,5 млрд. сўмлик Исҳоқхон Ибрат ёдгорлик мажмуаси барпо этилди. Косонсойнинг чап қирғоғида жойлашган ушбу мажмуа икки гектар майдонни эгаллайди. Президент ташаббуси билан бунёд этилган объект ёзувчи ҳайкали, 400 ўринли ихтисослаштирилган мактаб-интернат, амалий санъат ва ҳунармандчилик маркази, босмахонани ўз ичига олади. Бу ерда буюк аждодларимизнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганувчи ёш истеъдодлар тарбияланиши, кўплаб қизиқарли кашфиётлар яратишига ишонамиз.

Бунга қизиқиш уйғониши учун фақат илк қадамни ташлаш талаб этилади. Масалан, Буюк Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома»сида минтақамиз ва унинг табиати ҳақида жуда кўп қизиқарли маълумотларни ўқиш мумкин. Келгусида «Адабиёт саждагоҳи» марказини очишни режалаштирмоқдамиз.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг маънавият, адабиёт ва санъат муаммоларини ҳал этишни шахсан ўз назоратига олганини мамнуният билан қайд этиш лозим. Бу Ҳаракатлар стратегиясининг ҳамда бешта ташаббуснинг муҳим қисмидир ва бу вазифага расмиятчилик нуқтаи назаридан муносабат билдирмаслик лозим.

Феруза Отахонова.

«Правда Востока».

Наманган вилояти.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech