26 Май 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +14,4 °C

Ташвишли хабар
8 Апр  2019 3791

Ҳашар қилиб экилган кўчатлар нега кўкармайди? Бу хаёлга ҳам келмаслиги мумкин

Ёши катталар бир пайтлар Тошкентдаги ариқларнинг суви зилол ва тоза бўлгани ва унда болалар ҳатто, балиқ ҳам тутишганини эслашади. Ана шундай ариқлар ёқалаб экилган дарахтлар  сояси ҳалиям кўпчиликни жазирамадан сақлайди. Бунга пойтахтнинг Чилонзор туманини мисол келтириш мумкин. Бир пайтлар туман ҳудудига жуда кўп чинорлар экилган, афсуски, ҳозирда уларнинг кўпи кесиб ташланган.

 

Ҳозир нимани кўрамиз? Кўпгина ариқлар ташландиқ аҳволда, чиқиндилар билан тўлиб кетган. Айниқса, йўл четларидаги «сув артериялари». Уларга эски ва яроқсиз автомобиль покришкалари, пластик чиқиндиларни ташлашади. Ариқ бўйида машиналарни ювишади, бунинг натижасида ариқдаги сувга бензин ва автомобиль мойлари тушади. Бир пайтлар обиҳаёт ҳисобланган сувлар бугун заҳарли.

Чилонзор туманининг Катта Хирмонтепа кўчаси бўйлаб ариқ оқадиган 20-кварталига йўл олдик. «Бўрижар» мачитидан 35-оилавий поликлиникагача бўлган масофа нолегал машина ювувчиларнинг яхши кўрган жойига айланган. Бу ерга ҳар куни қўлига челак, латта, дока, губка олган ўнлаб ўғил ва қиз болалар бир-икки сўм пул ишлаш мақсадида тўпланади.

Битта енгил автомобилни ювишга қанча беришади, дея сўрадим. Ўн етти ёшлар чамасидаги йигит «15 минг сўм», деб жавоб берди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари буни тақиқлашмайдими, дея яна сўрадим. Бош ирғашди.

Хўш, автоулов эгаларини бундай ноқонуний жойда машиналарини ювдиришга нима мажбур этмоқда? Жавоб аниқ: расмий хизмат кўрсатиш жойида бу иш учун 20-30 минг сўм пул олишади. Агар қўл теккизмай ювиш керак бўлса, хизмат ҳақи 40 минг сўмга чиқиб кетади.

Юқорида келтирилган мисол биттагина эмас. Масалан, 26-кварталдаги Ширин кўчасида ҳам шундай вазиятни кўриш мумкин. Айтиш жоизки, бу ҳали муз тоғининг юқори қисми, холос, бошқа туманларда ҳам шунга ўхшаш воқеалар кузатилади.

Ювиш чоғида эса автомобилдан жуда кўп ифлосликлар ва нефть маҳсулотлари оқиб ариққа тушади. Боз устига, бунда турли кимёвий ювиш воситаларидан фойдаланилади. Улардаги кимёвий бирикмалар эса сувга ва унинг бўйида ўсадиган ўсимликлар оламига зарар етказади. Бу ерда ҳатто, ўт-ўлан ҳам ўсмайди. Ушбу ҳудудларда ҳашар йўли билан экилган кўчатларнинг ҳам тутиб кетмай, қуриб қолиши тушунарли, албатта.

Ўзбекистон Республикасининг «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунининг 9-моддасига мувофиқ сувдан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси амалга ошириши  лозим.

Бироқ Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси матбуот хизматига қўнғироқ қилганимизда Тошкентдаги ариқлар устидан назорат қилиш уларнинг ваколатига кирмаслигини айтишди. Сув хўжалиги вазирлигига мурожаат қилиб кўришни маслаҳат беришди. Бу маҳкамадан эса Тошкент шаҳар ободонлаштириш бош бошқармасига йўналтиришди, у ердан эса яна худди ўша айлана бўйлаб... Бирор жойда аниқ жавоб айтишмади. Иккинчи муаммо ҳам ҳавода қолди: машина ювувчиларнинг нолегал фаолиятини ким назорат қилади, деган. Чилонзор тумани «Яккатут» маҳалласи участка нозири билан суҳбатлашганимизда бу ерда нолегал машина ювувчилар мунтазам равишда жаримага тортиб турилишини билиб олдик. Аммо муаммо барибир ечим топмаган.

– Бошқа ишларимиз ҳам кўплиги сабаб кун бўйи ариқлар ёқасида тартибни сақлаб туришнинг иложи йўқ. Аммо мунтазам равишда қоидабузарларни тутиб, жаримага тортиб турибмиз, – дейди учасика нозири Дилшод Маннонов.

Ариқлар ёнига нега ҳалигача машиналарни ювишни тақиқловчи белги қўйилмагани борасидаги саволга «Бир келинг, таклифингизни муҳокама қиламиз», деган жавобни олдик.

Константин Башлаев.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech