31 Октябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +9,5 °C

Агросектор
4 Фев  2020 4729

Кластерлар туфайли ҳудудлар фаол ривожланмоқда

Давлатимиз раҳбари томонидан қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга биринчи даражали вазифа сифатида аҳамият берилмоқда. Президентимиз раҳнамолигида бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг муҳим босқичларидан бири пахта кластерларининг ташкил этилиши бўлиб, бу соҳа ривожига нафақат кучли туртки берди, балки қишлоқ хўжалигида ва пахта хомашёсини қайта ишлашдаги ижобий ўзгаришларни ҳам таъминлади.

 

«Қишлоқ хўжалигида фермер ва деҳқонларнинг манфаатдорлигини ошириш борасидаги ўрганиш ва изланишларимиз давом этмоқда. Соҳага илғор технологиялар ва кластер тизими жорий этилмоқда».

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Шавкат Мирзиёев. Олий Мажлисга

Мурожаатнома, 2020 йил.

 

Наманган вилоятида «Uztex Uchkurgan», «Toshbuloq Teks», «Uchkurgan Textile», «Textile Finance Namangan», «Namangan Toqimachi» ва «Namangan paxta tekst» ҚК МЧЖ пахтани қайта ишлаш кластер корхоналари, соҳада қатор муаммоларни ҳал қилиш имконини берадиган пахта экиладиган майдонлар бириктирилган «Art Soft tex cluster» фермер хўжалиги муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 мартдаги «Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари фаолиятини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги  қарорига асосан «Textile Finance Namangan» МЧЖ қўшма корхонаси МЧЖ биринчи тажриба кластер корхонаси сифатида 2018 йилда Учқўрғон туманида ташкил этилган. Дастлабки 12 ой давомида компания экиш кампаниясида фойдаланилган бешта замонавий чигитэккич харид қилди. Натижалар жуда қувонарли - 9836 гектар ерга атиги 12-15 иш кунида чигит қадаб бўлинди, ҳолбуки илгари бунга 20-25 кун вақт кетарди.

Инновацион тизимнинг афзаллиги тезда ўзини кўрсатди: фермер хўжаликлари ишлашнинг илғор усулларини жорий этишга эътибор қаратди, тажрибали агрономлар жалб этилди, корхоналарга муайян ҳудудлар бириктирилди, хизмат транспорт воситаларидан кенг фойдаланилди, сувчилар ва механизаторларга маошлари ўз вақтида тўланди. Биргина 2018 йилнинг ўзида 91 трактор ва турли мақсадларда фойдаланиладиган агрегатлар харид қилинди.

Рақамлар сўзлайди

2019 йилда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 сентабрдаги «Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришларини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан кластер корхоналарига саккизта туман бириктирилиб, бешта кластер корхонаси ташкил этилди. 55,182 гектар майдонга пахта экилди. Масалан, «Art Soft tex cluster» фермер хўжалигига Мингбулоқ ва Поп туманларидаги 419 фермер хўжалиги (майдони ҳажми 23,218 гектар), Наманган туманидаги «Toshbuloq Teks» МЧЖ қўшма корхонасига - 117 фермер хўжалиги (5550 га), Норин туманидаги «Uztex Uchkurgan» МЧЖга - 126 фермер хўжалиги (6038 га) ва «Uchkurgan Textile» МЧЖга Уйчи туманидаги 151 хўжалик (5869 га) бириктирилди ва ҳоказо.

Кластер корхоналарининг ўз ер майдонлари ҳам мавжуд. «Art Soft tex cluster» фермер хўжалигига Мингбулоқ туманидан - 1,860, Поп туманидан - 2,268 гектар, Наманган туманидаги «Toshbuloq Teks» МЧЖ қўшма корхонасига – 407 гектар ва Учқўрғон туманидаги «Textile Finance Namangan» МЧЖга - 50,9 гектар ер майдонлари ажратилди.

Кластер корхоналари томонидан ўтган йили 546 та трактор ва агрегатлар, жумладан, 136 та қатор ораларини юмшатадиган трактор, 82 та культиватор, 9 та лазерли режалагич, 13 та замонавий пахта териш машинаси, 14 та чигитэккич, 13 та буғдой ўрадиган комбайн, 43 та пуркагич ва 2 экскаватор, тўртта ҳайдов трактори, 133 та тиркама ва 97 та бошқа қишлоқ хўжалиги техникаси сотиб олинди. Буларнинг барчаси йиғим-терим суръатлари ўсишига ҳам ижобий таъсир кўрсатди, масалан, «Art Soft tex cluster» фермер хўжалиги Мингбулоқ ва Поп туманларида мос равишда 37,362 ва 28,816 тонна, Наманган туманида «Toshbuloq Teks» МЧЖ қўшма корхонаси - 20,414 тонна, Норин туманида «Uztex Uchkurgan» МЧЖ - 20,201 тонна, Уйчи туманида «Uchkurgan Textile» МЧЖ  - 19,106 тонна, Учқўрғон туманида «Textile Finance Namangan» МЧЖ 30,438 тонна пахта хомашёсини йиғиб-териб олди.

2019 йилда кластерлар томонидан ишлаб чиқарилган пахтанинг умумий ҳажми - 171,115 тонна.

Яхши маҳсулот - ўзимизга ҳам, экспортга ҳам

Кластер тизимининг афзаллиги нимада? У хомашё эмас, балки давлат учун ҳам, ишлаб чиқарувчи учун ҳам фойдали бўлган тайёр маҳсулотларни сотиш ва экспорт қилиш имконини беради. Масалан, «Art Soft tex cluster» фермер хўжалиги томонидан ўтган йилги ҳосил ҳисобидан 10,744 тонна тола, 1,280 тонна йигирилган ип ва 115 миллиард сўмлик тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган. Ўн минглаб долларлик экспортни ташкил этиш устида ишлар олиб борилмоқда. Учқўрғон, Норин ва Уйчи туманларида «Textile Finance Namangan» МЧЖ томонидан етиштирилган пахтанинг умумий ҳажмидан эса 7364 тонна тола, 30,100 тонна йигирилган ип ва газлама ишлаб чиқариш режалаштирилган. 26 464,20 долларлик қийматидаги трикотаж маҳсулотлари партияси экспорт қилинади.

Кластер тизимининг яна бир афзаллиги шундаки, корхоналар ишлаб чиқарилган маҳсулотлардан эркин фойдаланади ҳамда барча ходимларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда нархлар ва сотиш ҳажмини мустақил белгилайди. Маҳсулот сифати учун хомашё тайёрловчилар ҳам, қайта ишловчилар ҳам масъул, негаки, сотилган маҳсулотдан ҳосил бўлган қўшилган қийматнинг бир қисми умумий жараёнга ҳисса қўшган барча ишчилар ўртасида тақсимланади. Шунингдек, ишлаб чиқариш жараёнида иш ўринлари ҳам яратилади.

Шу мақсадда 60 гектардан ортиқ ер майдони ажратилган Мингбулоқ ва Поп туманларида агросаноат кластерини яратиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилинди. Туркиянинг «Altintoprak Pamuk Tekstil Tarim Nakliyat Sanayi Vе Tiсaret Limited Sirketi» компанияси билан биргаликда «Art Soft Holding» МЧЖ яратилади, юқорида тилга олинган икки туманда пахта хомашёсини чуқур қайта ишлаш, уруғчиликни ривожлантириш ва иссиқхона мажмуаларини яратиш учун 30 млн доллар миқдордаги тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилинади. «Art Soft Holding» МЧЖ таркибида 18 та қўшма корхона бўлиб, у 2019-2022 йилларда 114,2 млн долларлик қатор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятларини очади. Масалан, «Art soft fiber» МЧЖда пахтани қабул қилинади, тозаланади ва қайта ишланади, «Artsoft oil»да ёғ ишлаб чиқарилади, «Art soft seeds» - пахта чигити, бошоқли ва бошқа экинлар ишлаб чиқариш бўйича уруғчилик корхонаси ва бошқаларни, «Art soft laboratory» МЧЖда - тупроқ шароити, ўсимликларни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш, ун, ёғ ва бошқа маҳсулотлар сифатини назорат қилиш лабораторияси, «Art soft greenhouse» - замонавий иссиқхона мажмуаси, «Art soft livestock» - чорвачилик мажмуаси ҳамда гўшт ва сутни қайта ишлаш корхонаси фаолияти йўлга қўйилади.

 «Namangan To’qimachi» МЧЖга Тўрақўрғон тумани фермер хўжаликларига, янги ташкил этилган «Namangan paxta tekst» МЧЖ эса Косонсой тумани бириктирилган. Мазкур туманлар илгари пахта кластери таркибига кирмасди.

Айни дамда кластер корхоналари томонидан 63,406 гектар пахта экиладиган майдонлар шудгорланиб, ушбу майдонларда баҳорги дала ишларига техника ва механизмлар шай қилиб қўйилди, экин майдонларини  экишга тайёрлаш борасидаги қишки юмушлар билан бир қаторда Мингбулоқ ва Поп туманларидаги шўрланган ерларни ювиш, ариқ-зовур тармоқларини тозалаш, насосларни таъмирлаш ва бошқа ишлар давом эттирилмоқда. 

* * *

Агар бутун кластер тизими ҳақида гапирилса, амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, кластерларнинг шаклланиши минтақаларнинг фаол ривожланишига ва минтақалараро интеграциянинг чуқурлашувига ёрдам беради. Кластер муайян ҳудудга «боғланади» ва унинг ресурс салоҳиятига таянади. Бир минтақадаги номдош кластер шаклан ва мазмунан бошқа ҳудуддаги номдош кластердан фарқ қилади. Шу нуқтаи назардан ҳам кластерлар ноёб иқтисодий тузилмалар ҳисобланади.

Қишлоқ хўжалиги кластеридаги иштирок фермерларга янги технологияларга, энг яхши амалиётлар ва фаолиятнинг илғор усуллари ва ишлаб чиқарилган маҳсулотни етказиб бериш имкониятларидан фойдаланишда афзалликларга эга бўлиш имкониятини яратади. Мослашувчанлик ва бозор соҳасидаги ўзгаришларга тез жавоб бера олиш қобилияти кластер таркибига кирувчи қишлоқ хўжалиги корхоналарининг рақобатдаги устунликларини шакллантиришда жуда муҳимдир.

Тоҳиржон Рапиқов.

Наманган вилояти хокими ўринбосари.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech