16 Сентябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +18,4 °C

Фикр
12 Мар  2019 15208

Биринчилардан бўлиш осон эмас

Сўнгги йилларда сайёрамизда стрит-арт, комикслар ва бошқалар жуда оммалашиб бормоқда. Бир пайтлар «охиргилар» сафида бўлган ушбу санъат турлари энди яратувчиларига миллионлаб даромад келтирадиган соҳага айланган. Аммо қай сабабларга кўра, бу йўналишлар бизда ривожланмаяпти?

 

Қумдан қурилган қалъалар

Бундан бир неча ўн йиллар бурун стрит-арт асарлари жаҳоннинг манаман деган музейларига қўйилишини ҳеч ким тасаввурига сиғдира олмасди. Бундай кўча «суратлари»ни нафақат санъат тоифасига киритишмаган, балки уларни қонундан ташқарида, деб ҳам ҳисоблашган. Вақт ўтиб, дунёда вазият ўзгарди, илгари одамлардан юзини яширганлар бугун омма олдида чиқишлар қилмоқда, янгиларга бренд сифатида ўз номзодини намойиш этиш учун ўзига хос ва такрорланмас услубни қидириб топиш лозимлиги ҳақида гапирмоқда. Стрит-арт мақомининг ўзгаришини ўткир ижтимоий ишлари кўча санъатига бўлган қизиқишни кенг оширган англиялик андерграунд-рассом Бэнкси номи билан боғлайдилар (андерграундоммавий маданият, мейнстрим ва расмий санъатга қарама-қарши қўйилувчи замонавий санъат (мусиқа, адабиёт, кино, тасвирий санъат ва бошқа)лар мажмуи). Бугун унинг асарларини кимошди савдоларга қўйилмоқда, деворлардаги расмлари узоқроқ сақланиши учун плёнка билан қопланмоқда.

Ушбу жанрнинг ёш рассомлари ўз номларини абадийлаштиришга интилишмайди: гап шундаки, бугун деворда бир сурат турса, эртага унинг ўрнига бошқаси чизилади. Баъзида бундай ижод нафақат кўзни қувнатади, балки муҳим ва долзарб мавзуларга эътиборни жалб қилади, тарихий шахслар ва воқеа-ҳодисалар ҳақида ҳикоя қилади. Шундай қилиб, Қозоғистонда деворлардаги бундай суратларга меъёрий кўз билан қарай бошлашгач, кўплаб турар-жой бинолари бадиий юксак ва диққатга сазовор масканларга айланди. Бизда ҳам ўтган йилдан бошлаб, пойтахт қошидаги жамоатчилик кенгаши шаҳар объектларига ўз ғоя ва фикрларига кўра безак беришни таклиф қилди. Бунинг учун олдиндан олдиндан жой ва муаммонинг тавсифи келтирилган тақдимот кўринишидаги лойиҳа, агар мавжуд бўлса, локация (товуш ва тўлқинлар қайтиши) тасвири, эскиз, бюджети ва қанча вақтда битиши тақдим этилиши лозим. Албатта, ғоя маъқулланиши лозим, аммо у ҳаммавақт ҳам устанинг фикрига мос келавермаслиги мумкин. Негаки, бу санъат йўналиши анчадан бери ўзбекистонликлар қалбидан жой олган.

Масалан, Умар Сайфуллаев болалигиданоқ девордаги гулқоғозларга қаламда расм чиза бошлаганман, дея ҳазил қилади. У мактабдалигидаёқ математикадан паст, тасвирий санъат ва чизмачиликдан «аъло» баҳо олган ўқувчилар сирасига киради. Бугун Мичиган университетининг «Санъат ва дизайн» йўналишида таҳсил олмоқда. Икки йил муқаддам ўзи бунга ишонмаса-да, хорижий ОТМга шахсий анкетаси ва портфолиоси (ишлари)ни жўнатганди. Буни қарангки, уни ўқишга қабул қилишгани ҳақидаги мактуб келиб турибди-да! Унинг Р.Беньков номидаги Республика рассомлик коллежида ўқиб юрганида вақт мавзусидаги унча катта бўлмаган суратларига профессорлардан бири муносиб баҳо берибди.

- Бу ерда ҳам ҳаммасини ажойиб, деб бўлмайди, албатта, - ёзади Умар у билан ижтимоий тармоқ орқали боғланганимизда. - Ўқитиш қиммат, вақт етишмайди, аммо яхши жиҳатлари кўп. Масалан, дейсизми? Ижодга тўлиқ эркинлик берилган, сабоқларда кўчириб чизишга эмас, балки тажриба қилиб кўриш, ўйлаб топишга ўргатишади. Ўзбекистонда ёзувлар ва тасвирлар билан шуғулланадиган бир-икки йигитни биламан, аммо уларнинг бор фаолияти кафе, бадиий студиялардаги кичкина хоналар кўламида бошланади ва ўша ерда якунига етади. Ва бу орзудаги иш эмас. Бу ерда эса талабаларни кўнгилли дам олиш масканларига: фуд-корт (савдо марказларидаги овқатланиш ҳудудлари), клублар, концерт майдонларига айлантирилган ташландиқ завод ва фабрика биноларининг олд томонига сурат чизишга ёллаш амалиёти кенг тарқалган. Бу табиийки, рағбатлантирилади, иш натижасини курс иши сифатида топшириш мумкин.

- Коллежда турли санъат турларини ўрганардик, бироқ... Гўёки узоқ-узоқ асрлардан бери битта қумдонда ўйнагандекмиз, белкуракчалар ва тувакчаларни алмаштирганмиз, албатта, аммо моҳият битта: қумдан чиройли, мураккаб, аммо аллақачон баъдга урган қаср қуриш. Ранг-баранглик бўлса ҳам майли эди, - давом этади графикачи уста. – Ҳа, сайёҳлар учун гиламлар, атлас, шарқона гўзаллик ва чопон кийган ёши улуғлар - бу қизиқ. Аммо ўзбекистонликларнинг ўзини бундай галереяга олиб кириб бўлмайди, негаки, ҳаммасини билишади, бари таниш. Ўз навбатида сўнгги пайтларга қадар унча таниқли бўлмаган бир-иккита блогерларнинг ёзганини айтмаса, қизиқарли ва янги лойиҳалар ошкор этилмаган. Вазиятнинг жуда секин бўлса-да, ўзгараётганини кўриш кўнгилли, албатта. Буни оғайним, ёш рассом ва дизайнер Аббос Шарифзода мисолида кўряпман. Унинг ишини кўриб: «Буни бизда тушунишмайди!», «Бу Ўзбекистон учун эмас», дейишганларини ҳам эслайман. Ҳозир йигит «Murad Buildings» компаниясида график дизайнер бўлиб ишлаяпти. Ундан ёши каттароқ ғаройиб истеъдодлар ҳам бор, кўпчилиги жасурона ишларини ватанида намойиш қилмаган, бир қисми ижод қилиш учун хорижга кетган. Ўзбекистон ва бошқа давлатлар ўртасида у ёққа-бу ёққа бориб-келиб юрганлари ҳам бор. Бунга қарши курашиш керак. Уйга қайтганимдан сўнг дарров ишга шўнғимоқчиман, эҳтимол, ҳозирги менга ўхшаганларга ушбу санъатдан дарс ҳам берарман.

Ғарб анъаналари

Бизда оммалашаётган бадиий оқимлардан яна бири, энди-энди пайдо бўлаётган комикслардир. Улар аллақачон оммавийлашган ва адабиёт ва тасвирий санъат турларини ўзида акс эттиради. Уларнинг японча вариациясини (манга ва бошқаларни) ёшлар ҳам, ёши катталар ҳам бирдай ўқимоқда. Ўзбекистонда матнидан ҳам суратлари кўп бўлган китобларни, жиддий ижод сифатида ҳозирча қабул қилиш қийин кечяпти.  Яқинда «Comics.uz» номли ғоят қизиқарли ғоя пайдо бўлгани ҳақида эшитдик. Унинг мақсади – Ўргимчак-одам ва Бэтмен каби суперқаҳрамонларни ўзимизникиларга алмаштиришдан иборат.

- 1990 йилларнинг бошларида кўпгина тенгқурларим Америка поп-маданияти: Голливуд фильмлари, анимацияси, клиплари ва албатта, комикслари билан танишди. Айниқса, комикслар қалбимиздан чуқур жой олди, - дейди «Comics.uz» лойиҳаси ғояси муаллифи ва таъсисчиси Шоҳруҳ Низомиддинов. – Болалигимда уларни ўзим чизардим. Орадан узоқ йиллар ўтиб, «Неон ва ред» номли сифатли маҳсулот яратиш учун ҳамфикр-профессионаллар билан жамоа туздик. Ишлар хорижда асос солинган қоидалар асосида олиб борилади, бироқ ҳаракатлар биз кўниккан қаерлардадир узоқда эмас, балки бизнинг мамлакатда содир бўлади. Яъни ўзбекистонлик ўқувчилар биринчи марта ватандошлари ҳақида бундай тарихни ўқийдилар. Исталган киши фантастик воқелик фонида кундалик турмуш воқеа-ҳодисаларини кўра олади.

Айни дамда йигитлар маблағ йиғмоқдалар. Негаки, мамлакатимизда бундай китоблар чиқариш билан шуғулланадиган компаниялар ҳозирча йўқ. Бунинг учун махсус қоғоз ҳам керак бўлади. Улар биринчилардан бўлиб, бундай янгиликка қўл уришди. Тўғри, китоб жавони хорижий нашрларга тўла, боз устига одатда 20 ёки 40 саҳифалик бундай китобнинг биттагина «томи» 100 минг сўмдан зиёд туриши мумкин. Бу олиб киришдаги тўлов зарурати билан боғлиқ. Агар талаб бўлиб, етарли миқдорда таклиф бўлмаса, сотувчиларнинг ўзлари истаган нархни қўйиб сотишади. Бундай муаммони ҳам маданий импорт ўрнини босиш ёрдамида ҳал этса бўлади.

Комикслар яратаётган йигитлар ҳаммаси бир овоздан барчасини ўзлари, махсус дастурлар ёрдамида чизиш, ёруғлик ва соянинг жойлашуви техникаси, тўғри кадрлаш ва композицияларнинг роли ҳақидаги видеороликларни томоша қилиб мустақил равишда ўрганишган. Энда ҳамма рассомларга ҳам ажойиб санъат асари яратиш учун қалин мато (полотно), бўёқлар ва мўйқаламлар шарт бўлмай қолди. Аммо бундай технологиялар юртимиз таълим жараёнларига, айниқса, ижодий соҳага тўлиқ кириб келган эмас. Шу боис ҳам бу соҳада биринчиларга қўлида битта планшет билан ўзига ва бунга бўлган катта ишончига таянишларига тўғри келади.

«Биринчи бўлишдан қўрқиш»

Ҳали бизда ривожланмаган йўналишга истаганларни қандай ўргатиш мумкин? Уларнинг истеъдодини ким очади? Умуман, комикслару гараффитилар бизга керакми? Масалага ҳар томонлама ёндашиш учун «эски мактаб» вакили, рассом, профессор, ҳозирги Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида узоқ йиллар талабаларга дарс берган Асқар Картаевга мурожаат қилдик.

- Ўзимни эскилик тарафдори демаган бўлардим, аммо девордаги суратлару ғарб қаҳрамонларини тушунмайдиганлар тоифасиданман, - дейди рассом. – Бироқ ҳаёт доимий ҳаракатда, ва албатта, қандайдир янгилик пайдо бўлади. Бу мутлақо табиий ва ажойиб. Аммо бунда муаммо шундаки, кўпгина ёшларимиз биринчи бўлишдан қўрқади ва бу ҳамиша кузатиладиган ҳолат. Бу санъат объекти бўладими ёки инсон фаолиятининг бошқа натижаси, агар асарларни яратиш жараёни йўлга қўйилмаган бўлса, бошлаш ҳамиша қийин бўлади. Эътибор беринг, ҳар иккала ҳолатда ҳам ўз шартларини қўядиган, тақиқларни юзага келтирадиган ёвуз йўқ. Аксинча, ўзинг истаганингдек ижод қил. Ҳа, бу борада ҳали устозлар йўқ, аммо мақола қаҳрамонлари каби олға интилувчан йигитларимиз бир неча йиллардан сўнг ёш рассомларга ўз тажрибасини ўргата бошлайдилар, шунчаки, ҳозир бошлаб олиш керак, холос. Бир аср муқаддам инсонга кўмир ёрдамида ёзиш ва чизиш мумкинлигини ҳеч ким ўргатмаган. Биринчи суратлар муаллифлари тажриба қилиб кўришган, ишлашган, буни жамиятнинг қила олмаётганига тўқнаш келишган.

- Ҳатто, биттагина мамлакатнинг ўзида биринчи бўлиш ҳам жуда қийин, бироқ инсонлар шу йўл билан тарихда қоладилар, - сўзларига якун ясади профессор. – Ана шу тарихнинг кўзимиз олдида кечаётганини билиш кўнгилли. Агар бунда гап чиндан ҳам, сифатли бадиий ижод ҳақида кетса, бадиий ижодкорлар уюшмаси ёш истеъдодларни, шубҳасиз, қўллаб-қувватлайди.

Сабина Алимова.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech