18 Ноябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +2,8 °C

Агросектор
25 Июл  2019 3329

Балиқ маҳсулотлари дастурхонимизда тансиқ бўлишдан қачон тўхтайди?

Олимнинг таҳририятга ёзган мактуби ушбу суҳбатга сабаб бўлди. Узоқ йиллар давомида балиқчиликни ривожлантириш билан шуғулланган, катта тажрибага, ўз илмий ишланмаларига эга. Лекин асосийси - илғор усулларга асосланган балиқчилик соҳасини иқтисодий жиҳатдан рентабелли қилиш истагида экан.

Бугун «Правда Востока» мухбири Ўзбекистон Фанлар Академияси Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази Чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик соҳасидаги илмий ишланмаларни мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи, биология фанлари номзоди Наримон Каримов билан суҳбатлашди.

Меъёрларсиз қандай режалаштириш мумкин?

- Наримон Абдувоҳидович, давлатимиз раҳбари ўз қарорларида интенсив усулда балиқ етиштиришга етарлича эътибор берилмаётганига, сув ҳавзалари майдонларидан самарасиз фойдаланилаётганига кўпроқ урғу беради. Сизнингча, бугун балиқчиликда нималар содир бўлмоқда?

- Чорвачилик, паррандачилик ва балиқчиликда барча жараён биологик асосларга таянган меъёрлар устига қурилади. Бу меъёрлар устида ҳеч ким ишламаётганига ҳам ўттиз йилча бўп қолди. Технологиялар ва институтлар ўзгармоқда, илм-фан ривожланмоқда, Президентимизнинг 2017 йил 1 майдаги «Балиқчилик тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинганига ҳам анча вақт ўтганига қарамай, ҳали-ҳануз балиқчилик тармоғида зарур бўладиган биологик меъёрлар мавжуд эмас.

Агар меъёрлар бўлмаса, бизнес-режа тузиш, керакли миқдордаги озуқа, боқиладиган балиқларни ҳисоблаб бўлмайди. Президентимизнинг 2018 йил 6 окябрдаги «Балиқчилик соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори соҳани ривожлантиришга қаратилган, ушбу ҳужжат асосида режалар тузишда ҳам меъёрий базага таяниш зарур. Бу аниқ белгиланган бўлиши лозим: сув ҳавзасининг бир гектар майдонида қанча балиқ боқиш, яхши ривожланиши учун қанча озуқа керак.

Бундан ташқари, давлат бошқаруви органлари билан ҳисоб-китоблар учун ҳам меъёрлар керак бўлади. Тасаввур қилинг, балиқчилик хўжалигига солиқ инспектори келади ва маълум бир балиқ миқдори учун солиқ тўлашни талаб қилади. Ва қайси асосда? Ахир, меъёрий ҳужжатлар мавжуд эмас ва маҳсулот чиқиши турли йўллар билан ҳисобланиши мумкин…

Давлат статистика қўмитасининг дастлабки маълумотларига кўра, 2019 йилнинг биринчи ярмида қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги хизматларининг умумий ҳажми 82 390,5 млрд. сўмни ташкил этди. Ушбу миқдорнинг 0,5 фоизи (412 миллиардга яқини) - балиқчилик хўжалиги маҳсулотларидир.

- Бундай меъёрларни ким ишлаб чиқиши керак?

- Етакчи институтларимиз: Фанлар Академияси, Балиқчилик илмий-тадқиқот институти, «Ўзбалиқ» АК ва бошқалар. Лекин бу иш билан ҳеч ким шуғулланмаяпти, штат, илмий ходимлар йўқ, раҳбарлар таркиби эса  етарлича малакага эга эмас. Президент томонидан қўйилган вазифаларни эса бажариш керак. Бу ўша меъёрларни фермерлар ва хўжалик юритувчи субъектлар билиши лозим, дегани.

Масалан: кўп йиллик маълумотларга кўра, ҳовуз хўжаликлари гектарига ўртача ўн центнер балиқ беради. Лекин бу жуда кичик кўрсаткич. Кўрсаткичларни яхшилаш, янгича ёндашувларни қўллаш лозим. Замонавий технологиялар мавжуд ва баъзи ташкилотлар уларни муваффақиятли ишлатмоқда. Бундай тажрибани умумлаштириш ва тарқатиш керак.

Маҳсулдорлик ва инновациялар

- Сиз айтаётган янги технологиялар балиқчиликнинг қанча қисмини ташкил этади? Масалан, яқинда Балиқчилик илмий-тадқиқот институтида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган ва бир неча афзалликларга эга, хусусан, сув ва энергия тежовчи ёпиқ сув таъминоти қурилмаси (ЁСТҚ) тақдимоти ўтказилди.

- Айни пайтда республикада турли технологиялар тўплами қўлланилмоқда: 553 минг гектар табиий сув ҳавзаларида балиқ овлаш (ўртача балиқ ишлаб чиқариш маҳсулдорлиги - гектарига 6-8 кг) ва умумий майдони 38 минг гектар бўлган сунъий ҳовузларда (12-15 центнер карп балиқлари). Амалга оширилган ҳисоб-китоблар шуни кўрсатмоқдаки, инновацион ёндашувда замонавий ихтиология ютуқларидан фойдаланган ҳолда қўлланиладиган технологияларни оптималлаштириш (балиқ овлаш самарадорлигини гектарига 40-50 кг.гача ошириш ва ҳовуз балиқчилигини эса 40-50 центнерга етказиш) ва интенсив технологияларнинг янги технологик даражасини (маҳсулдорлиги бир кубометр сувдан 40-100 кг.гача) ўзлаштириш мумкин.

Балиқ товар маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун шоли-балиқ хўжалиги захира ҳисобланади. Бир жойда сув маҳсулотларини нафақат балиқ ва шоли, балки балиқ ва ўрдак, қисқичбақа ва шолини парваришлаш мумкин. Масалан, республикада шоли етиштириш майдони 100-110 минг гектарни ташкил этади. Шолизорлардан яна гектарига икки центнерча балиқ етиштириш хўжалик юритувчи субъектларга инновацион технологиялардан фойдаланиш қўшимча равишда 20-22 минг тонна қимматбаҳо маҳсулот ишлаб чиқариш имконини беради.

Интеграциялашган фермер хўжалиги фаолияти атроф-муҳитнинг экологик ҳолатини сақлаб қолган ҳолда юқори самарали балиқ, қишлоқ хўжалиги жониворлари ва бошқа маҳсулотларини етиштиришга йўналтирилган.

Бундан ташқари, тасдиқланган факт: бизда етиштирилаётган балиқларнинг айрим турлари юқори биомелиоратив хусусиятга эга. Бу оқ амур балиғи бўлиб, у бир килограмм вазн олиши учун 40-70 кг. сув ўсимликларини истеъмол қилиши керак. Озиқланишининг ўзига хос хусусияти туфайли, оқ амур балиғи вегетатив сув ўсимликларининг катта массасини қайта ишлашга, ҳатто, бутунлай йўқ қилишга қодир. Ҳар йили суғориш тизимларида балиқларнинг кўпайиши коллектор-дренаж тизимларини тозалаш учун сарфланадиган маблағни каттагина тежаш имконини беради. Қўшимча афзаллиги - ўзбекистонликлар дастурхонида тансиқ (айниқса, балиқ) маҳсулотлар кўпаяди.

Ёпиқ сув таъминоти қурилмасига келсак, ҳозирги босқичда ўрнатиш ҳам, сотиб олиш ҳам амалда жуда қиммат. Лекин бу мавзу бўйича илмий ишланмаларни тўхтатиб қўйиш керак эмас. ЁСТҚ келажаги ва унга эришиш учун унинг устида ҳозир ишлаш зарур.

Кўрсаткичлар ўртачадан ҳам паст

- Таҳририятга ёзган мактубингизда балиқ овлаш соҳасидаги энг заиф бўғинардан бири табиий ва сунъий сув ҳавзаларидан самарасиз фойдаланишдир, натижада уларнинг самарадорлиги жаҳон кўрсаткичларидан анча паст эканини кўрсатиб ўтгансиз. Балиқ ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун нима қилиш керак?

- Республикада ташкил этилган балиқ хўжаликларининг катта қисми балиқчилик соҳасининг унча ёки бунча миқдорда балиқ олиш мумкин бўлган меъёрий ўлчамларига мос келмайди. Бугун Ўзбекистонда балиқчилик сув ҳавзалари сони сезиларли даражада ўсмоқда, бироқ уларнинг технологик даражаси қурилиш ва ободонлаштириш сифати ҳамда ишлатиладиган балиқ етиштириш технологиялари бир-биридан фарқ қилади. Қатор балиқ хўжаликларида сув ҳавзаларини қуриш жуда ибтидоий бўлиб, технологик меъёрлар сезиларли даражада бузилган, уларни тўлдириш ва қуритиш имконини бермайди. Бу балиқ маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг қисқаришига олиб келади. Бошқаларида - балиқ етиштиришнинг эскирган ва самарасиз технологиясидан фойдаланилмоқда. Натижада кўплаб балиқ хўжаликларида ҳосилдорлик ўртача кўрсаткичлардан ҳам паст - гектарига беш-етти центнер.

Ҳатто, шундай камчиликлар бўлса ҳам, давлат фермерларга балиқчилик учун ер ва қимматбаҳо сув беряпти. Шу боис балиқчилар олдида ресурслардан оқилона фойдаланиш вазифаси турибди. Фикримча, балиқ маҳсулотларини етиштиришнинг биологик меъёрларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш керак, шунингдек, у ёки бу минтақа учун балиқ маҳсулотларининг нормативларини аниқлаштириш зарур, бундай меъёрдан паст маҳсулот етиштирган хўжаликлар ўсиб борувчи солиққа тортилиши белгилаб қўйилиши лозим. Хитойда қўлланиладиган амалиёт бунга мисол бўла олади.

Замонавий олимларнинг балиқчиликни ривожлантириш учун жуда кўп нарсаларни таклиф қилишлари турган гап. Бу тоғлар этагида (маҳаллий илмий ишланмалар мавжуд) қимматбаҳо балиқ турларини (карплар, осётрлар ва бошқаларни) кўпайтириш жойларини, шунингдек каскадли турдаги кичик сув ҳавзаларини қуриш мумкин. Бундай сув ҳавзаларининг хусусияти шундаки, уларга эрта баҳорда сув қуйилади, балиқ чавоқлари ташланади, вегетация мавсумида ўғитлантирилади, балиқлар озиқлантирилади ва сатҳни бир маромда сақлаб туриш учун доимий равишда сув қуйиб турилади. Кузда балиқлар тўлиқ тутилади ва сув ҳавзалари қуритилади, биоген моддалар билан бойиган сув қайта ишлатилиши мумкин.

Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2019 йилнинг биринчи ярмида балиқ ишлаб чиқариш ҳажми 31 617 тоннага етиб, 112,1 фоизга ўсди. Бироқ бу ўсиш давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 6 ноябрдаги «Балиқчилик соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида белгиланган талабларни қаноатлантира оладими, 201 минг тоннадан зиёд балиқ ишлаб чиқариш имконини берадими?

- Эҳтимол, ҳаммаси оддий эмасдир. Ахир, ҳосилдорлик нафақат ҳовуз хўжалигининг жойлашган жойига боғлиқ. Бошқа омиллар ҳам бўлса керак?

- Албатта, бугун балиқчилар олдида асосий муаммо озуқа базасининг ҳолатидир - балиқ учун тўлиқ мувозанатли экструдировка (майдаланган, янчилган ва ҳоказо) қилинган озуқани тузиш, уларни ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқариш, юқори оқсилли гранулаланган ем ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва арзон нархларда сотиш, маҳаллий ва импорт хомашёларининг асосий таркибий қисмларини етказиб бериш имконият (балиқ, қўзиқорин ва чиқиндилар уни, сиқилган узум, махсар тахтакунжараси ва бошқалар)лари ва бошқалар.

Олимлар олдида турган вазифа озуқа барча стандартларга мос келишини ва балиқларнинг ўсишига ҳисса қўшишини таъминлашдир ва уларнинг нархлари ҳам арзон бўлиши керак. Бироқ бунинг барини ҳал этиш мумкин ва соҳанинг жадал ривожланиши республика учун бемисил самара беради. Бу нафақат озиқ-овқат базасини мустаҳкамлаш, балки қишлоқ жойларда янги иш ўринларини яратиш ҳамдир.

- Давлатимиз раҳбари қарорида баён этилган мамлакатга етказиб берилиши юклатилган балиқларнинг 200 минг тонналик прогноз кўрсаткичини бугун амалга оширса бўладими?

- Бундай юксак поғонага эришиш учун зарур балиқчилик базаси йўқ ва бу бажарилиши жуда қийин бўлган вазифа. Балиқ хўжаликлари билан бир қаторда илм-фан ҳам ишлаган, ушбу вазифаларни бажаришга йўналтирилган қонунчилик базаси яратилган, инновацион технологиялар жадал жорий этилса, ана шундай рақамларга эришиш мумкин. Менинг ҳисоб-китобларимга кўра, бу йил балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш 150-160 минг тонна бўлади.

Дастурхонда «луқмаи ҳалол»

- Бугун янги балиқ ўзбекистонликлар дастурхонида кам пайдо бўладиган таом. Бироқ кекса авлод ёқиб қолган сазан ёки дўнгпешонани гастрономдаги ҳовузчадан ўзлари матрап билан тутиб олишган вақтларини яхши эслайди. Тирик балиқларни етказиб бериш ҳар бир неча кун ичида амалга оширилган ва у ўртача нархга эга бўлган оддий гўшт маҳсулоти ҳисобланарди. Нархлар бозордагиси билан айтарли фарқ қилмаган. Аввалги балиқ мўл-кўллигини қайтариш мумкинми?

- Ўтган йили мамлакатимиз балиқчилари 94 минг тонна балиқ етиштирди. Бу йил икки баробар кўп бўлиши керак. Лекин ажабланарлиси, шундаям нархлар тушмаяпти. Истеъмолчига янги балиқ гўшти тансиқ таом бўлиб боряпти. Бунда ҳам худди шундай, биологик меъёрларни яратишда олимлар ҳамжамиятининг камчилигини кўрмоқдаман. Ахир, фермер балиқ ишлаб чиқаришни икки бараварга ошириш учун қанча озуқа, ўғит кераклигини аниқ билиши керак. Чунки бировга ем камроқ тегиб, бошқасида кўпайиб кетишидан зиён кўришни ҳеч ким истамайди ва ҳар бир бундай нотўғри ҳисоб якунда истеъмолчи учун нархларда акс этади.

Яна бир психологик жиҳат мавжуд. Барча фермерлар ҳам бирдай балиқ ишлаб чиқаришни кўпайтиришдан манфаатдор эмас. Шусиз ҳам, тўкин-сочин яшашмоқда. Бир килограмм дўнгпешона балиғи гўшти икки-уч минг сўмга тушади, лекин 15-20 минг сўмга сотилади. Уларга ишлаб чиқаришга сармоя киритишнинг, янги нарсаларни ўрганишнинг ва татбиқ этишнинг нима кераги бор?

Бу билан айнан, мутахассислар шуғулланиши керак. Улар бизда бор, лекин янги технологияларни тарғиб қилиш учун мақсадга йўналтирилган тарғибот йўқ. Бу ерда гап яна меъёрларга бориб тақалади.

Биз шуни таъкидлай оламиз: бизда фойдаланилмаётган захиралар мавжуд, аммо балиқчиликни илмий ёндашувсиз янада ривожлантириб бўлмайди, негаки товар кўринишидаги балиқни етиштириш инсон томонидан бошқариладиган шароитларда амалга оширилади. Шунингдек, сув майдонларидан самарали фойдаланиш масалаларида Балиқчилик илмий-тадқиқот институтининг ўзи фермер хўжаликларига янги юқори маҳсулдор технологияларни қўллаш орқали ишлаб чиқариш ҳажмини қандай ошириш мумкинлигини илмий асослаши ва кўрсатиб бериши, юқори рентабелли ишлаб чиқаришга айланиши лозим. Ҳозирча бундай гап йўқ.

- Балиқчилик соҳаси кадрларини тайёрлаш масаласи бўйича. Яқинда Тошкентда худди шу иш билан шуғулланадиган Астрахань давлат техника университети филиали очилди. Бу қанчалик самарали бўлиши мумкин?

- Фикр яхши, лекин ҳаммаси ижрога боғлиқ бўлади. Мутахассисларни тайёрлаш қанчалик самарали бўлади, буни вақт кўрсатади, лекин келажакка умид билан қарашни истардим…

Александр Зотов.

«Правда Востока».

Рашид Галиев ваТимур Кайсаров олган суратлар.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech