21 Ноябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +9,2 °C

Саноат
25 Окт  2019 3150

Саноат флагмани

Олмалиқда Олмалиқ кон-металлургия комбинати (ОКМК) ишга туширилганининг 70-йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Ушбу саноат гигантини барпо этиш ХХ асрнинг 30-лар охири, 40-йиллар бошида режалаштирилганлигини жуда кам одам билса керак. Аммо турли ҳолатлар кўра, Ўзбекистон Республикасининг бўлғуси саноат гиганти фақат 1949 йилдагина ишга туширилган.

Корхонани ташкил этишнинг қийин даври юкларини ўз елкасида кўтарган минглаб кончилар, бойитувчилар, металлурглар, рудаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш қувватларини ўзлаштириш, мамлакатнинг урушдан кейинги саноати учун зарур бўлган маҳсулотни олиш ва заводни қуришга ўзининг фидокорона меҳнатини сарфлашган. Уларнинг номлари ва ишлари кўҳна ҳамда айни пайтда ОКМК атрофида қад кўтарган янги, замонавий шаҳар, Олмалиқ солномасида абадий қолади.

Улар комбинатни нафақат Ўзбекистонда, балки бутун минтақада мис-молибден, қўрғошин-рух, полиметалл, таркибида олтин бўлган рудаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича етакчи корхона даражасига олиб чиқдилар. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов юбилей муносабати билан комбинат ходимларига давлат мукофотларини топширди.

Бугунга келиб комбинат конларни очиқ ўзлаштириш ва рудаларни ер ости қазиб олиш, бойитиш, олтин саралаш фабрикалари, металлургия заводлари, йирик энергетика ва транспорт тизимлари, ривожланган инфраструктура ва ижтимоий объектларни ўзида мужассам этган ўзига хос улкан мажмуадир. Ўзбекистоннинг Тошкент, Наманган, Жиззах ва Сурхондарё вилоятларида жойлашган 45 та тармоқ бўлинмаларида 35 мингдан зиёд ишчи-ходимлар меҳнат қилишади.    

ОКМК ҳозирда ўсиш босқичида, аммо ҳақли равишда Ўзбекистон саноатининг флагмани ҳисобланади. Иш самарадорлигини ошириш учун бу ерга етакчи хорижий ва маҳаллий олимлар ҳамда экспертлар жалб этилган, улар иштирокида ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш дастури ишлаб чиқилиб, бугун муваффақиятли амалга оширилмоқда. Жумладан, 2017 йил август ойида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олмалиқ шаҳрига ташрифи чоғида янги, «Ёшлик I» конини ўзлаштириш бошланишига старт берилди. Комбинат дунёнинг 16 мамлакатига 17 дан ортиқ турдаги маҳсулотларни экспорт қилади. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан экспорт 1,5 баробардан зиёдга ошди.

Кўп минг кишилик жамоанинг аҳил ва уюшқоқликдаги меҳнати эвазига барча башорат кўрсаткичлари ортиғи билан бажарилди, маҳсулотлар ишлаб чиқариш сезиларли даражада оширилди, ўсиш суръатлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 131,5 фоизни ташкил қилди. Бу йил комбинатда бир қанча тарихий рекордлар ўрнатилди. 16 сентябрга қадар мис эритиш заводида 100 минг тонна катод миси ишлаб чиқарилди. Комбинат тарихида ҳали бундай натижа қайд этилмаган!

ОКМК шунингдек, шаҳарга асос солган корхона ҳам ҳисобланади. Унинг муваффақиятли фаолияти сабаб металлурглар, кончилар, транспортчилар ва бошқа касблар вакиллари истиқомат қиладиган бутун шаҳар гуллаб-яшнамоқда ва мамлакатимиз бойимоқда, ривожланмоқда. Уларга яратилган шароитлар ва ижтимоий инфратузилмалар комбинатнинг доимий ғамхўрлиги натижасидир. Таълим ва соғлиқни сақлаш, маданият ва спортни ривожлантириш ва дам олиш - буларнинг бари доимий иш мавзуси. «Металлург» маданият саройининг болалар рақс ансамблининг юртимизга нуфузли халқаро танловлардан мукофот олиб келиши ҳам тасодиф эмас. Корхонанинг 70-йиллиги арафасида саройнинг ўзи ҳам реконструкция қилиниб, янги «Мустақиллигимизнинг 27 йиллиги» микрорайонда етти қаватли ўнта уй фойдаланишга топширилди у ерда яна иккита мактабгача таълим ташкилоти очилган, иккита профилактория реконструкция қилинмоқда, комбинат балансидаги турар жойлар ва болалар боғчаларида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Бу ерда замонавий усулда фикр юритиш ва ишлашга қодир кадрларни тайёрлашга катта эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Олмалиқда Тошкент давлат техника университети филиали фаолият юритмоқда, 2018 йилда эса Россиянинг «Москва пўлат ва қотишмалар институти» МТТУ филиали очилди. 

Келгусида ҳам жамоа олдига улкан вазифалар қўйилади. Яқин йилларда хомашё базасини кенгайтириш, комбинатнинг ишлаб чиқариш қувватини оширишга қаратилган уч миллиард доллардан зиёд инвестицияларни ўзлаштириш режалаштирилган. Мисни бойитиш фабрикаси қурилиши бошланди, навбатда - металлургияда ишлаб чиқариш қувватларини реконструкция қилиш ва кенгайтириш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш турибди. Улар қаторига замонавий сульфат кислота цехлари, Ванюков печлари, мис эритиш заводида мисни электролиз қилиш цехи ва бошқа кўплаб ишлаб чиқариш учун зарур бўлган объектларни қуриш киради.

Комбинатни ривожлантриш дастурига мувофиқ 2023 йилга келиб, руда қазиб олиш йилига 40 млн тоннадан 100 млн тонагача, мис ишлаб чиқариш ҳажми 106 минг тоннадан 250 тоннагача, рух - 68 минг тоннадан 120 минг тоннагача,  аффинажланган олтин - 14,6 тоннадан 30 тоннагача,  аффинажланган кумушни эса 98,6 тоннадан 215 тоннагача ошириш режалаштирилган.

Ишонч билан айтиш мумкинки, комбинатнинг кўпмиллатли ва тажрибали жамоаси ўз олдига қўйган вазифаларни фахр билан уддалайдилар.

 

Александр Зотов.

«Правда Востока».

Музаффар Абдуллаев сурати.

«Правда Востока» газетасининг 2019 йил 25 октябрдаги 216-сонида «Флагман промышленности» сарлавҳаси билан эълон қилинган.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech