25 Июнь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +25,7 °C

Ташвишли хабар
25 Дек  2018 7636

«Марказий» маҳалласига маиший хизмат кўрсатиш маркази керак

№ 248 (28959) Юқори Чирчиқ  туманидаги «Марказий» маҳалласи аҳлининг маиший хизмат уйидан фойдаланиш учун анча йўл босиб, Чирчиқ шаҳри ёки Янгибозорга тушишларига тўғри келади.

Қишлоқда уч мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади ва уларнинг тенг ярмиси аёллардир. Айнан аёллар, қишлоқда, масалан, кимёвий тозалаш маскани ёки гўзаллик салонининг йўқлигидан қийналишади. Оналар гилам ва палосларни оддий усулда ювишади, қизлар эса келинлик либосини кийиши учун шаҳарга тушишларига тўғри келади.

Унча катта бўлмаган сартарошхонада иккита аёл ишлайди. Улар аёлларга хизмат кўрсатишдан ташқари, эркаклар ва болаларнинг ҳам сочларини олишади. Шогирдлари ҳам ёнида ишлаётган каттагина гўзаллик салонини орзу қилишади, мизжолар ҳам жуда кўп келган бўларди. Қишлоқда кўйлак тикишга буюртмалар олиб турадиган икки тикувчи аёл ишлайдиган кичкина тикув цехи ҳам мавжуд. Аммо ателье пайдо бўлса-чи? Аёллар кийимлари ва либослар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилиши мумкин...

Бу ерда пойабзал таъмирлаш устахонаси ҳам ишлаган, аммо унинг ҳам ёпилиб кетганига анча бўлган. Ҳаммом йўқ, маиший электр техникаларини таъмирлайдиган устахона йўқ. Худди маиший хизмат кўрсатиш соҳаси қишлоқни четлаб ўтаётгандай. Бир бугина эмас, вилоятнинг кўплаб қишлоқ жойларида шундай вазият ҳукмрон.

Тўғри, истиснолар ҳам учрайди. 2016-2017 йилларда Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 4 майдаги «Қишлоқ жойлардаги аҳолига сервис хизмати кўрсатишни яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш учун ҳудудда 19 та аҳолига хизмат кўрсатиш нуқталари қурилган. Ҳукумат топшириғига биноан Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасида гўзаллик салони, сартарошхона, ҳаммом, модалар ательеси, маиший электр техникаларни ва пойабзалларни таъмирлаш устахоналарини ўз ичига оладиган хизмат кўрсатиш мажмуаларининг намунавий лойиҳалари ишлаб чиқилган ва тасдиқланган.

Бу объектларни ким қурган, ишларни ким молиялаштирган? Қандай жиҳозланган? Улар қишлоқ аҳлини қизиқтирадими? Ана шу саволларга жавоб топиш учун вилоят ҳокимлигининг бир неча кабинетига кириб чиқдим. Умумий бўлимда Вазирлар Маҳкамаси қароридан келиб чиққан ҳолда вилоят ҳокими томонидан қабул қилинган қарорнинг нусхасини беришди ва ижрочиларга жўнатишди. Котибиятда қурилиш масаласида фақат турар-жой қурилишлари билан боғлиқ тезкор маълумотларни беришга тайёр эканликларини маълум қилишди. Аммо маиший соҳа объектлари ҳақида суҳбатлашишга тайёр эмасдилар. Маълумотларни қидириш, турли ташкилотларни безовта қилиш керак бўларкан.

Турар-жой бинолари бўйича суҳбатлар ва ишлар ҳар куни амалга оширилмоқда, бу масала долзарб. Шундай бўлган тақдирда ҳам инфратузилмани унутмаслик керак. Ҳа, бугун янги массивлар барчанинг диққат марказида, аммо мавжудлари ҳам мос муносабатни талаб этади.

Бу ишда менга Тошкент вилояти Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси ёрдам берди. Айнан, улар ёрдамида ўша объектларнинг қаерда қурилганини аниқлашга муваффақ бўлдим. Лойиҳани амалга ошириш учун туман ҳокимлари 3,21 гектардан ер майдони ажратишган экан. Улар қурилишига тадбиркорлар ўз шахсий маблағларини йўналтирган, банклардан кредитлар олишган. Шундай қилиб, Бўстонлиқ туманида учта, Бекобод, Зангиота, Паркент ва Ўртачирчиқ туманларида иккитадан ва бошқа туманларда биттадан ана шундай объектлар қад ростлабди.

Ўтаётган йилда вилоят ҳокими ташаббуси билан 8 март арафасида ҳудуднинг бир неча маҳалласида гўзаллик салонлари фойдаланишга топширилган. Бундан қишлоқ аёллари мамнун, албатта. Бу объектлар бугун жуда гавжум, айниқса, тўй-томоша кунлари.

Хўш, қишлоқда маиший хихмат кўрсатиш объектлари керакми? Дала ёки фермаларда меҳнат қилаётган, қишлоқ зиёлилари вакилалари, умуман, оддий уй бекаси ҳам: «Керак!», деб жавобни берган бўларди. Шундай экан, унда нега бундай мажмуалар ва гўзаллик салонлари фақат ҳукумат ёки вилоят раҳбарларининг ташаббуси билан қурилмоқда? Ахир, туман ҳокимлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари тадбиркорлар ўртасида тарғибот ишлари олиб бориши ва бунга банк муассасаларини жалб қилишлари ҳам мумкин эди-ку?! Бир сўз билан айтганда, қишлоқ аҳолисига маиший хизматлар кўрсатиш масаласида фаолроқ бўлиш талаб этилади.

Акимжон Адизов.
«Правда Востока»нинг ўз мухбири.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech