29 Сентябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +18,7 °C

Фан
7 Мар  2020 2055

Биотехнологиялар – экологик тараққиёт омили

Ўзбекистон Президентининг “Биотехнологияларни ривожлантириш ва биохавфсизликнинг яхлит тизимини шакллантиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ло­йиҳаси ишлаб чиқилди. Мазкур қарор асосида биотехнологияларни ривож­лантириш бўйича 2020–2030 йил­ларга мўлжалланган давлат дас­тури яратилиши, унда биотиббиёт, агробиотехнологиялар ва саноат биотехнологиялари йўналишлари бўйича қилинадиган ишлар ўз аксини топиши назарда ­тутилган.

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳар йили фаннинг бир неча устувор тармоқларини аниқлаш ва ривожлантириш зарурлигини таъкидлаган эди. Шунга кўра, бу йил геология, математика, кимё ва биология соҳаларидаги фундаментал ва амалий тадқиқотларни фаоллаштириб, олимлар учун барча шароитлар яратиш белгиланган. Биотехнология соҳасини жадал тараққий эттириш эса бугунги давр талабига айланди.

Биотехнология ва унинг имкониятлари

Биотехнология фан ютуқлари ва ишлаб чиқариш жараёнини бир-бирига боғлайди. У микроорганизмлар, ўсимлик ва ҳайвон тўқималари, органеллалар, рекомбинат ДНК ҳамда тўлиқ генетик модификацияланган организмлар каби турли биологик тизимлардан амалда фойдаланишга замин яратади. Айнан биотехнология туфайли экинларни ҳимоя қилишнинг замонавий биологик усуллари, биодеградацион полимерлар ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялари ишлаб чиқилган. Масалан, биополимерлар ҳозирда кенг қўлланилаётган пластмассаларга нисбатан катта афзалликларга эга, негаки улар ўзидан заҳарли моддалар чиқармайди, атроф-муҳитни ифлослантирмайди, фойдаланилгандан ке­йин парчаланиш хусусиятига эга. Генларни конструкциялаш нафақат ўсимликларни, балки ҳайвонот дунёсини ҳам назорат қилиш ва турли хусусиятларга эга янги организмларни яратиш имконини беради.

Бундан ташқари, замонавий биотехнологиялар инсон ҳаёти сифатини сезиларли даражада яхшилаши ва мамлакат иқтисодиёти ўсишига ёрдам бериши мумкин. Биотехнология туфайли янги самарали диагностика воситалари, вакциналар, дори-дармонлар, озиқ-овқат маҳсулотлари яратилмоқда, қишлоқ хўжалиги экинлари, жумладан, дон маҳсулотларининг ҳосилдорлиги ошмоқда. Бу, ўз навбатида, аҳоли сони кун сайин ўсиб бораётган курраи заминимиз учун ўта долзарбдир. Биотехнология орқали биомассаларни қимматбаҳо маҳсулотга — ёқилғига айлантириш имкони ҳам бор. Замонавий биотехнологиялар анчайин ранг-баранг, шу боис асримизни биотехнология­лар асри деб ­аташмоқда.

Истиқболли соҳа

Биотехнология амалий фан саналса-да, фундаментал илмий тадқиқотлар билан узвий боғлиқ. Белгиланган хусусиятларга эга организмларни яратиш, генетик касалликларни даволаш, танадан ташқарида оқсил массасини ишлаб чиқариш, организмга “биологик чип­ларни“ жойлаш — мана шу йўналиш­ларнинг барчаси мураккаб тадқиқотлар, замонавий ускуналар ва юқори малакали мутахассисларни талаб қилади.

Бутун дунёда бу соҳага киритилаётган инвестицияларнинг жадал ўсиши кузатилмоқда. Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, биотехнологияларнинг жаҳон бозоридаги улуши 2025 йилда 2 триллион АҚШ долларига етади. АҚШ, Хитой, Ҳиндистон ва Европанинг Genentech, Novartis, Merck&Cо, Pfizer, Johnson&Johnson, Sanofi каби компаниялари фармацевтика биотехнологиялари соҳасида тан олинган етакчилардан саналса, трансмиллий Monsanto компанияси генетик модификацияланган организм (ГМО)ларни яратиш ва ишлаб чиқаришда илғордир.

Қарор лойиҳасида қандай муаммоларга ечим бор?

Истиқболли ва янги бозорларни забт этишда улкан салоҳиятга эга биотехнология соҳаси Ўзбекистонда ва, умуман, Марказий Осиё давлатларида ҳали етарлича тараққий этмаган. Юртимизда ишлатиладиган биотехнологик маҳсулотларнинг 90 фоизидан ортиғи импорт қилинади. Шу билан бирга, ривожланган ва ҳатто ривожланаётган мамлакатлар билан солиштирганда ҳам бизда биотехнология маҳсулотларидан фойдаланиш кўрсаткичи ўта паст.

Ўзбекистонда биотехнологик маҳсулотларни тадқиқ қилиш ва соҳани ривожлантириш учун катта илмий ­сало­ҳият бор. Бироқ биотехнология саноати йўқлиги боис, аксарият ишланмалар ишлаб чиқаришга жорий этилмай қолиб кетяпти, биотехнология маҳсулотларининг ўзи эса кичик ҳажмларда лаборатория шароитида тайёрланяпти.

Қишлоқ хўжалигида кимёвий ўғитлар ва пестицидлардан фойдаланиш тупроқ деградацияси, сув ва ҳавонинг ифлосланишига олиб келади, аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатади. Бугунги кунда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги ерларининг катта қисми пес­тицидлар билан ифлосланган бўлиб, 80 фоиз майдондаги тупроқ таркибида кўп миқдорда зарарли ва хавфли моддалар мавжуд. Ўтган ўн йил давомида ерларнинг ўртача балл бонитети 58 дан 55 га тушиб кетди.

Мақсадли қўллаб-қувватланилмагани, зарур иқтисодий шароитлар бўлмагани, мазкур йўналишдаги стартапларнинг ривожланмагани, биохавфсизлик масалалари қонунчилик даражасида тартибга солинмагани соҳада яхлит тизимнинг шаклланишига тўсқинлик қилиб келди. Ҳозир мавжуд биохавфсизлик талаблари фақатгина турли санитар меъёрлардагина акс этган бўлиб, таркибида ГМО бор бўлган озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан қўлланилади. Бундан ташқари, эскирган таълим стандартлари, замонавий ўқув лаборатория­ларининг йўқлиги соҳада тайёрланаётган кадрлар сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда. Шунингдек, биотехнологик маҳсулотларни рўйхатдан ўтказиш ва сертификатлаш механизмларига эга бўлмаган меъёрий-ҳуқуқий база ҳам такомиллаштирилиши зарур.

Муаммога ечим топиш учун биотехнологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини аниқлаш, ягона биохавфсизлик тизимини шакллантириш, мамлакат илмий салоҳиятини ошириш, замонавий билимларга эга юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, илғор биотехнологиялар асосида иқтисодий ва ижтимоий соҳаларни юксалтириш лозим.

Қарор асосида биохавфсизлик ва ГМОдан фойдаланиш учун норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича қатор чора-тадбирлар қабул қилинади. Биотехнология соҳасида кадрлар салоҳиятини кучайтириш мақсадида, жумладан, ёш тадқиқотчиларнинг етакчи хорижий университет ва илмий ташкилотларда малака ошириши ташкил этилади. Биохилмахилликка асосланган янги биотехнологияларни ривожлантириш учун миллий биологик коллекциялар тармоғи яратилади. Бир қатор илмий муассасаларда янги йўналишлар бўйича лабораториялар ташкил этилиб, замонавий ускуналар билан жиҳозланади. Биотехнологик маҳсулотларни ишлаб чиқаришни (дори воситаларидан ташқари) лицензиялаш бекор қилинади, аммо, ўз навбатида, ишлаб чиқарилган бундай маҳсулот сертификатланади. Биотехнологик маҳсулотлар ва технологияларни ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш улушини рағбатлантириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилади. Қишлоқ хўжалигида кимёвий ўғитлар ва пестицидлардан воз кечилиб, биологик маҳсулотлардан фойдаланишга ўтиш чора-тадбирлари кўрилади.

Ҳозир қарор лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига (regulation.uz) жойлаштирилди. Муҳокамадан ўтказилгандан сўнг ҳужжат янада мукаммал кўринишда қабул қилиниши кўзда тутилмоқда.

Иброҳим Абдураҳмонов,
инновацион ривожланиш вазири

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech