22 Август 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +20,7 °C

Ижтимоий ҳаёт
2 Июл  2019 3461

На уят бор ва на номус: болалар боғчаларини текширишда нималар аниқланди?

Мактабгача таълим тизимида махсус вазирлик мавжуд бўлмаган йилларда соҳа тезкор ечим талаб қиладиган қийин вазиятда эди. Хусусан, иш масъул шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига тааллуқли масалага оид эди. МТВ шаклланиши билан узоқ вақт давомида жойларда ҳокимиятни суиистеъмол қилган ва ҳуқуқбузарликларни содир этганлар устидан назорат кучайди.

Афсуски, болалар фаровонлигига мутлақо бефарқ бўлганлар ҳалиям учраб туради. МТМ раҳбарлари била туриб қонунга кўра болаларга берилиши керак бўлган нарсалардан уларни маҳрум этиб, ҳуқуқларини поймол этишгача боришмоқда. Бундай ҳолатларни аниқлашга вазирликнинг ички аудит, молиявий ва ҳуқуқий назорат хизмати фаолияти йўналтирилган. Ўтказилган мониторинг натижалари ҳақида МТВ ички аудит хизмати бошлиғи Дилшод НОРМАТОВ сўзлайди:

– Ўтган йили текширувлар натижасида умумий қиймати 11 миллиард сўмлик молиявий ҳуқуқбузарликлар аниқланди, уларнинг 47,6 фоизи камомад ва ноқонуний харажатларни ташкил этади. 2019 йилнинг биринчи чорагида 5,4 млрд. сўмлик ҳуқуқбузарликлар қайд этилди. Бундан ташқари, давлат харидлари, бюджет маблағларини нотўғри режалаштириш, ортиқча ва бошқа кўплаб соҳаларда ноқонуний хатти-ҳаракатлар аниқланди. МТМда ноқонуний маблағ сарфлаш «ўлик жонлар»га, яъни расман ишга қабул қилинган, аммо аслида ишламайдиган ходимлар ҳиссасига тўғри келади. Болалар боғчалари раҳбарлари, маълум бўлишича, уларнинг иш ҳақларини ўзлаштиришади. «Ўлик жонлар»га эса кейинчалик пенсия тўланадиган иш стажи кетаверади. Ишнинг бундай йўлга қўйилиши охир-оқибат турли кўнгилсизликларга олиб келади, албатта. Агар муассасада «ўлик жонлар» бор бўлса ва уларнинг ҳам вазифасини ишлаётган ходимлар бажарса, турли чалкашликлар юзага келади. Натижада болаларга тарбиячи ва педагоглар томонидан етарлича эътибор берилмайди, бу эса таълим сифатига салбий таъсир кўрсатади.

«Ўлик жонлар» муаммоси янгилик эмас, бу МТМ раҳбарларининг энг кўп қўллайдиган «севимли» амалиётидир.  Баъзан бирор киши муассаса раҳбарлигига қўйиб қўйилади-да, лекин аслида болалар боғчасини бутунлай бошқа ёки бунга умуман алоқаси бўлмаган киши бошқаради. Кўпинча вазифалар мавжуд ходимларнинг зиммасига тушади, уларнинг аксарияти бу каби ишларга тайёр эмас, шу боис бундай функцияларни кўнгилдагидек бажара олмайди. Бу муаммо - мактабгача таълим тизимини ривожлантиришда энг кўп зарар берувчи омиллардан бири ҳисобланади. Бундай ҳолатларни бартараф этиш ва олдини олиш мақсадида вазирлик мунтазам иш олиб бормоқда. Масалан, ҳар бир мактабгача таълим муассасасида жамоатчилик назоратига риоя қилиш учун фаол ота-оналарни ўз ичига олган кузатув кенгаши ташкил этилди.

Қонунбузарликнинг яна бир кенг тарқалган тури – ишчи-ходимларга сохта мукофот пуллари ва қўшимча маош ёзиш, улар амалда бу маблағларни қўлларига олишмайди. Бундай ҳолатлардан бири Хоразм вилояти Шовот туманидаги 14-сонли мактабгача таълим муассасасида содир бўлган. У ерда беш-олти йил давомида ходимларга иш ҳақи тўлиқ тўланмаган. Баъзи ойлар бепул ишлашган. Бу ҳам етмагандай, уларни маҳаллий фермер хўжалигида ишлашга жалб қилишган. Ушбу муассасани мудиранинг мактабгача таълим муассасасига тарбиячи лавозимига расмийлаштирилган қайнонаси бошқараркан. Умуман олганда, дастлабки ва якуний тафтиш натижаларига кўра, болалар боғчасида 197 млн. сўмдан ортиқ бюджет маблағлари талон-торож қилинган. Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги 16-мактабгача таълим муассасасида текшириш давомида 115 миллион сўмлик иш ҳақи тўланмаган. Текширувлар давомида ота-оналар бадаллари ва ҳомийлик тушумлари болалар боғчаси кассасига кирим қилинмаган ҳолатлар кўплаб аниқланади. ХТВ ва Молия вазирлигининг «Мактабгача таълим муассасалари ва мактаб-интернатлардаги болалар таъминотига ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига мувофиқ болаларни қўллаб-қувватлаш учун тўлов ҳар ойнинг 15 кунидан кечиктирмай амалга оширилиши лозим.

Тўлов механизми шундай – ота-оналар болаларни мактабгача тарбия билан таъминлаш учун пул олиб келишади ва гуруҳ тарбиячисига беради, у эса ўз навбатида, мудира ёки унинг ишончли вакилига беради. Иккинчиси пулни банк кассасига ўтказиши керак. Бу ота-оналар учун ҳам катта хавф. Шундай қилиб, улар беихтиёр мудиралар томонидан маблағларини ноқонуний талон-торож қилиш мумкин бўлган вазиятни юзага келтирадилар. МТМ ходимларига ота-оналардан болалар тарбияси учун нақд шаклда пул олиш қатъиян ман этилади. Шу боис тўловни фақат банкда амалга оширишни сўраймиз.

Бундан ташқари, МТМ раҳбарлари болани боғчага йўлланмасиз қабул қилиш учун пора олиш ҳам ноқонуний даромад манбаига айланган. Бу муаммо кеча ҳам, бугун ҳам пайдо бўлган эмас: болалар боғчаларида жой етишмаслиги туфайли ота-оналарнинг ўзи бундай қонунбузулишларга йўл қўйишади. Энди МТМлар сони кўпайди ва фуқароларнинг ҳуқуқий онги ҳам ўсди. Бироқ болаларни ноқонуний қабул қилиш ҳоллари ҳали-ҳамон қайд этилмоқда. Биринчидан, бу коррупция фактини келтириб чиқаради, иккинчидан, муассасада расман ҳеч ким фарзандингиз учун жавобгар бўлмайди, негаки у расман рўйхатдан ўтмаган.

Қоидабузарликлар орасида болаларга мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотларини қонунга хилоф равишда ўзлаштириш ҳолатлари ҳам қайд этилган. Бу энг кенг тарқалган ҳолатлардан биридир. МТМда озиқ-овқат маҳсулотларини ташкил этиш сифатини ўрганиш учун махсус комиссиялар тузилмоқда. Комиссия таркибига ҳамшира, тарбиячи, ошпаз, касаба уюшмаси қўмитаси раиси, ота-оналар киритилади. Аммо уларнинг фаолияти ҳам ҳозирча қониқарсиз қолмоқда. Ҳали ҳам камчиликлар аниқланяпти. Аудиторлар мунтазам равишда боғлардаги яширин жойлардан, ҳужжатларга кўра, улар таом тайёрлашда аллақачон ишлатилган озиқ-овқат маҳсулотларини топишади. Қисқача айтганда, маҳсулот болалар столига етиб бормайди. Пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги 596-сонли мактабгача таълим муассасасида тарози платформаси остига ва омборхонага, Сергелидаги 292-сонли МТМда чойшаблар тахлами остига, Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманидаги 5-сонли мактабгача таълим муассасасида озиқ-овқатни электр шчитига яширишгани аниқланди. Жиззах шаҳридаги 39-сонли мактабгача таълим муассасасига ташриф буюрилганда, боғ ишчилари қонунбузулишни яшириш учун 27 килограмм гўштни канализация чуқурига ташлаб юборишган. Таъмирлаш, канцелярия товарлари, мебель ва бошқа зарур нарсаларни сотиб олиш учун ажратилган маблағларни ноқонуний ўзлаштириш борасида ҳам катта қоидабузарликлар қайд этилган. Масалан, Жиззах вилояти Зомин туманидаги мактабгача таълим бўлимига шартномада кўрсатилганидан кичикроқ ҳажмли музлатгичлар етказиб берилган, режалаштирилган таъмирлаш учун қурилиш материаллари эса умуман олиб келинмаган.

Тизимда ҳал қилиш лозим бўлган муаммолар кўп. Ишчилардаги ҳуқуқий саводхонликнинг паст даражаси юқорида кўрсатилган оқибатларга олиб келади. МТВ бундай вазиятларни бола ҳуқуқларини қўпол равишда бузиш, деб ҳисоблайди. Мутасадди органлар томонидан тегишли чораларнинг кўрилиши тизимдаги ҳуқуқбузарликларни бартараф этишга қаратилган. Биз фарзандларимиз манфаати учун ҳамма нарсани қилиш, улар учун шароит яратиш йўлида ягона мақсад сари интилмоқдамиз. Бу соҳада меҳнат қилаётган ҳар бир шахс томонидан тартиб ва интизомга риоя қилиш орқали амалга оширилиши мумкин.

 

Евгения Юн ёзиб олди.

«Правда Востока».

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech