25 Апрель 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +8,8 °C

Саломатлик
2 Фев  2019 5837

Иштаҳани ўлдирадиган ҳолат ёки фаст-фудларнинг тайёрланиш жараёни

Тошкентда очилаётган умумий овқатланиш нуқталари сони йилдан-йилга ошиб бормоқда. Бунда кўча фаст-фудлари «оролча»ларини алоҳида қайд этиш лозим. Бундай вариантнинг танланиши ҳам бежиз эмас: тез тайёр бўлади, мазали ва чўнтакбоп. Аммо танганинг иккинчи томонини ҳам унутмаслик лозим, бунда сифатсиз емакдан заҳарланиб қолиш ҳам ҳеч гап эмас. Бундай жойларда тамадди қилаётганда ичакларимизга инфекция тушиши мумкинми? Ушбу саволларга жавоб топиш учун пойтахтдаги умумий овқатланиш пунктларига йўл олдик.

Илгари пойтахтда хот-доглар тайёрлайдиган исталган нуқтани фаст-фуд дердик. Ҳамма жойда бир хил дўмбоқ кулчалар, сосиска, кетчуп, майонез, помидор ва бодринг, сабзи салати бўларди. Бугун бундай «оролча»лар эгалари турли айёрликларга қўл урмоқда, оригинал таъм ўйлаб топиш учун бир-бирига мос келмайдиган масаллиқларни аралаштирмоқда, хўрандалар эътиборини тортиш учун турли акциялар ўтказмоқда. Аммо сифатли озиқ-овқат маҳсулотига бўлган санитария талаби барибир ўзгармай қолаверади. Бироқ бундай нуқталар эгаларининг ҳаммаси ҳам қоидаларга амал қилавермас экан.

Очиққан йигит оч қолди

Шундай қилиб, Юнусобод таманидаги будкалардан бирига ўзим билан олиб кетиш учун товуқли лавашга буюртма бердим ва жараённи кузатдим. Ошпазнинг жағи очиққина экан, 12 минг сўм узатдим. Пулни олиб санаб кургач, лавашни тайёрлашга киришди. Унга қўлқоп кийиш кераклигини эслатдим. «Ия?! Эсдан чиқибди-ку?!» деб қолди. Демак, таом тайёрлашда санитария меъёрларига амал қилмаслик ва кимдир эсига солгандан сўнг эслаш мумкин экан-да?! Иштаҳам йўқолди.

Яшнобод туманида ҳам худди шу манзара кузатилди. Автобус бекатларидан биридаги лаваш тайёрлайдиган нуқта. Худди ўшандай буюртма бердим. Сотувчи-ошпаз қўлқоп кийган. Тўғри, бунинг унча-мунча одам эътибор беравермайдиган бир лекини ҳам бор. Витринанинг бу томонида туриб, буни пайқаш ҳам осон эмас. Асосий масалликлар солинган идиш тоза эмас экан. Унинг нега нотозалиги билан қизиқдим. Тан олишди, буюртмалар жуда кўп бўлгани учун ҳали ювишга улгуришмабди. Бироқ улар сўнгги марта қачон ҳаммасини тартибга солишганини аниқлашнинг ҳам иложи йўқ эди.

Ҳамкасбим ҳам яна бир кўнгилсиз ҳолатни сўзлаб берди. Бир йигитнинг қорни очиб, донар, лаваш, хот-дог ва бошқаларни сотадиган будкага келибди. Бу пайтда сотувчи ҳамма ёқни тартибга келтираётган экан. Мижозни кўргач, қўлидаги супургини четга отиб юбориб, буюртмани тайёрлашга киришибди. Буюртмани тайёрлаётганда супуришдан ҳосил бўлган  чанг бурнига кирган, шекилли, оғзини ҳам ёпмасдан қаттиқ аксириб, яна ишини давоб эттирибди. Ҳалиги очиққан йигитнинг бирдан иштаҳаси йўқолибди.

...ёғ шу даражада қорайиб кетганки

Бунга ўхшаш вазиятларга бозорларда ҳам дуч келиш мумкин. Бу ерда одамлар эртадан кечгача ишлашади, ва албатта, оч юришмайди. Бундан ташқари, бозор-ўчар қилиб бўлганларнинг кўпчилиги ҳам у-бу таом еб олишни истайди. Одатда ош, норин, кабоб, перашка ва бошқа нарсаларни истеъмол қилишади. Ошпазлар ҳам очиқ жойда, расталар орасида таом тайёрлайди. Қозондаги ёғ шу даража қорайиб кетганки, унда қанча таом пиширишганини аниқлашнинг имкони йўқ. Хуллас, бир деганда овқатдан заҳарланиб қолиш оппо-осон.

Умумий овқатланиш нуқталарига яна кичкина ресторанлар, кафе ва ошхоналар киради. Кўпгина хўрандалар арзон овқатлардан, кўпи билан 20 минг сўмгача, олишга ҳаракат қилади. Аммо кўпроқ харж қиладиганлари ҳам йўқ эмас. Хизмат кўрсатувчиларнинг хўрандаларга муомаласи ҳам шунга қараб бўлади, шекилли. Агар мижознинг бойроқлиги кўриниб турса ва кўп нарса буюрса, унга рисоладагидек хизмат кўрсатилади, агар чўнтаги бўшроғи кириб қолса, таомни ювилмаган идишда ҳам тортавериш мумкин. Тушлик танаффусларимда бирида худди шундай вазият кузатилди. Овқат сузиб келишган ликопча ёғли эди, унда олдинги мижоз чала истеъмол қилган соус қолдиғи кўриниб турарди. Менинг столимга хизмат кўрсатаётган официант қизни чақириб, унга танбеҳ бердим. У узр сўради ва одам кўпайиб кетганда шунақа ҳолатлар ҳам учраб туришини айтди ва хатони идиш ювувчининг эътиборсизлигига йўйди. Аммо буюртмамни алмаштириб берди.

Аммо бунда вазиятларнинг ҳаммаси ҳам қора рангларда эмас, албатта. Бозорда ўз ишига масъулият билан ёндашадиган умумий овқатланиш нуқталари эгалари борлигини тан олиш ҳам керак. Рақобат тобора кучайиб бораётган даврда мижозларни биргина янгича таъм ва таомлар ўйлаб топиш билан ушлаб қолиб бўлмаслигини улар ҳам яхши англашади. Шу боис ҳам барча меъёрлар, жумладан, санитария меъёрларига ҳам қатъий амал қилишади. Йиллар давомида мисқоллаб йиғилган нуфузни шубҳа остида қолдиришни мутлақо истамайдилар. Ана шундай кишилардан бири билан, аноним қолиш шарти асосида, суҳбатлашишга муваффақ бўлдик.

– Давлатимиз тадбиркорларга кенг имкониятлар эшикларини очмоқда. Бу соҳада ўз нуқтасини очиш ва ишга тушириш илгарига қараганда, анча осонлашди. Аммо бозорларимиз бунга етарличи тайёр эмаслиги ҳам бор гап. Ҳалиям айрим тадбиркорлар учун умумий овқатланиш нуқтаси – бу бизнес. Бош мезон – пул ишлаб олиш. Агар эътибор қилган бўлсангиз, фаст-фуд тайёрлашнинг ягона рецепти мавжуд эмас. Бир масаллиқни иккинчиси билан осонгина алмаштираверадилар. Айрим ҳолларда барча масаллиқлари ўзгариб кетади. Ходимларни ишга олишда ҳам камчиликлар кузатилади.

Ўз муассасамда шахсан мен маҳсулотларнинг сифатига, овқат тайёрлаш жараёнига, хомашёларнинг тўғри сақланишига жиддий эътибор қаратаман. Бино ичи ҳамиша тоза-озода бўлиши лозим. Ҳар ой дезинфекция, ҳар ҳафта яхшилаб тозалаш ишларини ўтказамиз. Ҳар бири алоҳида ўқув курсларидан ўтган профессионалларни ишга олганмиз.

Энди ҳаммаси виждонга ҳавола

Ана шу савол билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Республика давлат санитар эпидемиологик назорат марказининг туман бўлимига мурожаат қилдик. Бу ерда вазиятни шундай изоҳлашди:

– Илгари умумий овқатланиш нуқталари мониторинги билан таркиби турли хизмат вакилларидан иборат махсус мувофиқлаштирувчи кенгаш шуғулланарди, бугун бу усул эскирди. Тадбиркорлик субъектларига бизнесини ривожлантиришга «яшил чироқ» берилгандан сўнг кўзда тутилмаган текширувлар тўхтатилди. Энди ҳаммаси тадбиркорнинг виждонига ҳавола. Аммо биз ҳам фаолиятдан тўхтаб қолганимиз йўқ, бу борада махсус меъёрлар ишлаб чиқилди, тадбирлар, бизнесменлар билан суҳбатлар ўтказилмоқда. Агар уларда қандайдир савол пайдо бўлса, ҳамиша бизга мурожаат қилишлари мумкин. Овқатланиш нуқтасида кўплаб кишилар заҳарланган тақдирдагина текширувлар ўтказилади.

...Ўтган йили ноябрь ойида интернет тармоғида Самарқандда хот-догдан 27 кишининг заҳарлангани ҳақидаги хабар пайдо бўлди. Бу ҳолатда тадбиркорлик фаолиятини керакли рўйхатдан ўтказилмай, фаст-фудларни санитария-гигиена меъёрларига мутлақо тўғри келмайдиган шароитда тайёрлашгани аниқланди. Бу ерда ҳатто, идиш-товоқларни ювишга сув ҳам бўлмаган. Савдо нуқтаси эгасида тиббий китобча ҳам йўқ экан. Лаборатория таҳлиллари эса тайёрланган соуслар, салатлар, бошқа маҳсулотларда, стол оёқлари ва ликопчаларда ичак таёқчалари ва стафилококкларнинг улкан манбаи йиғилганини кўрсатди. Улар эса сифатсиз майонез билан бирга оммавий заҳарланишни юзага келтирган.

Хавфсизлик чоралари

Ҳозирча талаб борми, таклиф ҳам бўлади. Кўчада фаст-фудларни татиб кўришни хоҳловчилар сони камаймаяпти. Терапевт Дилфуза Абдуллаева кўчадан таом сотиб олганда нималарга эътибор қаратиш кераклиги билан ўртоқлашади:

– Аввало, сотувчининг ташқи кўринишига эътибор қаратинг. Узун сочлар йиғилган бўлиши керак. Уларнинг санитария талабларига мувофиқ иш қиляптими йўқми, кузатинг. Иккинчи қоида, таомнинг қандай тайёрланаётгани ва қаерда сақланаётгани назардан четда қолмасин. Агар бунга амал қилинмаётганини кўрсангиз, таомнинг сифати борасида ҳам хулосага келиш мумкин. Котлет тайёрланадиган стол, тахта ва асбоблар тозами ёки гўштни қаерда кесишмоқда, музлатгич борми? Барча масаллиқлар паст ҳароратда сақланиши лозим. Ва ниҳоят, овқатланишдан олдин қўлларингизни ювинг ёки нам салфеткалардан фойдаланинг.

Эвелина Синотова

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech