20 Октябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +23,6 °C

Мамлакатимизда
24 Апр  2020 2912

Эзгу фазилатлар халқимизнинг юрагида, қалбида мужассам

Президентимиз халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини инобатга олиб, ҳозирги пандемия шароитида аҳолимизнинг ёрдам ва кўмакка муҳтож қатламларини аниқ, манзилли асосда қўллаб-қувватлаш мақсадида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ғоясини илгари сурди. Бу ташаббус барча юртдошларимиз каби самарқандликлар қалбини ҳам жўшдириб, ғайратига ғайрат қўшмоқда. Шу боис, бу қутлуғ ҳаракат ҳар биримизнинг кундалик ҳаётимиз мағзига, инсоний бурчимизнинг ҳам қарзи ва ҳам фарзига, давлатимиз ва халқимиз қудратининг амалий намоёнига айланиб кетди. Аслида бундай эзгу интилиш ва фазилатлар халқимизнинг юрагида, қалбида мужассам.

Давлатимиз раҳбари 20 апрель куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида халқаро ва миллий талабларга тўлиқ амал қилган ҳолда мамлакатимизда карантин режимини босқичма-босқич юмшатиш, шу асосда тезроқ нормал ҳаётга қайтиш бўйича дастлабки чора-тадбирларни белгилаб берган эди. 22 апрель куни ўтказилган видеоселекторда эса аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромади кескин камайишининг олдини олиш вазифалари, шу жумладан, карантин чекловлари сабабли вақтинча ишсиз қолган фуқароларни моддий қўллаб-қувватлаш масаласи Самарқанд вилоятида амалга оширилаётган ишлар мисолида муҳокама қилинди. Ҳар бир йўналиш ва кесимда бажарилиши зарур бўлган чора-тадбирлар юзасидан аниқ топшириқ ва вазифалар белгилаб берилди. Уларни муқаддас Рамазон ойи давомида ўз вақтида бажариш бўйича амалий ишларни бошлаб юбордик.  

Ҳақиқатан, кун сайин ўзгараётган вазият аҳоли бандлигини таъминлаш ва муҳтож оилаларни ижтимоий ҳимоялаш бўйича қўшимча чоралар кўришни талаб этмоқда. Бугунги кунда вилоятимизда 3,8 миллион киши 904 минг оилада истиқомат қилиб келмоқда. Пандемия бошлангунга қадар меҳнат бозорида ишсизлик даражаси 9,3 фоизни ташкил қилган бўлса, хорижий давлатлардан меҳнат муҳожирларининг қайтиб келиши ва вақтинча ишсиз қолган фуқаролар ҳисобига бу миқдор 11,1 фоизга етиши кутилмоқда.

Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида камбағалликни қисқартириш масаласи кўтарилиб, уни камайтиришга қаратилган амалий чора-тадбирлар кўриб келиняпти. Таҳлиллар вилоятимизда даромад нотекис тақсимланганини кўрсатмоқда. Шу боис, камбағалликнинг юқори даражаси ва ўрта ҳол аҳолининг умумий аҳоли сонидаги улушининг энг паст кўрсаткичи ҳам баъзи туманлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Ана шундай оилаларни аниқлаш бўйича ўрганишлар бугунги кунда 47,7 минг (222,4 минг нафар фуқаро) муҳтож оила мавжудлиги аниқланди (шундан 18 мингга яқин фуқаро чет элдан вилоятимизга қайтиб келган меҳнат муҳожирлари ҳисобланади).

Албатта, Президентимиз қайд этганидек, камбағалликни камайтириш ойлик ёки нафақа миқдорини кўпайтириш, ёппасига кредит бериш, дегани эмас. Бунинг учун, энг аввало, аҳолини касбга ўқитиш, молиявий саводхонлигини ошириш, одамларда тадбиркорлик ҳиссини уйғотиш, инфратузилмани яхшилаш, манзилли нафақа тўлаш тизимини жорий қилиш керак. Худди шу нуқтаи назардан ўтказилган таҳлиллар натижасида муҳтожлик даражасидаги аҳолининг 19 609 нафари мутахассисликка эга бўлиб, ҳозирги кунда ишсизлиги, 35 776 нафарини шахсий томорқасида банд қилиш имконияти мавжудлиги, 39 615 нафари мутахассислиги бўлмаган ишсиз экани маълум бўлди.

Президентимиз сўнгги 3 йил мобайнида тадбиркорларни бевосита қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратмоқда. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг шу йил 3 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ва ундан кейин қабул қилган қарорларида уларга берилган турли имтиёз ва преференциялар, солиқ таътиллари, имтиёзли банк кредитлари ва қўшимча енгилликлар туфайли вилоятимиздаги аксарият ишлаб чиқарувчиларнинг иқтисодий барқарорликни ҳамда иш ўринларини сақлаб қолишига эришилди. 

Жорий йилнинг март - апрель ойларида:

- 3906 та тадбиркорнинг 798,0 млрд. сўмлик кредит қарздорликлари муддатлари 6 ойга узайтирилди;

- тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан 734 та тадбиркорлик субъектига 217,8 млрд. сўм молиявий ёрдам кўрсатилди;

- туризм соҳасидаги 455 та субъектга ер, мулк солиқлари ҳамда ижтимоий солиқнинг 12% дан 1%га пасайиши ҳисобига жами 2,4 млрд. сўмлик солиқ имтиёзлари қўлланилди;

- товарларни реализация қилиш айланмаси ойига 1 млрд. сўмдан ошмайдиган ва электрон ҳисоб-фактураларни қўллайдиган қўшилган қиймат солиғининг 1276 та тўловчисига 27,8 млрд. сўм солиқларни чораклик тўлаш ҳуқуқи берилди;

- 9641 та қишлоқ хўжалиги корхонасига сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 69,7 млрд. сўмга (50%) пасайтирилди ва ҳоказо...

Вилоятда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида амалий ишлар ҳам бошлаб юборилди. Тадбиркор ва фермерлар камбағал оилаларга томорқада экин экишга, такрорий экин учун ўз еридан жой ажратиш, касаначиликни йўлга қўйишга кўмаклашмоқда.

Президентимиз эътироф этганидек, давлат томонидан, ўз навбатида, бундай тадбиркорларга солиқ, лизинг, кредит тўловлари, зарур ресурслар билан таъминлаш бўйича турли имтиёз ва преференциялар берилади. Яъни бу аҳолига давлат томонидан тадбиркорлик субъектлари орқали кўрсатиладиган саховат ва кўмак бўлади.

Мисол учун, “Агромир” МЧЖ томонидан умумхалқ ҳаракати доирасида Пайариқ ва Самарқанд туманларидаги 1000 та муҳтож оилани 3 ой давомида озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, шу билан бирга 600 нафар камбағал оилага пудрат асосида 1 гектардан ер бўлиб бериб, кооперация тизими орқали токзорлар барпо қилиш ва улар орасида сабзавот экинларини экиш ҳамда кафолатли харидини таъминлаш ишлари олиб бориляпти. Президентимизнинг 22 апрелда бўлиб ўтган видеоселектордаги эътирофидан руҳланган тадбиркор йил якунига қадар бу майдонларни 2 минг гектарга етказиш ва шунча муҳтож оилани ишли қилиш ташаббуси билан чиқди.

Кўплаб хайрли ишларни амалга ошираётган ушбу корхонага туманларимизда кўп қаватли замонавий уй-жой қуриш учун ер майдонини ажратиб беришга кўмаклашамиз.

Самарқанд шаҳридаги “Азия металл проф” корхонасининг 100 нафар камбағал оилани 3 ой давомида озиқ-овқат билан таъминлаш, 10 та оилага суғорилмайдиган ерлардан уй қуриб бериш ва 100 та камбағал оила аъзосини корхонасида ишга жойлаштириш ташаббуси ҳам, албатта, саховатга яраша муносиб тақдирланади. Корхонага инвестиция киритиш шарти билан қишлоқ хўжалигида фойдаланмайдиган 8 гектар ер майдони ажратиб берилиши кўзда тутилмоқда.

Яна бир эътиборли жиҳати, пандемия даврида вилоятдаги барча саховатпеша тадбиркорларнинг амалий ишларини “Самарқанднинг асл фарзандлари” китобини чоп этиш орқали тарғиб қилиш режалаштириляпти.

Бундай хайрли ишларни Булунғур тумани мисолида давом эттирадиган бўлсак, ҳозирнинг ўзида 405 нафар саховатпеша тадбиркор “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатида иштирок этиш иштиёқини билдирмоқда. Хусусан, “BULUNGUR-SANDVIK AGROFIRMA” қўшма корхонасининг 23 та камбағал оилани озиқ-овқат ва дори-дармон маҳсулотлари билан таъминлаш ва ушбу оила аъзоларини ишга қабул қилиш ташаббуси маъқулланди. Умуман олганда, туманда муҳтож оилаларнинг 750 нафар аъзосини ишга жойлаштириш, 325 кишини шахсий томорқасида банд қилишга эришиш, 230 фуқарони қурилиш объектларига жалб қилиш, 120 дан ортиқ оилага кооперация асосида ер ажратиб бериш ҳисобига 245 нафар шахсни, қишлоқ хўжалиги ишларига 420 та фуқарони  банд қилишга эришилади.

     Бундан ташқари, туманни картошкачиликка ихтисослаштириш (1,4 минг гектардан 4,0 минг гектарга кўпайтириш) ҳисобидан фермер хўжаликларида қўшимча иш ўринлари яратилиб, муҳтож оила аъзолари бириктирилади.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, вилоят бўйича умумхалқ ҳаракати доирасида:

- муҳтож оилаларнинг 8,8 минг нафар аъзосини ишга жойлаштириш;

- 4,5 минг нафарини шахсий томорқасида банд қилишга эришиш (иссиқхона қуриб бериш, сабзавотлар ҳамда кўчатлар экиш ва бошқалар);

- 1,5 мингдан ортиқ фуқарони қурилиш объектларига жалб қилиш;

- 4,0 мингдан ортиқ оилага кооперация асосида ер ажратиб бериш ҳисобига 8500 та фуқарони банд қилиш;

- 100 дан ортиқ тадбиркор томонидан сув насосларини ўрнатиб бериш орқали фойдаланилмаган ерларни ўзлаштириб, 2,0 мингта муҳтож оилага бўлиб бериш чоралари кўрилади. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ишларига камбағал оилаларнинг 7,5 мингта аъзоси банд қилинади.

Пандемия даврида 5,4 минг муҳтож оиланинг шахсий томорқаларида иссиқхона, кўчат ва уруғлик ҳамда суғориш воситалари ўрнатиш учун 12,0 млрд. сўм субсидия маблағлари ажратилади ҳамда 29,5 минг фуқарони 21,5 млрд сўмлик жамоат ишларига жалб қилиш чоралари кўрилади.

Бу ишларни амалга ошириш негизида карантин талабларига риоя қилган ҳолда вилоятдаги саноат ва қурилиш корхоналари фаолиятини тиклаш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, апрель ойи бошида 5828 та саноат корхонаси фаолияти тўлиқ ўрганиб чиқилганда 1321 тасининг фаолияти тўхтагани, 1202 таси 25 фоиз, 1346 таси 50, 559 таси 75 ва 1400 таси 100 фоиз қувватда ишлаётгани аниқланди. Сектор раҳбарлари томонидан корхоналар муаммоларини ҳал этиш орқали 242 та корхона фаолияти қайта тикланди ва 1374 нафар ишчи ишга қайтарилди. Корхоналарга амалий ёрдам кўрсатиш натижасида 44 тасининг (439 нафар ишчи) фаолияти қайта тикланди, 100 фоиз қувватда ишлаётган корхоналар сони 25 тага (86 тадан 111 тага) оширилди, 500 нафардан ортиқ ишчи иш жойларига қайтарилди.

Юқорида кўрсатиб ўтилган тадбирлар доимий назоратга олиниб, карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда, муҳтож оилаларга моддий ёрдам бериш, уларни ишга жойлаштириш, саноат ва қурилиш корхоналарининг тўлақонли ишлашини таъминлаш чоралари секторлар кесимида амалга ошириляпти.

Президентимиз йиғилишда ҳали ишга солинмаётган имконият ва резервларни кўрсатиб берди. Ҳақиқатан, сервис соҳасида, умумий овқатланиш тармоғида, хизмат кўрсатиш, транспорт йўналишидаги фаолиятини тўхтатган ёки тушумлари кескин камайган корхоналар бизнинг вилоятимизда ҳам мавжуд. Ваҳоланки, карантин шароитида ҳам озиқ-овқатлар ва товарларни етказиб бериш, кўчма савдо ва хизматларни ташкил этиш орқали бу корхоналарнинг камида 70 фоизини ишлатишимиз мумкин. Шунингдек, карантин талабларига қатъий амал қилган ҳолда, тўловларни қабул қилиш, суғурта, микрокредит хизматларини ҳам йўлга қўйиш чораларига тезроқ киришишимиз керак.

Ўз ҳунармандчилиги билан бутун дунёга донғи кетган қўли гул усталаримиз санъати ва маҳоратини масофавий ўқув курслар орқали ёшлар ва аёлларга ўргатиш, ўз мактабига эга ҳунармандлар тажрибасини  оммалаштириш бўйича берилган топшириқларни бажриш бўйича мутасадли уюшма ва идоралар билан амалий режалар ишлаб чиқиляпти ва тез кунда оммавий аъборот воситаларидан фойдаланган ҳолда йўлга қўйилади.

Президентимиз белгиланган вазифаларни сифатли бажариб, одамларни ҳам банд, ҳам рози қилиш кераклигини алоҳида эътироф этди. Бу фикрлар Алишер Навоий бобомизнинг “Одамий эрсанг, демагил одами, ониким, йўқ халқ ғамидин ғами” деган байтларига ҳамоҳанглиги билан ҳам саховат ва кўмак бугунги кунда одамийликнинг бош мезонига, яшаш ҳикматининг ҳаётий қоидасига айланди.

Белгилаб берилган вазифалар масъулияти ва савобини ҳар бир самарқандлик яхши тушунади ва “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатига ўзларининг эзгу ишлари билан, албатта, муносиб ҳиссасини қўшади.

Эркинжон Турдимов,
Самарқанд вилояти ҳокими

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech