18 Сентябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +23,4 °C

Ижтимоий ҳаёт
26 Июл  2019 2866

Гуллар шаҳридаги тиланчилик «саноати»

- Тасаввур қилинг-а, хотиним билан кафеда ўтирибмиз. Тўсатдан томдан тараша тушгандай, кимдир суҳбатимизга аралашиб, қўлини чўзди ва пул сўради. Роса хира экан, қани кета қолса, нақ елимнинг ўзи. Қизиғи, кафега кираётиб, кўчада айнан шу тиланчига пул бергандим, - дейди ҳамкасбим.

- Зиқна эмасману лекин бундай безбетларга тоқат қилолмайман. Яна ер остидан ўтиш йўлларида ва жазирамада болалари билан ўтириб олиб, яхши пул топадиган аёллар ҳақида нима дейиш мумкин?! Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари қаерга қараётганига ҳайронман, ахир бу, эмизикли болакайларни таҳқирлаш-ку?! Тиланчилар уларга ҳам елимдай ёпишиб олишса, чет эллик сайёҳлар мамлакатимиз ҳақида нима деб ўйлашаркан? – дейди у куюниб.

Чиндан ҳам, тиланчилар жуда кўпайиб кетди: уларни бозорларда, жамоат жойларида, қабристонларда, зиёратгоҳларда ва кўпинча сайёҳлар ташриф буюрадиган тарихий обидалар олдида учратиш мумкин. Хорижий меҳмонлар масалан, кўҳна Ота Валихонтўра масжидидаги санъат галереясига ташриф буюриб, томоша қилишди, дейлик, аммо биттагина елимшак тиланчи шаҳримиз ҳақидаги барча ижобий таассуротларни бир пул қилиши мумкин. Шундай бир гала тиланчилар хорижлик дипломатга хира пашшадай ёпишиб, мамлакатимизни жуда ноқулай вазиятда кўрсатган бир ҳодиса ҳам юз берган.

Кишини ташвишга соладиган томони, «тиланчилик бизнеси»га барча ёшдаги болалар жалб этилган. Масалан, жуда серқатнов ва тартибга солинадиган чорраҳаларда деярли бутун оилани кўриш мумкин: онаси ва қизлари ҳар бир машинанинг ойнасини чертиб, пул сўрашади. Болаларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғилаётгани ҳақида онаси ўйламайди ва бутун оила машиналар орасида юриб, тиланчилик қилади. Автомобиль йўлида ҳар нарса содир бўлиши мумкин ва машиналар орасида қўлини садақа сўраб чўзган уч ёки тўрт ёшли болакайни ҳайдовчи оддий копот ортида кўрмай қолиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Ахир, бола бу ерда бўлмаслиги керак! Кўчаларимиздаги тирбандлик ва ҳаракат интенсивлиги сабаб ҳайдовчининг вазиятни вақтида баҳолаш ва қарор қабул қилиши осон эмас ва йўлдаги автомобиллар оқими оралаб пилдираётган тиланчи болалар, рулда ўтирганларни чалғитади.

Агар ҳайдовчи йўлда болани туртиб кетса нима бўлади? Судма-суд судрайвериб тинкасини қуритишса керак.

Айтганча, тиланчиларни оғир касал ёки жабрдийдаларни мукаммал тарзда ижро эта оладиган моҳир актёрлар ҳам, дейиш мумкин. Улар орасида сурбетларча, тап тортмай ва безбетлик билан пул сўрайдиганлари бор: кўчада ёки тўхташ жойида қаршингизда пайдо бўлади ва то мақсадига етмагунча елимдай ёпишиб, ёнингиздан кетмайди.

Ҳуқуқ-тартибот ходимлари бундай вазиятларга аралашиши лозим, лекин бунга кўпинча бефарқ қарайдилар, бу йил тиланчиларга қарши жазо чоралари анча кучайтирилди. «Айрим қонун ҳужжатларига жамоат тартибини таъминлаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, бу энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади. Шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Меҳр-мурувват ва ҳамдардлик, яқинларига ҳамиша ёрдам қўлини чўзишга тайёрлик - халқимизнинг энг яхши анъаналаридан биридир, аммо бу анъаналардан кўпинча фирибгарлар чақалоқларини қурол қилиб ўз манфаатлари йўлида фойдаланмоқдалар. Лекин улар фонида чиндан ҳам пулга муҳтож бўлганлар, қийин вазиятга тушиб қолганлар ажралиб туради. Яқинда бир савдо мажмуасида садақа сўраган ҳомиладор аёлни учратдим. Кўзи ёрийдиган вақтга жуда яқин қолган, аммо зарурат мажбур қилмаса, шу иссиқда ёрдам беришларини сўраб турармиди? Ёрдам беришларини сўраётган баъзи ногиронлару кекса одамлар ўзини муносиб тутади, ялиниб-ёлвориб, тиланиб сўрашмайди, балки шунчаки ёрдам бериб кетишларини айтишади. Бунда уларни қандай қўллаб-қувватлаш ҳақида бош қотириш лозим бўлади.

...Яшашга бошпанаси, ейишга ҳеч вақоси йўқ фуқаролар билан уй-жойи бор, лекин даромад манбаи бўлмаганлар ўртасидан чизиқ тортиш керак. Албатта, ҳар иккала тоифа фуқаролари учун ҳам хайрия ошхонасини очиш мумкиндир, аммо бу билан муаммо ҳал бўлиб қолмайди. Уйсизлар учун махсус бошпаналар, тиббий хизмат, бошпанаси бўлганларга - иш ёки мос пенсия таъминоти зарур. Уни бизнесга айлантирган ва меҳр-мурувватимиздан ўз манфаати йўлида фойдаланаётганлар билан эса бевосита ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари шуғулланишсин.

Феруза Отахонова.
«Правда Востока».
Наманган вилояти.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech