03 Июнь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +25 °C

Фикр
1 Мая  2020 1422

Аёл бўлса, уйда тўла нур бўлади...

Вирус пандемияси ҳаммани бир хил ўйлайдиган, бир хил ҳаракат қиладиган қилиб қўйди. Яъни ҳамманинг нияти тезроқ бу офатдан қутулиш, чораси эса уйда ўтириш!

Қаранг, ажабо, одамзодни уйга қайтарди, бир мени ёки сизни эмас, бани одамзодни уйга қайтарди! Нега шугина, кўзга кўринмас зарраларнинг зарраси бутун одамзодни бошқа одамга айлантирди? Уни ҳалим қилди, ўйчан қилди. Энг асосийси, оилага қайтарди!

Дарвоқе, карантинни чилла ўтириш, десак ҳам бўлади. Чунки қадимда  аждодларимиз, чилла ўтириб (қирқ кун) ўзларини емоқ, ичмоқдан, одамлар нигоҳидан сақлаб, фақат ибодат қилиб поклаганлар ва тилаклари ижобат бўлган. Бизнинг ҳам дуоларимиз ижобат бўладиган, тавбаларимиз қабул қилинадиган вақт келди. Покиза оиламиз билан покиза уйимизда, покиза бўлиб Парвардигордан сўрайлик: элимизни , ватанимизни,  виждонимизни, имонимизни Ўзи асрасин!

Биз кейинги пайтларда уйимизга фақат ухлагани келадиган бўлиб қолгандик.  Бугун карантин кунлари гуллар очилиб ётган боғчамни, уйдаги  хоналарни кезиб, шулар ҳақида ўйлар эканман, биз яратган ҳар нарсанинг бизда  ҳам ҳаққи бор экан-да, деган хаёлга келдим.

 Ахир биз уларни экар эканмиз, ўз ниятларимизни ҳам қўшиб экамиз-ку. Хоналарга ҳашаматли мебель тўпламини жойлар эканмиз, ўз орзуларимизни ҳам жойламадикми, деган фикр келди беихтиёр. Демак, нафақат улар бизники, балки биз ҳам уларники эканимизни унутаёздик, ахир.

Шу тобда онамни эсладим. Оҳ, жаннатим, онам. Қачон борсак эшик очиқ, қозонда овқатлар пишган, уйлар саранжом-саришта.... Уй тўла нур бўларди. Чиндан ҳам аёл – уйнинг чироғи!

Аёллар  кўчага чиқиб, ишлай бошлагач, уйдаги бу файз йўқола бошлади. Болалар қаровсиз, эркаклар меҳрсиз, аёллар муҳаббатсиз қолавердилар. Тўғри, рўзғор, талаблар, хоҳишлар даражаси ҳам ошди. Шунинг учун ҳамма ҳаракатда, таҳликада. Ҳаммага ҳамма нарса керак!  Нафслар урчий бошлади. Қоринлар тўйди, дўконлар, бозорлар тўлди, кўз тўймади.  Аммо, мана, бўлар экан-ку.

Афсус, энди вақтимиз бор, ихтиёримиз йўқ, молу давлатимиз бор, хотиржамлигимиз йўқ! Биргина карантин биз бино қўйган, керилиб юрадиган машина – темир, дуру гавҳарларимиз – тош, кийимлар – латта, пул эса қоғоз эканини англатиб қўйди.

Бувиларимиз булар ҳақида тез-тез бизни огоҳлантирардилар.  Боболаримиз эса “Ўзингни эр билсанг, ўзгани шер бил!” қабилидаги ҳикматларни айтиб, манманлигимизни синдириб турардилар. Қани улар? Уларнинг ҳам вақтлари йўқми ёки биз уларни тингламай қўйдикми?!

Умуман олганда, бугун карантинда ўтирар эканмиз, шу масалаларни бир ўйлаб кўрадиган палла келди. Ўзбек аёли сабрли, матонатли. Оғир кунларда доимо жонбозлик кўрсата оладиган зот!  Ҳозир ҳам  бир қўли қозонда бўлса, бир қўли болаларининг онлайн дарслари билан оввора.  Оиладаги катталарнинг дуоси, турмуш ўртоғининг  ризолиги, болаларининг қобиллиги  унга туганмас куч-қудрат, ғайрат беради.

Аёл байрамларни севади. Бир ширин таом қилиб ҳам, қизига бир чиройли  кўйлак тикиб бериб ҳам, қўшниларни меҳмонга чақириб ҳам байрам қилаверади аёл. Бугунги карантин  кунларида ҳам болаларига эртак айтиб, шеър ёдлатиб ҳам  шукроналик хиссини ўргатаётгани аниқ. Оила хотиржамлигини сақлаб тура оладиган  ягона хилқат бу – Аёлдир!

Бугунги карантин кунларида уйда ўтириб, қизларимизнинг келажаги ҳақида янаям муффасал ўйлашга етарлича вақтимиз бор.

Азизларим, опам, синглим, тенгдошим, қизларимизни турмушга тайёрлаяпмизми? Ҳа, албатта, дейсиз: курслар очилган – пишириқ, турли миллат таомлари, тикув-кашта тикиш, уқалаш, рақс ва ҳоказо.

Қани буларнинг ичида “Мен тушаётган оила” курси?  Қайнота- қайнона, қайин акаю қайин сингил, овсин каби дарслар борми? Уларнинг ҳар бирларига бир неча соатларни ажратиш мумкин-ку. “Қут-барака, увол”, “Ҳалол ва ҳаром”, “Бола боқиш”, “Кўнгил олиш” каби курслар бўлса, қани эди. Авваллари бу дарслар бор эди. Ҳа, ишонаверинг, бу курсларнинг директори бувимиз, ўқитувчиси онамиз, тарбиячилари опамиз, келинойимиз  бўлар эди. Ҳозир кўп нарсани маҳаллага юклаб қўймадикми?

Баъзи аёлларимиз  туғруқ столидан тушмай туриб: “Қизим бахтли- тахтли бўлади, яхши жойларга келин бўлади, бой-бадавлат, маликалардек, эркин, озод бўлиб яшайди”, деб ниятлар қилади. Тўғрими?  Оғзимиздан чиққан ҳар бир сўз бизнинг тақдиримиз эканлиги ҳам аён.

Биринчи кундан бошлаб ошкора  сеп йиғиш билан овора бўлаётган ота-онанинг ҳаракатларини кўриб ўсган қиз молпараст бўлади. Тўғри, авваллари ҳам оналаримиз отасига ҳарна ёрдам, деб сеп йиққан, тўртта киймай, иккита кийган, иккитасини эса сепга ташлаган. Аммо у сепларни токи кимгадир унашилмагунча қизига кўрсатмаган. Кўнгли бузилмасин, фикри чалғимасин, деб. Ҳатто ипак матоли атласларни ҳам кийгизишмас эдиларки, эрта уйғониб қолади, деб.

Ҳайхот, энди-чи?!  Энди “малика” бўлиш  орзусида яшаган қиз бечора тўйдан кейин қараса,  на “қирол” бор, на тахт .У ерда фақат “хизматкор”лик. Ана, ажримнинг энг биринчи сабабларидан бири! 

Тўйдан олдинги совға-саломлар, сайру саёҳатлар, худди ҳинд киносидагидек ўлдим-куйдимлар йўқ. Турмушга чиқиш фақат ишқий саргузаштлардан иборат деб ўйлаганлар учун оила тутиш меҳнатлари оғир кечади ва мутлақо бундай ҳаётга тайёр эмаслар учун чидаб бўлмас зуғумдек туюлади.

Қизим ҳеч нарсани билмайди, хизматкор қўшиб бераман, қуда хафа бўлмайсиз-да, дейдиган юзи қаттиқ оналар ҳам кўпайиб қолди. Лекин бу кўп ҳолатларда иш бермади. Тўғри-да, уйда яна бир бегона одамнинг юриши кимга ёқади. Хизматкор кетгандан кейин ношуд келин масаллиқларни увол қилавергач, ишларининг бош-охирини тополмай қолгач, қайнона  панд-насиҳат қилади. У, албатта, “маликаи турандод”га ёқмайди. Мана, уларнинг ўрталарига тушган биринчи совуқлик!

Ижтимоий тармоқларда синфдош қизлар йигит талашиб, бир-бирларини уриб ташлаётганлари, ваҳшийларча пичоқ кўтариб, ўқитувчиларига пўписа қилаётганларининг гувоҳи бўляпмиз. Ўша қизлар, эмасми,  келин бўлгандан кейин қайнонасини, эрини ўлдириб, гумдон қилаётганлар, туғиб, норасидасини ифлос жойларга ташлаб кетаётган жувонлар... Бунга  нима дейсиз? Бундай воқеалар тарихда бўлганми, бунчалик ошкора, беҳаёларча тус олганми? Мана, ажримларнинг яна бир сабаби.

Юқорида  ёмон тарбияли қизлар ҳақида сўз юритдик. Тўғри, улар жуда оз фоизни ташкил этади, лекин улар  бор-да.  Битта бўлса ҳам кўп биз учун, бизнинг миллат учун. Юқорида келишиб олганимиздек, ҳамма асл қизларимиз бизнинг ютуғимиз, бойлигимиз, фахримиз, ғуруримиз.

Биз бугун ўзни тарбиялаш борасида бош қотирар эканмиз, кўзимиз кўриб, қулоғимиз эшитиб турган иллатлар ҳақида гаплашяпмиз. Зеро, иқрор тавбанинг ОНАСИДИР! Шундай экан, келинг, бугунги карантин кунларида қизларимизга, сингилларимизга ўзбекона урф-одатларимизни ўргатайлик. Қадриятларимизни қадрлашга чорлайлик. Қиз миллат келажаги эканини, авлодлар эса ундан андоза олишини қулоғига қуялик. Оиланинг фариштали, сариштали бекалари бўлиб етишишида биз оила бошлари, бувиларнинг, оналарнинг ўрнимиз ибрат бўлсин.

Фарида Афрўз,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, шоира.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech