21 Август 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +22,6 °C

Маданият
23 Мая  2019 5398

Улар номи чўлларда жаранглар мудом

Театр гумбазлари остида қадимги «Қирқ қиз» чўл достони биздан олис замонлардаги воқеалардан худди ўзи каби кўҳна қадимий мусиқа асбоблари жўрлигида сўзлаганда ва унга ҳамоҳанг видеолавҳалар, кенгликларни талаб этадиган анъанавий фольклор санъати ва академик саҳнанинг қатъий қоидалари ўртасидаги чегарани дарров ҳис эта олмадик. Бироқ кўп ўтмай, қаҳрамонлик тарихининг янгича талқини сабаб бу туйғу йўқолди.

Постановка - санъат соҳасидаги янги тўлқинга бир мисол, уни тарғиб қилиш учун Тошкентда Замонавий санъат марказини очишга қарор қилдилар. Президентимизнинг 2017 йил 16 октябрдаги қарори билан ташкил этилган Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг ташаббусларидан бири ҳам ижод аҳли ва кенг жамоатчилик учун ёқимли кутилмаган совға бўлди. Замонавий санъат маркази (ЗСМ)нинг биринчи лойиҳаси муаллиф, режиссёр ва видеорассом Саодат Исмоилованинг «Қирқ қиз» спектакли намойиши ва «Қўрғон чироқ» кўргазмасини ташкил этиш бўлди. Унинг укаси таниқли рассом Бобур Исмоилов ҳам бизга яхши таниш, муаллифни эса кўпроқ хорижда яхши танишади. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти битирувчиси Италияда ўқишни давом эттирди, сўнгги ўн йил ичида Тошкент ва Париж ўртасида яшамоқда. Асарлари 55-Венеция замонавий санъат биенналеси ва 64-Берлин халқаро кинофестивалида, Германия, Франция, Норвегия ва АҚШнинг йирик маданият муассасаларида намойиш этилган.

Ҳозирги экспозиция марказнинг бир неча хонасинигина эгаллади. Катта асосий зал ним қоронғисида учта видеолавҳа намойиш этилмоқда, кичик хоналардан бирида - ярим аср олдин йўқ бўлиб кетган турон замин йўлбарси ҳақидаги «Сеҳрланган» номли видеохайрлашув. Ертўла-лабиринт «Ўлмас мактублар» лойиҳасига ажратилган: XI асрдан бери ўлик деб ҳисобланган сўғд тили ҳарфлари шаклидаги ёруғлик найчалари мавжуд ва унда асрлар муқаддам номаълум бир қизнинг қариндошларидан ёрдам сўраб битган мактубини ўқиш мумкин. Барчаси визуал қаторлар, товушлар, мусиқалар ва матнларнинг ностандарт комбинацияси билан уйғунлашиб кетган. Унинг мазмунини тушуниш ёки қурилишини мантиқий баҳолаш оддий одамга осон эмас, лекин бунда ҳиссий акс-садо муҳимроқ.

Пойтахтнинг Катта театридаги «Қирқ қиз» премьераси яқинда бўлиб ўтган Биринчи халқаро бахшичилик санъати фестивалини эслатиб юборди. Фольклорга мурожаат қилиш ҳолатининг икки манбаси. Ва қандай натижалар! Бир ярим соатдан камроқ вақт ичида муаллифлару ижрочилар номлари чўлда абадий жаранглайдиганлар ҳақидаги кўп қатламли афсонанинг барча гўзаллиги ва чуқур мазмун-моҳиятини етказишга муваффақ бўлишди. Қадим замонларда халқ бахшиларининг оддий, аммо аниқ иборалар, таққослашлар, тавсифларни топишгани ажабланарли! Улар ҳозир ҳам янгидай туюлади. Ва бошидаги ўй-режа бўйича тўғридан-тўғри Қирқ қиз қалъаси фонида кўрсатилганда постановканинг қанчалик мазмунли чиққан бўлишини тахмин қилиш мумкин, холос.

Лойиҳалар қандай пайдо бўлган ва муаллиф улар устидан қандай ишлаган? Бу ҳақида Саодат ИСМОИЛОВАнинг ўзи билан суҳбатлашдик.

- Сизни «Қирқ қиз»ни қўйишга нима илҳомлантирди?

- Ўз она ерини босқинчи душманлардан ҳимоя қилган ёш, жасур жангчи-қиз Гулойим ва унинг дугоналари ҳақидаги қорақалпоқ достони бундан тахминан икки минг йил муқаддам ёзилган. Бироқ постановка Марказий Осиё фольклорида 40 нафар қиз иштирокидаги кенг ғояни ўзида акс эттиради. Минтақадаги деярли барча мамлакатларда улар ҳақида афсоналар мавжуд.

Илк тўлиқ метражли «Чилла» бадиий фильмим устида иш олиб борарканман, деярли ҳамма жойда, кундалик ҳаётда, маънавий маросимларда, минтақанинг моддий маданиятида учрайдиган ва муқаддас ҳисобланадиган қирқ сонига қизиқиб қолдим. У билан боғлиқ афсоналар, муқаддас жойлар, меъморий обидалар юзага қалқиб чиқа бошлади. Энг ҳайратланарлиси, одамлардан «Қирқ қиз» ҳақида сўраганинг ҳамоноқ уларнинг кўзларида тушунтириб бўлмас ифода акс этарди. Бундай пайтларда авлодлар орқали узатилган жамоавий хотиранинг қандай намоён бўлишига гувоҳ бўлардим ва бу мени ўзига бутунлай сеҳрлади. Бир куни нодир китоблар дўконларидан бирида ушбу достоннинг Арсений Тарковский томонидан рус тилига қилинган таржимаси қўлимга тушиб қолди, у ана шу иши учун Қорақалпоқ давлат мукофотига сазовор бўлган. Яна унинг буюк режиссёрнинг отаси экани катта аҳамиятга эга бўлди. Шунингдек, Қорақалпоғистон, Сурхондарё ва Бухоро вилоятларидаги Қирқ қиз қалъалари архитектураси ҳам катта таассурот қолдирди.

Бироқ достон ва афсонанинг ўзи ҳақидаги тасаввурларни ажратиш керак эди. Мен учун биринчиси - қадимий дарахт танасида ўсган шохлардан бири - бадиий шакл, иккинчи шохи - жамоавий хотира. Хуллас, спектакль ўз кучини асосий тана - афсонадан олади ва бунда шох - достонга енгил таянади. Мен маълум бир давр ва тарихий персонажлар, оилавий муносабатлар ва ижтимоий-маиший услублар ҳақида чизиқли сюжетга эга достонни қўйишга даъво қилмайман. Лойиҳа кўпроқ афсонанинг талқинидир. Мен уни ётишдан олдин набирам қулоғига пичирлаб қўйганим каби етказишга ҳаракат қилдим.

Агар илгари видеолавҳалар яратган бўлсам, бунда унинг нима эканини тушунтириш қийин: ҳар томонлама ёритилган ва мультимедиа спектаклими, концертми ёки...? Ўзим учун ҳам бу мутлақо янгича шакл, чунки театрда иш жонли бўлади, асар ҳар сафар янги шаклда яшай бошлайди. Бу ҳис-туйғуларни бошдан кечириш эса ажойиб.

- Постановкани тайёрлашда кимлар иштирок этди?

- Томошабин кўрган нарсалар улкан муз тоғининг учи, холос. Премьерадан олдин уч йил давомида бутун минтақа бўйлаб қизларни қидириб, қадимги маданиятнинг етти нафар истеъдодли давомчиси танланди, улар билан ишлаш - улкан бахт. Бир ярим йил давомида уларни ўқитдик. Биз нафақат тарих ва мусиқа ҳақида суҳбатлашардик, балки саҳнада қандай ҳаракат қилишни, ўтган асрга қадар бундай залларда чалинмаган халқ чолғуларининг ўзаро биргаликдаги уйғунлигини ҳам муҳокама қилардик. Улуғбек Содиқов билан либреттони тайёрлаётганимизда асарни яхлит ҳолга келтирадиган композиторга эҳтиёж юзага қалқиб чиқди. Сўнг йигирмадан зиёд фильм ва спектакллар мусиқалари муаллифи, халқаро мукофотлар лауреати Дмитрий Янов-Яновскийга (у билан доим ҳамкорлик қилишни истардим) мурожаат қилдик. Эҳтиёткорлик, диққат ва катта ҳурмат билан анъанавий материаллар билан ишлашни бирга ўрганганмиз. Оҳанглар, ранглар ва уйғунликларда европача ишланмалар йўқ – бари аслига тўғри. Улар экзотик тарзда қабул қилинмаслиги керак, ҳар бир нота оддийгина жарангламаслиги лозим. Шу боис, масалан, бунда мақом йўқ - уни ҳеч нарса билан аралаштириб бўлмайди, унинг ўзи алоҳида бир олам.

Композицион ечим топилгач, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси кўмагида Қорақалпоғистон чўлларида тасвирга олиш ишларини бошладик, яна ёзнинг қоқ ўртасида! Гулойим ролига Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабаси Айсанем Юсупова таклиф этилди. Турмуш ўртоғим Карлос Казас видеолавҳаларни суратга олди, Ҳилола Шер либослар яратди, декорация учун -қозоғистонлик Камилла Курманбекова таклиф этилди, франциялик рассом Северин Реим чироқлар учун масъул бўлди. Жуда яхши, дўстона жамоа тўпланди.

Ижро пайтида қорақалпоқ, ўзбек, қозоқ ва қирғиз тиллари бир-бирини алмаштиради, ижро усулиям турлича - Фарғона аёллар вокал мактабидан тортиб томоқ қириб ижро этишгача услублар ўрин олган. Худди шу нарса созлар учун ҳам амал қилади. Улар орасида инсон овозига ўхшаб жаранглайдиган қорақалпоқ дутори, ғижжак, дўмбира, жетиген, чопо чоор ва бошқалар бор.

- Ўтган йили спектакль АҚШ ва Францияда намойиш этилди. Қандай қабул қилинди?

- Унинг премьераси Бруклин мусиқа академиясининг афсонавий Харви театрида бўлиб ўтди, унда ерда бир пайтлар Питер Брук «Маҳобҳарот» ҳинд эпосига мослашувни тақдим этган. Америкада университетларда Марказий Осиё маданияти ва мусиқаси ҳақида маҳорат-дарслари ва савол-жавоб сессиялари билан еттита тақдимот ташкил этилди. Париждаги Бранли соҳили музейидаги Леви-Стросса театрида тўрт кун томошалар берилди. Намойишлар муваффақиятли ўтди, залларда бўш жой йўқ эди, баъзи томошабинлар бир неча марта ташриф буюришди. Спектакль томошабинга мослаштирилмаган, бундай савол ҳатто, қўйилгани ҳам йўқ.

Бироқ афсонанинг ватанида уни ва унга қўйилган мусиқани қандай қабул қилишаркан, деган савол пайдо бўлди. Ахир, бизда бундай ишларни қабул қилишнинг ўз мустаҳкам ўрнашган тамойиллари бор. Бу ерда ҳикоя бутунлай бошқача тарзда тақдим этилади. Премьерадан олдин бирор аниқ тахмин йўқ эди. Асосийси, анъанавий санъатимизни замонавий форматда баҳам кўриш, меросимизда севиш ва ҳайратга соладиган нарсалар кўплигини кўрсатиш.

- «Қўрғон чироқ» кўргазмаси ғояси ҳақида гапирсангиз...

- Бу қадимий аждодлар сирлари билан боғлиқ. «Чироқ» бу қадимий маросим номи ҳам. Бу ота-боболар билан алоқани ифодаловчи шам ва чироқларни ёқиш билан боғлиқ. Ва ана шу ёруғлик образи алоқа сифатида менга ҳам жуда яқин.

Экспозиция сўнгги беш йил давомида вертикаллик ғояси, ҳавода муаллақ парвоз қилиш, вақт ва ўзига хос шаклларни ўз ичига олган танланган видеолавҳаларни ўз ичига олган. Асарлар орасида - Венеция биенналесида намойиш этилган «Зуҳра», машҳур бахши-шоир Қўрқит ота ватани – Бойқўнғирда олинган «Икки уфқ», сув билан тиллашиш маросими ҳақида «Окснинг шивири» бор.

- Кўргазма янги Замонавий санъат марказида биринчи марта ташкил этилди. Унинг Тошкентда ташкил этишига қандай баҳо берасиз?

- Замонавий санъатга биргина таъриф камлик қилади, у бошқача ва тушуниш учун ҳаракат қилишни талаб этади, лекин у ҳар қандай давлатда бўлиши керак. Уни тушуниш жараёни вақт талаб этади, бунинг учун томошабинни бунга тайёрлаш лозим бўлади.

Республика меҳмонларида кўпинча «Ўзбекистонда шундай муассаса борми?», деган савол туғиларди. Ва энди у бор. Муҳим воқеа ва унга дунёнинг турли мамлакатларидан келган одамлар эътиборини жалб этиш керак. Айниқса, Марказий Осиё – ҳали номаълум ҳудуд ва бир пайтлар ўзида турли этник гуруҳлар, динлар ва маданиятларни бирлаштириб, юксак ривожланган цивилизацияларни пайдо қилган ҳамда ривожлантирган тўлдирилган туби йўқ очилмаган сандиқ кабидир. Ана шу фазо менинг кўзлаган юқори чўққим, кучим ва индивидуаллигимдир. Бу замин шунчалик саховатлики, бизни ҳали олдинда кўплаб ижодий ишлар кутмоқда. Ишонч билан айта оламанки, чет элда Ўзбекистон ва бутун минтақанинг бадиий лойиҳаларга қизиқиш жуда катта.

- Ҳозирги ёшларнинг маданиятга бўлган қизиқишини ошириш керакми ва қандай қилиб?

- Бу муҳим вазифа, чунки санъат - мамлакатнинг маънавий ифодаси ва унинг халқаро майдондаги ташриф қоғози, вақтни тўхтатиб қўйиш ва ўзидан кейин арзирли иш қолдиришнинг унча кўп бўлмаган усулларидан биридир. У одамларда бағрикенгликни ва ўзаро бир-бирини тушунишни тарбиялайди.

Бунда қурилган стратегия муҳим аҳамиятга эга. Иложи борича кўпроқ кўргазмалар, концертлар, шунингдек, ретроспективалар, кинофестиваллар, биеннале, конференциялар, маърузалар, учрашувлар, таҳлилий муҳокамалар ўтказиш лозим. Соҳанинг ёш мутахассисларига талаб ва лойиҳаларни амалга ошириш учун кичик грантлар керак.

- Ижодда илк қадамларини қўйяётганларга қандай маслаҳат берасиз?

- Ички овозни тингланг, умумий оқим ёки фикрга таянмасдан мавзуларни шахсан тадқиқ этинг, иложи борича кўпроқ маълумот йиғишга ҳаракат қилинг. Ва тўхтаманг ёки таслим бўлманг, кутманг, майли, муваффақиятсиз иш бўлсаям у ҳам бирон нимага ўргатади. Шундай қилиб, фикрлаш тиниқлашади. Танқидни қабул қилинг, чунки асосли танбеҳлар томошабинлардан олинадиган энг қимматли нарсадир.

Даромадни деб лойиҳаларни қабул қилманг, акс ҳолда у касбга айланади ва барча ишни қаттиқ берилиб ва катта иштиёқ билан амалга оширинг. Иложи бўлса - саёҳат қилинг, қулайлик ҳудудидан чиқишга урининг. Ўзбекистон - улкан, ранг-баранг ва ажойиб мамлакат.

«Бундан ўн йиллар муқаддам Ўзбекистонга илк келганимдаёқ ушбу бетакрор юртнинг қанчалик ноёб эканини дарров англадим. Мамлакат илдизлари чуқур ўтмишга бориб тақалади. Саодат Исмоилова ана шу дунёнинг ажойиб маданий элчисига айланди. Рассом нафақат миллий ўзлигини сақлаб қола олди, балки бу борада минтақанинг ривожланишига ҳам кўмак бермоқда. У билан қандай учрашганимни эслайман. Уйидаги хоналардан бири ўтовга ўхшатиб безатилган экан. Бу менга жуда кучли таъсир қилди. Мен тарихни, мусиқани, ёзишни ва маданий хотиранинг бошқа шаклларини чуқур ҳис қиладиган, тинимсиз янги тарихлар ва ғояларни изловчи ўзига хос рассомни кўрганман ўшанда. Ўзи туғилиб-ўсган ажойиб минтақа ҳақида ғаройиб ҳикояларни айтиб беришда санъатнинг ўзгарувчан кучидан фойдаланади».

Андреа Лиссони,

«Тейт Модерн» (Буюк Британия) галереяси катта куратори.

Рамил Исломов.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech