22 Сентябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +15,3 °C

Таълим
18 Дек  2019 5027

Ўзбекистонда японшунослик тараққиётнинг янги босқичида

Сўнгги йилларда Республика олий таълим соҳасида қатор муҳим ислоҳотларни амалга ошириш баробарида кенг кўламли ўзгаришлар рўй берди. Олий ўқув юртлари, жумладан, хорижий шериклар билан ҳамкорликда ташкил этилганлари сони кўпайди, ўқишнинг янги йўналишлари очилди, илмий-тадқиқот фаолияти соҳасидаги ҳамкорлик ривожланмоқда. Буларнинг барчаси миллий таълим тизимини янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда. Хорижий шериклар билан мустаҳкам алоқаларни йўлга қўйиш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Мамлакатимиз раҳбарияти нафақат иқтисодий, балки маданий-гуманитар соҳаларда ҳам Ўзбекистон-Япония муносабатларини ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда. Ўзбекистон мустақилликка эришгандан буён Япония турли соҳалардаги стратегик муҳим ҳамкорлардан бири бўлиб, кунчиқар юрт билан дўстона муносабатлар бизнес, таълим, маданият ва илм-фан соҳасидаги йирик қўшма лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Японияга расмий ташрифи арафасида Тошкент давлат шарқшунослик институтида нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиёда биринчи японшунослик факультети очилди.

Факультетнинг шаклланиши ички меҳнат бозорида ушбу профилдаги кадрларга бўлган эҳтиёжларнинг ортиб бориши билан боғлиқ. Бундан ташқари, ТошДШИда 1990 йилдан буён япон тили кафедраси мавжуд бўлиб, у бугунги кунда мамлакат иқтисодиётининг турли тармоқларида муваффақиятли фаолият юритаётган кўплаб муносиб мутахассисларни етиштириб берган.

Қарийб уч ўн йилдан буён япон ўқитувчилари республикада бу йўналишни ривожлантириш учун мустаҳкам ўқув-услубий, илмий асослар яратмоқда. Японшунослик соҳасида мутахассислар тайёрлаш юқори даражада йўлга қўйилган. Кафедрада, жумладан, орасида филологлар, иқтисодчилар, тарихчилар, файласуфлар ва сиёсатшунослар ҳам бўлган икки мингга яқин мутахассис таҳсил олган. Уларнинг аксарияти ҳам Ватанимизда, ҳам хорижда улкан муваффақиятларга эришган.

ТошДШИ Япониянинг етакчи университетлари, хусусан, Цукуба, Васэда, Хосэй, Кансай Гайдай, София ва бошқа кўплаб олий ўқув юртлари билан муваффақиятли ҳамкорлик қилади. 2006 йилда институтда Цукуба университетининг Марказий Осиё маркази очилган бўлиб, 2012 йилдан бошлаб талабаларимиз учун япон профессорларининг маърузалари онлайн тарзда ўтказиб келинмоқда. Маҳаллий мутахассислар билан бир қаторда япониялик ўқитувчи ва олимлар Ўзбекистонда японшуносликнинг ривожланишига катта ҳисса қўшмоқдалар ва шу кунга қадар институтда меҳнат қилишмоқда ҳамда илмий фаолият олиб боришмоқда. Япон филологияси кафедраси фахрий доценти Сугано Рейко қарийб 30 йилдан буён университетда фаолият кўрсатаётган, улкан сонли шарқшунос мутахассислар тайёрлашга беқиёс ҳисса қўшиб келаётганлардан. Умуман олганда, институт ходимлари Япония ташкилотлари ва олий ўқув юртлари кўмагида, янги факультет доирасида янада жадал ривожлантириш мақсадида японшуносликнинг бошқа йўналишларига ҳам туртки берадиган япон тили ва адабиётини ўқитиш усулларини такомиллаштириш борасида улкан ишларни амалга оширмоқда.

ТошДШИ раҳбарияти японшуносликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Жумладан, институтга 12 йил раҳбарлик қилган профессор Абдураҳим Маннонов шу йилнинг ноябрь ойида олий таълим муассасасида Ўзбекистон-Япония муносабатлари ва японшуносликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Япония ташқи ишлар вазири фахрий ёрлиғига сазовор бўлди. Институтнинг амалдаги ректори Гулчеҳра Рихсиеванинг бевосита раҳбарлигида икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қаратилган қисқа вақт ичида янги факультет очиш бўйича ташкилий масалалар ҳал этилди. 

Японшунослик, масалан, хитойшунослик ва арабшунослик, ҳиндшунослик билан таққослаганда, Ўзбекистон учун нисбатан янги соҳа ҳисобланади. Япон тилини ўрганиш бошланиши билан унга бўлган қизиқиш ўса бошлади. ОТМ Япония университетлари билан ўнта шартнома имзолади ва 2012 йилда Япония ҳукумати грантини қўлга киритди. Кунчиқар юртдан мунтазам равишда профессор-ўқитувчилар институтга ташриф буюриб, талабаларга маърузалар ўқийдилар. Видеоконференцалоқа уларни онлайн тарзда ўтказиш имконини беради. Ҳар йили ҳамкор университетларга ўнга яқин талаба стажировкага юборилади. Япониядан ҳам талабалар келади, мазкур ўқув йилида улар сони бештага етди.

- Албатта, янги факультет фаолиятини такомиллаштириш борасида ҳали қатор муҳим мақсад ва вазифаларимиз бор. Унинг очилиши давлатлар даражасида алоқаларнинг мустаҳкамланишига ҳисса қўшади, бундан ташқари, бу университетда ҳам, умуман мамлакатда ҳам японшуносликнинг чуқурлашишини англатади, - дейди ТошДШИнинг халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Элёр Маҳмудов. - Япониялик ҳамкор университетлар ташаббусимизни иштиёқ билан қабул қилди. Япония биз учун барча соҳаларда, жумладан, таълим соҳасида стратегик муҳим ҳамкордир. Японшунослик йўналиши бўйича таълим олаётган талабалар битта факультетга бирлаштирилди. Улар аллақачон бу ерда таҳсил олишмоқда ва сентябрь ойида маълум бир квота ва тегишли йўналишлар бўйича ўқишга қабул қилиш амалга оширилади. Бундан ташқари, ҳар йили институтимизда японшуносликнинг долзарб масалаларига бағишланган конференция ўтказилади, грант маблағлари ва инвестициялар фаол жалб етилади. Шунингдек, япон филологияси кафедрасининг ноёб кутубхонаси ҳам мавжуд. У 1996 йилда очилган ва шу вақтга қадар болалар бадиий адабиётидан тортиб то лингвистика, иқтисод, адабиёт, методика, тилшунослик, Япония тарихига оид илмий нашрларгача бўлган 14 000 нусхадан ортиқ китобга эга. Кутубхона Хосей университети, Тошиба халқаро ҳамкорлик фонди, Ўзбекистон дўстлик жамияти ва Фукушима префектураси, Цукуба университети, Токио чет тиллар университети профессорлари ва бошқа қатор ташкилотларнинг беғараз ёрдами асосида яратилган. Бугунги кунда кутубхонада китобларнинг ноёб нусхалари мавжуд бўлиб, улар ҳар қандай японияликни ҳайратга солиши мумкин. Улар орасида - «Япон адабиётининг классик асарлари тўплами» ҳамда кунчиқар юрт тасвирий санъатига оид китоблар ҳам бор.

Ҳозирда факультетда бакалавриат ва магистратуранинг тўртта йўналиши мавжуд бўлиб, улар орасида - филология, хорижий мамлакатлар иқтисодиёти (Япония), сиёсатшунослик, тарих, лингвистика, синхрон таржима йўналишлари мавжуд. Бу ерда жами 200 дан ортиқ талаба таҳсил олади ва ихтисослашган бўлимларда 16 нафар ўқитувчи меҳнат қилади. Ўқув дастури япон тили ўқитиш методикасини ҳисобга олган ҳолда институтда ишлаб чиқилади, жараёнда япон тили дарсликлари ва ўқув адабиётларидан ҳам фойдаланилади.

- Янги факультет тегишли даражада жиҳозланган ва таъминланган, лекин инвестиция ва грант маблағларини жалб қилишга эҳтиёж мавжуд ҳали, - давом этади Э. Маҳмудов. - Японшунослик йўналиши бугун институтнинг энг талаб катта ва машҳурларидан бири ҳисобланади. Ҳамиша шундай бўлган ва ҳозир тенденция янада кучайган. Япония ёшларимизни нимаси билан ўзига жалб қилади? Табиийки, фандаги технологик тараққиёт, янгиликлар ва илғор ечимлари билан. Японшунос талабалар орасида меҳнатсеварлик, интизомлилик, янги билим олиш истаги кучли чинакам японга хос услуб кўзга ташланади. Мамлакатга қизиқиш йигит-қизларга ҳамиша унинг маданияти, тили, иқтисодиёти, сиёсати ва ҳоказоларни муваффақиятли ўрганишга ёрдам беради. Албатта, ёшларимизнинг японшуносликка нисбатан бундай ёндашуви кўп жиҳатдан икки томонлама алоқаларнинг ривожланаётгани билан ҳам асосланади.

Евгения Юн

«Правда Востока»

Музаффар Абдуллаев сурати.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech