19 Июль 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +36,6 °C

Саломатлик
18 Июн  2019 2309

Тиббиёт: беморларни нима қизиқтиради?

Юртимиз соғлиқни сақлаш тизими катта ўзгаришлар даврини бошдан кечирмоқда. Шу муносабат билан аҳолида кўплаб саволлар пайдо бўлмоқда ва муштарийлар уларни «Правда Востока» таҳририятига юборишган. Жавоб олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер ШОДМАНОВГА мурожаат этдик.

Миллиардлик қоидабузарликлар

«Яқинда Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати бош бошқармаси хабар беришича, ўтган йилда давлат тузилмаларидаги молиявий қоидабузарликлар бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги биринчи ўринни эгаллабди. Қанақа қоидабузарликлар ҳақида гап кетаётгани ва улар қандай бартараф этилаётганини билса бўладими?»

Х. Зоиров.

Урганч шаҳри.

– 2018 йилда соғлиқни сақлаш тизимида Давлат молиявий назорати бош бошқармаси томонидан 866 та текшириш ўтказилди, 738 та муассасада 17,1 млрд. сўмлик қоидабузарликлар аниқланди. Уларнинг асосий қисми штатдан ошиқча бирликларни режалаштириш ва сақлаш, лавозимий иш ҳақларини нотўғри белгилаш, шунингдек, товар-моддий бойликларнинг етишмаслиги билан боғлиқ. Бу ҳолатлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги коллегиясида танқидий муҳокама қилинди, тизим муассасалари ва ташкилотларида бюджет интизомига риоя қилиш бўйича тадбирлар ишлаб чиқилди. Айни пайтда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан янги намунавий штат бирликлари тайёрланмоқда, смета-штат интизомига риоя этилиши устидан назорат кучайтирилди.

«Бир неча йил олдин Тошкентда хоспис очиш режалаштирилган эди. У қачон пайдо бўлади?»

О. Калинина.

Тошкент шаҳри.

– Тегишли қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди ва кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасига киритилди. Унга кўра, 2019-2020 йилларда Тошкент, Самарқанд, Фарғона ва Хоразм вилоятларида (тиббиёт муассасалар базасида ёки уларнинг бўлинмалари негизида) ҳар бири 50 ўринга мўлжалланган тўртта ҳудудлараро ХОСПИС (касалликнинг охирги босқичида тузалмайдиган (асосан, онкологик) беморларга аҳволини енгиллаштирувчи ёрдам кўрсатувчи тиббий ва ижтимоий муассаса)лар очилади.

«Нима учун давлат шифохоналарида ётадиган жойлар фонди камаймоқда

Ш. Вафоев.

Самарқанд шаҳри.

– Республикада соғлиқни сақлашни молиялаштириш ҳанузгача асосан бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда. Бунда харажатларнинг энг катта қисми касалхоналарни сақлаб туришга сарфланади (умумий харажатларнинг тахминан 66 фоизи). Ушбу маблағларнинг аксарияти (85,7 фоиз) туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларига тўғри келади. Шунингдек, таҳлиллар шуни кўрсатадики, беморларнинг тахминан 40 фоизи уйда ёки қишлоқ врачлик пунктларида кундузги шифохона шаклида даволаниши мумкин бўлади. Бу ортиқча харажатларга ва молиявий маблағлардан фойдаланиш самарадорлигининг пасайишига олиб келади. Бундан ташқари, хорижий тажриба шуни кўрсатадики, бу 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясида қайд этилган, қиммат стационар ёрдам ўрнига амбулатория бўғинига устувор аҳамият бериш, касалликларнинг олдини олиш, фаол турмуш тарзи ва тўғри овқатланишни кенг тарғиб қилиш, фуқароларни ўз саломатлиги ва атрофидагилар учун жавобгарлик руҳида тарбиялаш, шунингдек, уларнинг тиббий маданияти ва саводхонлигини ошириш лозим.

«Сўнгги пайтларда ўқитувчиларнинг иш ҳақи ошди. Муҳим ишни бажараётган шифокорларнинг иш ҳақи қандай ўзгаради?»

Ғ. Фахриддинов.

Г. Марғилон.

– Президентимизнинг 2018 йил 7 ноябрдаги «Давлат тиббиёт муассасалари ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида соғлиқни сақлаш ходимларининг иш ҳақи ўтган йилнинг 1 декабридан 20 фоизга, 2019 йилнинг 1 апрелидан эса 15 фоизга ошди. Шундай қилиб, қўшимча ҳақ ва устама тўловларсиз биринчи разряддаги ойлик иш ҳақи 880 861 сўмни ташкил этди.

Трансплантация учун - навбат

«Хорижий оммавий ахборот воситалари мунтазам у ёки бу мамлакат шифокорлари навбатдаги ноёб операцияни ўзлаштирганини хабар қилади. Улар тажрибаси бизнинг шифокорлар томонидан қабул қилиняптими?»

Ф. Шеховцева.

Фарғона шаҳри.

– Албатта. Республика мутахассислари доимий равишда ўз устида иш олиб боради, энг яхши халқаро амалиётларни ўрганади, чет эл тиббиёт марказларида таълим олади ва стажировка ўтайдилар. Ўзбекистонга кейинги йилларда ташхис қўйиш ва даволаш усуллари бўйича маҳаллий ҳамкасблар учун маҳорат-дарслари ўтказадиган хорижий мутахассислар таклиф этилмоқда. Масалан, 2018 йилда 400 га яқин хорижий мутахассис келган бўлса, 460 нафардан зиёд ходимимиз чет элда малака оширди.

2018 йил 12 февралда Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт жарроҳлик марказида биринчи марта Россия Федерацияси Трансплантология ва сунъий аъзолар миллий тиббий-тадқиқот маркази директори академик С.Готье раҳбарлигида жигар трансплантацияси операцияси ўтказилди.

Шу йилнинг апрель ойидан бошлаб Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида таниқли турк олими профессор Маҳмуд Хаберал раҳбарлигида буйрак трансплантациясини амалга ошириш бошланди. Айни пайтда, мутахассисларимиз бундай операцияларни мустақил равишда амалга оширмоқда.

«Трансплантация қилиш учун навбат борми? Операциялар пулликми

К.Ёдгоров.

Тошкент шаҳри.

– Бундай операцияларга рухсат берилган марказларда беморларнинг навбатлари амалга оширилади. Имтиёзга эга контингент учун трансплантация давлат бюджети маблағлари, аҳолининг қолган қисми учун - пуллик асосда амалга оширилади.

«2004 йилдан бошлаб ўн минг кишини шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимлари билан таъминлаш 21-26 фоизга камайгани ростми? Нима учун? Вазиятни ўзгартириш учун нима қилиш керак?»     

Л.Арсеньева.

Тошкент шаҳри.

– 2004 йилда барча мутахассисликлар бўйича шифокорлар томонидан таъминланганлик ҳар ўн минг кишига 29,9 фоизни ташкил этган бўлса, 2017 йилда бу кўрсаткич - 26,1 фоизга тенг бўлди. Камайиш, биринчи навбатда, ана шу давр ичида аҳоли сонининг 20,8 фоизга ўсгани билан боғлиқ. Ўрта тиббий ходимлар билан таъминланганлик даражаси 2004 йилдаги 102,2  фоиздан 2017 йилда 106,6 фоизга ошган.

«Бола учун мактабдан берилган уй вазифаларини бажаришига қанча соат сарфлашининг санитария меъёрлари борми?»

С. Марипова.

Зарафшон шаҳри.

– Республика давлат санитария-эпидемиология назорати маркази томонидан 0341-16-сонли «Умумтаълим мактабларида ўқитиш шароитлари ва ташкил этилишига санитария-эпидемиологик талаблар» СанҚваН ишлаб чиқилди. Унинг 6-иловасида («кенгайтирилган кун гуруҳлари фаолиятини ташкил этиш ва тартибга солиш бўйича тавсиялар») уй вазифаларини тайёрлаш бўйича қуйидаги тавсиялар мавжуд (ўз-ўзини тайёрлаш):

 - ўқувчиларнинг ўсишига мос келадиган мебеллар билан жиҳозланган ўқув хонасида дарсларни бажариш;

 - соат 15-16 ларда уйга вазифаларни тайёрлашни бошлаш, чунки бу вақтда иш қобилиятининг физиологик кўтарилиши кузатилади;

 - уй вазифаларини бажариш вақти (астрономик соатда), 2-3-синфларда - 1,5 соат, 4-5-синфларда - 2, 6-8-синфларда - 2,5, тўққизинчи синфларда - 3,5 соатдан ошмайдиган қилиб чеклаш;

- ўқувчи хоҳишига кўра, унга ўртача қийинликдаги мавзудан бошлашни тавсия қилган ҳолда уй вазифаларини бажариш тартибини тақдим этиш;

 - муайян иш босқичи тугагандан сўнг болаларга мустақил танаффуслар қилиб олиш имкониятини бериш;

 - бир-икки дақиқа давом этувчи жисмоний тарбия дақиқаларини ўтказиш;

-  вазифаларни бутун гуруҳдан олдин бажарган ўқувчиларга қизиқиши бўйича (ўйин, кутубхонада) дарс тайёрлашга имкон бериш.

«Бизда инсоннинг генетик портретини ва келиб чиқишини аниқлаш учун таҳлиллар ўтказиладими

М. Аҳмедов.

Тошкент шаҳри.

– Бундай таҳлиллар мамлакатимиздаги давлат тиббиёт муассасаларида ўтказилмайди. Келажакда улар хусусий тиббий муассасаларда ташкил этилиши мумкин.

«Поликлиникада кардиограмма олиш жараёни 15 сония вақтни олди ва ўн сантиметр узунликдаги қоғоз тасмани қўлимга тутқазишди. Ўн йил муқаддам у узоқ давом этарди ва тасмаси ҳам узунроқ бўларди. Кардиограммада қайси вақт кесими акс этиши лозимлиги борасида бирор стандарт борми?»

Д. Ваҳобова.

Бухоро шаҳри.

– ЭКГ тасмаси узунлиги унчалик муҳим эмас, чунки жараённинг ўзи қурилмага ўрнатилган муайян стандартлар билан тартибга солинади. Энг муҳими, ёзувни шифокор ўқий оладиган бўлиши керак. Бироқ ЭКГ фақат текширувнинг бир қисми, холос, биргина у асосда ташхис қўйилмайди. Ташхис миқдорини (ЭКГ ва шу жумладан, юрак УТТсини ҳам) мутахассис шифокор тайинлаши керак - мазкур вазиятда терапевт ёки кардиолог. Таҳлиллар ўрганиб чиқилгач, ташхис аниқланади ва тегишли даволаш тайинланади.

«Damas»даги беморга қулайми?

«Шаҳар кўчаларида «тез ёрдам» хизматининг «Damas» русумли машиналарини кўриб қоламан. Нима учун уларда беморларни ташишга рухсат этилган, чунки уларнинг ичи тор ва қаттиқ силкитиб юради?»

С. Тугушева.

Г. Янгийўл.

– 2017 йилдан буён 1200 та «Damas» автомобили харид қилинди. Уларда тор кўчалар, қийин жойларга, подъездлар олдига бориш, кириш қулай. Бундай машиналар жиддий касалликларга чалинган беморларни шифохонага етказмайди, балки барқарор ҳолатдаги беморларни олиб боради. Оғир касаллар клиникаларга «Toyota» ёки «Hyundai» автомобилларида етказилади.

«Бир неча йил олдин пойтахт тиббиёт муассасалари мутахассисларининг бир қисми минтақавий клиникаларни бошқаришга жўнатилди. «Хизмат сафаридаги шахс» мақомида яна қанча шифокор бор ва тажриба қанчалик муваффақиятли чиқди

З.Орипова.

Жиззах шаҳри.

– Республикага бўйсунувчи тиббиёт муассасалари, илмий-амалий марказлар, илмий-тадқиқот институтлари, клиникалар, олий ўқув юртларининг 136 нафар мутахассиси ҳудудларда ишлашга юборилган. Бугун жойларда 112 киши меҳнат қилмоқда. Пойтахтдан келган кадрларнинг пайдо бўлиши билан ташкилий ишлар, даволаш-профилактика ва ихтисослаштирилган хирургик ёрдам кўрсатиш сифати, ҳудудий экспертларнинг тезкор фаолияти яхшиланди. Кўплаб вилоят муассасаларида янги, замонавий даволаш усуллари жорий этилди. Шу билан бирга, айрим ҳудудларда хизмат сафарига жўнатилган шифокорларнинг яшаши ва ишлаши учун шароит яратилмаган.

«Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарияти республика ихтисослаштирилган марказлари ва бошқа муассасалари давлат томонидан зарур жиҳозлар, жумладан, шприцлар ва бинтлар билан юз фоиз таъминланганини расман тасдиқлай оладими?»

О. Темиров.

Тошкент шаҳри.

– Республика ихтисослаштирилган марказларини молиялаштириш қисман давлат томонидан, қисман марказлар томонидан, 80/20 механизми бўйича қопланади. Имтиёзли тоифадаги шахсларга тиббий ёрдам ушбу ва бошқа муассасаларда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан кўрсатилади, аҳолининг бошқа тоифаларига эса - пуллик асосда, шу жумладан, шприц ва бинтлар учун харажатлар ҳам.

Қандай дорилар етарли эмас?

«Мамлакатимизда қайсидир ўта зарур дори-дармонларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш масаласи ўрганиляптими?»

Ж. Сабирова.

Г. Марғилон.

– Президентимизнинг 2018 йил 14 февралдаги «Фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорини, фарматцевтика тармоғини жадал ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни таъминлаш бўйича «Йўл харитаси»нинг 22-банди (республикада ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқариш учун соғлиқни сақлашда устувор бўлган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари рўйхатини аниқлаш) ижросини таъминлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш ва Инновацион ривожланиш вазирликлари  томонидан тиббиёт йўналишида устувор бўлган дори воситалари ва буюмлари Рўйхати яратилди. У уч даражага бўлинади: биринчиси - 100 мингдан тўрт миллион ўрамгача бўлган ва эҳтиёжни қондирмайдиган, иккинчиси - 40 дан 100 минггача, учинчиси эса - 40 мингдан кам.

Шунингдек, ўрта муддатли истиқболда тиббий мақсадларга мўлжалланган маҳаллий дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ишланмалари рўйхати, талаб мавжудлиги, ижтимоий аҳамиятга эгалиги, мақсадга мувофиқлиги ва ишлаб чиқаришга жорий этиш имкониятларига қараб, дори воситалари ва тиббиёт буюмлари тоифалари рўйхатлари тасдиқланди. Улар талаб ҳамда мамлакатимизда ишлаб чиқарилган ва олиб кирилган препаратлару маҳсулотлар миқдори ҳақидаги маълумотлар асосида тузилган.

«Чет давлатлар фуқаролари қайси йўналишларда даволаниш учун Ўзбекистонга кўп келишади?»

А.Воҳидов.

Тошкент шаҳри.

– Жарроҳлик, урология, гинекология, кардиология, нейрохирургия, эндокринология, онкология, травматология, стоматология, косметология ва дерматовенерология каби соҳалар бўйича.

«Республикадаги энг йирик клиникаларнинг зарур даволаш-диагностика техникаси билан таъминланганлик фоизи қандай?»

Э.Ҳамидов.

Денов шаҳри.

– РИИАТМ (Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари)да жарроҳлик, кардиология, педиатрия, эндокринология, терапия, нейрохирургия ва бошқа техникалар билан таъминланганлик ўртача 80-90 фоизни ташкил этади.

«Нима учун шифокорларимиз ҳали-ҳануз дисбактериоз, нейроциркулятор ёки томирлар ветегатив дистонияси каби дунёга номаълум ва БССТ касалликлари халқаро таснифига киритилмаган ташхисни қўйишда давом этмоқда?»

Л.Давронова.

Бухоро шаҳри.

– Кўпчилик Касалликларнинг халқаро таснифи (КХТ-10)да нейроциркулятор дистония (НЦК) вегетатив асаб тизимининг соматоформ дисфункцияси деб аталади (F45.3 рукнига мос келади) ва ушбу тизим бўлимларининг ўзаро ҳаракати мувозанати бузилишидан келиб чиққан аломатлар комплекси сифатида тан олинади. Худди шу ҳодисани томирлардаги вегетатив дистония, вегетатив дисфункция ёки вегетатив дизрегуляция синдроми (синонимлар) деб ҳам аташади. Бу қон босимининг беқарорлиги ва кардиоген эпизодлар, гастроинтестинал, гипервентиляцион бузилишларни ўз ичига олади.

Сеченов номидаги Москва тиббиёт академияси (1997)да вегетатив патология марказига раҳбарлик қилган профессор Александр Вейннинг замонавий таснифига кўра, НЦДни уч вариантда кечадиган вегетатив дистония синдроми (ВДС), деб аташ тўғрироқ бўлади. Ушбу касалликка чалиниш даражаси юқори - 70 фоизгача. Катталарда ҳам, болаларда ҳам кузатилади. Вақт ўтиши билан аломатлари камроқ кўзга ташланади. Бунинг сабаблари орасида:

 - асаб тизимининг касалликлари. Генетик жиҳатдан мойиллик бўлиши мумкин: унинг тузилиши ва функцияларининг бузилиши мерос бўлиб ўтади. Ҳаёт давомида ривожланган касаллик сабаб юзага келиб:

- она қорнида ҳомила ривожланишининг бузилиши ва нотўғри туғиш жараёни оқибатлари;

- ички аъзолар сурункали касалликлари;

- тез-тез стрессга чалиниш, жисмоний ва руҳий чарчоқ, ҳиссий изтироблар билан кечади.

Бирор киши жароҳат етказувчи вазиятни бартараф эта олмаса, уни сиқиб чиқариш юзага келади, натижада алоҳида аъзолар ёки бутун тизимларни нишонга оладиган неврозлар шаклланади.

Дисбактериоз - қатор нохуш аломатларга эга ва одамларга азият келтирувчи кенг тарқалган патология ва КХТ-10 да К63.8 кодига эга (ичакларнинг бошқа аниқланган касалликлари). Бу ошқозон-ичак тракти аъзоларида микроблар мувозанатининг бузилишидир. Ушбу клиник-лаборатор синдром касаллик ҳисобланмайди, иккиламчи бўлиб, турли касалликлар натижасида келиб чиқади.

«Республика ихтисослаштирилган марказлари акциядорлик жамиятлари бўлиб қоладими? Нима учун ушбу муассасаларда фуқаролар учун жуда кам қулайликлар мавжуд, жумладан, электрон навбатнинг етишмаслиги ва эрта тонгдан қабулга ёзилиб бўлмаслиги, беморлар учун ўриндиқлар етишмаслиги?»

Д. Қодиров.

Навоий шаҳри.

– Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 14 октабрдаги «Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказининг намунавий уставини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори билан улар фаолиятини ташкил этиш ва молиялаштириш, шунингдек, уларни давлат муассасаси ёки корхона шаклида ташкил этиш тартиби белгиланган.

2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясида «электрон навбат» тизимини ташкил қилиш орқали ахборот-коммуникация технологиялари ва «электрон соғлиқни сақлаш»ни кенг жорий этиш, жумладан, уни масофадан захиралаш имконияти ҳам ўз ифодасини топган.

Техника бўш қолдими?

«Тез ёрдам» беморлари ўзи рўйхатга олинган туман клиникасига боришлари кераклиги ростми? Пойтахтда уларга биринчи ёрдам кўрсатишга мажбур клиникаларнинг ягона рўйхати борми?»      

В.Ортиқов.

Тошкент шаҳри.

– Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йил 14 апрелдаги «Тошкент шаҳри аҳолисига шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишни ташкил этиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги буйруғига асосан, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, Тез тиббий ёрдам шаҳар клиник шифохонаси, 1-, 2-, 3-сонли Тошкент тиббиёт академияси клиникалари, 1-сонли Республика клиник шифохонаси, 1-, 4-, 7-сонли шаҳар клиник шифохоналари, Травматология ва ортопедия илмий-тадқиқот институти, Республика ихтисослашган нейрохирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ва бошқалар белгиланган. Уларнинг ҳар бирига пойтахт туманлари бириктирилган.

«Сўнгги йилларда сотиб олинган тиббий асбоб-ускуналарнинг қанча қисмидан ҳозирда фойдаланилмаяпти ва нима сабабдан?»

Ф. Раҳимов.

Термиз шаҳри.

– Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тузилмалари томонидан барча тиббий ускуналар ва жиҳозлар парки хатловдан ўтказилди. 2019 йил 1 февраль ҳолатига кўра, муассасалар балансида жами 114 602 та тиббиёт техникаси мавжуд, шундан 109 644 таси ишчи ҳолатда.  4958 тасидан таъмирлашга эҳтиёт қисмлар йўқлиги сабабли фойдаланилмайди. Уларни замонавий муқобиллари билан тезкор алмаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. 41 862 та ишлаётган ускуналар яқин келажакда маънан эскиради уларни алмаштириш зарур бўлади.

«Республикада ягона ва хорижда ҳам таниқли бўлган П.Боровский номидаги тиббиёт коллежи тақдири нима бўлди

Ғ.Воҳидов.

Тошкент шаҳри.

– Президентимизнинг 2018 йил 25 январдаги «Умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ вазирликлар томонидан республиканинг барча коллежлари ўрганилиб, уларнинг аксарияти оптималлаштирилди, жумладан, П.Боровский номидагиси ҳам. Ҳозир у ерда сўнгги учинчи курс ўқитилмоқда, битирувчиларга давлат намунасидаги диплом берилади.

«Бизда тадқиқотлар олиб бориляптими ва электрон жиҳозлардан фойдаланишнинг санитария нормалари мавжудми

И. Зоҳидов.

Нурафшон шаҳри.

– Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Санитария, гигиена ва касб касалликлари илмий-тадқиқот институти томонидан 2015 йил 012-3/0260-сонли «Мактаб ўқувчилари организмини уяли телефонларнинг электромагнит нурланиш таъсиридан ҳимоя қилиш» СанҚваН (услубий тавсиялар) ишлаб чиқилди. Улар ИТИ илмий кенгаши, вазирлик ҳузуридаги мос қўмита томонидан кўриб чиқилган ва тасдиқланган. Тавсиялар давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари амалиёт шифокорлари, умумтаълим муассасалари ходимлари, ахборотлаштириш ва телекоммуникация соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси хизматлари, олий ўқув юртларининг гигиеник ва экологик касблар кафедралари, шу жумладан талабаларни ўқитиш ва ёш мутахассисларни тайёрлаш даражасини оширишга мўлжалланган.

Шунингдек, компьютерлардан фойдаланиш қоидалари ва рухсат этилган нормалари ишлаб чиқилди.

Топилмайдиган дорилар

«Ўзбекистоннинг қанча аҳолиси тиббий суғурта билан қамраб олинган ва бу қандай натижаларга олиб келди

Ш. Алимов.

Зарафшон шаҳри.

– Айни пайтда у мамлакатда мавжуд эмас. Бироқ уни жорий этиш 2021 йилдан Президентимизнинг 2018 йил 7 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони асосида амалга оширилиши режалаштирилган. Айни пайтда «Мажбурий тиббий суғурта тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

«Айрим дори маҳсулотларига қатъий нарх белгилангандан сўнг уларнинг баъзилари дорихоналарда деярли сотилмай қолди. Рўйхатга киритилмаган бошқаларининг нархлари эса кўпгина беморларни мураккаб аҳволга солиб икки-уч бараварга кўтарилиб кетди. Бундай ҳолатлар вазирликка маълумми? Кўплаб машҳур дориларнинг маҳаллий муқобиллари мамлакатга олиб келиниши тўхтатилган хорижий муқобилларига қараганда анча паст шифо таъсирини беради, деган фикр қанчалик асосли?»   

А. Сухов.

Тошкент шаҳри.

– Президентимизнинг 2018 йил 20 июндаги «Дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш самарадорлигини ошириш ва аҳолини улар билан таъминлашни яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт маҳсулотларини белгиланган нархларда сотиш талаби бекор қилинди. Уларни ижтимоий дорихоналарда сотиш, сотиб олинган ёки улгуржи қийматидан кўпи билан ўн фоизгача устамалар қўйиш ёрдамида амалга оширилади. Ижтимоий аҳамиятга молик дорилар рўйхатига киритилганлари Президентимизнинг 2016 йил 31  октябрдаги «Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ белгиланган устамалар ёрдамида амалга оширилиши мумкин: улгуржи савдода - харид қийматининг 15 фоизидан кўп бўлмаган, чакана савдода - улгуржи нархнинг 20 фоизидан ошмаган нархларда.

Шифо бериш таъсирига келсак, маҳаллий воситалар сифат жиҳатидан импортникидан фарқ қилмаслигини маълум қиламиз, чунки рўйхатга олиш жараёнида маҳаллий ва хорижий дори воситаларига бир хил талаблар қўйилади. Уларнинг маркаланиши ва идишга жойлаш-ўрашига ҳам талаб бир хил. Ишлаб чиқариш, сақлаш, тарқатиш ва клиник синовларда стандартларни уйғунлаштириш туфайли корхоналаримиз жуда юқори даражадаги дори дори-дармонларни чиқармоқдалар. Маҳсулотларимиз 20 дан ортиқ мамлакатларга экспорт қилинмоқда.

Дори-дармон, профилактика ва диагностика воситаларини, халқаро, давлатлараро талабларга жавоб берадиган маҳсулотларни сертификатлаштиришни ўтказиш (Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 6 июлда қабул қилинган «Маҳсулотларни сертификатлаштириш тартиботини соддалаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги, 2011 йил 28 апрелда қабул қилинган «Сертификатлаштириш тартиботларини ва сифат менежменти тизимларини жорий этишни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ва бошқалар) ва аҳолини юқори сифатли ва хавфсиз тиббий маҳсулотлар билан таъминлаш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш мақсадида миллий стандартлар ва бошқа норматив ҳужжатлар ишлаб чиқилган ва тасдиқланган.

«Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддасига мувофиқ, фармакологик назорат дори воситасидан унинг қўлланилишига доир йўриқномага мувофиқ фойдаланилганда одамда кузатиладиган, организм учун бехосдан ва нохуш таъсир кўрсатадиган ножўя реакцияларни аниқлашга, баҳолашга ва уларнинг олдини олишга қаратилган фаолиятдир.

Даволаш-профилактика муассасалари, дорихоналар ҳамда дори воситаларини ишлаб чиқарувчи, реализация қилувчи ва қўлловчи ташкилотлар дори воситаларининг қўлланилиши чоғида ножўя реакциялар аниқланган барча ҳолатлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигини ёзма шаклда хабардор қилиши шарт. Бундай вазиятларда аҳоли ҳам хабар бериши лозим. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги дори воситаларининг қўлланилиши чоғида аниқланган ножўя реакцияларга баҳо беради, баҳолаш жараёнида ножўя реакциянинг клиник кўринишлари ва дори воситасининг қўлланилиши ўртасидаги сабаб-оқибат боғланишлари, шунингдек кутилаётган фойданинг дори воситалари қўлланилишининг эҳтимол тутилган хавфига нисбати аниқланади.

«Соғлиқни сақлаш муассасалари ходимлари иш вақтида ўз бинолари атрофида ҳудудни тозалашга мажбур бўлишади ва нима учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги мажбурий меҳнатнинг бундай шаклларини бартараф этиш билан шуғулланмайди?»

Н. Обидова.

Тошкент шаҳри.

– 2018 йил 2-8 май кунлари барча ҳудудларда вазирлик тасарруфида бўлган муассасалар ходимларини мажбурий меҳнатга жалб этишга, уларнинг иш ҳақи ва бошқалардан ушлаб қолинишига йўл қўймаслик бўйича қатъий чоралар кўриш борасида ўқув семинарлари ташкил этилди. Ушбу тадбирларда мажбурий меҳнатга жалб қилинган ҳолларда қаерга ва кимга мурожаат қилиш мумкинлиги ҳақида маълумот берилади.

Шунингдек, вазирлик тизимидаги барча ташкилотларига (71) 256-43-58 рақамли республика «Ишонч телефони» кўрсатилган 9900 нусхадаги плакатлар тарқатилди ва ходимлар учун қулай жойларга осиб қўйилди.

2018 йил 1 июнь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги муассасаларида мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шаклига йўл қўймаслик ва иш ҳақидан асоссиз ушлаб қолишнинг олдини олиш бўйича қарор имзоланди, тегишли чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

2019 йил 18 март куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ўртасида 2019-2021 йилларга мўлжалланган Тармоқ келишуви қайд этилди. Унинг 2.21-бандида: «Соҳада мажбурий меҳнатга йўл қўйилмайди. Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан белгиланган умуммиллий хайрия ҳашарлари ва фавқулодда вазиятлардан ташқари, ходимларнинг иш ҳақидан қонунга хилоф равишда маблағ ушлаб қолинмайди, улар пахта етиштириш ва теришга жалб этилмайди, коммунал йиғимлар, текширишлар, ободонлаштириш, гул, дарахтлар кўчатларини сотиб олиш ва ҳ.к.га, қонунчилик ҳужжатлари талабларига жавоб бермайдиган ҳашар ва шанбаликларга, шунингдек хизмат вазифасига кирмайдиган ишларни бажаришга жалб қилинмайди. Бундай ҳолатлар аниқланган тақдирда томонлар бу ҳақда бир-бирини хабардор қилади, мажбурий меҳнатга йўл қўйган раҳбарларни интизомий жазога тортиш ёки тегишли давлат органлари раҳбарларига нисбатан чоралар кўриш учун биргаликда ҳаракат қилади», дейилади.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech