05 Июнь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +27,5 °C

Ижтимоий ҳаёт
6 Мая  2020 2047

Меҳр карвонлари Сардобага йўл олган

Жаннатмакон юртимизнинг бир бўлаги сирдарёликлар, сардобаликлар! Бугун бутун мамлакат сиз билан бирга. Халқимизнинг ўйу хаёлидасиз.

Давлат раҳбари бошчилигида барча вазирликлар вакиллари, қутқарувчилар, қурувчилар, муҳандислар, алоқачиларнинг ҳаракати бир бўлиб сизнинг азиз жонингизни асраб қолишди. Мақсадга эришилди. Эрта тонгдан ҳарбийлар, ички ишлар ходимлари, Миллий гвардиямиз йигитлари уйма-уй кириб одамларни автобусларга, ҳар хил турдаги одам ташувчи транспортларга жойлаштириб улгурдилар. Гўдак болаларни, ногирон одамларни, чол-кампирларни елкаларига опичлаб, қўлларида кўтариб автобусларга чиқараётган формадаги йигитлар вақтни бой бермадилар. Оқимнинг қўрқинчли шовуллаши эшитилиб турган жойдан, хатарнинг оғзидан маҳаллалар  аҳолиси олиб чиқиб кетилди.

Ҳарбий-ҳаво кучлари биринчилардан бўлиб Сардоба тўғони бузилган жойга етиб келишди. Вертолётлар учувчилари Сардоба осмонида нажот қушларидек учиб, ёрдам сўраб томларга чиққан, етиб бориш қийин бўлган жойлардан одамларни қутқариб қолдилар. Ҳарбий-ҳаво кучларида мамлакатимизнинг қандай билимли, мард ва жасур йигитлари хизмат қилаётганига яна бир ишонч ҳосил қилдик. Улар 300 марта мураккаб қутқарув операцияларини амалга ошириш учун ҳавога кўтарилиб, барчасини муваффақиятли якунлади ва 300 та ватандошимизни хавфли вазиятдан олиб чиқди. Жисмонан бақувват, оғир-босиқ, йўлбарсдек шиддатли, сиртлондек чаққон бу ўғлонлар - Аллоҳнинг суйган бандаларининг бирор марта ҳам хато қилмаганининг сабаби она Ватанга садоқати, халққа содиқлигидир. Бир қаламкаш сифатида омонликда, бир неча тилда бемалол сўзлаша оладиган, энг сўнгги русумдаги ҳарбий самолётлар, вертолётларни бошқараётган учувчи йигитлар билан Чирчиқдаги эскадрильяда учрашганимда “Биз осмонда юрганимиз билан оёғимиз ердаги гулларга ўралиб туради”, дейишган эди. Бугун учувчи йигитларнинг она тупроқ гулларига ўралиб турган қадамларига муҳаббатимиз гуллари поёндоз бўлсин.

Сардобага еру кўкдан ёрдамга етиб келинди. Тўғри, кўркам бинолар, файзли уйлар, буюмлар, боғу роғлар, гуркураб ётган полизлар соатлар ичида балчиқ ичида қолди. Қўй-қўзилар, сигирларнинг подалари, отларнинг уюрлари, машиналарни гугурт қутисидек оқизиб кетаётган сув балосидан СИЗ, АЗИЗ САРДОБАЛИКЛАР қутқариб қолиндингиз. Нарса топилади. Инсон қўли билан яратиладиган барчаси тикланади. Инсон топилмайди. Сирдарёликлар, сардобаликлар жаннат юзлилар, қуёш чеҳралиликлар, юрагингизга оғир олманг. Бардам бўлинг. Ёнингизда ҳар қандай шароитда инсон бўлиб қола оладиган, ўзбек деган улуғ номга минг бор лойиқ миллат турибди. Мамлакат кўзингизга қараб нафас олмоқда. Тошкент шаҳридан, Қорақалпоғистондан, вилоятлардан келаётган “саховат ва кўмак” карвонларининг кети узилмайди.

Сардоба. Бу сўзнинг маъноси карвонлар тўхтаб ўтадиган, ҳордиқ чиқариб, сув ичиб роҳатланадиган жой, деган маънони англатади. Бугун ҳам юртим карвонлари ўз Сардобаси томон йўл олди. Мақсад ёрдам кўрсатишга, ёнма-ён туришга, мададкор бўлишга, меҳр улашишгадир.

Бизда ҳалокат ўз вақтида жиловланди. Ҳозир оқим бартараф этилди. Одамзод жар ёқасида турганда уни балодан сақлаб қолувчи Аллоҳи ва унга “Қўрқма, ёнингда биз бормиз”, деб дадил айта оладиган эли бўлиши керак.

Зулфия Мўминова,
шоира

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech