24 Июль 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +30,5 °C

Ташвишли хабар
11 Янв  2019 6470

«Кесмоқчи эмас, шунчаки бутаб қўймоқчи эдик»…

Вақт қараб турмайди, кўз очиб-юмгунча баҳор эшик қоқиб, пойтахтда ободонлаштириш ишларини бошлашга тўғри келади. Тўғрироғи, кўчатлар, гуллар ўтқазиш бошланади. Афсуски, ўтган йили кўп асрлар яшаган чинор ва эманларнинг кесиб ташланиши (аксарият ҳолларда ноқонуний) борасида кўпроқ салбий янгиликлар эшитдик. Аммо юрагим тубида барибир, улар ўрнига янгилари ўтқазилиб, мувозанат тикланади, деган ўй ҳам йўқ эмасди. Илгарилаб кетиб айтаманки, бу ўй ўзини оқлади.

Бизни Тошкент шаҳар ободонлаштириш бош бошқармасида шаҳар ҳокимияти томонидан тузилган юқоридаги ишларнинг тайёр режаси билан таништиришганда ҳайратда қолдик. Аммо энг муҳими – унинг мазмуни. Бизни қуюқ шох-шаббаси билан жазирамадан ҳимоялайдиган дарахтлар қайтмоқда. Ҳавони кислород билан бойитадиган бироқ маҳаллий иқлимга умуман мослашиши қийин игнабаргли дарахтлар камроқ экиларкан. Пойтахтда 5 минг дона қрим қарағайи кўчатини ўтқазиш режалаштирилмоқда. 8 мингта эман кўчати экилиши ҳам қувонтиради, 10 мингтагача акация дарахти ўтқазилади. Экзотик дарахтлардан лола дарахти, япон софораси ва бошқалар экилади.

Таъкидлаш жоизки, юқорида айтилган кўчатларнинг барчаси республикамизда, шунингдек, гулчилик кўчатхоналарида ҳамда бунга ихтисослаштирилган хўжаликларда етиштирилмоқда.

Хуллас, ушбу кенг кўламли ишлар мегаполис шароитида унутилмаслигига жуда ишонгимиз келади. Бунда уларни яширинча кесиб ташлашлар назарда тутилмоқда.

Бундай ҳолатлар кўп бор ОАВда ёритилган. Сўнгги марта уларнинг энг шовқинлиси қўлида рухсат берувчи ҳужжатлари бўлган қурувчининг манфаати сабаб Асака кўчасида ўсган эманларнинг кесиб ташланиши бўлди... Чилонзорнинг 18-мавзесидаги ажойиб чинор ҳам кесиб ташланди. Иссиқлик трассасини олиб ўтиш керак бўлган йўлда чинор ўсиб турганди. Трассани уни айлантириб олиб ўтишлари ҳам мумкин эди, бироқ уни кесиб ташлашди.

Бундай ҳолатлар жуда кўп. Яқинда шахсан ўзим ҳам ана шундай ишнинг гувоҳи бўлдим. Чилонзор туманининг 19-кварталида буташ ишлари олиб борилаётган экан. Аммо у ерда ишлаётганларнинг хатти-ҳаракатидан уни бутунлай кесиб ташлашмоқчи бўлаётгани сезилиб турарди. Дастлаб, дарахт танаси йиқиладиган майдонни тайёрлашди, узиб юбормаслиги учун симёғочлардаги электир энергияси узатиладиган симлар олинди. «Правда Востока» мухбири ва ўша атрофда йиғилганлар улардан бунга тегишли ҳужжатлари (масалан, Давлат экология қўмитасининг чинорни кесиш ҳақидаги далолатномаси) бор-йўқлигини сўрашди. Йўқ экан.

Кўтарма кран ёрдамида кесувчини арра билан тепага кўтараётганда нима ҳам қилиш мумкин? Чўнтакдан телефонни олиб, жараённи тасвирга тушириш, холос. Кутилмаганда мўъжиза рўй берди! Бирдан дарахтни кесиш фикридан қайтишди. Кейин камерага қараб, бундай қилмоқчи эмасликларини, шунчаки дарахтни бутаб қўймоқчи бўлишганини айтишди.

Бу борада ҳаммаси ёмон эмас, албатта, бунга ижобий мисоллар ҳам кўп. Масалан, пойтахтда битта кафе қурилишида кўп асрлик дарахтни қурилиш билан уйғунлаштиришнинг уддасидан чиқишган. Бу кафега ташриф буюрувчиларнинг ҳам кўзини қувонтиради. Давлат амалий санъат музейи ҳудудидаги икки асрдан кўпроқ вақтдан бери ўсаётган эман ҳам сақлаб қолинган.

Дарвоқе, пойтахтимиз аҳолиси ва бошқалар эътиборига ҳам бир гап: агар қандайдир гуруҳнинг бирор дарахтни кесишмоқчи бўлаётганини кўрсангиз, бунга рухсат берувчи ҳужжатлари бор-йўқлигини сўрашга ҳақлисиз.

Бир қарашда ҳаммаси яхшидек, фақат тегишли муассасада ана шу доирага сиғмайдиган бирорта аниқ мисол келтира олишмади. Яъни бу, бизда дарахтларни ноқонуний кесишлар йўқ, деганими? Масалан, Ободонлаштириш бош бошқармасида дарахтлар орасида қурилган дўкон суратини кўрсатишди. Улардан бири эса қарийб девор орасида қолиб кетган. Энди савдо дўкони эгаси халақит бераётган дарахтни арралаб ташлаш учун рухсат беришларини сўрамоқда. Балки дўкон учун жой ажратиш чоғи бу ҳолатларни ҳам ҳисобга олиш лозимдир? Бу каби саволларга бошқарма ходимлари таҳририятнинг шундай ахборотни тақдим этиш тўғрисидаги расмий хати бўлмаса, жавоб беришдан бош тортишди. Баъзилари ҳатто, елка қисиб: «Қурилиш майдонида шундай вазият юзага келса, нимаям қилиш мумкин? Арралаб ташлашдан ўзга...», дейишди ҳам. Қаҳрамонларимиз ўз исм-шарифларини айтишдан бош тортишди. Саволлар ёзилган расмий хатни жўнатинг, ўшанда ҳаммасига жавоб оласиз, дегандай. Хуллас, қоғозсиз, суҳбат ҳам ўхшамади.

Константин Башлаев.
Муаллиф сурати.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech