22 Август 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +20,7 °C

Энергетика
9 Июл  2019 2795

Қурилажак АЭС майдончасида депутатлар десанти

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Борий Алихонов бошчилигидаги бир гуруҳ депутатлар Жиззах вилояти Фориш туманидаги Тузонкўл кўли яқинидаги атом станциясини қуриш учун танланган майдонга ташриф буюрди. Тадбирда «Ўзатом» ва «Росатом» агентликлари мутахассислари, ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Ташрифдан мақсад - АЭСни қуриш учун майдонда олиб борилаётган изланишлар билан танишишдир. Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан «Атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси қабул қилинди, бу Ўзбекистонда атом энергетикасини яратишнинг ҳуқуқий асосини таъминлайди ва АЭС каби ноёб объектни қуриш ва ундан фойдаланиш хавфсизлигини таъминлаш ҳамда эксплуатация қилиш ҳуқуқини беради.

- Депутатларимиз аллақачон Нововоронежск АЭСи (Россия), Токай АЭСи (Япония) ва Пакш АЭСи (Венгрия)да бўлиб қайтишди ва шу боис Фориш туманида ишлар қандай кетаётганини ўз кўзлари билан кўришни истадилар, - дейди Б.Алихонов. - Ишлар кўлами, албатта, бизда катта таассурот қолдирди ва келгусида ҳам ишларнинг кетиши билан танишиб боришни режалаштирмоқдамиз. Ахир, энг муҳими, бу технологиялар фуқароларнинг соғлиғига ва атроф-муҳитга зарар етказмаслиги лозим.

Айни пайтда, тадқиқот ишларининг фақат биринчи босқичи якунига етган. Техникалар олиб келинган ва техник лойиҳани янада пухтароқ таъминлаш талаб этиладиган иккинчиси бошланади.

- Мазкур босқичда геологик кесмалар қурилади, ҳар бир бино маркази остидан юз метр чуқурликдаги қудуқлар бурғиланади, кенрлар (қудуқлардан олинадиган жинслар намуналари – муаллиф изоҳи.) олинади, зичлиги, мустаҳкамлиги ва турли физик хусусиятлари текширилади, - дейди «Росатом» давлат корпорацияси Инжиниринг дивизиони техник сиёсати бўйича қўшма лойиҳа институти вице-президенти Андрей Кучумов. – Бу АЭСни бевосита лойиҳалаш учун дастлабки маълумотлардир.

- «Росатом» томонидан Ўзбекистонга тақдим этилган ССЭР-1200 (сув-сувли энергетик реактор – ВВЭР - водо-водяной энергетический реактор) қурилмаси лойиҳаси нафақат Россия федерал нормалари, атом энергиясидан фойдаланиш бўйича стандартлар ва талабларни, балки МАГАТЭ тавсияларини, Европа эксплуатация қилувчи ташкилотларининг ва Ғарбий Европа ядровий хавфсизликни тартибга солиш органлари ассоциациясининг талабларини ҳам ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган. АЭСнинг фаол ва пассив хавфсизлик тизимларининг комбинациялаштирилиши радиация материалларининг ташқи муҳитга чиқиши эҳтимолини бутунлай бартараф этиш имконини беради, объектнинг ҳар қандай кутилмаган вазиятларга бардошлилигини таъминлайди. Бу дунёдаги энг мукаммал ва хавфсиз лойиҳа, биз Россияда уни муваффақиятли синовдан ўтказганмиз ва энди ушбу тажрибани Ўзбекистонга ишонч билан таклиф қила оламиз, - дея таъкидлайди А.Кучумов.

АЭСни жойлаштириш учун жой танлаш муҳандислик қидирувларининг биринчи босқичи Қурилишда муҳандислик қидирувлари Ўзбекистон геоахборот ва шаҳарсозлик кадастри лойиҳа илмий-текшириш институти – «ЎзГАШКЛИТИ» ДУК томонидан амалга оширилган. Иккинчи босқичга «Ўзбекгидрогеология» ДУК жалб этилган бўлиб, унинг вазифаси ер қаърини комплекс геологик ўрганиш, гидрогеологик ҳамда қурилиш эҳтиёжларини муҳандислик-геологик жиҳатдан таъминлашдан иборат. Олдинда ҳали учинчи ва тўртинчи босқичлар: бошқа институт ва маҳкамаларни жалб этган ҳолда муҳандислик-гидрометеорология ва муҳандислик-экологик қидирувларини амалга ошириш.

Бундай юқори технологик иншоотларни қуришда қўлланиладиган мезонлар жуда жиддий. Шу боис қидирув ишларида ишлатиладиган ускуналар ўта замонавий – бу таҳлил қилиш учун юқори сифатли материал олиш имконини беради. Геодезия ишларини бажариш учун уч ўлчамдаги кенг кўламли тасвирни яратадиган дронлардан фойдаланилади. Лойиҳа барча технологик талабларга жавоб бериши, барча синовлардан ўтиши керак ва шундан сўнггина майдоннинг ўзига ва АЭСни қуриш учун лицензия берилади.

- МАГАТЭ Ўзбекистон билан ядро энергетикасини ривожлантиришда ҳамкорликка тайёр эканини тасдиқлади, дастурни қўллаб-қувватлашини маълум қилди ва ушбу миллий лойиҳани амалга оширишда давлатнинг ролини алоҳида таъкидлади, - дейди Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари, «Ўзатом» агентлиги бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудов.

Келажакдаги АЭСнинг муваффақиятли қурилиши ва фаолиятининг муҳим омили кадрларни тайёрлаш тизими ҳисобланади. Президентимизнинг 2018 йил 20 июлдаги «Тошкент шаҳрида «ММФИ» миллий тадқиқот ядро университети» федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг филиалини ташкил этиш ва унинг фаолиятини ташкиллаштириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Жорий ўқув йилидан бошлаб университет биринчи 100 нафар талабани тўрт йўналиш бўйича ўқишга қабул қилади: ядро энергетикаси ва иссиқлик физикаси; ядро физикаси ва технологиялари; иссиқлик энергетикаси ва иссиқлик техникаси; электр энергетикаси ва электротехника. Бундан ташқари, 56 киши «ММФИ» МТЯУда аллақачон ўқитилмоқда, 30 таси эса жорий йилда ушбу нуфузли муассасанинг бакалавриат ва магистратурасига танланади.

Майдондан 2,5 км масофада (жой аллақачон аниқланган, аммо қидирувчиларнинг фикрини тасдиқлаш учун қўшимча тадқиқотлар керак) Тузонкўл кўли жойлашган. Майдоннинг ўзи географик жиҳатдан туман марказидан 21 километр, пойтахтдан 175 километр масофада.

Республикада белгиланган атом электр станциясини қуриш ва фойдаланишга топшириш нафақат миллий фан-техника модернизациясига кучли туртки бериши, балки Фориш тумани ва бутун мамлакатнинг иқтисодий ривожланиши учун зарур шарт-шароит яратади.

Аниқроғи, бу электр энергияси ишлаб чиқариш. Икки блок қурилишидан йилига 18-18,5 миллиард кВт/соат даражасида барқарор электр энергияси билан таъминлаш режалаштирилган. Қурилиш даврида саккиз мингга яқин мутахассис, шунингдек, бошқа тегишли тармоқлар: хизмат кўрсатиш, транспорт, озиқ-овқат таъминоти жалб этилади. Қурилиш якунига етгач, 2,5 мингдан кўпроқ малакали ходимлар АЭСда иш билан таъминланади. Бу, асосан, махсус дастурлар бўйича ўқитилган маҳаллий аҳоли бўлади. Бундан ташқари, АЭС атрофида ўз инфратузилмасига, замонавий автомобиль ва темир йўлларига эга атомчилар шаҳарчаси қад ростлайди. Буларнинг барчаси минтақанинг умумий иқтисодий ривожланишига хизмат қилади. Оддий мисол: Европада АЭСни қуриш учун сарфланган бир доллар бутун мамлакат иқтисодиётини яхшилашга беш доллар бўлиб қайтади.

Депутатларнинг Форишдаги 18-санъат мактабида жамоатчилик билан ўтказган йиғилишида ҳам шу ҳақда сўз борди. Туманнинг келажаги муҳокама қилинди. Аҳолидан жуда кўплаб саволлар тушди. Биринчи навбатда улар хавфсизлик ва иш билан таъминланиш, туман аҳолиси учун таълим даражасини ошириш ва инфратузилмани ривожлантириш билан қизиқишди. Депутатлар, «ЎзГАШКЛИТИ» ДУК ва «Росатом» вакиллари саволларга тўлиқ жавоб бердилар. Улар яна маҳаллий аҳолининг лойиҳада иштирок этиши, қурилажак объектнинг туман қишлоқ хўжалиги ва экологиясига ва бошқа кўп нарсаларга таъсир қиладими-йўқми қизиқиш билдирдилар.

Александр Зотов.

«Правда Востока».

Муаллиф сурати.

«Правда Востока» газетасининг 2019 йил 9 июлдаги 136-сонида «Депутатский десант на строительной площадке будущей АЭС» сарлавҳаси билан нашр этилган.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech