23 Октябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +8,3 °C

Фикр
25 Дек  2018 5016

Халқи китоб ўқийдиган давлат доим ривожланишда бўлади

Оилавий кутубхонамизда жуда кўп китоб сақланади. Яқинда меҳмонга келган тўрт яшар неварамнинг тўппа-тўғри китоб жавони томон йўл олганига эътибор қаратдим. Битта китобни қўлига олиб, ўзи ҳали ўқиш-ёзишни билмаса-да, анчайин жиддий қиёфада уни бирма-бир варақлай бошлади.

Уни кузата туриб, бир пайтлар ўзим деярли ҳар куни борадиган «Китобсеварлар жамияти» эсимга тушди.

Болалигимизда тенгдошларимиз билан дарслардан сўнг бўш вақтимизни бадиий адабиётга сарфлардик. Бир-биримиз билан китоблар алмашардик, каттадан кичиккача, бари, китобни фақат ўн кунгагина ўқишга берадиган кутубхонага аъзо бўларди. Ёш китобсеварлар ўртасида «Том Сойер ва Гекльберри Финнинг саргузаштлари», «Гулливернинг саёҳатлари», «Ўн беш ёшли капитан», «Темир ниқоб», «Полк ўғли», «Чин инсон ҳақида қисса» каби асарларни ўқиш жуда оммалашган эди.

Эсимда бор, отам менга Георгий Брянцевнинг яқингинада нашрдан чиққан «Сирли сўқмоқлар» китобини сотиб олиб берди. Катталар ҳам, кичиклар ҳам уни ҳеч бўлмаганда бир кунга ўқиш учун олишга навбатда турарди. Ўқиб улгуриш учун тунги уйқудан ҳам воз кечиб мутолаа қилардик. Эрталаб эса уйқусираган ҳолда ким ишига, ким ўқишига отланарди. Аммо бу шунга арзир эди-да!

Афсуски, бугун фарзандларимиз китобларга деярли қизиқмай қўйди. Уларга вақтини планшет титкилаб ўтказиш маъқулроқ. Катталар танбеҳ берса, интернетда ундан ҳам кўпроқ, қизиқарлироқ нарсалар борлигини айтишади. Ана шу муаммо борган сари оммалашиб, катталашиб бормоқда. Нафақат ёшлар, балки катталар ҳам қўлига деярли китоб олмай қўйди. Аммо ҳаётнинг кўрсатишича, ҳеч кимни китоб ўқишга мажбурлаб бўлмайди. Китоб ўқишга истак табиий ва ичдан бўлиши керак.

Жаҳон адабиёти классикларининг асарлари тўпламларини ҳозирга қадар сақлайман. Бир пайтлар машҳур ёзувчиларнинг асарларини 20 килограмм макулатура топширгани ҳақидаги абономент бўйича сотиб олиш мумкин эди. Шу боис ҳам ўша даврларда туғилган кунга энг зўр совға китоб ҳисобланарди. Чор-атрофдаги ҳамма китоб ўқиганини катта авлод вакиллари яхши эсласа керак. Транспортда, бекатларда, исталган жамоат жойларида қўлида китоб тутган одамни кўриши мумкин эди. Ҳозир-чи, нимани кўрамиз? Манзара бутунлай бошқача. Нафақат китоблар, балки газета-журналлар ҳам унутиляпти. Кўпчилик, асосан, сарлавҳасинигина ўқийди. Газета ва журналларни энди ундаги кроссвордларни ечиш учун сотиб олишяпти. Қайғули вазият. Ўсиб келаётган ёш авлод мутолаага бўлган қизиқишни қаердан ривожлантирсин?

Масалан, кичик неварамнинг китоб ўқишга унча хуши йўқ. Кўчага чиқишга ва ўртоқлари билан ўйнашга рухсат беришдан олдин классикларнинг асарларидан бир неча саҳифа ўқиб беришини сўрайман. Ҳар сафар унинг бунга аранг чидаётганини кўриб-билиб турсам-да, усулдан воз кечмаяпман. Майли, буюк муаллифларнинг асарлари билан шунақа таниша қолсин.

Китобларнинг ҳаётимизда муҳим рол ўйнашини, ҳатто, Президентимиз ҳам бот-бот такрорлайди. Давлатимиз раҳбарининг фикрича, мутолаа маданиятини ошириш аҳоли саводхонлигининг ўсишига хизмат қилади. Ишончим комилки, ўсиб келаётган ёш авлод ҳам, бу классика бўладими ёки фантастик жанрда, муҳим эмас, албатта, китоб ўқиши керак. Адабиётлар билим доирасини кенгайтиради, сўз бойлигини оширади ва фикрлаш қобилиятини ривожлантиради. Фақат китоб ўқийдиган халқгина доим ривожланишда бўлади ва фаровон яшайди.

Эркин Ибрагимов,
меҳнат фахрийси.

Тимур Кайсаров сурати.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech